• Бугунги сана: Dushanba, Avgust 21, 2017

Самимий муҳаббат!

Етти ётлар кўнглингизни

Забт этишга чоғланган.

Вале бизлар улашган гул

Қалбимизга боғланган!

Ҳурматли АЁЛЛАР, аниқроғи, оналар опалар, сингиллар ва қизлар. Биз СИЗни яхши кўришимизни, СИЗни ардоқлашимизни, СИЗга улкан муҳаббатимиз мавжуд эканлигини исботлашимиз учун турли-туман ривоятлар, эртаклар ёки достонлар тўқишимиз шарт эмас. Оддий ҳаётий мисоллар келтирсак кифоя бўлади.

Сиз ОНАМИЗсизки, Улуғ Раббимиз ўзининг энг олий неъмати – жаннат неъматига СИЗнинг розилигингизни қўлга киритишимиз орқалигина мушарраф бўлажаклигимизни эълон қилди.

Сиз ОПАМИЗ ва СИНГЛИМИЗсизки, осмонни забт этган тақдиримизда ҳам, ҳаётимизнинг биргина лаҳзасида СИЗни ҳимоясиз қолдирсак, энг катта ҳасрат эгалари қаторидан жой олишимиз муқаррар. СИЗнинг тарбиянгизни гарданимизга кўтариш билан биргаликда, шу омонатни бажариш натижасида буюк мукофотлар эгаси бўлишимизни жуда-жуда яхши биламиз.

Сиз АЁЛИМИЗ бўлганингиз заҳоти, кийдириб-едиришидан бошлаб, ҳаётнинг энг майда масалаларигача СИЗга боғланганимиз бор гап. СИЗнинг илм олишингиз-у, ҳордиқ соатларини қандай ўтказишингиз, ҳатто истаб қолсангиз, ўзингиз туққан гўдакларга энага олиб келишни, уни эмизишни ташкил этишни, тарбиясини тўла-тўкис вужудга келтиришни зиммасига олган БИЗ – ЭРКАКЛАРга қандай қилиб СИЗни яхши кўрмаслик тўғри келади?

Сиз ҚИЗИМИЗ бўлдингиз-ки, нодир асарларда фахри коинот бўлмиш пайғамбаримиз битта қиз тарбиясини рисоладагидек амалга оширган отага жаннат калитини топширганлар. Ҳадиснинг нозик англаниладиган жойи шундаки, ҚИЗнинг тарбияси онага эмас, балки отага юкланади.

Муҳтарама АЁЛЛАР! Биз ажнабий урф-маданиятларидан фарқли равишда, ўтмишда солиҳ йўлни танлаган ота-боболаримиз урфониятини, миллатимиз маънавиятининг асоси саналмиш муқаддас қадриятларни эъзозлаймиз.

Юқорида келтирилган қисқача таъриф-у, тавсифлардан сўнг аниқ бўляптики, ЎЗБEК йигити, ЎЗБEК ўғлони, ЎЗБEК оғаси ва ЎЗБEК эр СИЗдек муҳтарама АЁЛЛАРни бир кунгина ҳурмат қилиб бошқа кунда ардоқсиз қолдиришга ҳаққи йўқ экан. Маънан ҳам, жисмонан ҳам.

Унга юклатилган илоҳий омонатнинг ўзи ҳар соат, ҳар кун, ҳар ҳафта, ҳар йил, умуман олганда, бутун умр СИЗни бошида кўтариб юруши лозим-у, лобуддир. АЁЛ зоти – унга бир кунни хослашдан юқори турадиган зот!”

Мақолани чиройли бир ўхшатиш билан тугатсам нима дейсиз? “Биз СИЗни 15 март, 16 март, 17 март, 18 март, 19 март, 20 март, 21 март кунларида ҳам яхши кўраверамиз, худди СИЗ бизни 15 январь, 16 январь, 17 январь, 18 январь ва бошқа кунларда ҳам эъзозлай олганингиздек!”

Хайрулла Ҳамидов


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>