• Бугунги сана: Juma, Avgust 18, 2017

Судья хато қилса зарарни ким тўлайди?

Фарғона вилоят фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро суди судьяси И. Ҳайитов томонидан даъвогар Раънохон Имомованинг даъво аризаси бўйича 2005 йил 18 октябрь куни чиқарган ҳал қилув қарорини ўқиб, ҳайратдан ёқа ушлаб қолдим.

Даъвогар ўз аризасида ва суд жараёнидаги кўрсатмаларида беш йилдан буён Бағдод туманидаги 30-умумтаълим мактабида бўлим мудираси вазифасида ишлашини, туман мактаб ва болалар боғчаларидаги бир қатор давлат маблағини ўзлаштиришдаги жиноий қилмишлар ҳақида юқори ташкилотларга шикоятлар ёзгани учун туман халқ таълими бўлими мудираси Дамирахон Юсупова уни қасддан ўч олиш мақсадида 2005 йил 28 июнь куни ишдан бўшатганини баён қилиб, суддан ўз лавозимига қайта тиклашини ва 133 минг сўм моддий, 1 миллион сўм маънавий зарарни ундириб беришни сўраган. Аммо судга даъвони исботловчи далилий ҳужжатлар тақдим қилмаган. Судда иштирок этган бирорта гувоҳ, унинг даъвосини тасдиқламаган.

Жавобгар Д. Юсупова эса қарши даъво аризаси ва суд жараёнидаги маърузасида Р. Имомованинг барча далиллари ҳеч қандай далилий асосларга эга эмаслигини баён қилиб, судга ўз кўрсатмаларини исботловчи бир қатор расмий, қонуний ҳужжатларни тақдим этган. Суд мажлисига чақирилган гувоҳларнинг ҳаммаси жавобгарнинг кўрсатмаларини тасдиқлашган.

Жавобгар судга тақдим қилган расмий ҳужжатларнинг бири Бағдод туман прокуратурасининг 20958009-сонли жиноят иши бўйича 2005 йил 26 март куни туман халқ таълими бўлими мудираси Д.Юсупова номига муҳокама қилиш ва чора кўриш учун юборган 130-2005-сонли тақдимномаси бўлиб, унда қуйидагилар байн қилинган.

30-умумтаълиим мактабида илмий мудири вазифасида ишлаётган Р. Имомомва хизмат вазифасини суистеъмол қилган ҳолда 2002 йилнинг сентябрь ойидан 2003 йилнинг июнь ойига қадар А.Бекмирзаев деган шахсга рус тили фанидан дарс ўтди деб 73539 сўм иш ҳақи ёзиб, бу пулнинг 36141 сўмини бирор соат дарс ўтмаган А.Бекмирзаев олган. Қолган 37 минг 398 сўмини сохта имзо билан Р.Имомованинг ўзи ўзлаштириб юборган. Унинг бу қилмиши туман прокуратураси томонидан исботланиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “б,в,г” бандлари, 2092-моддасининг 2-қисми “а” банди билан баҳоланган. Аммо “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 12 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Президент Фармонининг 1-моддаси “а” банди ва 6-моддасига асосан жиноий иш тугатилган.

Прокурор тақдимномасида ҳужжатларни сохталаштирган, бюджет маблағини талон-торож қилиш жиноятини содир этган Р.Имомованинг қилмишларини туман халқ таълими бўлимининг кенгайтирилган кенгашида муҳокама қилиш, унга нисбатан ишдан четлаштиришгача лозим бўлган кенгаш ваколати доирасида чора кўриш топширилган.

“Прокуратура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27-моддасида прокурор тақдимномасини бажариш барча мансабдор шахслар учун мажбурийлиги кўрсатилган. Жавобгар Д.Юсупова даъвогарга шахсий ғарази, ўч олиш нияти борлиги учун эмас, қонун олдида масъулиятини ҳис қилган ҳолда, прокурор тақдимномасини халқ таълими бўлими кенгайтирилган кенгаши муҳокамасига қўяди. Кенгашда тумандаги барча мактабларнинг директорлари, илмий бўлим мудирлари, ҳисобчилари иштирок этмайди. Кенгаш прокурор тақдимномасини ва Р.Имомованинг илмий бўлим мудираси лавозимидаги фаолиятини атрофлича муҳокама қилиб, уни эгаллаб турган лавозимидан четлатиш юзасидан қарор қабул қилади. Юқоридагиларга кўра, Д. Юсупова 2005 йил 24 июнь куни Р.Имомовани илмий бўлим мудири лавозимидан бўшатиш, мутахассислиги бўйича шу мактабда доимий ўқитувчи вазифасида қолдириш юзасидан 232-сонли буйруқ чиқаради. Буйруқ остига “Асос: Бағдод туман прокуратурасининг тақдимномаси, туман халқ таълими бўлими кенгашининг 2005 йил 6/7-сонли қарори”, — деб ёзиб қўйилади.

