• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

Шартнома

Лоуренс Блок

Агар ёш бўлганимда шу ишни ўзим ҳам уддалардим, — деди Жон Харпер. — Револьверимни ўқлаб, тўртовиниям бирин-кетин итдай отиб ташлардим.

Қариянинг ёнида ўтирган Касл унинг гапини маъқуллаб бош ирғади.

— Гапларимга ҳайрон бўлаётгандирсиз. Банк ва савдо палатасининг президенти, Арлингтоннинг энг обрўли амалдори одам ўлдираман, деб турса ғалати эшитилади, албатта. Лекин бу тўрт касофат — Бэрон, Милейни, Холландер ва Росс шаҳримизнинг бошига битган бало бўлди. Шу тўртови келганидан сўнг Арлингтонимиздан файз кетди. Шаҳримиз ўғри, йўлтўсар ва безориларнинг маконига айланди. Фоҳиша, қиморбоз, юлғичу фирибгарлар ҳаммаёқни босиб кетди. Тўртта мараз ҳамтовоқлари билан бутун шаҳарни қўлга олди. Уларнинг мушугини пишт дейишга полициянинг ҳам ҳадди сиғмайди. Шунинг учун сизни ёрдамга чақиришга мажбур бўлдик.

— Лекин мен пулга ишлайман, мистер Харпер, — деди Касл жилмайиб.

— Хабарим бор. Ёлланган қотиллар орасида энг ашаддийси эканингизниям биламан. Биз сизга ўн минг долларлик шартнома таклиф қилмоқчимиз. Лу Бэрон, Жо Милейни, Алберт Холланд ва Майк Россни тинчитсангиз бўлгани.

— Фақат шуларни ўлдириш керакми?

— Ҳа. Тўдани бошқариб турган шу ифлосларни гумдон қилсангиз, қолган югурдаклар ҳар томонга тўзғиб кетади.

— Иш ҳақини олдиндан тўлайсиз, — деди Касл лабига сигарет қистириб.

— Маъқул. Шаҳар полицияси сизга ҳалал бермайди. Лекин штат полициясига менинг гапим ўтмайди. Шунинг учун ишни битиргач, дарров жуфтакни ростлайсиз.

Касл Харпер узатган конвертдаги ўн минг долларни чўнтагига солдида, чол билан хайрлашиб, ташқарига чиқди ва машинасига ўтириб, тун қоронғисига сингиб кетди.

Бэрон, Милейни, Холландер ва Росс.

Касл майда шаҳарларни талашдан бошқасига ярамайдиган бу тўрт пандавақи ҳақида аввал ҳам эшитганди. Чикаго, Нью-Йорк ёки Вегасдек йирик шаҳарларга яқин йўлашгаям ботинолмайдиган бунақа майда тўдалар, одатда, ризқини ўттиз-қирқ минг аҳолиси бор Арлингтонга ўхшаш шаҳарчалардан топишади.

Касл эртаси куни қош қорайганда шаҳардаги якка-ю ягона меҳмонхона ёнида машинасини қолдириб, шимининг камарига қирқ бешинчи калибрли тўппончани қистирди-да, марказий кўча бўйлаб пиёда йўлга тушди. Арлингтоннинг қонини сўраётган бу тўрт зулукни битта-битта янчиши керак. Аввал Бэронни тинчитади.

Лу Бэрон. Пакана бақалоқ. Керриганнинг тўдасидан қувилгач, Канзас-ситидан бу ерга ўрмалаб келган бу гўнгқўнғиз Арлингтонга бир тўда суюқоёқни чақириб, қўшмачилик қилиб мўмай пул топаётганди. Касл фоҳишахонага айланган 137-уй яқинидаги бир пана жойга беркиниб, Бэронни кута бошлади. Кечки соат ўнларда бақалоқ ишшайганча уйдан чиқди-да, нарироқда турган узун қора машинаси томон юрди. Шунда Касл унинг номини айтиб чақирди ва хомсемиз ўгирилганда тепкини босди. Ўқ Бэроннинг оғзидан кириб миясини тешиб ўтди.

