• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Репетиторлик феномени: сифат муҳимми ёки натижа?

Репетитор керакми?

— Ўқишга тайёрланиш учун репетиторга боряпман, — дейди Жалақудуқ педагогика ва иқтисодиёт коллежи ўқувчиси Жавоҳир Парпиев. — Коллеж дарсларида ҳам керакли билимлар берилади, албатта. Лекин бу тест саволларига жавоб топиш учун етарли эмас, деб ўйлайман. Репетитор эса айнан ўша тестларда сўраладиган маълумотларни саралаб ёдлатади.

Репетиторга қатновчи ёшлар орасида сўров ўтказганимизда, уларнинг қўпчилиги таълим муассасасидаги дарслардан қониқмаслигини айтишди. Репетиторга боришдан мақсад эса тест ишлашни ўрганиш. Ҳа, айнан тест ишлашни. Муайян бир фаннинг сир-асрорларини эмас!

Бу масалаларга аниқлик киритиш учун пойтахтимизда фаолият олиб бораётган репетиторларнинг дарсларини кузатдик. Аксарият репетиторлар академик лицей ўқитувчилари бўлиб, улар дарсни таълим муассасасидаги асосий машғулотлар тугагандан сўнг ўтишар экан. Репетиторлар берган маълумотга қараганда, хусусий машғулотларга келувчилар орасида коллежга нисбатан лицей ўқувчилари кўпроқ.

Академик лицейлар Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги қонунининг 13-моддасига асосан олий ўқув юртига тайёрлайдиган таълим муассасаси ҳисобланади. Буни инобатга оладиган бўлсак, гап яна таълимнинг сифатига бориб тақалади. Хўш, академик лицей ўз фаолиятига кўра, олий таълимга тайёрловчи муассаса экан, нима учун бу вазифани лицейнинг ўзи уддаламаслиги керак? Репетиторлик феномени тараққий этганининг сабабларини, авваламбор, ўрта-махсус таълим муассасаларидан, жавобгарликни эса уларнинг раҳбарларидан сўраш керак эмасми? Ахир, лицейлар шу мақсадда очилмаганми? Ё дарсларга ажратилган соатлар нотўғри тақсимланганми? Балки гап гуруҳларда ўқувчиларнинг кўплигидадир (30-40 тагача)?!

— Лицей дарсларининг ўзида ҳам ўқувчиларимни тестларга тайёрлаб боришга ҳаракат қиламан, — дейди Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети қошидаги академик лицейнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Санобар Қўлдошева. — Бироқ бунинг ўзи етарли эмас. Сабаби лицей машғулотларида ўша бир соатлик дарс учун мўлжалланган мавзу ўтилади. Тестларнинг 50 фоизи эса мактаб дарсликларидан тузилган. Ўқувчи мактабда мавзуларни яхши ўзлаштирган тақдирда ҳам, тестда сўраладиган факт, назарий маълумотларни унутган бўлади. Мана шу ўринда ўқувчи репетиторга эҳтиёж сезади. Ўқувчи мактаб, лицейда умумий билимни олаверади, репетитор эса айнан кириш имтиҳони тестларига эътиборни қаратиб, бир фан бўйича чуқурроқ билим беради.

Репетиторликнинг нархини ким белгилайди?

Фанлар белгилайди. Аниқроғи, унинг нархи сиз қайси фанни ўқимоқчи эканингизга боғлиқ. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бунда ўша фан сиз кирмоқчи бўлган таълим муассасаси тест синовларида нечанчи блокда турганига қараб белгиланади. Қизиқ-а? Битта ўқитувчининг дарсига келувчи ўқувчиларда битта фан турли блокда туради. Масалан, математика қайсидир ўқувчи учун биринчи блок фани, бошқаси учун учинчи блок ҳисобланади. Битта аудиторияда ўтиргани билан тест­да биринчи блок математикани топширадиган бола, учинчи блокда шу фанни топширадиган болага нисбатан икки карра кўп пул тўлайди. Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, ҳар бир фан бўйича нархлар келишилган. Мазкур мавзуни ўрганиш жараёнида тилларни ўқитиш энг қиммат туришига гувоҳ бўлдик. Бугунги кунда инглиз тили фанини ўқитиш ойига 200-400 минг сўмдан. Кейинги ўринда аниқ фанлар туради. Математика бўйича бир соатлик дарс 30-40 минг сўм. Хўш, бу нарх ўзини қанчалик оқлайди?..

— Университетга кириш учун инг­лиз тилидан қўплаб репетиторларга қатнаганман, — дейди ЎзДЖТУ талабаси Наргиза Норқўзиева. — Уларнинг ҳаммаси ҳам грамматика билан боғлиқ қоидаларни ёдлатган. Лекин репетиторларнинг ҳеч қайсиси дарс давомида инглиз тилида бирорта ҳам сўз айтмасди. Мақсад тест саволларида сўраладиган грамматика қоидаларини ёдлатиш эди.

