• Бугунги сана: Juma, Noyabr 24, 2017

Сурия урушининг айбдорлари. 2-қисм

(Давоми. Боши мана бу ерда)

Аввало шуни айтиб ўтишимиз керак, мазкур мақоланинг биринчи қисмидаги Сурия тарихига оид мухтасар эслатмалардан мақсад замонавий геосиёсий таҳлилларга хос бўлган услуб — муаммо илдизини узоқ ўтмишдан кавлаштириш эмас эди. Буни минтақа, хусусан Суриянинг нафақат маданиятлар, балки манфаатлар чорраҳасида жойлашганига эътибор қаратиш орқали умумий, яхлит бир манзарани шакллантиришга уриниш деб тушунишингизни сўраймиз. Зеро, таҳлил қилишга уринаётганимиз Сурия инқирози аслида яқин ўн йилликлар учун ишлаб чиқилган, айни кунга келиб кутилмаган (эҳтимол кутилган) оқибатларни келтириб чиқарган вайронкор “араб баҳори” сценарийсининг, яъни “бошқариладиган хаос”нинг бир қисми, холос. Мамлакатда ўтган асрнинг иккинчи ярмидан буён давом этиб келаётган, сунъий йўл билан барпо этилган ижтимоий-сиёсий биқиқлик бундай “баҳор”нинг қулоч отиши ва узоқ чўзилишига сабаб бўлди. Ўзбекча қилиб айтганда, манфаатдор кучлар пичоқнинг сопини ўзидан чиқаришди.

Ҳар қандай уруш муқаррар инқироздир. Инқирозга эса ички ва ташқи омиллар сабаб бўлади. Сурия инқирозига сабаб бўлган ташқи омилларга тўхталишдан олдин ички омилларни кўриб чиқамиз.

Аввалги мақоламизни Дараа шаҳридаги норозилик намойишларидан бошлаган эдик. Айтиш мумкинки, Сурияда бундай миқёсдаги намойишлар 1982 йилдан бери (1982 йилда Ҳама шаҳри аҳолиси Ҳафиз Асад диктатурасига қарши бош кўтарган, оқибатда шаҳар бомбардимон қилиниб, 40 мингга яқин аҳоли қурбон бўлган) кузатилмаган. Дараа намойишчилари шаҳардаги БААС партияси ва уяли алоқа компанияси офисларини вайрон қилишган эди. Буни кечирилмас жиноят ва ўзига нисбатан ҳақорат сифатида қабул қилган Башар Асад намойишчиларни аёвсиз жазолашга киришади. Чунки у отасининг вафотидан буён БААС партиясининг бош котиби саналади, уяли алоқа компанияси эса унинг туғишган укасига қарашли эди.

Намойишчиларга қарши полициянинг махсус қўшини ташланади. Қон тўкилиб, оммавий таъқиблар бошланади. Қамоққа олинганлар сони кун сайин орта бошлайди. Бу эса шундоқ ҳам сабр косаси тўлган халқнинг норозилигини кучайтириб юборди. Мамлакатнинг турли йирик шаҳарларида ҳам норозилик чиқишлари бошланиб кетди.

Буларнинг барчаси мамлакатда беқарор вазиятни пайдо қилишдан манфаатдор томонлар тегирмонига сув қуйди. Суриядаги ғалаёнлар “араб баҳори”нинг давоми сифатида талқин қилина бошланди. Бунга сабаб шуки, атиги бир ой бурун Мисрда Ҳусни Муборак ҳукумати ағдарилган, Қоҳира ғалаёнлар ичида қолган эди. Аммо Асад ҳали жиловни қўлдан чиқармаган эди. У расмий чиқиш қилиб, ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди, аҳолига қарата ўт очган айрим “ўзбошимча” амалдорларни вазифасидан озод қилди. Ҳали ҳаммасини изга тушириш, барқарорликни сақлаб қолиш учун имконият бор эди. Афсуски, Асад бундан оқилона фойдалана олмади.

У халқни қуруқ ваъдалар билан алдаш орқали вазиятдан чиқаман деб ундан-да қийин аҳволга тушиб қолди. Ижтимоий-иқтисодий, энг асосийси сиёсий соҳада ислоҳотлар ўтказиш ҳақида берилган ваъдалар, илгари сурилган режаларнинг бирортаси бажарилмади.

