• Бугунги сана: Wednesday, January 25, 2017

Суд харажатлари нималардан иборат?

sud-xarajatlari

(1-мақола)

Бошига ташвиш тушиб, судга мурожаат қилишга қарор қилган одамни даъво аризаси киритиш учун тўлайдиган давлат божи, ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ бошқа ҳаражатлар миқдори кўпроқ қизиқтиради. Шуни инобатга олиб, фуқаролик процессида суд ҳаражатларининг қандай белгиланиши, тартиб-қоидалари ҳақида маълумот беришга қарор қилдик.

Давлат божи

Фуқаролик процессуал кодекси (ФПК)нинг 103-моддаси, Олий суд Пленумининг 2009 йил 24 ноябрдаги “Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги қарорида фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари давлат божи ва ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлардан иборат экани белгиланган.

Фуқаролик ишлари бўйича давлат божини тўлаш билан боғлиқ муносабатлар Солиқ кодексининг XVII бўлими, ФПКнинг ўнинчи боби, Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги “Давлат божи ставкалари тўғрисида”ги ва 1993 йил 19 августдаги “Хорижий валютадаги давлат божлари, йиғимлар ва солиқ бўлмаган бошқа тўловлар ставкалари тўғрисида”ги қарорлари билан тартибга солинади.

Солиқ кодексининг 326-моддасида қайд этилишича, давлат божи деганда юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун олинадиган мажбурий тўлов тушунилади. У бошқа мажбурий тўловлар қаторида давлат бюджетини шакллантиришнинг таркибий қисмини ташкил этади. Шунинг учун судлар фуқаролик ишлари бўйича божларни ундиришга доир қонун талабларига сўзсиз риоя этишади.

Фуқаролик ишлари бўйича давлат божи қуйидагилардан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорда ундирилади:

— биринчи инстанция судига бериладиган суд буйруғи чиқариш ҳақидаги аризалардан, даъво аризаларидан, давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек, мансабдор шахслар хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятлардан, алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича аризалардан, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорлари билан боғлиқ ишлар бўйича аризалардан;

— апелляция, кассация шикоятларидан, суд қарорлари устидан назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги аризалардан;

— суд ҳужжатларининг нусхаларини берганлик учун.

Давлат божи агар қонунда бошқача ҳолат кўзда тутилмаган бўлса (масалан, тўловчи божни тўлашдан озод қилинган, бож тўлаш кечиктирилган ёки бўлиб-бўлиб тўланадиган ҳолларида), даъво аризаси, ариза ва шикоят судга берилгунга қадар тўланади, Давлат божи нақд пулсиз шаклда тўлангани факти банкнинг тўлов топшириқномаси, нақд пул билан тўланганда эса банк квитанцияси ёки Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси белгилаган шаклда давлат божини қабул қилган ташкилот ёки мансабдор шахс томонидан тўловчига бериладиган квитанция билан тасдиқланиши керак.

Судга мулкий низо бўйича даъво баҳоси чет эл валютасида кўрсатилган даъво аризаси берилганда, давлат божи Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ставкалар ва тартибда чет эл валютасида ундирилади. Агар муайян судда кўрилиши керак бўлган бир неча аризалар бўйича бож бир тўлов топшириқномаси билан тўланган бўлса, тўлов топшириқномаси ишлардан бирига илова қилинади. Қолган ишларга судья томонидан тўлов топшириқномаси санаси ва рақами кўрсатилган асосда тўлов топшириқномаси қўшиб қўйилган ишга ҳавола қилинган ҳолда бож тўлангани тўғрисида белги қўйилади (маълумотнома тузилади).

Даъвонинг баҳоси

Фуқаролик ишларининг алоҳида тоифалари бўйича даъво баҳосини белгилашнинг хусусиятлари ФПКнинг 105-моддасида назарда тутилган. Унга кўра даъвонинг баҳоси қуйидагича белгиланади:

— пул ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича — ундириладиган суммага қараб;

— мулк талаб қилиш тўғрисидаги даъволар бўйича — даъво қилинаётган мулкнинг қийматига қараб;

— бир қанча мустақил талаблардан иборат даъволар бўйича — ҳамма талабларнинг умумий суммасига қараб;

— алимент ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича — бир йиллик тўловларнинг йиғиндисига қараб;

— муддатли тўловлар ва пул бериш тўғрисидаги даъволар бўйича — тўловларнинг ёки бериладиган пулларнинг йиғиндисига қараб, лекин кўпи билан уч йиллик йиғиндисига қараб;