Тиллар бўйича репетиторга қатнаган қайси йигит ёки қиз билан гаплашмайлик, жавоби юқоридагидек бўлди. Тўғри, тестларга жавоб топишни ўргатишни ваъда қилиб, “мижоз”лар сонини  анчагина кўпайтириб олиш мумкин. Бироқ мақсад билим ўргатишми ёки қандай йўл билан бўлса ҳам пул топишми?

“Лицензия деганингиз нимаси?”

Репетиторлик хусусий ўқитувчилик фаолияти экан, унинг қонун билан боғлиқ жиҳатларига қизиқмасликнинг иложи йўқ. Хўш, репетиторлик ҳақида қонунчиликда нима дейилади?

— Бу ҳам хусусий тадбиркорликнинг бир шаклидир, — дейди  ҳуқуқшунос Носиржон Асқаров. — Шундай экан, бу фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш қонунга хилофдир. Репетитор дарслари учун ҳақ тўланадими, демак, бунда аниқ бир кирим, даромад бор ва у солиққа тортилиши шарт. Хулоса қилиб айтганда, қонунийлаштирилмаган фаолият олиб борадиган репетитор ҳам лицензиясиз тадбиркорлик билан шуғуллангани учун, ҳам тижорат орқали доимий даромадга эга бўла туриб давлатга белгиланган солиқни тўламагани учун жавобгарликка тортилади.

Қонун белгилаган талаблар шундай экан, бундай изоҳга ҳожат йўқ. Биз репетиторларнинг ўзларидан лицензия ҳақида сўраймиз.

Кўпчиликдан олган жавобимиз эса шундай бўлди: “Лицензия? Қанақа лицензия? Нималар деяпсиз?!”

Ким кўп тест ёдлайди?

Давлат тест маркази томонидан ўтган йилларда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари саволлари жамланган ахборотномалар чоп этилганига кўзингиз тушгандир. Абитуриентлар орасида бу китобчалар “Вариант” номи билан машҳур. Ҳойнаҳой, бу китобчалардан репетиторлар ҳам шогирдларининг билимларини синашда фойдаланади, деб ўйлаётгандирсиз. Ҳа, тўғри, лекин билим синашда эмас. Аниқроғи, билимни репетиторлар айнан шу китобчалар ёрдамида беришга ҳаракат қилар, яъни улардаги тест­ларни бирма-бирма ёдлатар экан.

— Учала фандан ҳам репетиторга борганман, — дейди Республика тиббиёт коллежи битирувчиси,  Зебохон Тожихонова. — Тестларни роса ёдлаганман. Имтиҳон куни умуман бошқа саволлар тушган.

Тест ёдлатиш… Бу балки, билим беришнинг янгича усулидир? Келинг, бу усулнинг самарадорлигини синаб кўрамиз. 2013 йилда она тили фани тест вариантлари ичида қуйидаги саволга тўхталамиз: “Соф кўмакчилар қаторини аниқланг”. Хўш, бу тест саволини жавоби билан бирга абитуриент ёдлаб олди ҳам дейлик. Имтиҳонда соф кўмакчилар ҳақида савол тушди, бироқ вариантларда энди бошқа сўзлар — тест ёдлаган абитуриент нима қилсин?

Ўша йилги тестлар ичидан яна қуйидагисини ҳам кўриб ўтиш мумкин: “Шуҳратнинг 1965 йилда ёзилган қайси асари унинг номини элга машҳур қилган?”. Абитуриент бу саволни ҳам жавоби билан бирга осонликча ёдлаб олишига, ҳатто имтиҳон куни тўғри вариантни белгилай олишига ҳам шубҳамиз йўқ, бироқ  асарнинг ўзини ўқимай туриб, у нимаси билан ёзувчини халқ­қа танитганини абитуриент қандай тушуниб етади? Ёки адабиёт хронологик маълумотлар, фактларни қуруқ ёд олиш илмими?

Абитуриент талаба бўлганда…

Албатта, натижани муҳим биладилар. Талаба бўлиш орзусидаги абитуриент “Ўқишга кирсам бўлди” дейди. Бироқ ўқишга киргандан кейин-чи?..

