• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Россия «афғон сценарийси» такрорланишини истамади

14 март куни Россия президенти Владимир Путин Суриядаги Россия ҳарбий контингентининг асосий қисмини олиб чиқиш ҳақида буйруқ берди. «Умуман олганда, мудофаа вазирлиги олдига қўйилган вазифалар бажарилди деб ҳисоблайман. Шу сабабли Суриядаги қўшинлар гуруҳининг асосий қисмини эртадан олиб чиқишни бошлашни буюраман», – деган Россия президенти душанба куни кечқурун мамлакат мудофаа вазири Сергей Шойгу ва ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувида.

Шунингдек, Владимир Путин Россия қўшинларининг олиб чиқилиши Суриядаги ихтилофда бўлган томонларни сиёсий музокараларга рағбатлантиришига умид қилишини айтиб ўтган.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков президент Владимир Путин Сурия президентидан бошқа ҳеч қандай давлат раҳбарлари билан бу масалани муҳокама қилмаганини, мазкур қарор юзасидан кейинроқ батафсил изоҳ берилишини маълум қилган. Сурия президенти кенг қамровли ёрдами учун Россия президентига чуқур миннатдорлик билдирган.

15 мартдан бошлаб икки ҳарбий базани (Тартус ва Хмеймимдаги) айтмаганда, Россия ҳарбийлари Сурияни тарк эта бошлайди.

Эсингизда бўлса, Россия Суриядаги ҳарбий операцияларини бошлаган пайтда АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер «СССР Афғонистонда муваффақиятсизликка учрагани каби Россия ҳам Сурияда ҳеч нарсага эриша олмаслиги»ни айтган эди. Ҳозирги вазиятни шундай талқин қилиш ўринлими?

Гувоҳи бўлиб турибмиз, расмий Москва «афғон сценарийси»ни такрорлаш ниятида эмас. Россия қўшинлари Сурияни ўзи учун қулай бир вақтда тарк этадиган бўлди: рус қуроллари билан қуроллантирилган ва ҳарбий инструкторлари таҳсилини олган Асад армияси мухолифларини муттасил чекинишга мажбур қила бошлади. Қўшинлар ҳозир Палмира шаҳри теграсида кенг қамровли операцияни амалга оширмоқдаки, маълумотларга кўра жангари гуруҳлар танг аҳволда қолган. «Мўътадил мухолифат» билан музокаралар жараёнида силжишлар кузатилмоқда, Женевада эрта-индин Суриядаги низолашаётган томонлар ўртасидаги музокараларнинг янги босқичи бошланади. Бундан ташқари, Россия бундан кейин ҳам Ўрта шарқда ўз ҳарбий базаларини сақлаб қолади. Шунинг ўзини бу урушдаги иштироки учун муҳим геосиёсий ютуқ дейиш мумкин.

Сурияга киритилган Россия ҳарбийлари олдига қандай вазифалар қўйилган эди ва улар қай даражада уддаланди?

«Бизнинг вазифамиз қонуний ҳукуматни мустаҳкамлаш ва сиёсий муросага йўл топиш учун шарт-шароит яратишдан иборат, – деган эди Владимир Путин 2015 йилнинг октябрида. Шунингдек у асосий мақсадлардан яна бири «Сурияни жангари, террорчилардан тозалаш ва Россияни террористик хуружлардан муҳофаза этиш» эканини ҳам айтиб ўтган эди.

Умуман олганда, Россиянинг Сурия кампаниясида ўз олдига қўйган вазифалари юқорида санаб ўтилганлардан иборат деб ҳисобласак, қисман уддаланди. Хусусан, мухолифатни бутунлай таслим этмаган бўлса-да, бугунги кунда Асад ҳукумати позициясини мустаҳкамлаб, оёққа туриб олди.

Иккинчидан, Россия дунёга ўзининг ҳарбий салоҳиятини кўрсатиш ва бирйўла илгари ишга солинмаган қуролларини синовдан ўтказиб олишга муваффақ бўлди.

Учинчидан, Кремл ИШИДнинг шаштини қайтариб, кучсизланишига катта ҳисса қўшди. Шунинг баробарида Россия қуролли кучлари экстремистик гуруҳлар сафидаги россиялик жангариларга сабоқ бериб қўйишнинг ҳам қисман уддасидан чиқди.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг президентга берган ҳисоботида келтирилишича, Суриядаги ҳарбий операциялар давомида 2 мингдан кўпроқ террорчи, жумладан келиб чиқиши россиялик бўлган жангарилар ва 17 нафар командир йўқ қилинган. «Берилган зарбалар натижасида террорчиларнинг захира таъминотига жиддий зарар етказилди, баъзи жойларда таъминотни буткул узиб қўйишга муваффақ бўлинди, уларнинг углеводород савдосига барҳам берилди. Углеводород етказиб бериладиган ва жангариларни қурол, ўқ-дори билан таъминловчи асосий йўллар ёпиб қўйилди», – деди Россия мудофаа вазири.

