• Бугунги сана: Monday, February 20, 2017

Судда далиллардан қандай фойдаланишни биласизми?

sud_23

Қонун талабига кўра суднинг у ёки бу низо бўйича қабул қилган қарори аниқ далилларга асосланган бўлиши лозим. Шу боис ҳам судда иш юритишнинг муҳим таркибий қисмларидан бири ишдаги ҳолатлар ва фактларнинг ҳаққонийлигини исботлаш ҳисобланади. Тақдим этилган далилларга тўғри баҳо бериш, зарур далилларни талаб қилиб олиш ва мавжуд далиллар асосида низони ҳал этиш бевосита суд қарорларининг барқарорлигини таъминлайди.

Фуқаролик ишлари бўйича судларда ишни кўриб чиқиш, адолатли қарор қабул қилишда далилларни талаб қилиб олиш, уларга тўғри баҳо бериш ва улар асосида низони ҳал этиш билан боғлиқ суд амалиёти Фуқаролик процессуал кодекси (ФПК), Олий суд Пленумининг “Фуқаролик процессуал қонун ҳужжатлари айрим нормаларининг судлар томонидан қўлланилиши ҳақида”ги (2003 йил 19 декабрь), “Фуқаролик ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти ҳақида” (2004 йил 21 май), “Фуқаролик ишларини кўришда судлар томонидан далилларга оид қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” (2007 йил 2 октябрь), “Фуқаролик ишлари бўйича экспертиза тайинлаш, ўтказиш ва эксперт хулосасига баҳо беришда суд амалиётида келиб чиқадиган айрим масалалар ҳақида”ги (2008 йил 12 декабрь) қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Фуқаролик процессида исботлаш ва далиллар масаласининг долзарблигини Олий суд Пленуми томонидан “Фуқаролик ишларини кўришда судлар томонидан далилларга оид қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” махсус қарор қабул қилингани мисолида ҳам кўриш мумкин. Мазкур қарорда фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишга қаратилган мурожаатлари кескин ошиб бораётган бир пайтда низоларни бевосита далилларга таянган ҳолда ҳал этиш муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланади.

Табиийки, судда тарафларнинг ҳар бири ўзини ҳақ деб ҳисоблайди. Аммо суд у ёки бу низо бўйича қарор қабул қилар экан, тарафларнинг қуруқ даъволарига эмас, балки аниқ далилларга асосланади. Шу боис суд тарафлардан ўзларининг даъволарини далиллар билан исботлашни талаб этади. Зеро, шу йўл билангина ҳақиқий ҳолатни аниқлаш мумкин.

Судда нималар далил бўла олади?

ФПКнинг 56-моддасига мувофиқ тарафларнинг талаблари ва эътирозларини асослайдиган ҳолатлар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини суднинг қонунда белгиланган тартибда аниқлашига асос бўладиган ҳар қандай фактик маълумот ва ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар фуқаролик иши бўйича далил ҳисобланади. Мазкур норма Олий суд Пленумининг “Фуқаролик ишларини кўришда судлар томонидан далилларга оид қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорида ҳам ўз аксини топган.

Қонунчиликда исботлаш воситалари деган тушунча ҳам бор. Хўш, у ўзи нима? Исботлаш воситалари деганда фуқаролик процессуал қонун нормаларида кўзда тутилган ишни ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар ҳақидаги маълумотлар тушунилади. ФПКнинг 56-моддаси биринчи қисмига кўра ушбу маълумотлар тарафлар ва учинчи шахслар ҳамда уларнинг қонуний вакилларининг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатмаси, ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг хулосаси билан белгиланади.

Кези келганда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, иш бўйича ҳал қилув қарорини чиқаришда суд томонидан текширилмаган маълумотларга таяниш мумкин эмас, балки фақат қонунда белгиланган манбалардан исботлаш воситаси сифатида фойдаланиши лозим. Шунингдек, муаллифи кўрсатилмаган хатлар ва манбаси номаълум бўлган ёки ғайриқонуний тарзда олинган бошқа маълумотлар далил бўла олмаслигини ҳам эслатиб ўтамиз. Бундан ташқари, мутахассиснинг фикри исботлаш воситалари доирасига кирмаслигини, шунга кўра у суд томонидан бошқа далиллар йиғиндиси билан баҳоланиши лозимлигини унутмаслик мақсадга мувофиқ.

Исботлаш мажбурийми?

Ҳа, мажбурий. Судда қатнашаётган тарафлар нафақат ўз даъволари, яъни ўзининг талаблари ва эътирозларига асос қилиб кўрсатган ҳолатларнининг тўғрилигини исботлашга, балки тегишли далилларни ҳам тақдим этишга мажбурдирлар. Бундай мажбурият ФПКнинг 57-моддасида белгиланган.