Эътироф этиш керак, Башар Асаднинг режалари бир-биридан жозибадор эди. Мамлакатда қарийб эллик йилдан буён давом этиб келаётган комендантлик соатини бекор қилиш, мухолифатдаги партиялар фаолиятига рухсат бериш, демократик сайловлар ўтказиш, цензурани бекор қилиш, судлар мустақиллигини кафолатлаш, ҳуқуқ-тартибот идоралари устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш…

Бундай ислоҳотларнинг амалга оширилишини биринчи навбатда унинг ўзи ақлига сиғдиролмагани аниқ. У бундайин ислоҳотларга йўл очилган тақдирда унинг ҳукумати бир кун ҳам яшай олмаслигига ақли етмас даражада анойи эмас. Турган гапки, у Сурия халқига берган ваъдаларининг ҳеч бўлмаганда ўндан бирини бажарганидаям ўзи ва мамлакати бугунги аҳволга тушиб қолмаган бўлар эди.

Албатта, буларнинг барчаси айтишгагина осон. Бўғзигача коррупция ботқоғига ботган бир мамлакатда, шундоқ ҳам президентлик курсисида омонат ўтирган Асад ислоҳот ўтказишга ўзи истаганида ҳам журъат қила олмас эди. Эҳтимол, бир тўда норози оломонни деб отасининг давридан қолган ҳалқаларни узишни эп кўрмагандир.

Армия ва полиция намойишчиларни қувиш билан, расмий ОАВ эса намойишчиларни “экстремист” дея айблаш билан овора бўлиб турган бир пайтда мудраб ётган исён уйғониб бўлган эди. Тартибсиз намойишлар уюшган қаршиликлар тусини олди. Қурбонлар сони орта бошлаганидан кейингина ҳукумат бироз ён беришга қарор қилди. Аммо энди кеч бўлган эди. Ҳомс шаҳрида намойишчиларнинг автомат ва пулемётлардан ўққа тутилиши эса энди муросага ўрин қолмаганини кўрсатди.

Апрель охирида Асад армияси Дараа шаҳрини қамал қилди. Шаҳарга танклар оралади. Норози бўлганлар огоҳлантиришсиз ўққа тутилди. Ҳукуматнинг бундай йўл тутишини кутмаган сурияликлар карахт бир аҳволга тушиб қолди. Шуни кутиб турган кучлар иш бошлади: ҳукумат қўшинларининг Дараа шаҳридаги қилмишларидан хавотирга тушган халқ уларнинг “нажот йўли қурол билан ўзини ҳимоя қилишда” деган фитнасига учди. Қуролли гуруҳлар пайдо бўлди.

Ёзнинг бошида йирик шаҳарлардан бири Жиср ал-Шугурда қуролли қўзғолон бошланди. Юздан ошиқ ҳарбийлар, полициячилар отиб ташланди.

Кечагина болалари ўйнаб юрган ҳовлисида снаряд портлаган эркак қандай йўл тутади? Деразадан кўчага қарагани учун пешонасини ўқ тешиб кетган боланинг отаси-чи? Инсофга чақираман деб аскарларнинг олдига чиққани учун ўққа учган қариянинг ўғиллари, неваралари қандай тўхтамга келади? Кимдир қўлига қурол олади, бошқаси қочқинликни бўйнига олиб ватанини тарк этади.

Бошқа томонда ўз халқига қурол ўқталишни истамаган аскарлар, зобитлар ҳарбий хизматдан бўйин товлашни бошлаб юборишди.

Ҳукумат ва расмий ОАВ қанчалик хаспўшламасин, халқаро ҳамжамиятдан мамлакатда аслида нималар рўй бераётганини яширишнинг имкони бўлмади. БМТ Хавфсизлик кенгашининг расмий Дамашқнинг ўз халқига нисбатан шафқатсиз муносабатига доир биринчи резолюцияси Россия ва Хитой томонидан блокировка қилинди.

Кўп ўтмай Башар армияси Жиср ал-Шугурни ўз назоратига олди. Шаҳар қонга ботирилди. Бунга қадар шаҳарнинг аксар аҳолиси жон сақлаш илинжида уй-жойларини ташлаб қўшни Туркияга чиқиб кетишга улгурган эди. Бу билан улар бугун мағрибу машриқдан Европа сари кетиб бораётган беҳисоб қочоқлар оқимини бошлаб беришди дейиш мумкин.