Суд жараёнида даъвогарнинг туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги мактаб ва болалар боғчаларидаги моддий жавобгар шахсларнинг жиноий қилмишлари ҳақидаги шикоят хатлари ҳам тасдиқланмайди. Аслида Р.Имомованинг “ёзувчилик фаолияти” лавозимидан бўшатилганидан кейин авжга чиқади. Ўнга яқин ваколатли ташкилотларга Д.Юсупованинг устидан такрор-такрор шикоят хатлари ёзади. Бу шикоятлар етарли асосларга эга бўлмагани учун оқибатсиз қолдирилади. Ҳеч ким Р.Имомовадан ўч оладиган даражада Д.Юсупованинг “бурнини қонатмайди”

Юқоридаги ҳолатлар жаноб судья И.Ҳайитовга беш бармоқдек яққол кўриниб турган бўлишига қарамай даъвогар Р.Имомованинг талабини қаноатлантириш: уни лавозимини тиклаш, 64797 сўм моддий, 20000 сўм маънавий зарарни жавобгардан ундириб бериш ҳақида ҳал қилув қарорини чиқаради. Суд ўз қарорини жавобгарга дарҳол амалга оширтиради.

Орадан икки ойга яқин вақт ўтгач 2005 йил 15 декабрь куни фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция шикояти бўйича ишни кўриб, судья И.Ҳайитов томонидан чиқарилган ҳал қилув қарорини тўла бекор қилади.

Хўш, бу билан адолат тўла қарор топдими? Асло, йўқ!!!

Ишнинг мазмун ва ҳолатидан ҳам, апелляция судининг адолатли ажримидан ҳам яққол кўриниб турибдики, судья И.Ҳайитов томонидан Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилган ҳал қилув қарорида, деҳқонча қилиб айтганимизда, туҳмат очиқчасига оқланган, адолат қораланган. Бу ҳал қилув қарори суд залида ўқилганида судда “жавобгар” деб номланган, туман халқ таълими бўлимининг раҳбари, Фарғона вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан берилган тавсифномада эътироф этилишича, вилоятдаги фидоий маорифчилардан бири Д.Юсупова қандай ҳолатга тушганини ифодалаб бўлармикан?!

Адолатсизликнинг изтироби, руҳий азоби икки ой давомида кундан-кунга кучайса кучаядики, асло озаймади. Судья томонидан ҳал қилув қарорини апелляция судида бекор қилдириш юридик маълумотга эга бўлмаган фуқаро учун игна билан қудуқ қазишдек гап. Апелляция судлари ҳам ўз палакларини босгилари келмаса керак, апелляция шикояти билан келган фуқароларни хурсандчилик билан кутиб олишмайди. Имкон қадар биринчи босқич суди қарорини ўзгартирмасликка уринишади.

Дамирахон Юсупова ҳам фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясининг адолатли ажримини қўлга киритиш учун озмунча моддий ва маънавий зарар кўргани йўқ. Амалдаги қонунларимизга кўра. Фуқарога моддий ва маънавий зарар етказган шахс юксак лавозимдаги мансабдор ёки оддий ишчи фуқаро бўлишидан қатъи назар етказилган зарарни тўлаши талаб қилинади. Қонуннинг бу талабини судья И.Ҳайитов ҳам жуда яхши билишини у чиқарган ҳал қилув қарори яққол кўрсатиб турибди.