ФПКнинг 8-моддасида фуқаролик суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Суд тортишувлик принципини амалга ошириш учун қандай ҳолатлар иш учун аҳамиятга эга эканини, уларни тарафлардан қайси бири исботлаши кераклигини аниқлайди, ҳатто тарафлар бу ҳолатларни далил қилиб келтирмаган бўлсалар ҳам уларни муҳокамага қўяди.

ФПКнинг 57-моддаси талабларига кўра далилларни тақдим этиш мажбурияти тарафлар, арз қилувчилар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар зиммасига юклатилади. Шу билан бирга, суд тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга қўшимча далиллар тақдим қилишни таклиф этиши ҳам мумкин. Агар бу қийинчилик туғдирса, суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига асосан далилларни тўплашда уларга ёрдам кўрсатади.

Суд фақат иш учун аҳамиятга эга бўлган далилларнигина кўришга қабул қилади. Бу ФПКнинг 58-моддаси ҳамда Олий суд Пленумининг “Фуқаролик ишларини кўришда судлар томонидан далилларга оид қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорида мустаҳкамлаб қўйилган.

Гувоҳларнинг кўрсатмалари, шунингдек, ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим қилинаётган ёзма ва ашёвий далиллар иш учун аҳамиятга эга бўлишини назарда тутиб, суд барча ҳолатларда уларга ушбу далиллар ва гувоҳлар кўрсатмаси айнан қайси ҳолатларни тасдиқлаши мумкинлигини кўрсатишни таклиф қилиши лозим.

Далилларнинг дахлдорлиги нуқтаи назаридан, фотосуратлар ишда иштирок этувчи шахсларнинг талаб ва эътирозларини асословчи ҳолатларни тасвирлагандагина далил бўлиши мумкин. Мазкур қоида судга ишга дахлдор бўлган барча фактлар ва ҳолатларни аниқлаш ва текшириш мажбуриятини юклайди. Далиллар дахлдорлиги суд томонидан кўрилаётган ишдаги мавжуд материалларни таҳлил қилиш асосида судьянинг ишончига кўра аниқланади. Иш учун аҳамиятга эга бўлмаган далилларни қабул қилишга, шунингдек, келиб чиққан низо бўйича исботлаш воситалари бўла олмайдиган маълумотлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Апелляция инстанциясида ҳам далиллар кўриладими?

Ҳа, кўрилади. Олий суд Пленумининг “Фуқаролик ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти ҳақида”ги қарорида ёзилишича, апелляция инстанцияси суди янгидан тақдим қилинган ҳужжатлар ва материалларни (далилларни) кўриш учун қабул қилишга ҳақли. Бунда суд янги тақдим қилинган далиллар биринчи инстанция судида ўрганилмагани сабабларини аниқлайди. Уларнинг биринчи инстанция судига тақдим этилмагани сабаби узрли экани (масалан, биринчи инстанция суди ушбу далилларни талаб қилиб олиш ва ўрганиш ҳақидаги илтимосномани асоссиз равишда рад қилган бўлса) аниқлангач, апелляция инстанцияси суди янги далилларга ишдаги материаллар билан биргаликда баҳо беради.

Янгидан тақдим қилинган далилларни текширишни рад қилиш суд томонидан ажримда асослантирилиши лозим. Қонун апелляция инстанцияси судида иш ҳолатлари текширилиши ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини эшитиш билангина чекланиб қолмай, ҳар қандай далиллар, агар биринчи инстанция судига уларни тарафлар томонидан тақдим қилиш имконияти бўлмаган деб топилгудек бўлса, мазмуни бўйича текширилишига, масалан, зарур ҳолларда, ишдаги мавжуд далилларнинг ўқиб эшиттирилишига, янгидан тақдим этилган далиллар текширилишига имкон беради.

Ишда иштирок этувчи шахслар биринчи инстанция судида текширилган далилларни қайтадан текшириш тўғрисида илтимос қилишга ҳақли. Далиллар биринчи инстанция суди учун белгиланган тартибда текширилади.

Исботлашдан озод қилиш

Шундай фактлар бўладики, улар исботлаш предметига кирмайди ва исботлашга муҳтож эмас. Суд ҳаммага маълум деб топган ҳолатлар, суднинг қонуний кучга кирган фуқаролик иши бўйича ҳал қилув қарори ва жиноят иши бўйича суднинг ҳукми бўйича аниқланган фактлар шулар жумласидандир.