Мамлакат ичида етилиб келаётган муқаррар инқироз ва халқаро ҳамжамиятнинг босимини ҳис қила бошлаган Асад ҳарбий куч ва қаттиққўллик билан фақат вазиятни оғирлаштираётганини тушунгандай бўлди. Яна бир бор ислоҳотлар ўтказилиши, хусусан коррупцияга қарши кураш, ижтимоий-сиёсий ҳаётни эркинлаштириш, умуммиллий ярашув ҳақида расмий чиқиш қилди. Аммо ўзининг бемаъни одатига кўра “қачон” деган саволни жавобсиз қолдириб, халқнинг сўнгги умидини ҳам пучга чиқарди. Мамлакатда қуролли қўзғолонлар авж олди. Армия ўз халқига нисбатан зирҳли техника, артиллерияни ишга солди.

Инқирознинг бошида турган Ғарб сиёсатчилари Башар Асадга босим ўтказишга уринаётган бир пайтда Россия ва Хитой уни қўллаб-қувватлашини айтиб туриб олди. Араб давлатлари раҳбарлари Асаддан истеъфога чиқишни талаб қила бошлашди. Аксарият давлатларнинг элчилари Дамашқни тарк этди.

Асаддан ислоҳотлар ўтказишни талаб қилишни тўхтатган Ғарб ва баъзи араб давлатлари мухолиф кучларга ёрдам қўлини чўза бошлади. Уюшмаган, тартибсиз қўзғолончиларни қўллашдан маъни кўрмаган ташқи кучлар мунтазам армияга эга мухолифат яратишни маъқул кўришди. Натижада 2011 йилнинг кузига келиб “Сурия озодлик армияси” ташкил топди ва Асад режимига қарши курашга киришди. Бу Сурияда том маънодаги фуқаролар уруши бошланганидан далолат эди.

Аввал бошида ўқотар қуроллар билан бошланган жанглар тез орада зирҳли техника, ҳатто авиация иштирокидаги урушга айланди. Ҳар икки томон минглаб қурбонлар бера бошлади.

Ана шундай бир шароитда, 2012 йилнинг январида Башар Асад гўёки ихтилофларни тинч йўл билан ҳал этиш ташаббуси билан чиқди. У Сурия халқига мурожаат қилар экан, мутлақо янги конституция қабул қилиш, муддатидан олдин сайлов ўтказиш ғоясини илгари сурди. Буни кўрингки, у бу сафар ҳам ушбу режасини ярим йилдан кейин амалга оширишни кўзда тутаётганини айтиб, ҳамманинг, ҳатто тарафдорларининг ҳам ҳафсаласини пир қилди. У давлат раҳбари сифатида обрўсини буткул йўқотди.

Башар Асаднинг Сурия инқирозини ҳал қилишга хоҳиши ҳам, иқтидори ҳам етмаслигини тушунган Араб давлатлари лигаси (АДЛ) 2012 йилдаёқ унга истеъфога чиқиб, мамлакатини тарк этиш талабини қўйди. Сурия АДЛ аъзолигидан чиқарилди. Қатарнинг куч ишлатиш ҳақидаги таклифи қўллаб-қувватланмаган бўлса-да, мухолифатга кўмак бериш ҳақида келишиб олинди. Ана шуни дастак қилиб олган Россия тарғибот машинаси араб давлатларини Суриядаги “террорчилар”ни молиявий таъминлашда айблашга киришди.

Шу ўринда масаланинг яна бир жиҳатини инобатга олмасак нохолислик бўлади: 2012 йилнинг бошида Асад армияси Россиянинг кўмагида мамлакатнинг бир қанча шаҳарларини мухолифатдаги “Озод Сурия армияси”дан қайтариб олишга муваффақ бўлади. Бунга Ғарб давлатларининг “Сурия озодлик армияси”га ортиқ мадад қўлини чўзмай қўйгани сабаб бўлди. Шундай бир пайтда БМТ ва ривожланган давлатларнинг вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга уринишларини Асадга ён босиш дея баҳолаган мухолифатдаги кучларнинг ғарб демократларидан ихлоси қайтди. Энди улар учун араб давлатларига кўз тикишдан бошқа чора қолмаган эди. Сурияда ўз геосиёсий мақсадларига эга араб давлатлари бундай имкониятни бой беришмади.