И.Ҳайитов эгаллаб турган лавозимига мос келадиган адолатли ҳал қилув қарори чиқарганида фуқаро Д.Юсупова апелляция судига қатнаб молдий ва маънавий зарар кўрмаган бўлар эди. Адолат мезонига кўра, И.Ҳайтов фуқаро Д.Юсуповага моддий ва маънавий зарарни тўлаши лозим. Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 73-моддасида суд қарорининг бекор қилиниши судья атайлаб қонун бузилишига ёки жиддий оқибатларга олиб келган виждонсизликка йўл қўймаган бўлса, жавобгар бўлмаслиги кўрсатилган. Апелляция суди ажримида И. Ҳайитов бекор қилинган ҳал қилув қарорини чиқаришда атайлаб қонунни бузганми, малакасизлик қилганми, бу ҳақда лом-мим демаган, ҳуқуқий баҳо берилмаган. ФПКда ҳам апелляция суди биринчи босқич суди ҳал қилув қарорини бекор қилганида, судьянинг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилиши кўзда тутилмаган.

Демак, ҳозирги ҳолатга кўра судья И.Ҳайитов фуқаро Д.Юсуповага моддий ва маънавий зарар етказган ғайриқонуний ҳал қилув қарорини чиқаргани учун жавобгар ҳам бўлмайди, моддий ва маънавий зарарни ҳам тўламайди. Адолат қарор топмайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга эканлиги шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги ифодаланган. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиши, ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шартлиги кўрсатилган. Шу жиҳатдан қараганда, бизнинг назаримизда, “Судлар тўғрисида”ги қонунда суд қарорининг бекор қилинишининг ўзи судьянинг жавобгар бўлишига сабаб бўлмайди, деб кўрсатилиши Бош Қомусимиз талабларига мос эмасдек кўримоқда.

Қонун чиқарувчи депутатларимиз судьяларимиз учун бекор қилинган қарорлари учун жавобгар бўлмаслик имтиёзини қонун билан белгилаётганларида, имтиёз судьялар масъулиятини ўн карра, юз карра оширади деган қатъий ишончда бўлишлари мумкин. Бу ишончни юксак даражада оқлаётьган судьяларимиз кўплаб топилади. Аммо шоли бекурмак бўлмайди, деганларидек юксак ишончга номуносиб, бекор қилинадиган даражада ғайриқонуний қарорлар чиқарсам ҳам жавобгар бўлмайман, деган тушунча билан ўз касб малакасини оширмаётган, қонун устуворлигига, инсон тақдриги беписандлик билан қараётган судьялар ҳам йўқ эмас.

Касб қасамёдига содиқ бўлган судья учун бекор қилинган қарори учун жавобгар бўлмаслик имтиёзининг кераги йўқ. Ҳатто улар бундай имтиёзга хайрихоҳ ҳам эмаслар. Чунки бундай имтиёз Мустақил Ўзбекистонимиз ҳуқуқий давлатга айланаётганини жаҳонга кўз-кўз қилиш ишқи билан ёнаётган судьялар орасида бу шарафли вазифани номуносиб, дипломи бўлса ҳам иқтидори йўқ нопок шахслар кириб қолишига озми-кўпми имкон яратиб қўяди.

“Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 66-моддасида: “Судьялар судьялик шаънини қатъий сақлашлари, одил судловнинг обрўсини, судьялик қадр-қимматини тушириши ёки судьянинг холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари шарт” дейилган. Қонунда аниқ кўрсатилган бу шартларни бажармаган судьяларга нисбатан шубҳа туғилаверади. Суд ҳокимияти шаънига соя тушаверади.

Бизнинг фикримизча, бу муаммони ижобий ҳал қилиш учун амалдаги “Судлар тўғрисида”ги Қонунинг 73-моддасидаги суд қарорини бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши судьянинг жавобгар бўлишига сабаб бўлмайди, дейилган имтиёз ўзгартирилиши, аксинча йўл қўйилган хатоликлар учун жавобарлик кучайтирилиши, айниқса, бекор қилинган қарор судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилишига сабаб бўлиши лозим. Шундагина жамиятимиздаги шарафли лавозимга номуносиб шахслар билимдон ва эътиқодли, қасамига содиқ судьяларимиз сафига қўшила олмайдилар. Уларнинг шаънига соя сола олмайдилар.

Абдураҳим Назаров

____________________________________

Ҳуррият” газетаси,

2006 йил 


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!


Дўстларингиз билан улашинг:


  • Jahongir Жавоб бериш
    2 oy олдин

    10 йиллар олдинги иш, лекин суд ҳукми адолатли бўлганди

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>