• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

Смартфонни тўғри қувватлашни биласизми?

Кўпчилик смартфон ёки ноутбукни ўзи билганича қувватлантиради. Бироқ бу қурилмаларни қувватлантиришнинг маълум тартиб-қоидалари мавжудлигини ҳамма ҳам билавермайди. Бундан бохабарлик эса аппаратнинг “умри”ни узайтиради.

Келинг, “Cadex Electronics” компаниясининг тўғри қувватлантириш борасидаги баъзи маслаҳатлари билан танишамиз. Мазкур компания қувватлантириш қурилмаларини ишлаб чиқариш, уларнинг синовини ташкил этиш, аккумуляторлар ташхиси билан шуғулланади.

Бундан ташқари компания “Battery University” тадқиқот лойиҳаси ташкилотчиларидан биридир. Бу таълимий веб-лойиҳа бўлиб, аккумуляторлардан тўғри ва самарали фойдаланиш бўйича зарурий маълумотлар, қўлланмалар тайёрлашга мўлжалланган.

Шундай қилиб, компания сайтида ёзилишича, литий-ионли батареялар жиддий эътиборни талаб этади ва қуйидагича қувватлаш қонун-қоидалари мавжуд:

Смартфон батареяси 100 фоиз тўлганда, тармоққа уланган ҳолда қолдирманг!

Университет мутахассисларининг фикрича, телефонни тармоққа уланган ҳолда қолдириш (кўпинча тунда бунга йўл қўйиш) қурилманинг аккумуляторига ёмон таъсир қилади.

Смартфон батареясининг қуввати 100 фоизга етганида тармоққа уланган бўлса, аккумулятор мазкур даражани сақлаш учун кам миқдорда энергияни қабул қила бошлайди. Бундай сурункали “томчилаб” қувватланиш аккумуляторнинг кучли босимда ишлашига сабаб бўлади. Қурилмадаги кимёвий бирикмаларни чарчатади, зўриқишига олиб келади.

Мутахассислар бундай ҳолатга шундай изоҳ беришди:

“Телефон аккумулятори буткул қувватланганда, уни тармоқдан узинг. Бу ҳудди танага оғир жисмоний машқлардан кейин дам олиш учун имкон беришга ўхшайди…”

Ҳа, бу чиндан ҳам бир неча соатлик меҳнатдан кейин танамизда туғиладиган дам олиш эҳтиёжига ўхшайди.

Ноутбук аккумуляторини ҳам 100 фоизга қадар қувватлаш керак эмас. Аккумуляторнинг идеал қувватлаш даражаси 40 фоиздан бошланади. Яъни ноутбукнинг қуввати 40 фоиз бўлганда, тармоққа уланг ва у шу ҳолатда 80 фоизга етгунига қадар турсин.

Бу батареянинг “умри”ни кўп ҳолларда 4 маротабагача узайтиради, дейди мутахассислар.

Сабабларини литий-полимер батареяларининг ишлаш принципларига боғлашади: ҳар бир ячайкадаги босим пропорциональ равишда ортади. Максимал кўрсаткичга етганда, қувват олиш кўрсаткичлари туша бошлайди, аккумулятор чарчайди, қабул қилиш тезлиги сусаяди.

“Battery University” тадқиқотлари натижалари бу ҳолатни шундай тушунтиради: Батарея қувати 100 фоиз бўлгунча ўртача 300-500 циклда ишлаб чиқаради, 70 фоизга қадар эса бу кўрсаткич 1200-2000 циклагача ортиши мумкин.

Қолаверса, аккумуляторнинг қувватланиш амплитудаси доим ҳам бир текис кечмаслиги мумкин. Иш чоғида сизда индикаторни доимий назорат қилиш имкони бўлмайди.

Бундай пайтда “OS X” ва “Windows” учун доимий назорат қилишга ёрдам берувчи иловаларни излаш ҳам фойда бермайди. Айрим ишлаб чиқарувчилар ноутбуклар учун махсус дастурий маҳсулотларни ўрнатишга ҳаракат қилишади, бироқ унинг фойдаси кам. Бундай шароитда вазиятдан чиқишнинг энг яхши усули қурилмаларни қувватлашнинг айтилган даражасидаги тартибни йўлга қўйиш.

Қизиб кетишдан асранг!

Смартфон аккумуляторлар жуда таъсирчан. Ҳатто Apple қурилмасини қувватлашда ҳам қизиб кетмаслиги учун ғилофини ечиб қўйишни тавсия қилишади: “Агар сиз қувватлаш вақтида унинг қизиб кетаётганини сезсангиз, дарҳол ғилофидан “озод” қилинг”.

Иссиқ об-ҳавода юрганда ҳам унинг исиб кетишидан сақлашга ҳаракат қилинг.

Смартфонни баъзи-баъзида ўчириб туринг!

Юқори технологияли қурилмаларни ҳам гоҳ-гоҳида “дам олдириш” тўғри амалиёт саналади. Мутахассислар смартфонни тунда ёки маъқул чоғларда ўчириб қўйишни тавсия қилишади. Ёки ҳафтасига бир маротаба шундай қилиш батарея “умри”ни узайтиради.

Муслим Мирзажонов

Манба: Terabayt.uz

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>