Вазир шунингдек, ҳарбий операциялар чоғида Россия авиацияси 209 та нефт қазиб олиш ва ёнилғини етказиб бериш объекти, углеводородни ноқонуний етказиб берувчи 2 мингга яқин автомобил йўқ қилганини маълум қилган.

«Россиянинг мақсади ғарбни ўзи билан тенг тутиб муносабатда бўлишга мажбур қилиш эди ва бу мақсадга эришилди, – дейди россиялик таҳлилчи Анатолий Храмчихин. – Буни Сурия муаммоси ечими билан айни пайтга келиб икки давлат – Россия ва АҚШ шуғулланаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин».

«Россия жаҳоний ҳукмронликка даъвогар давлат сифатида Осиё ва Африкада ўз нуфузини ошириб олишга эришди. Бундан ташқари ўз армиясининг жанговар шайлигини кўрикдан ўтказиб олди: машғулотлар, кўплаб қурол-аслаҳаларнинг жанговар шароитда синовдан ўтказилгани қуролларимизнинг ажойиб рекламаси бўлди», – дейди ҳарбий эксперт Иван Сухов.

Тан олиш керак, Россиянинг Сурияга қўшин киритишидан кўзлаган асл мақсади нимадан иборат бўлганини ҳалиям аниқ айтиш қийин. Уни фақат ғарбнинг минтақа давлатлари ички ишларига аралашишига, тузумларни ўзгартиришга уринишига барҳам бериш ва албатта мазкур минтақада ўз таъсирини сақлаб қолишдан иборат деб тушунган эдик. Бунинг учун муҳим иттифоқчи Башар Асад ҳукуматини қўллаб-қувватлаш, жангари гуруҳлар, хусусан, ИШИД фаолиятига барҳам бериш каби вазифалар назарда тутилган эди. Аммо кейинги воқеалар «буюк давлатлар» таъсир доирасини белгилаб олишга доир янги битимга келишдими деган тахминни юзага чиқармоқда. ИШИДни бартараф қилиш, Башар Асад ҳукуматини сақлаб қолиш ҳам, аксар таҳлилчиларнинг фикрича иккинчи даражали масала бўлган.

Башар Асаднинг бундан кейинги тақдири масаласи кун тартибидан тушиб қолаётгани ҳам янги тахминларни келтириб чиқаради. Нима бўлгандаям, яхши гумонда бўлган маъқул.

Табиийки, Владимир Путиннинг Суриядан Россия қўшинини олиб чиқиш тўғрисидаги қарорига турлича муносабатлар билдирилмоқда.

Воқеалар ривожининг бундай тус олишини ҳатто Вашингтон ҳам кутмаганига ишонса бўладими? Олдиндан бир нарса дейиш қийин. Бунга ҳам фақат вақт ойдинлик киритади.

Оқ уй расмийси Жош Эрнест АҚШ раҳбарияти Россия қуролли кучларининг Суриядан олиб чиқилиши мамлакатдаги вазиятга қандай таъсир кўрсатиши борасида ҳеч нарса дея олмаслигини маълум қилган бўлса, Германия ташқи ишлар вазири Франк-Валтер Штайнмайер бу ҳол мамлакатда ислоҳотлар ўтказиш ва музокараларни бошлаш ҳақида Башар Асад ҳукуматига босимни кучайтиришга асос бўлишини айтган.

Сурия мухолифати вакили Ҳасан Оға Россия президентининг қарорини қўллаб-қувватлашини ва расмий Москва бундан буёғига расмий Дамашққа БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси ва Женева коммюникесининг бажарилиши юзасидан таъсир ўтказишига умид қилаётганини билдирган.

Баъзан геосиёсий таҳлиллар ва консалтинг компанияси сифатида, баъзан эса «МРБнинг сояси» сифатида талқин этилувчи Stratfor экспертларининг фикрича, Россия қўшинларининг олиб чиқилиши Женева музокараларига ижобий таъсир кўрсатади. Таҳлилчилар мазкур музокаралар натижасига қараб русларнинг Сурияда қай даражада муваффақиятга эришганини баҳолаш мумкинлигини айтишмоқда.

Россия Федерация кенгашининг халқаро муносабатлар бўйича қўмитаси раиси Константин Косачев Владимир Путиннинг мазкур қарорини анчадан бери кутилаётган қарор дея баҳолар экан, буни «операция чўзилиб кетгани билан эмас, аввал бошиданоқ унинг муддати айтилмагани» билан изоҳлайди.

Ўз навбатида ҳал қилинмаган ва янгидан шаклланган муаммолар ҳам талайгина. Булар қаторига яна ўша – ИШИДнинг буткул барҳам топмагани ва жангарилар эгаллаб турган муҳим ҳудудларнинг қайтарилмагани, шунингдек мамлакат марказий қисмидаги «мўътадил» ва «мўътадил бўлмаган» мухолифат назоратидаги анклавларга барҳам берилмагани, минтақадаги улкан салоҳиятга эга бўлган давлат – Туркия билан муносабатлардаги кескинлик кабиларни киритиш мумкин.

