• Бугунги сана: Juma, Avgust 18, 2017

Сурат

Кўргазмада ҳаваскор рассом Нодир Носиров асари сира кутилмаганда шов-шувга сабаб бўлди. Бир қараганда расмда киши диққатини тортадиган ҳеч нарса йўқдай туюлади. Одам бўйи келар-келмас энсиз матога басавлат эркак сурати солинганди. Унинг қомати хиёл эгилган, бир қўли олдинга, иккинчиси орқага чўзилган. Бармоқлари нимадир сўраётгандай ярим юмуқ. Кўпчиган юзида заҳил табассум қотиб қолганди.

Биров жилмайиб, бироқ бефарқлик билан расмни томоша қиларди.

— О, ярамас, сартарошлар, — пичирлади новча одам суратга тикилиб. — “Чўтал” ундиришимни чақишибди. Ё ҳаммомчилар “чой чақа” олишимни арз қилишдимикин? Қошининг тепага қайрилгани, шляпасининг ранги худди меники-я. Хайрият, тагига “маиший комбинат директори” деб ёзишмабди. — У шляпасини олиб нари кетаркан, қалампирнусха дўппи кийган оқсоқ одам расм олдига келди. Бошини гоҳ баланд, гоҳ паст қилиб расмни кўраркан сўради:

— Суратдаги кишининг бир оёғи иккинчисидан узунроқми?

— Йўқ теппа-тенг — пичирлади ундан сал орқада турган киши.

— Мана бу чизиқ ҳассами?

— Йў… ўқ, деворнинг ёриғи, шекилли.

— Ростини айт, суратнинг қаеридир менга ўхшаяпти-а?

— Сира ўхшамайди, хўжайин. Сурат изники бўлса, “Автобаза директори Шоҳруҳ Райимович” деб ёзиб қўйишарди. Ахир ҳозир сичқон-мушук чўчимайдиган ошкоралик пайти-ку.

— Гапинг тўғри. Шундай бўлса ҳам янги автомобиль миниш учун кимлар “совға” берганини аниқлаб қўй. — Шоҳруҳ Райимович ҳассасини шеригига бериб йўлида давом этди.

Кўргазмадан одам узилмасди. Тушга яқин бир нечта ҳамроҳи билан тўладан келган киши сурат рўпарасида тўхтади.

— Тагига нима ёзилибди? — сўради у қўлини бигиз қилиб.

— По…пора…хўр, — ҳамроҳлардан бири ёзувни ўқиб.

— Ноинсоф, тузимни ичиб тузлиғимга тупурибди, — ғижинди бошлиқ. — Директорни чақиринглар!

Ҳамроҳлардан бири шошилганча ичкари кириб кетди. Сал ўтмай кўзойнакли озғин киши уларга рўпара бўлди.

— Келсинлар, Мамиржон Мансурович, хизмат?

— Кўргазма ҳомийси бўлсаму, нимага суратимни чиздирдингиз? — Мамиржон Мансурович қаҳр билан шивирлади. — Расм сизники эмас, — директор ҳайрон бўлди.

— Уч-тўртта дўстларим ҳам менга ўхшашини айтди. Оёғидаги туфлиси ҳам айнан меники. Тугмалар ҳам ўхшайди. Биламан сизлар савдода ишлайдиган ҳаммани юлғич, порахўр деб ўйлайсизлар. Адашасиз! Камина бузоқнинг ҳақи бор деб сигир сутини ичмайдиган пок одам. Қаранг, бақбақаси ҳам меникига ўхшайди.

— Бу бақбақа эмас, жағининг сояси.

— Барибир ўхшайди. Расмни дарҳол олиб ташланглар!

— Иложи йўқ, муаллиф жанжал кўтаради.

— Бўлмаса, мен ҳам жанжал кўтараман! Муаллифингизни туҳматчи деб судга бераман. Камина билан ўйнашиш қанақалигини билиб қўяди. Тавбасига таяниши аниқ. Ҳурматли прокуроримизнинг ҳам суратдагидай юзида холи бор, илонпўсти галстук тақади. Хабар топса, сиз ҳам жазосиз қолмайсиз.

— Хўп, муаллифга тушунтиришга уриниб кўраман, — деди директор юмшаб.

— Шундоқ бўлсин. Ҳозир ҳамма асабий. Жанжал қўзғатадиган ростдан кўра тинчлатадиган ёлғон афзал.

Мамиржон Мансурович қўлини орқага қилганича ғоз юриб кўргазмадан чиқиб кетди.

Эртасига расм боягидай жойида турар, фақат эркакнинг олдинги қўлида қизил, бошқасида оқ атиргул бўлиб, тагига “Ошиқ одам” деб ёзилганди.

Нўъмон Мўйдинов,

1991 йил

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>