• Бугунги сана: Tuesday, January 24, 2017

Судда вакилликнинг турлари, тартиби ва шартлари

Журналимизнинг ўтган сонида фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилиш тартиби, даъволарнинг турлари, аризалар қайси ҳудуддаги судлар томонидан кўриб чиқилиши тўғрисида маълумот берган эдик. Бу сафар суд процесси иштирокчилари, хусусан, судда вакиллик қилишнинг тартиб-қоидалари ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Процесс иштирокчилари

Фуқаролик процессуал кодекси(ФПК)нинг 33-моддасига мувофиқ тарафлар, учинчи шахслар, уларнинг вакиллари, процессда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда қатнашадиган прокурор, давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ҳамда айрим фуқаролар суд ишида иштирок этувчи шахслар деб тан олинади.

ФПКнинг 34-моддасида ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатилган бўлиб, уларга қуйидагилар киради:

— иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш ва нусхалар кўчириш;

— процесс иштирокчиларига раддия бериш тўғрисида арз қилиш;

— далиллар тақдим этиш ҳамда уларни текширишда қатнашиш;

— суд процессида иштирок этувчи шахслар, гувоҳлар ва экспертларга саволлар бериш;

— арз қилиш, илтимосномалар (масалан, далиллар талаб қилиб олиш тўғрисида) тақдим этиш;

— судга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш;

— ишни судда кўриш давомида келиб чиқадиган барча масалалар бўйича важлар келтириш ва мулоҳазасини билдириш;

— ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг арз, илтимоснома, важ  ва мулоҳазаларига қарши эътирозлар билдириш;

— суднинг ҳал қилув қарори, ажрим, қарор ва буйруғи устидан шикоят қилиш;

— суд чиқарган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ва буйруқнинг мажбурий ижросини талаб қилиш.

Бундан ташқари, улар амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган бошқа процессуал ҳуқуқлардан ҳам фойдаланишлари мумкин.

Вакиллик институти

Ҳар бир фуқаро судда ишини шахсан ёки вакиллари орқали юритиши мумкин. Фуқаронинг ишда шахсан қатнашуви уни шу иш бўйича вакилга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди. Судда бир ёки бир неча вакил бўлиши ҳам мумкин.

Судда вакиллик қилишга доир нормалар Олий суд пленумининг “Вакилликка доир фуқаролик процессуал қонунчилиги нормаларининг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида”ги қарори ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Олий суд пленумининг “Вакилликка доир фуқаролик процессуал қонунчилиги нормаларининг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида”ги қарорида қайд этилишича, судда вакиллик тарафлар, учинчи шахслар, аризачилар субъектив ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясининг процессуал кафолати вазифасини бажаришга қаратилган бўлиб, суддаги вакил ишонч билдирувчи шахс номидан ва унинг манфаатлари учун берилган ваколат доирасида процессуал ҳаракатлар содир этадиган ҳамда ҳуқуқларини амалга оширишда унга ёрдам берадиган жисмоний шахсдир.

Судда вакиллик қилишни ҳар қандай шахсга топширишингиз мумкин. Фақат суд томонидан унинг мазкур иш бўйича вакиллик қилишига рухсат берилиши керак.

Вакилликнинг турлари

ФПК фуқаролик ишлари бўйича судда вакилликни икки турга ажратади: қонуний (мажбурий) (51-модда) ҳамда шартнома бўйича (ихтиёрий) вакиллик (52-модда).

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган, бедарак йўқолган деб топилган ёки ўлган деб эълон қилинган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини судда уларнинг қонуний вакиллари ҳимоя қиладилар. Шу боис бундай фуқаролик ишларини судда кўришда қонуний вакилнинг иштироки мажбурийдир. Судда қонуний вакил сифатида ота-оналар, васийлар, ҳомийлар ва ФПКнинг 51-моддасида кўрсатилган бошқа шахслар иштирок этади. Қонуний вакиллик келиб чиқиши учун ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинаётган шахснинг розилиги талаб этилмайди. Қонуний вакил судда иш олиб боришни ўзи танлаган бошқа шахсга топшириш ҳуқуқига эга.

