• Бугунги сана: Chorshanba, Yanvar 17, 2018

Савр. Қўзиқоринлар мавсуми

Бу йилги кўклам одатдагидан серёғин келди. Ёмғирнинг кўп ёғиши, момогулдурак, чақмоқ чақиши – қир-адирларда, яйловларда чорва ризқи мўл  бўлишию қўзиқоринлар мавсумининг авжидан дарак беради.

Латифа:

Бошланишига битта латифа: Даладан қўзиқорин териб келдим. Ювиб-тозалаб, қовурдим. Ейишдан олдин, ҳар эҳтимолга қарши, икки энлик васият ёздим, ювиниб, оҳорли кийимларимни кийиб олдим…

Албатта, бу шунчаки ҳазил. Қўзиқоринларнинг ҳаммасиям заҳарли ва ҳаёт учун хавфли эмас. Аммо бу тансиқ таомни паққос тушуришдан олдин баъзи нарсаларни билиб қўйган яхши.

Маълумки, табиатда замбуруғларнинг 100 мингдан ортиқ тури учрайди. Қўзиқоринлар ҳам шулардан бири. Айтишларича, замбуруғлар ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсининг оралиғида бўлган алоҳида гуруҳ ҳисобланар экан. Яъни, замбуруғлар на ўсимлик, на ҳайвон.

Юртимизда қалпоқчали замбуруғларнинг 200 дан зиёд тури мавжуд бўлиб, улардан 150 дан зиёд ботаник тури заҳарли, атиги 25 туригина истеъмол учун яроқли ҳисобланади.Замбуруғларнинг еса бўладиган ана шу турларини “қўзиқорин” деб атаймиз. Сутга тўйган қўзичоқнинг қорнига ўхшагани учун шундай ном берилган бўлса керак-да.

Айримлар “қўзиқорин калория жиҳатидан гўшдан ҳам юқори туради”, деб муболаға қиладилар. Бу бежизга эмас. Истеъмолга яроқли қўзиқоринлар маъданли моддалар, оқсил ҳамда “С” ва “В” гуруҳларига мансуб витаминларга жуда бойдир. Унинг энг асосий устунлиги оқсилнинг кони эканида: қўзиқоринда оқсил тухумдан 2, гўштдан 3 баробар кўп. Фосфор ва калций борасида балиқ қатори. Шу билан бирга, у жуда тўйимли бўлиб, озгина есангиз ҳам дарров қорнингиз тўйиб қолади. Қўзиқоринли таомлар билан бирга организм витамин, аминокислоталар, микроэлементларнинг катта миқдорини қабул қилади.

Мисол учун, хитин моддаси шлак ва оғир металларни ўзига сингдириб, уларни овқат ҳазм қилиш жараёнида организмдан чиқиб кетишида муҳим рол ўйнайди.

ПП витамини (никотин кислотаси, ниатсин) қон ҳосил бўлиш жараёнида муҳим рол ўйнаб, томирлар деворини мустаҳкамлайди. Бу витамин қўзиқоринда худди мол жигаридагидан ҳам қўпроқ.

Қўзиқоринлар қондаги ёмон холестерин миқдорини пасайтиради. У шунингдек, қандли диабет билан оғриган кишиларга фойдали.

Қўзиқоринлар хом сабзавотлар(бодринг, карам, помидор) билан келиша олмайди, бундай аралашма ошқозон бузилиши ва дам бўлишга олиб келади. Шу боис уни фақатгина пишган сабзавотлар билан бирга истеъмол қилган маъқул.

Латифа:

– Эшмат, ҳеч тушунолмаяпман, қайнонанг шу баҳорда учинчи марта қўзиқориндан заҳарланиб касалхонага тушиб қолди. Нима гап ўзи?

– Нима десам экан, қайнонанам эсар бўлиб қолган. Ҳар сафар менга деб пиширган қўзиқоринларни эсидан чиқиб ўзи еб қўяди.

Қўзиқоринлар бир-бирига жуда ўхшашлиги сабаб, заҳарлиси билан  истеъмолга яроқлисини фарқлаш қийин. Одамлар орасида заҳарли қўзиқоринлар сассиқ ҳидли бўлади ва уларни ана шу ҳидидан фарқлаш мумкин, деган тушунча юради. Аслида бундай эмас, кўпгина заҳарли қўзиқоринларнинг ҳиди бўлмайди. Номаълум, муҳлати ўтиб, сўлий бошлаган ва чириган қўзиқоринлардан ҳам эҳтиёт бўлиш керак.

Истеъмолга яроқли қўзиқоринларга ўзимизнинг оқ қўзиқорин, қизил қўзиқорин, шампиньон ва опёнок кабилар киради. Заҳарли қўзиқоринларга қизил мухамор, кулранг мухамор, сатанин, сариқ сохта қўзиқорин ва бошқалар киради.