Ҳаммага маълум бўлган факт деганда, тарафларга, ишда иштирок этувчи бошқа шахслар ва судьяларнинг ўзига маълум бўлган маълумотларни тушуниш лозим. Бундай факт ҳаммага маълум бўлганлиги сабабли, уни исботлаш шарт эмас, бироқ тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларни тегишли фактларни исботлашдан озод этиш учун суд уни ҳаммага маълум ҳолат деб эътироф этиши лозим. Бунда шуни назарда тутиш лозимки, фактнинг ҳаммага маълумлиги тўғрисида асосланган хулоса ҳар қандай суд инстанцияси ташаббусига кўра суд жараёнининг ҳар қандай босқичида ёки ўз талаб ва эътирозларини исботлаш мақсадида ушбу фактга мурожаат қилган шахснинг илтимосига кўра амалга оширилиши мумкин.

Шу билан бирга, фактнинг ҳаммага маълумлик даражаси турлича бўлиши мумкин. Содда қилиб тушунтирадиган бўлсак, маълумотларнинг тарқалганлик кўламига кўра мамлакат ҳудудидан ташқарига чиқиши ёки маҳаллий характерга эга бўлиб, иш кўрилаётган маълум бир вилоят ёки туман ҳудуди билан чекланиши мумкин. Ушбу омиллар суд ишини кўришда эътиборга олиниши зарур.

ФПКнинг 60-моддаси иккинчи қисми мазмунига кўра бир фуқаролик иши бўйича қонуний кучга кирган суд қарори билан аниқланган фактлар айнан шу шахслар иштирок этаётган бошқа фуқаролик иши кўрилишида қайта исботланмайди. Жумладан, ошиқча хавф манбаи эгаси бўлган даъвогарлар бевосита зарар етказувчига нисбатан регресс даъво (қарши даъво) келтирганда, исботлашдан озод этилади. Жиноят иши бўйича қонуний кучга кирган суд ҳукми суд томонидан ҳукм этилган шахс ҳаракатларининг фуқаролик-ҳуқуқий оқибатлари тўғрисидаги ишни кўриб чиқаётган суд учун фақат шу ҳаракатлар содир этилган ёки содир этилмагани ва улар мазкур шахс томонидан содир этилган ёки этилмагани масалалари юзасидангина мажбурийдир. Суд жиноят ишидан келиб чиқувчи даъвони кўришда жавобгарнинг айбдорлиги масаласини муҳокама қилишга ҳақли эмас, балки фақат фуқаровий низони ҳал қилиши мумкин. Суднинг хулосасида ҳукмнинг мавжудлигидан ташқари, тарафлар томонидан тақдим этилган ёки фуқаролик ишини кўриш жараёнида суд томонидан тўпланган далиллар кўрсатилиши керак. Маъмурий ҳуқуқбузарлик иши бўйича суднинг қонуний кучга кирган қарори ҳамда жиноят ишини реабилитация асосларисиз тугатиш ҳақидаги тергов органи ва суд ажримида қайд этилган ҳолатлар шу билан боғлиқ фуқаролик иши кўриб чиқилишида қайта исботлашни талаб қилмайди.

Далилларни таъминлаш кимнинг зиммасида?

Далилларни таъминлашга доир ҳуқуқий муносабатлар ФПКнинг 61—64-моддаларида белгиланган. Унга кўра ўзлари учун зарур бўлган далилларни кейинчалик тақдим этиш мумкин бўлмай қолади ёки қийинлашади дейишга асоси бўлган шахслар ариза беришидан олдин ҳам, кейин ҳам судьядан бу далилларни таъминлашни илтимос қилишлари мумкин. Хорижий давлатларнинг органларида иш юритиш учун зарур далиллар билан таъминлаш эса давлат нотариал идоралари томонидан амалга оширилади.

Ўрнатилган тартибга кўра далилларни таъминлашни сўраб ариза билан мурожаат қилиш талаб этилади. Бундай ариза далилларни таъминлаш билан боғлиқ процессуал ҳаракатлар амалга оширилиши керак бўлган ҳудудда фаолият олиб бораётган судга берилади. Аризада таъминланиши зарур бўлган далиллар, бу далиллар билан тасдиқланиши керак бўлган ҳолатлар, далилларни таъминлаш тўғрисида аризачини илтимос билан мурожаат қилишга ундаган сабаблар, шунингдек, таъминланадиган далиллар зарур бўлган ёки улар кейинчалик асқотиши мумкин бўлган иш кўрсатилиши керак.