Судда вакиллик бошқа барча ҳолларда шартномага асосланган бўлади ва фақат ишонч билдирувчининг бунга хоҳиши мавжуд бўлганда юзага келади. Шартнома бўйича (ихтиёрий) вакилликка биноан ишонч билдирувчи ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича судда иш юритишни вакилга топширади. Қуйидагилар шартнома бўйича (ихтиёрий) вакил бўла оладилар:

— адвокатлар, яъни қонунда белгиланган тартибда адвокатлик мақомини олган шахслар;

— насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган ёки ён шажара бўйича қариндошлар, шунингдек, эр (хотин) ёхуд унинг қариндошлари (ишонч билдирувчига қариндош шахслар доирасини аниқлашда суд ФПКнинг 52-моддаси иккинчи қисмининг 2-банди ва Оила кодексининг 57-, 58-моддаларига амал қилинади);

— юридик шахсларнинг ходимлари — шу юридик шахсларнинг ишлари бўйича;

— нотижорат ташкилотларнинг ваколатли вакиллари — шу ташкилотлар аъзоларининг ишлари бўйича;

— қонунга биноан бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилган нотижорат ташкилотларнинг ваколатли вакиллари;

— ФПКнинг 41-моддасига кўра процессда бир неча даъвогар ёки жавобгар, шунингдек, учинчи шахслар қатнашганда, иштирокчилардан бири бошқа иштирокчиларнинг топшириғи бўйича (масалан, бир гуруҳ шахслар банкка нисбатан даъво қўзғатган бўлса, даъвогарлардан бирига барча даъвогарлар номидан судда иш юритиш топширилиши мумкин);

— ишни кўраётган суд томонидан ишда жисмоний шахсларнинг вакиллари сифатида қатнашишга рухсат берилган шахслар (башарти улар вакил сифатида судда касб тариқасида (ҳақ эвазига ёки ҳақ олмай) фаолият олиб боришмаса).

Таъкидлаш керакки, қонуний вакиллар ҳам, шартнома бўйича вакиллар ҳам вояга етган ва муомалага лаёқатли бўлишлари керак.

Судда иш юритиш бўйича вакил сифатида профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши мумкин. Адвокатнинг ваколатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ордер билан тасдиқланади.

Вакил қандай ваколатларга эга?

ФПКнинг 54-моддасига биноан судда иш юритиш ваколатлари вакилга ҳамма процессуал ҳаракатларни ваколат берувчи номидан амалга ошириш ҳуқуқини беради. Бироқ айрим процессуал ҳаракатларни содир этиш учун махсус ваколатларга эгалик талаб этилади. Ушбу моддага асосан бундай ҳаракатлар жумласига қуйидагилар киради: даъво талабларидан бутунлай ёки қисман воз кечиш; даъво асоси ёки предметини ўзгартириш; даъво миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш; даъвогар талабларини тан олиш; келишув битими тузиш; ваколатларни бошқа шахсга ўтказиш (бошқа шахсга ишониб топшириш); суднинг ҳал қилув қарори (ажрими) устидан шикоят бериш; ижро варақасини ундирувга қаратиш; ундирилган мол-мулк ёки пулни олиш.

Шартнома бўйича вакил, шу жумладан, адвокат ва ишга суд мажлисида ишонч билдирувчининг аризасига биноан киришган шахс ҳам юқорида санаб ўтилган ҳаракатларни фақат улардан ҳар бири қонунга мувофиқ расмийлаштирилган ишончномада қайд этилган ҳолдагина содир этишга ҳақлидир.

Фаолияти устав билан тартибга солинадиган юридик шахслар раҳбарлари учун ҳам махсус ваколатлари борлиги тўғрисида ҳужжат тақдим этиши талаб этилади (башарти уставда тегишли ҳуқуқларни амалга ошириш корпоратив бошқарув органлари (умумий йиғилиш ёки бошқарув) ваколатига тегишли бўлса).

Шуни назарда тутиш лозимки, қонуний вакиллар, шартнома бўйича вакиллардан фарқли равишда, ФПКнинг 54-моддасида кўрсатилган барча процессуал ҳаракатларни махсус ваколат олмаган ҳолда мустақил содир этишга ҳақлидирлар. Ишга киришиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар шартнома бўйича вакилга процесс иштирокчисининг фақат ФПКнинг 34-моддасида қайд этиб ўтилган умумий ҳуқуқларини беради.

Зарур ҳужжатлар

Қонуний вакиллар ишга киришиши учун ҳуқуқ берувчи ҳужжатлар жумласига қуйидагилар киради:

— ота-оналар вояга етмаган фарзандларига вакиллик қилиши учун ота-оналикни тасдиқловчи ҳужжатлар (паспорт, боланинг туғилганлик гувоҳномаси, болаликка олинганлик фактини тасдиқловчи ҳужжатлар);

— васий ёки ҳомийни, мерос мулкини асровчини тайинлаш тўғрисидаги қарорлар.