Башар Асад. У урушнинг диний тус олишидан қандай манфаат кўзлаган бўлса? Унинг кўрсатмаси билан алавийлардан иборат “Шарпалар” деб номланувчи махсус бўлинма томонидан Хула шаҳарчасининг сунний мазҳабига эътиқод қилувчи аҳолиси оммавий равишда қириб ташланади.

Бу каби ҳолатлар ўзини “жиҳод”га бағишлаган мутаассиб жангарилар эътиборини тортмай қолмади. Улар дунёнинг турли нуқталаридан Сурияга оқиб кела бошлашди. Шу тариқа “демократик инқилоб” мақсадида бошланган ҳарбий ҳаракатлар этник, ундан ҳам кўпроқ диний ихтилоф тусига кирди.

Дастлаб фақат Асад тузумига қарши қурол кўтарган сунний мазҳабидаги аҳоли (суннийлар Сурия халқининг 80 фоизини ташкил этади) энди Асад ва унга қўшиб “бидъатчи”лар қавми, яъни алавийларни йўқ қилишга чоғланди.

“Сурия озодлик армияси” пароканда бўлгач, турли янги гуруҳлар шаклида уруш олиб бораётган мухолифатчилар кўмакка шай ҳар қандай кучлар ёрдамини қабул қила бошлади. Шолининг орқасидан курмак ҳам сув ичиши бор гап. Сурия шимолидаги ҳукумат назоратидан чиқиб кетган улкан ҳудудларда кўп сонли ажнабий жангарилар қўним топди. Шу тариқа мухолифат сафида “Ал-Қоида” жангарилари ҳам пайдо бўлди.

Ҳалаб шаҳри Суриянинг йирик иқтисодий марказларидан саналади. Мазкур шаҳар учун кураш кечаётган бир пайтда Башар Асад яна бир марта асл қиёфасини кўрсатди. У ҳали ҳеч бир давлат раҳбари тутмаган йўлни танлади: ташқаридан ҳарбий куч ишлатилган тақдирда мухолифатга қарши кимёвий қуролларни қўллашини айтиб халқаро ҳамжамиятга пўписа қила бошлади!  Ўз халқига, сурияликларга қарши!

Бу билан у нафақат мухолифат, минтақадаги фаол давлатларни ҳам чўчитиб қўйишни мақсад қилган эди. Унинг бундай баёнотига, турган гапки, халқаро ҳамжамият ўз муносабатини билдирди.

Башар Асаддан буни кутиш мумкинлигини воқелик ҳам тасдиқлаб турар эди. Туркия, Исроил кимёвий хуружнинг олдини олиш чораларини кўра бошлади. АҚШ президенти Барак Обама оммавий қирғин қуролини қўллаш “ҳаддан ошиш” экани ва жазосиз қолмаслиги ҳақида баёнот берди.

Асад бу масалани қайта кўтармади. Аммо фикридан қайтмагани кейинроқ маълум бўлди.

2012 йилнинг охирига келиб, Башар Асад армиясига қарши фаол кураш олиб бораётган “Жабҳат ан-нусра” (“Ал-Қоида”нинг Суриядаги шўъбаси) гуруҳи ҳам кимёвий қуролдан фойдаланиш имкониятига эга бўлганини маълум қилди. Гуруҳ бу тур қуролдан биринчи бўлиб фойдаланмаслигини кафолатлагани ҳолда, Асадга жавоб тариқасида унга эгалигини билдириб қўйди. Кимёвий қурол “Жабҳат ан-нусра” жангарилари қўлига қандай тушиб қолган бўлиши мумкин? Бу алоҳида мавзу.

2013 йилнинг иккинчи ярми Асад тарафдорлари учун жиддий йўқотишлар билан бошланди. Ҳукумат кўплаб аҳоли пунктлари, ҳарбий базалар, муҳим аҳамиятга эга магистралларни бой бера бошлади. Мана шу пайтда Асаднинг жонига Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи жангарилари ора кирди. “Ҳизбуллоҳ”нинг урушга кириши билан вазият ўзгарди. Шиа мазҳабининг манфаатларини ифодаловчи бу гуруҳ Асад армиясининг артиллерия ва ҳаводан берган кўмагида мухолифат қўшинларидан устун кела бошлади.

