• Бугунги сана: Payshanba, Mart 23, 2017

Россия ҳарбий базаси Қирғизистондан чиқиб кетадими?

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаевнинг Россия ҳарбий базасининг мамлакат ҳудудидан чиқиб кетишига доир баёноти, кутилганидай жиддий муҳокамаларга сабаб бўлгани йўқ. Мазкур баёнот экспертлар томонидан турлича талқин қилинмоқда.

Хабарингиз бор, 1 декабрь куни Бишкекда йил якунларига бағишлаб ўтказилгани матбуот анжуманида ташқи сиёсат масаларига тўхталар экан, президент А. Атамбаев Россия бундан кейин ҳам Қирғизистоннинг стратегик ҳамкори бўлиб қолаверишини, бироқ ҳарбий соҳада Қирғизистон ўз кучига таяниши кераклигини айтиб ўтган эди.

А.Атамбаев беш йил аввал АҚШнинг Қирғизистон (“Манас” аэропорти)даги ҳарбий базасини ёпишга доир қарорнинг тўғри бўлгани ўтган вақт давомида ўз тасдиғини топганини таъкидлаб, “бу гаплар мамлакатдаги Россия ҳарбий базасига ҳам тегишли” эканига урғу бериб ўтган.

Шунингдек, Россия ҳарбий базаларига доир икки томонлама келишув собиқ президент Қурманбек Бакиев томонидан имзолангани эслатиб ўтган А. Атамбаев, мазкур шартнома муддати тугаши билан Россия базаси Қирғизистон ҳудудидан “чиқиб кетиши керак”лигини қўшимча қилган. “Албатта, бу кимгадир ёқмаслиги мумкин, бироқ мен бу фикрни Владимир Путинга билдирдим. У ўз навбатида, мени тушунди”, деб таъкидлади президент.

Маълумки, 2009 йилда Қирғизистондаги Россия ҳарбий базасининг қолиш муддати 49 йилга узайтирилган эди, аммо кейинроқ, А.Атамбаев даврида бу муддат 15 йил этиб белгиланди.

Айни пайтда Қирғизистон ҳудудида икки томонлама келишув асосида 4 та ҳарбий база жойлаштирилган. Унинг таркибида Кант шаҳрида (пойтахт Бишкек яқинида) Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг тезкор кучлари базаси, Қоракўл шаҳри (Иссиқ-кўл бўйи)да синов ҳарбий-денгиз базаси, Чалдовар овулида алоқа маркази, МайлууСуу шаҳрида автоном сейсмик пункти мавжуд.

Канд шаҳридаги базада Су-25СМ ҳужумчи самолётлари ва Ми-8МТВ вертолётлари билан мукаммал таъминланган авиагуруҳ ўрнашган бўлиб, Россиянинг Тожикистондаги 201-ҳарбий базасини ҳаводан қўллаб-қувватлаши кўзда тутилган.

Қирғизистон президентининг матбуот хизмати раҳбари Алмаз Усенов А.Атамбаевнинг юқоридаги фикрларига изоҳ берар экан, президент мамлакатдаги Россия ҳарбий базаларини қисқа муддат ичида ёпишни назарда тутмаганини айтиб ўтган.

Қирғизистон раҳбарининг баёнотидан қандай хулосалар чиқариш мумкин бўлади? Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти аъзоси бўлган Қирғизистон мазкур ташкилотни минтақадаги муҳим базасидан маҳрум этиши мумкинми? Яқин келажакда Россия ўз ҳарбий базаларини жойлаштириш учун минтақадан бошқа ҳамкор қидиришига тўғри келадими?

Шуни айтиб ўтиш жоизки, Қирғизистон Президентининг баёноти, кутилганидай КХШТ ва россиялик экспертларнинг жиддий муҳокамасига сабаб бўлгани йўқ. Шунга қарамай, уни буткул эътиборсиз қолдирилди, деб ҳам бўлмайди. Хусусан, россиялик сиёсатшунос, Федерация кенгашининг Халқаро муносабатлар бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Владимир Жабаров бу борада шошилинч хулосалар чиқармасликка ундагани ҳолда Қирғизистон Россия ҳарбий базаларисиз терроризм таҳдидига қарши ўзи курашишига тўғри келишини айтиб ўтган (РИА Новости).