Шартнома бўйича вакилларнинг ваколатлари қонунда белгиланган тартибда берилган ва расмийлаштирилган ишончномада акс эттирилган бўлиши керак. Фуқаролар берадиган ишончномалар нотариус ёки нотариал ҳаракатларни бажариш ҳуқуқига эга бўлган шахс томонидан тасдиқланади. Фуқаролар вакилларининг судда иш юритиш ваколатлари ишонч билдираётган шахснинг оғзаки аризаси билан ҳам тасдиқланиши мумкин, бу ҳол суд мажлисининг баёнида акс эттирилиши лозим.

Шартнома бўйича айрим вакиллар ишга киришишига ижозат берилиши учун қонун судга ишончномадан ташқари бошқа ҳужжатлар ҳам тақдим этилишини талаб қилади, жумладан:

— ишонч билдирувчининг қариндошлари учун — ишонч билдирувчи ва вакилнинг қариндошлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

— юридик шахснинг раҳбари учун — унинг мансаб мавқеини тасдиқловчи ҳужжат.

Адвокат ишга киришиши учун адвокатлик гувоҳномаси ва адвокатлар тузилмаси томонидан берилган ордер тақдим этилишининг ўзи етарли бўлиб, у адвокатга юридик ёрдам сўраб мурожаат этган шахс манфаатларини судда ҳимоя қилиш ҳуқуқини (ФПК 54-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқлардан ташқари) беради.

Юридик шахснинг вакили

ФПКнинг 50-моддасига асосан судда ташкилотлар ишларни ўз раҳбарлари ёки вакиллари орқали юритишлари мумкин. Ташкилотларнинг раҳбарлари судга ўзларининг хизмат лавозимлари ёки ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этади.

Давлат бошқаруви органларининг, мансабдор шахсларнинг вакиллари тегишли орган раҳбарининг ёки мансабдор шахснинг имзоси билан бериладиган ишончнома бўйича иш юритадилар. Ташкилот номидан иш бериладиган ишончнома раҳбар томонидан имзоланган ҳамда имзо ташкилот муҳри билан тасдиқланган бўлиши керак.

Кимлар вакил бўла олмайди?

Судда қуйидагиларнинг вакил бўлишига йўл қўйилмайди: вояга етмаган шахслар; васийлик ёки ҳомийлик белгиланган шахслар; ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг вакиллари, улар тегишли суд, прокуратура, суриштирув ва тергов органининг вакили сифатида қатнашадиган, шунингдек, судьялар, прокурорлар, терговчилар, суриштирувчилар судда қонуний вакил (яъни ота-оналар, фарзандликка олганлар, ҳомий) сифатида иштирок этадиган ҳоллар бундан мустасно.

Вакилнинг ёрдами учун ҳақ тўлаш

ФПКнинг 114-моддасига мувофиқ ҳал қилув қарори қайси тарафнинг фойдасига чиқарилган бўлса, суд шу тарафга иккинчи тарафдан вакилнинг ёрдами учун тўлашга кетган харажатларни оқилона миқдорларда ундириб беради.

Агар ҳал қилув қарорига биноан ҳақли бўлиб чиққан тарафга адвокат белгиланган тартибга мувофиқ бепул ёрдам кўрсатган бўлса, бу сумма бошқа тарафдан адвокатлар бюроси (ҳайъати, фирмаси) фойдасига ундирилади.

Tafsilot.uz маълумоти:

Гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, ёзма ва ашёвий далилларни сақловчилар, холислар ва ижро ишларини юритишда мол-мулкни сақловчилар одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар ҳисобланади.

*       *       *

ФПКнинг 160-моддасига биноан судья ишни кўришда вакилларнинг қатнашиши масаласини ҳал қилади.

*       *       *

ФПКнинг 174-моддасига кўра ишда иштирок этувчи шахснинг вакили ишни судда кўриш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинган бўлишига қарамай, судга келмагани ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

*       *       *

Суд ишида иштирок этувчи шахслар ўзларига берилган барча процессуал ҳуқуқлардан инсоф билан фойдаланишлари ва ўз зиммаларига юклатилган мажбуриятларни бажаришлари шарт.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>