— муддатсиз ёки умрбод тўловлар ва пул бериш тўғрисидаги даъволар бўйича — тўловларнинг ёки пулларнинг уч йил ичидаги йиғиндисига қараб;

— тўловларни ёки пул беришни камайтириш ёхуд кўпайтириш тўғрисидаги даъволар бўйича — тўловлар ёки бериладиган пуллар камайтириладиган ёки кўпайтириладиган суммага, лекин кўпи билан бир йиллик суммага қараб;

— тўловларни ёки пул беришни тўхтатиш тўғрисидаги даъволар бўйича — қолган тўловлар ёки пуллар йиғиндисига, лекин кўпи билан бир йиллик йиғиндисига қараб;

— мулк ижараси шартномасини муддатидан илгари бекор қилиш ҳақидаги даъволар бўйича — шартнома амал қилишининг қолган муддатида мулкдан фойдаланиш учун тўланадиган тўловларнинг, лекин кўпи билан уч йил ичидаги тўловларнинг йиғиндисига қараб;

— хусусий мулк ҳуқуқи асосида фуқароларга тегишли иморатларга эгалик ҳуқуқи тўғрисидаги даъволар бўйича — иморатнинг ҳақиқий қийматига қараб, лекин бу миқдор инвентаризация баҳосидан, инвентаризация баҳоси бўлмаганида эса мажбурий суғурта баҳосидан кам бўлмаслиги керак, ташкилотларга қарашли иморатларга доир даъволар бўйича эса иморатларнинг ҳақиқий баҳосидан кам бўлмаслиги керак.

Даъвонинг баҳоси даъвогар томонидан кўрсатилади. Даъвогар кўрсатган баҳо даъво қилинаётган мулкнинг ҳақиқий қийматига мувофиқ эмаслиги яққол кўриниб турса, даъвонинг баҳосини судья белгилайди. Даъво тақдим этилган вақтда унинг баҳосини белгилаш қийин бўлса, давлат божининг миқдорини судья дастлабки тарзда белгилайди ва кейинчалик ишни ҳал қилиш вақтида суд белгилаган даъво баҳосига мувофиқ божнинг кам қисми ундирилади ёки ортиқча олинган қисми қайтарилади.

Шу ўринда алимент ундириш тўғрисидаги даъволар мисолида даъво баҳоси қандай белгиланишини атрофлича тушунтириб ўтсак. Юқорида қайд этилганидек, алимент ундириш ҳақидаги барча даъволардан (бола, ота-она, эр-хотин ва бошқалар таъминоти учун) бож 12 ой учун алимент тўловлари жами суммасидан (агар алимент ундирилган муддат 12 ойдан ошмаса, шу давр учун алимент тўловлари умумий суммасидан) ҳисоблаб чиқилади. Тўловлар миқдори жавобгарнинг охирги иш жойидаги ўртачага ойлик иш ҳақи (даромади)дан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Дейлик, жавобгар ишламайди. Бундай вазиятда давлат божини ҳисоблаш учун тўловлар миқдори ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Алимент қарзини тўлашдан озод қилиш, алимент миқдорини ўзгартириш (камайтириш ёки кўпайтириш) ҳақидаги даъволар бўйича бож тўловлар камайган, кўпайган ёки бекор қилинган, лекин бир йилдан ортиқ бўлмаган давр учун белгиланган суммадан келиб чиққан ҳолда белгиланади ва даъвогардан ундирилади.

Божни белгилаш ва ундириш тартиби

Давлат божи миқдори аризачи судга мурожаат қилаётган талабнинг хусусиятига (мулкий ёки номулкий) боғлиқ бўлади ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган ставкалар бўйича аниқланади. Аризачининг талаби мулкий хусусиятга эга бўлган ҳолларда давлат божи миқдори даъвогар томонидан кўрсатиладиган даъво баҳосидан келиб чиққан тарзда белгиланади ва судья томонидан ФПКнинг 105–106-моддаларига мувофиқ текширилади.

Бир вақтнинг ўзида мулкий ва номулкий характерга эга бўлган мустақил талаблардан иборат бўлган аризалардан давлат божи ҳар бир талаб алоҳида, мулкий ва номулкий характердаги аризалар учун белгиланган тегишли ставкалар бўйича ундирилади. Масалан, никоҳдан ажратиш ва мол-мулк ҳақидаги талаб битта даъво аризасида қўйилганда ёки битта ишга бирлаштирилганда, давлат божи ҳар бир талаб бўйича алоҳида ундирилади.