Савол туғилади: шиа мазҳабига мансуб жангарилардан ташкил топган “Ҳизбуллоҳ” нима сабабдан алавий Асадни қўллаб-қувватлаб келмоқда? Ҳолбуки, алавийлар нафақат суннийлар, шиалар томонидан ҳам “бидъатчи”, “мушрик” қавм саналмайдими?

Мана шу ўринда нафақат Сурия инқирози, балки бутун мусулмон оламига дахлдор масалаларга ойдинлик киритиш талаб этилади. Аммо бу мавзуни мутахассис уламога қолдириб, Сурияда ярим асрдан буён ҳукмронликни қўлдан бермай келаётган алавийлар (ёки нусайрийлар) қавми ва уларга муносабат масаласига эътибор қаратиб ўтамиз. Чунки Сурия инқирозининг туб илдизлари ушбу муаммога ҳам бориб тақалади.

Демак, алавийлар хусусида. Этник жиҳатдан араб саналса-да, араб дунёсида “ўгай” саналган алавийлар тарихда ҳеч қачон ўз давлатчилигига эга бўлмаган қавмлардан бири. Сурияни истило қилган французлар сунъий равишда биринчи марта Алавийлар давлатини ташкил қилишган. Уларнинг бундан қандай мақсадларни кўзлаганига кейинроқ тўхталиб ўтамиз.

Алавийлар эътиқод борасида ўзларини шиа мазҳабига мансуб деб даъво қилишади. Аслида ислом уламоси — суннийлар ҳам, шиалар ҳам азалдан бу масалада ҳамфикр бўлишган — нусайрийлар, яъни алавийлар кофир ва мажусийлардир деган тўхтамга келинган.

Алавийлар эътиқод қиладиган дин ўзида ислом ва насронийлик, қадимда Сурияда мавжуд бўлган турли мажусийлик динларининг элементларини жамлаган қоришиқ бир “дин” бўлиб, моҳиятан политеизм (кўпхудолик)га яқинлашиб қолган.

Алавийлар дини, аниқроғи сектасига тўққизинчи асрда яшаган Абу Шуайб ибн Нусайр исмли шахс асос солган бўлиб, мусулмон уламоси уларни нусайрийлар номи билан атайди (“алавий” атамаси тўртинчи халифа —  ҳазрат Али номига нисбат берилгани боис имкон қадар “нусайрий” атамасини қўллашни тавсия этишади).

Алавийлар эътиқоди хусусида ўрта аср муаррихлари, сайёҳлари ҳам турли маълумотлар ёзиб қолдиришган. Масалан, араб сайёҳи ва тарихчиси ибн Батута уларнинг мусулмонларга алоқаси йўқлигини, қуёш, ой ва юлдузларга сиғинишини, халифалар буйруғи билан қурилган масжидларда ўз чорваларини сақлашдан ҳам тоймасликларини ёзади.

Ўтган асрнинг 40-йилларида алавийлар ҳақида бир нечта китоб ёзган француз олими Ж.Вёлерс эса уларнинг динига “илк насронийлик давридан қолган ва кейинчалик салибчилар ўзлари билан олиб келган диний қарашларнинг қадимги мажусийлик билан аралашмаси” дея таъриф беради.

На мусулмон, на насроний ва на яҳудий бўлган бу қавм Усмонлилар империяси даврида кучли тазйиқларга мубтало бўлган: айрим мутаассиб султонлар уларни буткул йўқотиш фикрига борган пайтлар ҳам бўлган экан. Аммо ҳар сафар суриялик мусулмон ва насронийлар ўртага тушиб, уларни фикридан қайтариб қолишган. Чунки айнан алавийлар Латакия ерларида мўл ҳосил етиштириб келишган. Ер эса мусулмонлар ва насронийларга қарашли бўлган.

Алавийлар минтақа аҳолисининг энг ночор табақаси саналиб, бир томондан мусулмонлар, бошқа томондан насронийлар тазйиқи остида бўлиб келишган. Ҳеч бир ҳукмдор уларни ҳукумат идораларига яқинлаштирмаган. Унда Асадлар сулоласи қандай қилиб ҳукуматга эга чиқишган?