Тўғри, Россия Сурия операциясига буткул якун ясамоқчи эмас: Тартус ва Хмеймимдаги ҳарбий базаларнинг аввалгидай фаолият кўрсатиши айтилаётгани ҳам буни тасдиқлайди.

Россия қўшинларининг олиб чиқилишини АҚШ ҳарбий контингентининг Афғонистондан кетишига ўхшатиш мумкин: Россия бу ерда ўз таянч пунктлари – ҳарбий базалари ва ҳарбий қисмларини сақлаб туради. Шунингдек, Федерация кенгашининг мудофаа ва хавфсизлик бўйича қўмитаси раиси Виктор Озеров маълум қилганидек, Россия Дамашқ ҳукуматига қурол-яроғ ва ҳарбий техника етказиб бериш борасидаги мажбуриятини унутиб қўймайди.

«Россиянинг чиқиб кетиши тўғри бўлди, аммо эртароқ шундай қилгани яхшироқ эди», дейди россиялик сиёсатшунос Дмитрий Орешкин.

Сурия урушида россиялик тўрт нафар ҳарбий хизматчи: шартнома асосида хизмат қилаётган 19 ёшли Вадим Костенко (расмий маълумотларда унинг ўз жонига қасд қилгани айтилмоқда), Су-24 бомбардимончи самолёти учувчиси Олег Пешков (турк қирувчи самолёти уриб туширган), денгиз пиёда аскари Александр Позинич ва исм-фамилияси эълон қилинмаган яна бир ҳарбий маслаҳатчи қурбон бўлган.

РБК ҳисоб-китобларига қараганда, Сурия операцияси Россия бюджетига кунига 2,5 млн. долларга тушган. Аввалроқ Лондоннинг IHS Jane’s компанияси тарқатган маълумотларда Сурия кампаниясидаги иштироки Россияга кунига 4 млн. долларга тушаётгани айтилган эди.

Ўз навбатида, Россия мудофаа вазирлигининг маълумотида мамлакатнинг мудофа бюджети 50 миллиард долларни ташкил этиши ва бу харажатлар тўлиқ қопланиши айтилган. Аммо иқтисодий инқироз шароитида ҳарбий кампанияни чўзиш ва ортиқча харажатга на ҳожат?

Бу борада яна саволлар пайдо бўлади:

– олиб чиқилган Россия қуролли кучлари ўрнини унинг иттифоқчиларидан бири эгаллайдими ёки… АҚШ контингенти? Айрим нашрлар сўнгги пайтда Сурия борасида АҚШ-Россия музокаралари «жонланиб қолгани» ҳақида хабарлар тарқата бошлаган эди. Бу «Сурия Украинага айирибошланганидан» далолат бермайдими?

– Россия Сурияда федераллаштириш варианти ҳам борлигига ишора қилмаганидан хабарингиз бор. Вазият кутилганидай давом этмаса, мухолиф томонлар ўртасидаги келишув Суриянинг худди Корея каби икки давлатга бўлиниб кетишига олиб келмайдими?

– 13 март куни Анқарада содир этилган терактлар сабаб (бош вазир Аҳмад Довутўғли бу хунрезликда Курд ишчи партиясининг қўли борлигига далиллар етарли эканини маълум қилган) Туркиянинг Сурия ҳудудига қўшин киритиши ва курд жангариларига жиддий зарба бериши эҳтимоли юқори бўлиб турибди. Агар ғарбнинг курд айирмачиларига хайрихоҳлигини инобатга оладиган бўлсак, олдинда Сурияни яна нималар кутиб турибди?

– Россия қўшинларининг Сурия заминини тарк этиши буёғига Асад муаммоларини ўзи ҳал қилиши кераклигини англатадими?

Таҳлилчилар айтганидай, рус дипломатлари сўнгги пайтда мухолифатни буткул йўқ қилиш иштиёқида ёнаётган Асадга муаммо фақатгина қурол кучи билан эмас, сиёсий йўл билан ҳал этилиши мумкинлигини тушунтириб қўйишган кўринади. «Бу (яъни қуролли кучлар асосий қисмининг олиб чиқилиши) Россия унинг учун ҳамма ишни қилиб бериш нияти йўқлигига ишора», – дейди россиялик таниқли дипломат.

Россиянинг кутилмаганда нега бундай қарорга келгани-ю, нега ИШИДга барҳам берилмай қолаётгани кўпчиликни қизиқтираётгани учун юқоридаги маълумотларни келтириб ўтдик. Дунё йирик давлатларнинг халқаро майдонда инсценировкалар уюштиришига кўникиб қолган. Нима бўлганда ҳам, буларнинг барчаси Сурия заминида ижобий силжишларга олиб келади деб умид қилиб қоламиз.

Шуниси аниқки, кечагина «авиазарба»лар жангариларни осонгина мавҳ этиши ҳақида гапираётган Россия медиаси бундан буёғига «терроризмни бирданига енгиб бўлмайди, унга қарши бошқача йўллар билан курашиш керак» қабилида гапни «айлантириши» турган гап.

Шавкат Ёдгоров тайёрлади


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>