• Бугунги сана: Juma, Avgust 18, 2017

Сурия. Барча қарталар Россиянинг қўлида

АҚШ қуролли кучларига доир ёки хавфсизлик ҳудудлари борасидаги ўйлаб топилган баҳоналарни йиғиштириб, мухолиф кучларни Россия шартларига рози бўлишга кўндириш вақти келди. Акс ҳолда Ҳалаб (Алеппо) яна қонли қирғир ичида қолади.

Мана шу ҳафтада эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги омонат келишув яқин кунлар ичида Сурияда юз бериши мумкин бўлган улкан ҳалокатнинг олдини олиши мумкинми? Гап Суриядаги йирик шаҳар — Ҳалаб қамали ҳақида бормоқда. Бу 27 февралдан кучга кирадиган келишув олдидан муҳим синов бўлади.

Кейинги ҳафталар ичида Ҳалаб аҳолиси муқаррар ҳалокатни кутиб яшамоқда. Яқинда Сурия ҳукумати қўшинлари Россия ҳарбий авиацияси кўмаги остида мазкур шаҳардаги мухолифатчиларнинг энг сўнгги таъминот йўлини ҳам кесиб қўйишган ва шу тариқа уни қамал қилиш имкониятига эга бўлишган эди. Бомбардимонлар ва очлик эҳтимолидан хавотирга тушган ўн минглаб суриялик нажот истаб Туркия чегаралари сари йўл олишган. Аммо расмий Анқара қочоқларнинг катта қисмини ўз ҳудудига киритишни истамади, натижада турк чегарасида ҳам гуманитар инқироз етилиб келаяпти.

Яна минглаб одамлар Суриянинг бошқа ҳудудларига, жумладан Асад режими назоратидаги ерларга кетишмоқда. Уларнинг аксарияти Европага йўл олиш учун баҳор ва ёзни кутишаяпти.

Ҳалабдаги вазиятни енгиллаштириш борасида музокаралар ҳалигача бошланмаганини соғлом ақлга зид ҳолат, дея баҳолаш мумкин. Февраль ойининг бошларида, айнан Асад режимининг муваффақиятлари ва унинг қўшинлари Ҳалаб томонга юриш бошлаши билан халқаро музокаралар тезлашиб кетган эди. Аммо Ҳалабда Суриянинг бошқа ҳудудларига қараганда бундай музокаралар унчалик аҳамиятга эга эмас. Чунки музокаралар ўтказилаётган бир пайтда бу шаҳар ва унинг атрофидаги ҳарбий ҳаракатлар янаям кучайиб кетди. Руслар аниқ қилиб айтишган: ҳатто ўт очиш тўхтатилган ҳолатда ҳам бевосита «ал-Қоида»нинг Суриядаги шўъбаси «Жабҳат-ан-Нусра» гуруҳлари борлиги туфайли Ҳалаб ва унга қўшни Идлиб вилоятига нисбатан бу келишув татбиқ этилмайди.

Президент Владимир Путиннинг тезда бу келишувни маъқуллаб, куни кеча телевидение орқали махсус баёнот билан чиқиши расмий Москва  зиммасига янги мажбуриятларни олишидан далолат беради. Турган гапки, бу мажбуриятлар сўнгги ойларда Асад режимининг Путин қуролли кучлари кўмагида эришган ҳарбий натижаларига асосланади.

Россия раҳбарининг вазиятни назорат қилаётганига ишончи комил ва бунга асоси ҳам бор: хусусан, ан-Нусра мавжудлигининг ўзиёқ Россия Ҳалабдаги ҳарбий ҳаракатларни давом эттириши ва ҳатто Ғарб қўллаб-қувватлашни маъқул топаётган мухолифатчиларга зарба бериши учун сабаб бўла олади.

Расмий Вашингтон, президент Барак Обама истаётганидай, бир вақтнинг ўзида «Ислом давлати»га ҳужум қилишга имкон берувчи ва шу билан бир вақтда, қанақа тавсифлаганда ҳам террористик ташкилот бўлган «ан-Нусра» гуруҳларига зарба беришни истисно этадиган сулҳ битимини тузиб бўлмаслигини тушуниб турибди.