Шаҳарлар ҳудудида, унга яқин жойларда заҳарли замбуруғларнинг “рангсиз қурбақасалла” (“бледний поганка”), “лепиота”, “мухомор” ва “сохта опенок” каби турлари кўп учрайди. Улар боғларда, қабристонларда, сайҳонликларда, дарахтлар тагида ва бошқа жойларда ўсади. Бу замбуруғлар ҳам барча истеъмол учун яроқли бўлган қўзиқоринларга ўхшаб соябонсимон шаклга эга бўлади.

Заҳарли қўзиқоринларнинг кўп тарқалган тури, халқ тили билан айтганда — “қурбақасалла” таркибида гельвелат кислотаси, фаллотоксин, аммонитотоксин ва бошқа заҳарли моддалар мавжуд бўлиб, бундай қўзиқоринларга қанчалик ишлов берилманг, таркибидаги заҳарли моддалар йўқолиб кетмайди. Улар қиздиришга жуда ҳам турғун, қайнатилганда зарарсизланмайди, оксиген таъсирида оксидланмайди ва ошқозон-ичак ферментлари таъсирида парчаланмайди. Оқибатда истеъмол қилган кишиларни заҳарлайди.

Заҳарланишнинг олдини олиш учун аввало истеъмол қилишга яроқли ёки аксинча заҳарли бўлган қўзиқоринлар ҳақида тушунчага эга бўлишимиз лозим. Келинг, заҳарли қўзиқоринларнинг айримлари билан танишиб қўяйлик.

Қурбақасалла

Бурмали қўзиқоринлар турига киради, кўринишдан шампионга жуда ўхшаб кетади. Асосан жигар ҳужайраларини заҳарлайди. Таъсири дарҳол сезилмаслиги мумкин: истеъмол қилингандан 6-48 соат ўтиб қоринда қаттиқ оғриқ ва кучли ич кетиш кузатилади. Бир дона қурбақасалла қўзиқорини катта ёшдаги одамни заҳарлаб ўлдириши мумкин.

Кучли чанқаш, сийдик чиқмаслик, қаттиқ ҳолсизланиш, бош айланиши, тери оқариши, ҳарорат кўтарилиши каби ҳолатлар кузатилади. Бемор бўшашган, ланж бўлади ёки аксинча, безовта, қўзғалувчан бўлиб қолади. Мушаклар тортишиши, талваса тутиши ҳам мумкин. Заҳарланишнинг биринчи суткаси охирига бориб қовурға пастидаги оғриқ, тери шиллиқ қаватларининг сарғайиши каби аломатлар билан кечувчи жигар етишмовчилиги рўй бериб, у ўлимга олиб келиши мумкин.

Мухомор

Унинг ташқи кўриниши истеъмолга яроқли қўзиқоринлардан кескин фарқ қилади. Шундай бўлса-да, кўпинча болалар бу фарқни англамай териб келиши ва истеъмол қилиши натижасида заҳарланиш улар ўртасида кўпроқ учрайди. Мухомор қўзиқоринининг заҳри биринчи галда асаб тизимига таъсир кўрсатади. Ошқозонга тушгандан сўнг 30 дақиқадан ва 3 соатгача бўлган вақт ичида ножўя таъсирини кўрсатади. Заҳарланган кишида кучли сўлак ажралиши, терлаш, кўнгил айниши, қусиш ва ич кетиш кузатилади. Бронхларда балғам йиғилиб нафас олиш қийинлашади. Оғир ҳолларда бош айланиш, талваса, алаҳлаш рўй беради.

Булардан ташқари яна жуда кўплаб заҳарли қўзиқорин турлари бор.

Шуни ҳам айтиб ўтишимиз керак, катта йўллар бўйидаги, кимёвий моддалар ишлаб чиқариш корхоналари ёки улар сақланадиган омборларга туташ ҳудудларда ўсган еса бўладиган қўзиқорин турларини ҳам истеъмол қилиш ярамайди. Чунки, қўзиқоринлар атмосфера ҳавоси, сув ва тупроқдаги заҳарли кимёвий моддаларни ўзига тез сингдириб олиш хусусиятига эга. Шунинг учун баъзида еса бўладиган қўзиқоринлардан заҳарланиш ҳолатлари ҳам учраб туради.

Руҳланган идишларда сақланган қўзиқоринлардан ҳам одам заҳарланиб қолиши мумкин экан. Чунки идишни қоплаган руҳ қўзиқоринларга таъсир қилиб, унинг сифатини бузади.