Аввалги мақолада ўтган аср бошларида араб дунёсининг инглизлар кўмагида Усмонлилар таъсиридан озод бўлиши, шунингдек Суриянинг французлар томонидан истило қилиниши тарихига тўхталиб ўтган эдик.

Сурия мусулмонлари французларга босқинчилар сифатида қараган бўлса, насронийлар, табиийки, уларни нажоткор салибчилар сифатида кутиб олишган. Алавийлар-чи?

Мусулмон араблар насроний араблардан фарқли равишда француз маъмурияти билан ҳамкорлик қилишдан кескин бош тортишган. Мана шу жойда алавийларнинг куни туғади: улар саф-саф бўлиб французлар хизматига ёллана бошлайди, француз ҳукумати манфаати учун ҳамма нарсага тайёр тоифага айланади. Турган гапки, Франция ҳукумати алавийларнинг садоқатини муносиб тақдирлайди: улар Латакияда алавийлар “давлати”ни ташкил этиб беришади.

Суриядаги француз қўшинига ҳам асосан алавийлар ёлланади. Алавийлардан фарқли равишда улар каби яна бир кичик диний-этник гуруҳ — друзлар мустамлакачиларга қарши бир неча бор исён кўтаришгани учун ҳарбий хизматга умуман олинмайди.

Сурия давлат мустақиллигини қўлга киритгач, мамлакат ҳарбийларининг асосий қисмини алавийлар ташкил этади. Дарвоқе, улар Суриянинг Франциядан мустақил бўлишига қарши бўлишган ва бу ҳақда француз ҳукуматига нома йўллашган. Номани имзолаган 80 нафар алавий орасида Ҳафиз Асаднинг отаси, яъни Башар Асаднинг бобоси Али Сулаймон Ваҳш ҳам бўлган.

Сурия суверенитетининг дастлабки йилларида, мустақил армияни шакллантириш даврида алавийлар ёппасига ҳарбий хизмат ва ҳарбий билим юртларига кира бошлашади. Бунда уларга ҳеч қандай чекловлар қўйилмаган. Биринчидан, уларнинг аксарият қисми французлар ҳукмронлиги даврида ҳарбий хизматда бўлишган, ҳарбий мактабларда таълим олишган. Қолаверса, ҳарбий билим юртларида таълим олаётганлар, бошқа жойларда бўлгани каби давлат таъминотида бўлади. Ҳафиз Асад ҳам қавмдошлари каби ҳарбий соҳани танлайди.

Сурия ва унга қўшни араб мамлакатларида национал-социалистлар партияси — БААС (Араб уйғониш партияси)нинг таъсири ортиб бораётган бир пайтда Ҳафиз Асад ушбу партияга киради. Маълумки, бу партия дин ва мазҳабидан қатъи назар барча араблар бирлиги шиори остида майдонга чиққан. Алавийлар эса, юқорида айтиб ўтганимиздай, этник араблар. Шу боис БААСнинг Суриядаги шўъбасини асосан алавийлар ташкил этади.

Маълумотларга кўра, ўтган асрнинг эллигинчи йилларига келиб алавийлар Сурия аҳолисининг тахминан 10 фоизини ташкил этгани ҳолда мамлакат қуролли кучлари ва умуман куч ишлатар идораларидаги зобитларнинг 65 фоизи алавийлар бўлган. Бундан ташқари ҳукмрон партия — БААСнинг раҳнамолари ҳам асосан алавийлардан иборат эди. Шундай экан, олтмишинчи йиллардаги давлат тўнтаришларида алавийлар асосий рол ўйнаганини тушуниш мумкин. Яна шуни ҳам айтиш мумкинки, Сурияда алавийлар қавмининг ҳукмронлиги Ҳафиз Асаддан бошланмаган. 1963 йилдаги ҳарбий тўнтариш билан давлат раҳбари лавозимини эгаллаган Амин Ҳафизнинг отаси армани, онаси эса алавий бўлган. СССР билан яқин бўлишга ҳаддан ортиқ берилиб кетгани сабабли алавий зобитлар 1966 йилда уни турмага тиқишади. Ўрнига алавий генерал Салоҳ Жадид давлат раҳбарига айланади. Орадан тўрт йил ўтиб унинг ишонган сафдоши, қолаверса қариндоши Ҳафиз Асад давлат тўнтариши ўтказиб, унинг ўрнини эгалайди.