Ҳалабни сақлаб қолиш учун айни пайтда барча қарталар Россиянинг қўлида эканини тан олишимиз керак. Кўпчилик ҳалиям АҚШ ҳарбий кучларини ишга солиш ҳамда Ҳалаб аҳолисини қутқариш учун дахлсиз ва хавфсиз ҳудуд жорий этиш борасидаги охирги жавобни кутишмоқда. Улар шунингдек, руслар қувватлаб келаётган Асад армиясининг юришларини тўхтатиш ва ортга улоқтириб ташлаш мумкин деб ҳисоблашмоқда. Бундай қараш тарафдорлари Вашингтондан Ҳалабдаги мухолифчиларнинг таъминоти учун яна йўл топиш ва бу маршрут орқали уларга замонавий кучли қурол-яроғ етказиб беришни талаб қилишмоқда.

Бироқ, бу каби талаблар қанча такрорланмасин, кўриниб турган ҳақиқат шуки, Қўшма штатлар қуролли кучларидан фойдаланиш мумкин бўлган кўламдаги стратегия мавжуд эмас. Бошқа томондан эса, бундай ҳаракатлар тўғридан-тўғри АҚШ-Россия тўқнашуви ва катта миқёсдаги ихтилоф хавфини келтириб чиқариши ҳам мумкин. Бу эса хавфсиз ҳудудлардаги тинч аҳоли муҳофазаси кафолатини шубҳа остида қолдиради. Бундай ҳудудлар қуруқликдаги кучлар орқали етарли даражада қўллаб-қувватланмас экан, ҳарбий ҳаракатлар давом этаверади. Ва турган гапки, Ан-Нусра ва ИШИД ҳар қандай бўшлиқни қисман тўлдиради.

Ҳалаб шимолидан Асад режими қуролли кучларини улоқтириб ташлаш вазиятни ўзгартириши мумкин, аммо бу каби ҳаракатлар муаммони тўла ҳал этиш имконини бермайди. Қолаверса, Асад режими ва унинг иттифоқчилари Россия ва Эрон бунга жавобан босимни кучайтиради, холос. Алал-оқибат, кўмак сифатида кўп миқдордаги қурол-аслаҳа жўнатиш ва куч ишлатиш билан Сурия халқининг муаммосини енгиллатиш мумкинми? Бу стратегияни тушуниш қийин. Бу тариқа ёндашув ва унинг жавобини Сурия уруши давомида бир неча марта кўрдик, натижа ҳар доим бир хил бўлди: маҳаллий аҳоли бошига фақатгина улкан кулфатлар ёғилди.

Бундан мақбулроқ йўл бўлиши керак ва у бор. Бошқа яхшироқ йўл бўлмагач, начора, шу йўлни танлаган маъқул. Бунда асосий эътибор, бу ўйиннинг ҳаддан ташқари кўп иштирокчиларини безовта қилаётган мутлақ сиёсий натижа ёки урушдаги ғалабага эмас, аввало Ҳалаб аҳолисига ёрдам кўрсатишга қаратилиши керак. Башар Асад тақдири ва Суриядаги сохта ўтиш даври ҳақидаги бемаъни масалаларда бош қотиришни йиғиштириш вақти аллақачон келди. Балки, бу Асад ва руслар стратегиясини тан олиш билан тенгдир, аммо тинч аҳоли муҳофазаси, инсонпарварлик йўлаклари ва ихтилофларни чўққисига чиқмай туриб тўхтатиш – буларнинг барчаси устувор вазифа бўлиши керак. Айниқса Ҳалаб борасида.