— Кириш имтиҳонларида энг юқори балларни олган талабалар машғулотлар бошлангач, энг элементар тушунчаларни ҳам англамай турса, аввалига ҳайрон бўлардим, — дейди ЎзДЖТУ ўқитувчиси, филология фанлари номзоди Феруза Ҳайитова. — Масалан, “Равиш нима?” деган саволни берсам, таърифини сўзма-сўз айтишади, бироқ матнда топиб бера олишмайди. Кейинчалик гаплашганимда, уларни репетиторлар ўқишга тайёрлагани, назарий маълумотларни қо­йилмақом ёдлатгани, бироқ тушунтириб бермаганини билдим. Энг ачинарлиси, шундай талабаларга ёзма вазифалар топширганимда, ниҳоятда кўп имло хатоларига йўл қўйишади. Бу уларнинг коллеж-лицейдаги дарсларни қолдириб, фақат тест ёдлагани туфайлидир. Зеро, тил, адабиётни билиш назарий фактларни ёдлаш билан кифояланмайди. Қолаверса, тилни ўрганишда оғзаки ва ёзма нутқни ривожлантириш жуда муҳим.

Ҳар кимнинг ўз ёндашуви бор…

Сўзимиз аввалида, билимнинг ҳам янги асрга келиб, товар хусусиятига эга бўлгани ҳақида гапирдик. Ҳар қандай товарнинг сифати ҳақидаги энг тўғри фикрни эса ҳар доим истеъмолчи — бу ҳолатда репетитор хизматларидан фойдаланганлар айтади:

— Репетиторлик керак, — дейди ЎзДЖТУ талабаси Ирода Муҳитдинова. — Албатта, ўз ишига фақат даромад манбаи сифатида қарайдиганлар ҳам топилади. Бироқ, чинакам мустаҳкам билим бериб, олий ўқув юртларига пухта тайёрлайдиган репетиторлар ҳам бор.

— Кириш имтиҳонларига мустақил тайёрланиш ҳам мумкин, — дейди ЎзМУ талабаси Феруза Хайруллаева. — Бунинг учун алоҳида репетиторнинг ёрдами шарт эмас. Ахир, имтиҳон куни бериладиган саволларнинг барчаси ҳам мактаб, лицей ўқув дастурларидан олинади. Демак, имтиҳон кунига қадар ўтилган мавзуларни такрорлаш, тест ечишни машқ қилиб боришнинг ўзи кифоя.

Кўриб турганимиздек, ҳар қандай ижтимоий ҳодиса каби репетиторлик ҳам ўзининг ижобий ва андак салбий жиҳатларига эга.

Репетиторлик таълим шакли экан, демак, бу соҳа билан олий маълумотли, тажрибали педагоглар шуғулланиши лозим. Қолаверса, репетиторлик лицензиясининг берилиши учун маълум талаблар, хусусан, аттестация тизимини жорий қилиш, соҳани тартибга солиш керакдир.

Мазкур мулоҳазалар тугал ҳукм ёки хулоса эмаслиги аниқ. Шундай экан, мутахассислар, зиёлилар, ота-оналарнинг мавзуга доир фикр­ларини кутиб қоламиз.

Моҳларойим Қаюмова

Манба: uzhurriyat.uz


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Ismim shart emas Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Aytilgan ma’lumotlar, keltirib o’tilgan faktlar bibisini jurnalistik ig’vosiga o’xshaydi. Zamondan 10 yil orqada qolgan odamni gaplari yozilgan bu yerda. Repetitor yodlatadi emish. Bundan 8-9 yil oldin yodlatish ish berar edi. Buyam DTM ni sifatsiz testlari sabab.
    Repetitor-bu DTM testlariga mos ravishda tezkor bilim beruvchi davlat ro’yxatidan o’tgan xususiy tadbirkor. Paypoqniyam bir oy kiyish uchun ishlab chiqariladi yoki o’lgandagina yechvolish uchunmi.
    Maktab, kollej, litsey o’qituvchilarining repetitorlik faoliyati haqiqatdan ham qonuniy faoliyat emas. Shu joyi to’g’ri.
    Repetitorlik xususiy maktab, kollej, litseylar ochilishi yo’lidagi ilk qadamlardir. Ta’lim-davlat ixtiyorida. Raqobatchi yo’q. Oqibatda monopoliyaning salbiy oqibatlari o’rtada namoyon. Repetitorga borib bilim olishga bolalar majbur.
    DTM-test o’tkazish huquqi berilgan qashshoq tashkilot. Tuzilayotgan testlar birta ikkita fidoiyni ishi. Konkret mablag’ ajratilmagani uchun 1-avgust imtihoni o’ta past sifat darajasida. Pul ajratadi dersiz. U puliga oylab mehnat qilish effekt bermaydi.
    Muammoni davlat idoralaridagi kamchilikdan qidiring.
    Biz bilim saviyasiniyam, imtihon saviyasiniyam, repititor saviyasiniyam, ta’lim tizimi saviyasiniyam oshiradigan konkret dasturga egamiz. Buni eshitadigan ta’lim mas’uli o’lib qolgan. Har kuni janozasi bulyapti xolos.