Солиқ кодексининг 336-моддасида белгиланишича, мулкий низо бўйича судга даъво аризаси берилганда, шунингдек, мол-мулкнинг олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш шартномасини нотариал тартибда тасдиқлашда, меросга бўлган ҳуқуқни расмийлаштиришда, агар даъво қиймати, шартнома суммаси ёки мерос миқдори чет эл валютасида белгиланса, давлат божи қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда чет эл валютасида ундирилиши мумкин.

Суд амалиётида даъвогар ўзининг талабларини камайтирган, арз қилган талабларидан воз кечган, тарафлар ишни келишув битими билан тамомлаган ҳолатлар ҳам учрайди. Бундай ҳолларда тўланган бож қайта ҳисоблаб чиқилмайди ва қайтарилмайди. Арз қилинган талаблар кўпайтирилганда етишмаган сумма даъвонинг кўпайтирилган баҳосига мувофиқ равишда қўшимча тарзда тўланади. Шунингдек, даъво суммаси кўпайтирилганда ҳам давлат божининг етишмаётган суммаси даъво миқдорининг кўпайтирилгани инобатга олинган баҳосига мувофиқ ундирилади.

Солиқ кодексининг 337-моддасига мувофиқ давлат божи қуйидаги ҳолларда умумий асосларда ундирилади:

— қарши даъво аризаларидан;

— учинчи шахсларнинг ишга мустақил давр талаблари билан киришгани тўғрисидаги аризалардан.

Суд дастлабки даъвогарни унинг розилиги билан бошқа шахс билан алмаштирганда ёки ишдан дастлабки даъвогар чиқиб кетган ёхуд у ҳуқуқий ворис билан алмаштирилганда, бож дастлабки даъвогар томонидан тўланмаган бўлса, ишга киришган шахсдан ёки ҳуқуқий ворисдан ундирилади.

Даъво бир неча даъвогар томонидан биргаликда бир ёки бир неча жавобгарга нисбатан тақдим этилганда бож даъвонинг умумий суммасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқилади ва даъвогарлар томонидан улар қўйган талаблар улушига мутаносиб тарзда тўланади.

Бир даъвогар томонидан бир неча жавобгарга нисбатан даъво тақдим этилганда ҳам, шунингдек, судья томонидан бир турдаги бир неча талаб бир иш юритишга бирлаштирилганда ҳам бож даъвонинг умумий суммасидан келиб чиққан ҳолда ундирилади.

Бирлаштирилган бир ёки бир неча даъво талаблари судья томонидан алоҳида иш юритишга ажратилганда, қонунчилик талабларига мувофиқ тўланган бож қайта ҳисоблаб чиқилмайди ва қайтарилмайди. У алоҳида ажратилган иш юритиш бўйича ҳисобга олинади, бу ҳақда судья томонидан тегишли маълумотнома тузилади ва иш материалларига қўшиб қўйилади.

Агар суд томонидан ҳал қилув қарори чиқарилаётганда умумий даъво суммаси ошса, бож даъвонинг ошган суммасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқилади. Бунда келиб чиққан фарқ давлат фойдасига даъвогардан, даъво тўлиқ қаноатлантирилганда эса жавобгардан ундирилади. Даъво қаноатлантирилган ва жавобгарлар зиммасига солидар жавобгарлик юклатилганда, суд жавобгарлардан давлат божини ҳам солидар ундиради. Бу қоида фуқаролик ишини кўриш билан боғлиқ чиқимларни ундиришга ҳам татбиқ этилади, процессуал иштирокчининг талаби билан ва фақат унинг манфаатида амалга оширилган процессуал ҳаракатлар учун қилинган ва бошқа процессуал иштирокчилар томонидан қопланмайдиган харажатлар бундан мустасно.

Суд томонидан илгари кўрмасдан қолдирилган такроран берилган аризалар бўйича бож қайтадан тўланади (бироқ ФПКнинг 97-моддаси 1-бандига асосан ариза кўрмасдан қолдирилган ҳоллар бундан мустасно). Агар ариза кўрмасдан қолдирилгани муносабати билан бож қайтарилиши керак бўлган, лекин қайтарилмаган ва бож бюджетга ўтказилган кундан эътиборан фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ даъво муддати тугамаган бўлса, бож тўлангани тўғрисидаги дастлабки ҳужжат такроран берилган аризага илова қилиниши мумкин. Шу билан бирга, Солиқ кодексининг 337-моддасига кўра аризани қабул қилишни рад этиш ёки иш юритишни тугатиш асослари бартараф этилгандан сўнг такроран берилган аризага бож тўлангани ҳақидаги дастлабки ҳужжат илова қилинишига йўл қўйилади.