Шунингдек, Сурия мухолифатини Ҳалаб атрофида ўт очишни тўхтатиш борасидаги Россия шартларига кўнишга мажбур этиш ва буни узоқ муддатли стратегия сифатида тан олиш керак. Мамлакат шимолида бундай йўл тутиш, аслида мухолифат ва унинг минтақадаги тарафдорларига биз «ан-Нусра»га ҳамкор гуруҳлар билан ишламаслигимизни тан олишга мажбур этишни англатади. Бундай гуруҳларнинг мавжудлиги Ҳалабдаги ўт очишни тўхтатиш режимини қўллашга имкон бермайди. Россия шартлари бўйича деэскалация, ҳар қалай, йўқдан кўра бор.

suriya_inqirozi_2Ҳалаб (Алеппо)даги вайрон бўлган уйлар

Шуни ҳам айтиш керакки, демобилизация, пировардида Асад учун анча таҳликали вазият. Барчага аёнки, агар узоқ муддатли сиёсий ислоҳотлар ўтказиладиган бўлса Сурия президенти учун ҳаммаси тугайди. Суриядаги ғалаба ҳам, афтидан, деэскалация жараёнининг натижаси бўлади. Шунга қарамай, мавжуд режим, дастлабки ҳолат қандай бўлишидан қатъий назар  ички ва ташқи босим таъсирида қулайди. Бунга қадар, Суриядаги кураш амалдаги режимнинг жон сақлаб қолиши учун кечадиган жангу жадаллардан иборат экан, Россия ҳам, Эрон ҳам Асад ҳимояси билан боғлиқ вазифалари билан чекланиб туради. Россиянинг БМТ ҳузуридаги доимий вакилининг ўтган ҳафтада яна бир бор Асадни ошкора равишда ўз ёндашувини ўзгартириш ва ўт очишни тўхтатишга доир режани қабул қилишга чақирганига гувоҳ бўлган эдик. Бу шуни англатадики, муқобил ҳолатнинг пайдо бўлиши билан Сурия раҳбарига иттифоқчиларининг босимлари ҳам ортиб бораверади.

  Катта миқдордаги қурол-яроқ етказиб бериш ва хавфсизлик ҳудудини яратиш ҳақидаги гап-сўзлар фақатгина мухолифатнинг дадиллашуви ва урушнинг чўзилишига, охир-оқибат вазиятнинг янада чувалашишига хизмат қилади.

АҚШ ҳукумати Сурия уруши мухолифат учун ғалаба келтирмаслиги ҳақидаги тўхтамга аллақачон келиб бўлган, бизнинг фикримизча ҳам бу тўғри хулоса. Шу билан бирга, мухолифатга бералаётган кўмак мағлуб бўлмаслик учунгина кифоя қилади.

Умид – бу Суриядаги тинчликнинг душмани.

Шуни ҳам эътиборга олиш керакки, вақт жуда кам қолмоқда. Ҳалаб – бу шундай жойки, унда шартнома амал қилмайди. Шаҳарнинг рамзий ва стратегик аҳамиятини инобатга оладиган бўлсак, бу шундай жойки, янги кўринишдаги ҳар қандай ҳарбий эскалация, барчасини буткул барбод қилиши мумкин.

Халқаро ҳамжамият Ҳалабда юз бериши кутилаётган улкан миқёсдаги гуманитар фалокатнинг олдини олишни истаса, ўт очишни тўхтатиш борасидаги келишувга тезда муносабат билдириши керак. Акс ҳолда, биз шу пайтгача 300 минг инсоннинг умрига зомин бўлган Сурия урушида ҳали дуч келинмаган даҳшатли даражадаги фожианинг гувоҳи бўламиз.