Мазкур ҳарбий базалар Россияга қараганда Қирғизистонга кўпроқ керак, дейди Россиянинг МДҲ давлатлари институти Ўрта Осиё ва Қозоғистон бўлими мудири Андрей Грозин. Эксперт мазкур ҳарбий объектларнинг минтақа хавфсизлигини таъминлашдаги аҳамиятига урғу берар экан, жумладан шундай дейди: “Агар Кант шаҳридаги база олиб чиқиб кетилса, КХШТ неча йилдирки ташкил этишга ҳаракат қилаётган минтақавий хавфсизлик тизимининг муҳим қисмидан маҳрум бўлади. Дейлик, Тожикистондаги 201-база кўп жиҳатдан Кант ҳарбий базасининг ҳарбий ҳаво мудофаасига таянади. Сурия тажрибаси шундан далолат берадики, шаҳар ёки тоғли ҳудудлар шароитида жангариларни фақат артиллерия ёрдамида бартараф этиб бўлмайди. Бу ҳолатда бомбаловчи ва ҳужумчи авиацияга зарурат туғилади. Агар тоғларга бир неча юз жангари ўрнашиб олган ва қирғиз армияси уларни бартараф этишни эплай олмаган ҳолатда у ерга стратегик бомбаловчи самолётларни юбориш жуда қимматга тушади”. Эксперт ўз фикрини қувватлаш учун 1999 ва 2000-йиллардаги Боткент воқеаларидан мисол келтириб ўтади (“Свободная Пресса”).

“Гап шундаки, – дейди “РИА Новости” нашридаги чиқишида Андрей Грозин, – Кантдаги ҳарбий база расман Россияга эмас, КХШТга тегишли. Агар ижара муддати тугаши муносабати билан уни олиб чиқиб кетиш масаласи кўтарилган тақдирда, у икки томонлама муносабатлар даражасида ҳал этиладиган масала эмас.”

Яна бир россиялик эксперт, чегаралараро ҳамкорлик Ассоциацияси стратегик режалаштириш хизмати раҳбари Александр Собянин “Pravda.ru” нашрининг “Россия базасининг Қирғизистон ҳудудидан олиб чиқиб кетилишига қандай зарурат бор” деган саволига жавобан қуйидаги фикрларни билдириб ўтган:

– Биринчидан, Россия базаларини олиб чиқилишига ҳеч қандай зарурат йўқ. Иккинчидан,бунга ҳеч қандай асос ҳам йўқ. Учинчидан эса, Россия ҳарбий базасини Қирғизистондан олиб чиқиб кетиш мутлақо мумкин эмас. Аксинча, мамлакат жанубида Россия кучларининг жойлашувини янада кенгайтириш керак. Айни пайтдаги базалар мамлакат шимолида жойлашган.

Келишувда 25 йил давомида муддатни мунтазам узайтириб бориш кўрсатилган бўлсада, Атамбаев шартнома имзоланганидан 15 йил ўтиб, яъни яқин 7-8 йил ичида Россия базаси фаолиятини тўхтатишини назарда тутаяпти. Россия ҳарбий базасини Қирғизистондан чиқаришга уриниш бутун Евросиё хавфсизлик тизимини издан чиқаради. Чунки бизнинг энг жанговор ҳарбий қисмимиз Тожикистонда жойлашган. Қирғизистондаги ҳарбий база олиб чиқиб кетиладиган бўлса, мазкур ҳарбий қисм Россия мудофаа вазирлигининг бошқа қисмларидан ажралиб, овлоқдаги ҳарбий анклавга айланиб қолади. Албатта, бунга ҳеч ким йўл қўймайди.

Албатта, баёнотни дўстона деб бўлмайди, лекин унинг ортида ҳеч қандай аниқ нарса йўқ. Буни жиддий қабул қилиш керак эмас…

Қирғизистон президенти ёки ҳукумати томонидан ҳарбий базани олиб чиқишга оид ёзма мурожаат бўлмас экан, Россия бу борада ўз муносабатини билдирмайди. Бундай мазмундаги ёзма мурожаат эса, менинг фикримча, бўлмайдиям. Қирғизистондаги ички вазият ва сиёсатни яхши билганим учун ҳам бунга ишончим комил”.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>