Ҳафиз Асаднинг 30 йиллик диктатурасига Башар Асаднинг салкам 16 йилини қўшганда, 46 йилдан буён бир сулола Сурия тақдирини белгилаб келмоқда. Албатта, “бу Шарққа хос анъана ва ўзига хос ижобий жиҳатлари ҳам бор” дегувчилар ҳам топилар. Аммо Сурия мисолида ана шу ижобий жиҳатни кўришимиз қийин.

Юқоридаги маълумотларни бир қавм хусусида салбий тасаввур уйғотиш учун келтирмадик. Мақсадимиз ҳеч бир қавм ёки миллатнинг эътиқоди, тутган мавқеини муҳокама қилиш эмас. Қолаверса, Сурия кўп миллатли ва кўп конфессияли дунёвий давлат. Бундай мамлакатда барча тенг бўлиши адолат тамойили.

 Юқорида “Ҳизбуллоҳ” нима сабабдан алавий Асадни қўллаб-қувватлаб келмоқда деган саволни қўйган эдик. Савол очиқ қолмасин.

Қизиқ ҳолат. Эронда ислом инқилоби амалга оширилгач, мамлакат ташқи оламдан бир муддат ажралиб қолади. Иттифоқчилар топиш шарт, бусиз давлат яшаб қолиши қийин. Ким билан иттифоқчи бўлиш мумкин? Шиалик расмий дин бўлган бошқа давлат йўқ. Яқин қўшни Сурия муносиб номзод. Қолаверса, алавий Ҳафиз Асад ҳам ўзини салкам шиа санайди. Сиёсат эътиқоддан устун келди — оятулло Ҳумайний Ливандаги шиаларнинг жангари гуруҳи “Ҳизбуллоҳ” орқали алавийларни шиа деб тан олишга тайёрлигини Ҳафизга етказади. Вақтни чўзмай, алавийларни ислом динидаги икки оқимдан бири — шиаларга мансуб мазҳаб деб эълон қилади. Шу тариқа Дамашқ ва Теҳрон ҳамкорлиги йўлга қўйилади ва бу иттифоқ ҳозиргача амалда.

Ҳумайнийдан буни кутмаган ислом уламолари, ҳатто шиа уламолари ҳам унинг бу қарорини жиддий қабул қилмайди. Эътиборли шиа уламоларининг аксарияти ҳозир ҳам алавийларни мажусий санайди. “Ҳизбуллоҳ” мутаассиблари орасида ҳам алавийларга шубҳа билан қаровчилар кўпчиликни ташкил этади.

 Давом этамиз. “Ҳизбуллоҳ”нинг аралашуви бу заминга чет эллик “жиҳодчилар”ни янада кўпроқ жалб этди. Ироқдан сунний, шиа, ҳатто курд жангарилари Сурияга кириб кела бошлади. Можарога энди қўшни давлатлар ҳам у ёки бу даражада аралаша бошлади. Исроил авиацияси Суриядаги бир неча ҳарбий объектни бомбардимон қилган бўлса, махсус қисмлар Жўлон тепаликларининг Сурияга қарашли ҳудудида ҳарбий операциялар ўтказа бошлади. Туркия ҳам мухолифатдаги кучлар учун фронт орти базалари очиб берди, чегара ҳудуддаги нишонларга аратиллерия зарбалари бера бошлади. Урдунда (Иордания) эса Ғарб давлатлари ва араб давлатлари мухолифат кучлари учун тайёргарлик лагерлари ташкил этишди.

Курашаётган томонлар муроса ҳақида ўйламас, улар сони манфаатдор кучлар сонига мос тарзда кун сайин ошиб борар, ким ким билан, нима мақсадда уруш олиб бораётганини англаш ҳам қийинлашиб борар эди. 2013 йилнинг ёзида вазият янада мураккаблашди. Бир сўз билан айтганда хаос, бошқариладиган хаос юз берди.

Сурия бўйлаб ҳукумат армияси, мўътадил мусулмонлар, радикал кайфиятдаги “жиҳодчилар”, курд кўнгилли аскарлари, ғарбпараст гуруҳлар ўртасида аёвсиз уруш бормоқда. Ҳамма ҳаммага қарши! Қирғинбаротларнинг охири кўринмай қолди.