Ҳалабда давом этаётган жанглар, айтиб ўтганимиздай, барча асосий ўйинчиларни ўзига жалб этмоқда ва уларнинг ҳар бири бу шаҳар тақдирини бошқа қўлларга топшириб қўймаслик даъвосида. Мухолифат борасида айтиш мумкинки, уларнинг ташқаридаги тарафдорлари янгидан қурол етказиб бера бошлашди, хабар қилишларича, Туркия ўз ҳудудидан фронт чизиғига жангариларни етказиб бермоқда. Бундан ташқари, расмий Анқара Россия авиацияси ёрдамида илгари мухолифат назоратида бўлган Ҳалаб яқинидаги шаҳарларни босиб олаётган курд жангарилари позициясига қарата артиллерия зарбаларини бермоқда. Ҳалабдан шимолда жойлашган ИШИД жангарилари ҳам кучини жамлашга киришган. Вазият ёмонлашган тақдирда улар ўз ҳудудларини кенгайтиришга уринишади. Қисқаси, Ҳалабда эскалация учун шароит етарли, ҳатто бу тўғридан-тўғри Россия ва Туркия тўқнашувига ҳам олиб келиши мумкин.

Асад режими кучлари Ҳалабдаги исёнчилар позициясини қуршовга олишга муваффақ бўлса бошқариб бўлмайдиган даражадаги гуманитар фалокат юз бериши мумкин. Мавжуд ҳисоб-китобларга кўра, мухолифатчилар эгаллаб турган Ҳалабнинг шарқий қисмида ҳозир ҳам 350 минг аҳоли бор. Бу Ҳумс ёки Мадайи қамали пайтидагидан анча кўп.

Бунинг устига, бу ерда тўлиқ ўрнашиб олган Россия ҳарбий ҳаво кучлари вайронага айланган Грозний шаҳри кўчаларида синовдан ўтган стратегияни амалга оширмоқда.

Бу стратегияга кўра, исёнчилар шаҳардаги тинч аҳоли орасига яширина олмайдилар, қачонки шаҳар ҳам унинг ҳам аҳолиси йўқ бўлса…

Ҳали вазият бундан ҳам ёмонлашади, негаки исёнчилар бундай стратегик муҳим жойда осонгина таслим бўлишлари даргумон. Исёнчилар назоратида турган ҳудудлар қисқариб бораётган бир ҳолатда, қуролларни ташлаш ҳақида битим тузилган тақдирда улар қаёққа боришади?

Буларнинг бари шуни англатадики, бошқа ҳудудларда ўзгариш бўлиши учун ҳам Ҳалаб атрофида муваффақиятга эришишлари шарт. У ердаги вазиятнинг ёмонлашуви ҳар қанақанги келишувларни ҳавога совуради. Бугун устувор вазифа шундан иборатки, бу муҳим шаҳарнинг ютуқли томонларини қандай қилиб кўчириш ҳақида ўйлаш керак. Бундай ёндашув кескинлашиб бораётган турк-курд муносабатларига синчков муносабат билан бирга олиб борилиши шарт. Ҳалаб атрофидаги ихтилофни Туркия билан келишмасдан, фақат Россия шартлари билангина ҳал қилишнинг истиқболи йўқ. Қўшма штатлар ҳам курдларга шарқий йўналиш бўйлаб ҳужумларини тўхтатиш ва мухолифат томонидан ушлаб турилган қишлоқларни эгаллаб олишларини тўхтатиш борасида босимни ошириши керак.

Агар бу режаларнинг барчаси барбод бўлса, шимолда ўзгаришга эришишдан умид қолмайди. Унда Россияга муносабатда тоқат қилиш мақсадга мувофиқ. Фақат куч ёрамида эмас, чунки бундай ҳаракатлар муваффақиятсизликка олиб келади. Русларга қарши қаратилган чоралар деганда айнан руслар чўчийдиган усул – Ғарб қўллаётган санкцияларни кенгайтириш усулини назарда тутиши керак.

АҚШ ва Европа агар Ҳалабга гуманитар йўл таъминланмаса, Россияга нисбатан янги санкциялар, айниқса молиявий санкциялар қўлланиши ҳақида маълум қилиши зарур. Бироқ, биз қарши чиққанимиз билан, қанчалик ёқимсиз бўлмасин, Ҳалабда юз бериши мумкин бўлган гуманитар фалокатнинг олдини олувчи йўл охир-оқибат фақат Москва орқали эканини тан олишимиз керак.