Шаҳарлараро автомагистраль йўлларида, бозорларда сотилаётган, келиб чиқиши номаълум бўлган қўзиқоринларни сотиб олмаганингиз маъқул. Бу билан ўзингиз ва оила аъзоларингизни хавфли, оқибати номаълум егуликдан асраган бўласиз.

Ёввойи ҳолда ўсадиган қўзиқоринларнинг истеъмол учун хавфлилиги шундаки, уларга термик ишлов берилганда, яъни қайнатилганда, қовурилганда ҳам таркибидаги заҳарли моддалар парчаланмаслиги  ёки заҳарлилик хусусиятини сақлаб қолиши мумкин. Шунинг учун уларни болаларга беришдан олдин яхшилаб ўйлаб кўрган маъқул.

Қўзиқориндан заҳарланиш белгилари истеъмол қилинган маҳсулотнинг турига қараб, 20 дақиқадан бир неча соатгача чўзилиши мумкин. Асаб тизимидаги ўзгаришлар заҳарланиш учун характерли белги ҳисобланади. Бундан ташқари, сўлак оқиши, кўп терлаш, кўздан ёш оқиши, кўнгил айниши, қоринда оғриқ пайдо бўлиши ва қайт қилиш кузатилади. Томир уриши (пульс) секинлашади ва сустлашади, алаҳсираш (галлюцинация), титраш кузатилади. Бундай беморга тез тиббий ёрдам кўрсатилса, одатда 1-2 кундан кейин соғайиб кетади. Акс ҳолда беморнинг аҳволи оғирлашиб, айрим ҳолларда ўлим билан тугайди.

Бундай нохуш ҳолатларга дучор бўлмаслик учун адабиётлардан ва шу мавзудаги маълумотлардан фойдаланган ҳолда, қўзиқоринларнинг истеъмолга яроқлиси билан заҳарлисини ажрата билиш керак. Мактаблар, олий ва ўрта махсус билим юртларида бу ҳақда маълумотлар берилиши мақсадга мувофиқ.

qo'ziqorin_2

Заҳарланганда биринчи ёрдам

Аввало, зудлик билан ошқозон ювилади. Ярим литр совуқ сувга бир чой қошиқ сода қўшиб, оч пушти рангли марганцовка эритмаси ичирилади ва мажбуран қайт қилдирилади. Муолажа камида 2-3 марта такрорланиши керак. «Тез ёрдам” келгунига қадар бемор ёнбош ётқизилиб, оғиз бўшлиғи бинт билан артиб турилади.

Агар қўзиқоринга мазахўрак бўлсангиз ва бундай мазали таомдан вақти-вақти билан баҳраманд бўлиб туришни истасангиз, яхшиси, махсус иссиқхоналарда етиштирилаётган “вешанка” ва “шампиньон” каби қўзиқорин турларини сотиб олинг. Қўзиқорин етиштириш ва савдо қилиш учун рухсат берилган бундай хўжаликлар ҳозирда етарлича. Бу хўжаликларда етиштирилаётган қўзиқоринлар ва улардан тайёрланган консерва маҳсулотлари санитария-эпидемиология хизмати лабораторияларида таҳлил қилиниб, маҳсулотлар учун гигиеник сертификат берилади.

Аммо бунда ҳам ҳушёр бўлинг, ҳозирда турли йўллар билан, гигиена ва санитария талабларига жавоб бермайдиган ертўла шароитларида қўзиқорин етиштираётган сохта тадбиркорлар ҳам кам эмас. Сизга маҳсулотнинг сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжат (мувофиқлик ва гигиеник сертификатлари ҳамда санитария лаборатория мутахассислари томонидан бериладиган маълумотнома) тақдим этишсагина қўзиқоринни харид қилинг.

Кўзингизга қанчалик яхши кўринмасин, дала ҳовлиларда, яйловларда ва ариқ бўйларида ўсган қўзиқоринларни истеъмолга яроқли ёки яроқсизлини билмай туриб қозонга ташлашга шошилманг. Бозорлар ва савдо дўконларидан қўзиқорин харид қилмоқчи бўлсангиз, гигиеник ва мувофиқлик сертификатлари ҳамда ветеринария-санитария лаборатория мутахассислари томонидан бериладиган маълумотномани талаб қилишдан тортинманг.

Зоҳид тайёрлади


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз.

“Tafsilot.uz” ижтимоий тармоқларда:

 «Facebook» https://www.facebook.com/TafsilotUz/

 

«Telegram» https://telegram.me/tafsilotuz

 

 «Instagram» https://www.instagram.com/tafsilot.uz/

 

«Twitter»  https://twitter.com/tafsilot_uz

 

«Odnoklassniki» http://ok.ru/group/53813262090478

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>