Сурияда уруш олиб бораётган томонларни санаб ўтиш жуда қийин. Маълумотларга қараганда уларнинг сони юздан ортиқ ва ҳар бир жамоат ёки гуруҳ ўзининг алоҳида йўналишига эга. Улар орасида ўзаро иттифоқ тузганлари ва умуман, ўз ҳолича кураш олиб бораётганлари ҳам кўп. Аксарияти яшаб қолиш учунгина кураш олиб бораётган қуролли гуруҳлар.

Инқироз бошланган даврда Сурия армияси шахсий таркиби 320 минг  бўлган бўлса, уруш ҳаракатларида берилган қурбонлар, ҳарбийлар орасида хизматдан бўйин товлаб қочиш, мухолифат томонига ўтиб кетиш ҳолатларнинг кўпайгани натижасида бугунги кунда тахминан 180 минг нафарни ташкил этади. Бундан ташқари Башар Асад томонда (Россиядан ташқари) уни қўллаб-қувватловчи нусарий аҳолидан ташкил топган 80 минг кўнгилли, “Ҳизбалло» жангарилари, Эрон ва ироқлик шиалардан тузилган жангарилар уруш олиб бормоқда.

Суриядаги мухолифат ва инқилобий кучлар коалициясига Ғарб давлатларидан ташқари Қатар, Саудия Арабистони, Қувайт ва Туркия кўмак бериб келмоқда. Инқирознинг дастлабки босқичларида собиқ аскарлар ва оддий аҳолидан ташкил топган “Сурия Озодлик Армияси” муҳим рол ўйнаган бўлса, 2013-йилга келиб “Жабҳат ал-Нусра” деган ном остида бирлашган гуруҳлар мухолифатдаги асосий кучга айланди.

Сурия муаммоси Россия—АҚШ муносабатларини янаям кескинлаштириб юборди. Ҳар икки давлат раҳбари ўтган йилнинг июнида Шимолий Ирландияда бўлиб ўтган G8 саммитида бироз муросага келишган бўлса, сентябрь ойидаги Санкт-Петербургда бўлиб ўтган G20 саммитида Сурия масаласида томонларнинг фикри бир жойдан чиқмагани ҳақида хабарлар тарқалди.

Дунёнинг йирик давлатлари ўзаро муносабатларини ойдинлаштириш билан банд бўлган бир пайтда Сурияда кутилмаган воқеа содир бўлди. Кимёвий қурол ишлатилиши оқибатида Дамашқ атрофидаги шаҳарчада икки мингга яқин инсон қурбон бўлди.

Курашаётган томонлардан ҳеч бири — на Асад армияси, на мухолифат бу жиноятни бўйнига олмади. АҚШ ва унинг иттифоқчилари Асадни айбдор санашган бўлса, Россия томони буни инкор қилди. Ҳатто кимёвий қуролдан фойдаланилганини ҳам шубҳа остида қолдиришди.

Бундай жиноятни ҳар икки томондан ҳам кутиш мумкин бўлгани ҳолда, бу инқирозда АҚШнинг бевосита иштирокини истаган учинчи томон ҳам бўлиши мумкинлигини инкор қилиб бўлмайди. Аммо воқеалар ривожи бундай қабиҳликда Асад ва унинг тарафдорларининг қўли бор, деган тўхтамга олиб келмоқда.

Нима бўлгандаям, Обама айтганидай Асад “ҳаддидан ошди”. АҚШнинг можарога бевосита аралашига баҳона топилди. Ўрта денгизда Пентагон эсминец ва сув ости кемалари пайдо бўлди.

Сурия ҳукумати АҚШ ҳужумини муқаррар деб турганида, вазият бошқача тус олди. АҚШ давлат котиби Жон Керри агар Башар Асад зудлик билан кимёвий қуролларини топширса, Пентагон бу масалани ўйлаб кўришини маълум қилди. Турган гапки, Асад жон деб бу шартни қабул қилди. Ҳарқалай, АҚШ Сурияга келганда кенглик қилди. Дунё ҳамжамияти енгил нафас олди. Аммо халқаро ҳамжамият ҳали олдинда нималар кутиб турганидан бехабар эди…

(Давоми мана бу ерда)

Шавкат Ёдгоров

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>