Яна уч киши қолди.

Милейнини тинчитиш қийин бўлмайди. Бу фирибгар Сент-Луисда сохта лотерея чипталарини сотиб, қўлга тушишига бир баҳя қолганда Арлингтонга қочиб келган ва энди “бизнес”ини шу ерда давом эттираётганди. Милейни ҳеч кимдан қўрқмай шаҳарда очиқчасига савдо қилар, югурдаклари орқали лотерея тарқатиб жарақ-жарақ пул ишларди.

Касл тўппа-тўғри муттаҳамнинг уйига бориб эшик қоқди. Ичкарида кайф-сафо қилиб ўтирган Милейни тирқишдан қарашгаям эриниб, эшикни ланг очди-ю, қирқ бешинчи калибрли тўппонча ўқи юрагини тешиб уни полга қулатди.

Яна икки киши қолди.

Холландер ҳам Каслга ўхшаган ёлланган қотил эди.Кўзи мурданинг кўзидай чақчайган бу турқи совуқ барзанги ҳақида ҳар хил миш-мишлар тарқалганди. Айтишларича, у аввал тансоқчилик қилган, кейин пулга одам ўлдиришни бошлаб, бу ишга муккасидан кетган, ҳозир ўз ишидан ҳузурланармиш. Бэрон ва Милейнини сувараклардай ҳеч қийналмай эзиб ташлаган Касл касбдошини ўлдириш бунчалик осон бўлмаслигини яхши биларди. Холландер Бэрон ва Милейнига ўхшаб шаҳар марказида ялло қилиб юрмас, чеккароқдаги кўпқаватли бинодан ижарага кичкина квартира олиб ёлғиз яшарди. Зомбисифат бу кимсанинг тўппончадан бошқа ишонган дўсти йўқ, у доим олазарак ва ҳушёр юрарди. Айнан ёлғизлик унга панд берди. Касл арзимаган пул эвазига кўпқаватли бино қоровулидан Холландер ҳақида кўп нарсани билиб олди. У эшикни тақиллатган маҳал Холландер тирқишдан қараб ҳам ўтирмай қарсиллатиб ўқ узишга тушди. Лекин Касл бунга тайёр эди. Рақиби қуролини қайта ўқлаётганида у бир ўқ билан қулфни бузиб эшикни тепиб очди-да, иккинчи ўқ билан Холландерни асфаласофилинга жўнатди.

* * *

— Сизга ўн беш минг доллар бераман, — деди Росс зўрма-зўраки жилмайиб. — Мени ўлдириб нима қиласиз? Шундоқ ҳам тўдамдаги учта шеригимни тинчитибсиз.

Касл рўйхатидаги сўнгги қурбон Майк Росснинг хонасида у билан гаплашиб ўтирар, Арлингтонни қўлга олган тўданинг бошлиғи қотилни ниятидан қайтариш учун унга тинмай ёлворарди.

— Йигирма минг, майли, ўттиз минг бераман, — деди Росс қиммат костюмининг енги билан кўз ёшини артиб. — Қанча пул берай, ўзингиз айтинг?

— Мен савдогар эмасман. Шартномани бажаришим керак.

Пешонасига теккан ўқдан Росснинг жони узилгач, Касл тўппончасини дастрўмоли билан артиб, бармоқ изларини йўқотди-да, қуролни полга ташлаб хонадан чиқди.

Орадан бир соатлар ўтгач, Чикаго шаҳридаги бошқа бир хонада телефон жиринглади. Трубкани басавлат бир киши кўтарди.

— Салом, мен Каслман. Ишни битирдим.

— Нечтасини ўлдирдинг?

— Тўдабошиларнинг ҳаммаси ўлди. Энди шаҳар бизники, бемалол келаверинглар.

— Баракалла, — деди басавлат киши мамнун жилмайиб. — Бизни ўша ёқда кут.

Рус тилидан А.Отабоев таржимаси

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>