Жулиен Барнс-Дейси,

Жереми Шапиро 

Tafsilot.uz маълумоти:

Жулиен Барнс-Дейси, Жереми Шапиро — Халқаро муносабатлар бўйича Европа кенгаши (European Council on Foreign Relations, ECFR)нинг экспертлари. Уларнинг ҳаммуаллифликда ёзилган юқоридаги мақоласи АҚШдаги “Политико” газетасида чоп этилган бўлиб, “Tafsilot.uz” ўқувчиларига бугунги кунда долзарб бўлиб турган мавзуга доир муҳим маълумотларни тезкорлик билан етказиш, бу орқали фикрлар хилмахиллигини шакллантириш мақсадида мақолани ҳеч қандай таҳрирсиз ҳукмингизга ҳавола этмоқда.

Жулиен Барнс-Дейси (Julien Barnes-Dacy) — Халқаро муносабатлар бўйича Европа кенгашининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка масалалари бўйича катта илмий (сиёсий) ходими. Инглиз, араб ва француз тилларини билади. Яқин Шарқ, Сурия, Ливан, Иордания, Ироқда рўй бераётган сиёсий воқеаларни ўрганиш ва таҳлил қилишга ихтисослашган. У бутун Яқин Шарқни кезиб чиққан журналистлардан. 2007 йилдан 2010 йилгача у “Wall Street Journal”, “Christian Science Monitor” ва  “Financial Times”га Суриядаги ҳолат ҳақида узлуксиз ахборот етказиб турган, шунингдек, “Channel 4 News” (Буюк Британия) ва “Ал-Жазира” (Қатар) телеканалларининг ушбу ҳудуддаги продюсери сифатида фаолият кўрсатган. Бунгача эса “Niqash” — Ироқ интернет янгиликлари хизмати муҳаррири бўлган ҳамда 2003—2004-йилларда Қоҳира (Миср)даги “Таймс” газетасида ишлаган.

Жулиен Барнс-Дейси Лондон иқтисодиёт мактаби (the London School of Economics)нинг бакалаври (тарих), Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактаби (the School of Oriental and African Studies in London)нинг магистри (Яқин Шарқ тадқиқотлари) ҳисобланади.

Жереми Шапиро (Jeremy Shapiro) — Халқаро муносабатлар бўйича Европа кенгаши тадқиқотлари директори. Трансатлантик муносабатлар, АҚШнинг ташқи сиёсати бўйича ихтисослашган.

Бунгача у АҚШ давлат департаментининг сиёсатни режалаштириш шахсий таркиби аъзоси (бу ерда у АҚШ давлат котибини Левант ва Шимолий Африка мамлакатларига оид таҳлилий маълумотларни етказиб турган), шунингдек, бир вақтнинг ўзида АҚШ давлат котибининг Европа ва Евроосиё масалалари бўйича ёрдамчиси катта маслаҳатчиси бўлган. Сўнгра Брукингс институтининг Европа ва АҚШ бўйича марказида ўтказилган Халқаро тартиб ва стратегия лойиҳаси тадқиқотларига раҳбарлик қилган.

Жереми Шапиро 1989 йили Гарвар университетини тамомлаган. 1994 йили эса Жон Хопкинс университетининг Истиқболли халқаро тадқиқотлар мактаби магистри илмий даражасини олган. У Дастурий таъминотни ишлаб чиқишдан тортиб, Америка стратегик тадқиқотлар маркази (RAND — инг. РЭНД — Research and Development сўзларининг қисқартмаси — «Тадқиқот ва ишланмалар» деган маънони англатади) сиёсий ва хавфсизлик масалалри бўйича таҳлилчиси, Массачусетс технология институти илмий ходими каби турли вазифаларда фаолият кўрсатган. Айни пайтда у Массачусетс технология институти доктори (Ph.D.) ҳисобланади ҳамда Жоржтаун университетининг хавфсизлик соҳаси бўйича дастурида адъюнкт-профессор сифатида ишлайди.

Шавкат Ёдгоров тайёрлади


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>