  • Bek Жавоб бериш
    2 yil олдин

    Odamlar ahmoqmas, bo’lib ham iqtisodiy qiyinchilik bo’lib turgan davrda bolalarining bilim olishi uchun mablag’ ajratayotgan ekanmi, buning sababi bor. Ig’vogarona maqola bo’libdi. Faqat yodlatarmish. Biz shunday tayyorlaymizki, shogirdlarimiz institutga kirgan vaqtda uch fan bo’yicha shu sohaning har qanday mutaxassisi bilan tengma-teng bahslasha oladigan holga keladi, buning tagida qancha mehnat va mashaqqat yotganligini tasavvur ham qila olmaysiz hurmatli Mohlaroyim. O’zingiz hech bo’lmasa bir nafar hech narsa bilmaydigan shogirdni 2-3 yil davomida oliygohga tayyorlab yetishtirib beringchi, keyin nima derkansiz. Aminmanki, fikringiz o’zgarishi aniq.

  • Доктор Сохиб Жавоб бериш
    10 oy олдин

    Ассалому алайкум, шу ўринда мен ҳам бир икки оғиз гап ёзиб ўтишни маъқул топдим. Ўзим шифокорман, талабалик даврларимда химия ва биология бўйича репетиторлик қилар эдим. Юқоридаги ёзилган мақолада фикрлар умуман нотўғри келтирилган. Репетитор ёдлатмайди, маълум фанни майда чуйда сир асрорларигача чуқурлаштириб ўргатади. Масалан: Химиядан бирор бир масалани ишлаш учун бир нечта усулларни абитуриентларга ўргатилади, кимдир пропорция усулида, кимдир математик усулда ва кимдир бошқа усулда иқтидорига қараб шу масалани ечимини тўғри чиқаришни ўзлаштириб олади. Масалан темир колчеданидан сульфат кислота олишгача бўлган барча жараёнларни кетма кет кимёвий тенглама билан ёзиб чиқиладиган бўлса ярим вароқдан ошиб кетади бу тенгламалар, абитуриентни қимматли вақти йўқолади. Репетитор эса шуни бир қатор кимёвий тенгламада қисқа ва осон йўл билан хисоблашни ўргатади. Назарий ва масалалар бўйича чуқур билим беради. ёдлаб олиш хам бу керакли хусусиятдир, бизлар таёрланган пайтимизда бизнинг репетиторимиз берган машғулотларни назарий ва масала қисмларини такрор ва такрор уйда қайтаравериб ёд бўлиб кетганди, масала ишлаш буйича маълум стереотип хосил бўлганди. Олимларнинг қилган ишларини, физикавий ва кимёвий қонуниятларни ёдламасангиз бўлмайди, нисбий атом массалар, молекуляр массалар, ядро реакцияларидаги жараёнлар, қайси заррача билан бомбардимон қилинса қайси изотоплар ёки бошқа заррачалар хосил бўлишлари, газ константалари, ўзгарммас бошқа константалар ва формулаларни ёдламаса имтихонга киришдан фойда йўқ. биз тайёрланган пайтимизда китобни ўқийверганимиздан домламиз савол берса жавобини айтиш тугур китобнинг қайси бетида, қайси расм ёки схеманинг тагида жойлашганини айтиб берардик. Худога шукр деймизки Устозимизга бехисоб рахматлар айтамизки бизга хам билим бериб хам рухий кумак бериб келганлар. 2005 йилда Тошкент шахрида шахар бўйича бўлиб ўтган олимпиадада кимё бўйича 4 ўрин олганимда устозим ташаббуслари билан аппелляцияга берганмиз. бизларни қайта имтихондан ўтказишганида ТошПТИ академик лицейидан 2 – ўрин олган бола бахона қилиб қайта имтихонда қочиб чиқиб кетган. қайта имтихонда 2-уринга чиққанимда устозим ва мен қанча қувонганмиз. Тошкент тиббиёт академиясига гранд асосида ўқишга кирганмиз. мана хозир врач бўлиб ишлаяпмиз. Устозларимизга бехисоб рахмат, уларга репетиторга борганимизда тўлаган пулларимизга мингдан минг эмас миллиондан миллион марталаб розимиз. Репетиторлик қандай машаққатли касб эканини ўзим репетиторлик қилиб билганман, қўпол қилиб айтадиган бўлсак бир калласи «дўб» болани бир формуладан иккинчи формула келтириб чиқаришга ёки иккита моддани қўшиб кимёвий формула ёздиришга ўргатгунизча каллангиздаги анча сочлариз оқариб кетаркан. Устозларни айбламанг, репетиторни ишига бурун суқманг, сиз айтган уша репетитордан келиб ўқишга кирганлар репетиторда юрган пайти хам хеч нарсани қойиллатмаган. «Бункерчилар»ни ташаббуси билан ўқишга кириб олганлардир. Бу ерда қалам тебратиб сафсата ёзгандан кура бункерчиларга қарши курашинг.

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>