• Бугунги сана: Chorshanba, Yanvar 17, 2018

Сил ва муҳожирлар муаммоси фотожурналист нигоҳида

Муаммо, ишонч, ёрдам, ҳамкорлик … Буларнинг барчасини Остона шаҳрида бўлиб ўтган «Миграция ва сил. Марказий Осиё мамлакатларида силни трансчегаравий назорат қилиш» мавзусидаги юқори даражадаги учинчи ҳудудий учрашув доирасида намойиш этилган қозоғистонлик журналист Динара Ибраимованинг «Уйингга соғлом қайт!» деб номланган фотосуратлар кўргазмасида кўриш, ҳис қилиш мумкин.

Кўргазма ОИТСга қарши курашиш глобал жамғармасининг молиявий кўмагида USAIDнинг «Умид» («HOPE») лойиҳаси томонидан силга қарши курашишда бел боғлаб, буни ҳамкорликда амалга ошираётган мамлакатлар ичида илк маротаба ташкил этилган.

Муаллифнинг фикрига кўра, фотокўргазма ўз олдига силга касаллигига чалинишга мойил аҳолининг ижтимоий қатламига жамоатчилик эътиборини қаратишдан иборат. Кўргазмада намойиш этилаётган 17 та фотосуратда Қозоғистоннинг турли ҳудудларида меҳнат қилаётган муҳожирларининг фаолияти, уларнинг яшаш шароитлари, соғлиқни сақлаш ва нодавлат ташкилотлар вакилларининг уларга кўрсатаётган ижтимоий ёрдами акс этган.

Бугунги кунда Қозоғистонда бошқа давлатлардан келган 300 — 500 минг нафар меҳнат муҳожири мавжуд бўлиб, уларнинг 5-10 фоизи силга чалингандир. Қозоғистонда «ҲОУП» лойиҳасининг вакили Бахтиёр Бобомуродовнинг қайд этишича, «Лойиҳанинг асосий вазифаси меҳнат муҳожирлари учун сил борасида ташхис қўйиш ва даволашда имкониятлар яратиш, трансчегаравий назоратни амалга оширишда самарали механизмларни яратишдан иборат».

— Мен «ҲОУП» лойиҳаси билан икки йилдан бери ишлайман ва лойиҳанинг асосий қисмини ташкил этган мазкур мавзу мени жуда ҳам қизиқтириб қолди, — дейди Динара Ибраимова. — Чунки муҳожирлар касалликларини иш берувчилар билиб қолиб, уларга иш бермасликларидан, шунингдек атрофдагиларнинг ўзларига салбий муносабатда бўлишларидан қўрқишади. Кўпчилиги силни юқиш йўлларидан бехабар. Сил нима, унинг профилактикаси ва даволаниш йўлларидан бохабар бўлган муҳожирлар асосан фотокўргазманинг қаҳрамонларига айланишди. Кўргазмада тўртта воқеа ҳикоя қилинади, битта аёл ва учта эркак муҳожирларининг ўзга юртдаги фаолияти. Уларнинг барчаси силдан даволанишган. Мен келгусида ушбу мавзуни давом эттирмоқчиман, чунки айнан фотосуратлар орқали меҳнат муҳожирларининг муаммолари ҳақида кўпроқ гапириш ва жамоатчилик эътиборини жалб қилиш мумкин.

Фотосуратлар кўргазмаси Остона шаҳрида жорий йилнинг 27 ноябрида очилиб, юқори даражадаги учинчи ҳудудий учрашув доирасида ўз ишини давом этириб, қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди.

— Фотокўргазмада аутрич ходимларининг фаолияти жуда ҳам яхши акс эттирилган, дейди USAIDнинг «Силни енгамиз» лойиҳасининг мутахассиси Чўлпон Ибраимова. —Кўргазманинг ғояси жуда ҳам яхши. Зеро, мазкур муаммо бугун бутун дунёда жуда ҳам долзарбдир. Ҳозирда биз Қирғизистонда айнан силни олдини олишда аҳолини хабардорлигини ошириш борасида кенг кўламдаги ишларни амалга оширмоқдамиз. Аммо фотокўргазмада назаримда муваффақиятли воқеалар етишмайди. Зеро, силга чалинган инсон даволаниб, мунтазам равишда белгиланган дориларни қабул қилса, у атрофдагилар учун хавфсиздир. Ва айнан фотосурат орқали бугунги кунда ҳамкорликда силга қарши кураш борасидаги ишларни янада ёрқинроқ кўрсатиш мумкин.

— Мен фотокўргазма ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман, деди Қашқадарё вилоятида фаолият юритаётган «Юксалиш» ННТ раҳбари, Учрашув қатнашчиси Зулфия Ҳайдарова. — Фотосурат қаҳрамонлари жуда ҳам жасур инсонлардир. Улар ўзларига нисбатан салбий муносабатда бўлишларидан қўрқмасдан ўз касалликларини жамоатчиликка ошкор этишган. Фотосуратларда меҳнат муҳожирларининг қийин ҳаёти, аутрич ходимларининг савобли фаолияти акс эттирилган. Бундай фотокўргазмалар Марказий Осиёнинг барча давлатларида ўтказилса мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки юз маротаба эшитгандан бир маротаба кўрган яхши ва визуал ахборот мазкур ижтимоий муаммога аудитория эътиборини кўпроқ жалб этиши шубҳасиз.

Фотокўргазма Остона шаҳрида 8 декабрга қадар намойиш қилинади. 2018 йилнинг баҳорида эса Алмати шаҳрида ўз иши давом эттиради.

Наргис Қосимова

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>