Далилларни таъминлаш ФПКда белгиланган далилларни тўплаш ва текшириш қоидалари бўйича суд томонидан амалга оширилади. Аризачи ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга далилларни таъминлаш вақти ва жойи ҳақида маълум қилинади, бироқ уларнинг келмаслиги далилларни таъминлаш ҳақидаги ариза кўриб чиқилишига тўсқинлик қилмайди. Кечиктириш, шунингдек кейинчалик аризачи билан кимнинг ўртасида низо келиб чиқишини аниқлаш мумкин бўлмаган ҳолларда далилларни таъминлаш фақат биргина аризачининг ўзини хабардор қилиш йўли билан амалга оширилади.

Далилларни таъминлаш тартибида тарафларнинг, учинчи шахсларнинг тушунтиришлари эшитилади, гувоҳлар сўроқ қилинади, экспертиза тайинланади, ёзма ва ашёвий далиллар талаб қилиб олинади ёки кўздан кечирилади, жойга бориб кўздан кечириш ўтказилади. Далилларни таъминлаш тартибида тўпланган барча материаллар ишни кўраётган судга юборилади ёки аризачига берилади.

ФПКнинг 64-моддасига мувофиқ далилларни таъминлаш тўғрисидаги суд ажрими устидан шикоят қилиш мумкин эмас. Далилларни таъминлашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан хусусий шикоят бериш ёки унга нисбатан хусусий протест келтириш мумкин.

Далиллар қандай баҳоланади?

ФПКнинг 67-моддаси биринчи қисмига мувофиқ суд далилларга, қонунга амал қилган ҳолда ишнинг ҳамма ҳолатларини жамлаб, уларни суд мажлисида ҳар тарафлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқиш асосида ички ишончга таяниб, баҳо беради. Ички ишонч бўйича далилларга баҳо беришда судья иш бўйича далил бўлган маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва ушбу далиллардан фойдаланиш орқали тасдиқланиши лозим бўлган иш ҳолати ҳақиқатда мавжудлиги масаласини аниқлайди. Судьянинг ички ишончи суд муҳокамасида текширилган барча далиллар йиғиндисига асосланган қонуний хулоса бўлиши ва объектив ҳақиқатни акс эттириши лозим.

Ҳар бир ишга далил дахлдорлиги ва ҳаққонийлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги, далилларнинг йиғиндиси эса уларнинг етарли даражада тўпланган ёки тўпланмагани нуқтаи назаридан баҳоланади. Далилларни баҳолаш биргина ҳиссиётга асосланган бўлиши мумкин эмас, балки аниқ, мантиқий ва бошқа далиллар билан боғлиқлиги асослантирилган бўлиши ва асослар суд қарорларида ўз аксини топиши керак. Жумладан, суд бирор-бир далилни ҳақиқий эмаслиги асосида рад қилишда, ушбу масала бўйича ўз хулосасини асослантириши шарт. ФПКнинг 67-моддаси тўртинчи қисмига асосан ҳеч қандай далил суд учун олдиндан белгилаб қўйилган кучга эга эмас. Агар далилнинг объектив мазмуни иш ҳолатига мос бўлса, суд ҳар қандай далилни қабул қилади, мос бўлмаганда эса рад қилади.

Маълумот учун:

Судда далиллардан қонуний, адолатни қарор топтириш учун фойдаланилади.

*       *       *

Ҳал қилув қарори суд мажлисида исботлаш воситалари орқали аниқланган ҳолатларгагина асосланиши лозим. Суд бирон-бир фуқаролик ишини ундаги мавжуд ҳолатларни аниқламасдан туриб ҳал этиши мумкин эмас.

*       *       *

Тарафларнинг талаблари ва эътирозларини асослайдиган ҳолатлар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини суднинг қонунда белгиланган тартибда аниқлашига асос бўладиган ҳар қандай фактик маълумот ва ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар фуқаролик иши бўйича далил ҳисобланади.

*       *       *

ФПКнинг 58-моддасига мувофиқ суднинг далиллар қабул қилишни ёки талаб қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрими асослантирилган бўлиши лозим.

*       *       *

ФПК 58-моддаси ҳамда Олий суд Пленумининг “Фуқаролик процессуал қонун ҳужжатлари айрим нормаларининг судлар томонидан қўлланилиши ҳақида”ги қарорида белгиланган нормаларнинг мазмунига кўра суд фақат низо предметига нисбатан бевосита алоқадор ва биргаликда низо мазмуни юзасидан тарафларнинг важларини тасдиқлаш ёки рад қилиш, иш ҳолатини аниқлаш учун етарли бўлган фактик маълумотларни ва далилларни текширади. Иш учун аҳамиятга эга бўлмаган далилларни қабул қилишга, шунингдек, келиб чиққан низо бўйича исботлаш воситалари бўла олмайдиган маълумотлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

grant-bildirgi

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>