Давлат божини тўламаслик мумкинми?

Ҳа, мумкин. Суд жисмоний шахсни суд харажатларини, шу жумладан, давлат божини тўлашдан озод қилиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, ҳам жисмоний, ҳам юридик шахсдан давлат фойдасига ундириладиган бундай харажатларни бўлиб-бўлиб тўлаш ва миқдорини камайтиришга ҳам ҳақли. Суд бу масалани ҳал этишда уларнинг мазкур харажатларни қисман ёки бир йўла тўлашга қурби етмаслигини тасдиқловчи асослар (масалан, иш ҳақи (даромади), маблағи мавжудлиги, унинг эгалигида бўлган мулк сони ва қиймати, вояга етмаган фарзандлари, бошқа боқимандалари борлиги ва ҳ.к. тўғрисида маълумотларни) мавжудлигини текширади. Асосли сабаб бўлгандагина ижобий қарор қабул қилиши мумкин.

Судга бож тўланмаган ариза келиб тушганда, Солиқ кодексининг 337-моддасига биноан судья аризачи қонун бўйича давлат божини тўлашдан озод қилинган-қилинмаганини текширади. Агар аризачи бож тўлашдан озод қилинмаган ва аризада уни тўлашдан озод қилиш ҳақида илтимос мавжуд бўлмаса, судья аризани ҳаракатсиз қолдириш ҳақида ажрим чиқаради. Ажримда тўланиши лозим бўлган бож суммаси, уни тўлаш муддати ва ФПКнинг 154-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган тўламаслик оқибатлари кўрсатилади. Агар аризачи қонунга кўра давлат божини тўлашдан озод қилинмаган, аммо аризада уни тўлашдан озод қилиш ҳақида илтимос қилган бўлса, судья ФПКнинг 110-моддасига риоя этган ҳолда фуқарони бож тўлашдан озод қилиш ҳақида ажрим чиқаради, рад этилганда, шу ажрим билан ариза ҳаракатсиз қолдирилади.

Давлат божини тўлашдан озод қилинган даъвогар томонидан тақдим этилган даъво тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилганда, бож қаноатлантирилган даъво суммасига мос тарзда жавобгардан (агар у давлат божини тўлашдан озод қилинмаган бўлса) давлат фойдасига ундирилади. Божни тўлашдан озод қилинган бир неча даъвогарлар томонидан бир неча жавобгарларга нисбатан тақдим этилган даъво тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилганда, у ҳар бир жавобгардан алоҳида, ундан ундирилган суммадан келиб чиққан ҳолда давлат фойдасига ундирилади. Давлат божини тўлашдан озод қилинган даъвогар ўз даъво талабларидан улар жавобгар томонидан ихтиёрий равишда тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилгани оқибатида воз кечгани сабабли иш юритиш тугатилган ҳолларда, бож суд ажримига асосан жавобгардан давлат фойдасига ундирилади.

Қандай ҳолларда давлат божи қайтарилади?

Давлат божи қуйидаги ҳолларда қисман ёки тўла қайтарилиши керак:

— қонун ҳужжатлари бўйича талаб қилинганидан ортиқ бож тўланган бўлса;

— аризани (шикоятни) қабул қилиш рад этилган бўлса;

— аризалар (шикоятлар) ФПКнинг 154-моддасида назарда тутилган асослар бўйича даъвогарга қайтариб берилса;

— иш судга тааллуқли бўлмагани сабабли (ФПКнинг 100-моддаси 1-банди) ишни юритиш тугатилган бўлса;

— ариза муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилгани сабабли (ФПКнинг 97-моддаси 1-банди) кўрмасдан қолдирилган бўлса.

Давлат божи  ФПКнинг 119- ва Солиқ кодексининг 342-моддаларида кўрсатилган асосда қайтарилади. Бож қонунда талаб қилинганидан ортиқча миқдорда тўланган бўлса, шу ортиқча тўланган қисми қайтарилади. Қонунда қайд этилган бошқа ҳолларда бож тўлиқ миқдорда қайтарилиши лозим. Бож бюджетга ўтказилган кундан бошлаб бир йиллик муддат ўтмаган бўлса, судьянинг ажрими асосида молия органлари томонидан қайтарилади. Агар даъвогар божни тўлаб, судга ариза билан мурожаат қилмаган бўлса, суднинг ушбу ҳолатни тасдиқловчи маълумотномаси божни қайтариб бериш учун асос бўлади.

Баҳром Аблаҳатов,

фуқаролик ишлари бўйича

Бекобод туманлараро суди судьяси

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>