• Бугунги сана: Chorshanba, Avgust 16, 2017

Репетиторлик: таълимнинг «яширин» турими ёки ўқувчига индивидуал ёндашув?

Бугун билим беришнинг репетиторлик шаклига баъзи мамлакатларда «яширин» сифати қўшиб айтилади. Энг қизиғи, мазкур таълим тури қатор давлатларда шу даражада оммалашиб кетганки, унга ажратилган маблағ миқдори гоҳида ҳатто давлат таълимига сарфланадиган сармоядан ҳам кўпроқ бўлиши кузатила бошланди. Таъкидлаш жоизки, айнан шу жиҳат кўплаб соҳа мутахассислари ва экспертларни ташвишга солмоқда. Шу сабаб ҳозир репетиторлик масаласи нафақат бир ёки бир нечта мамлакат доирасида, балки дунё миқёсида долзарб бўлиб бормоқда.

ЮНЕСКОнинг таълимни режалаштириш халқаро институти мутахассиси, айни кунда Гонконг университети қошидаги қиёсий таълим илмий тадқиқотчилик институти директори Марк Брэй «яширин таълим», яъни репетиторлик муаммосини 10 йилдан кўпроқ вақтдан буён ўрганаётган мутахассис. У мазкур мавзуда дунёнинг қатор тилларига таржима қилинган «Таълимнинг яширин тизими» ва «Яширин таълим билан тўқнашув» номли китоблар муаллифи ҳамдир.

Мутахассиснинг репетиторликка урғу бераётгани бежиз эмас, албатта. Негаки, мазкур хизматдан фойдаланаётган ёшлар ёки уларни бунга йўналтираётган ота-оналари репетиторликнинг энг устун жиҳати ҳар бир таълим олувчига индивидуал ёндашишда, деб билади. Қолаверса, асосий таълим жараёнидан ташқари олинадиган билим аввалгиларини мустаҳкамлаши ва қўшимча кўникмалар бериши ҳам назарда тутилади. Бироқ кузатувлар вазият ҳар доим ҳам шундай бўлмаслигини кўрсатмоқда. Марк Брэй тадқиқотлари орқали кенг жамоатчилик эътиборини айнан шу масалага қаратишга уринмоқда.

Хўш, бугун репетиторлик чиндан ҳам индивидуал ёндашув асосида олиб бориляптими? Унга нисбатан қўлланилаётган «яширин» сўзи замирида қандай маъно бор? Нега мазкур масала шу даражада долзарб ҳисобланмоқда?

Аввало таъкидлаш жоизки, тадқиқотчи атамани нотўғри тушунмаслик учун алоҳида изоҳ беради: «Яширин» сифати («яширин иқтисодиёт» атамасидаги каби) солиқ тўлашдан қочган репетиторларга нисбатан қўлланилмайди, балки асосий таълим доирасидан ташқаридаги билим беришнинг тўлдирувчи шаклини тушунишни назарда тутади.

Шу ўринда репетиторликнинг ижобий ва салбий жиҳатлари ҳақида гапирганда унинг ўзига хос тарихий илдизларига эътибор қаратиш жоиз. Чунки бир аср аввал ҳам дунёда бу каби қўшимча машғулотларни ташкил этиш ҳаракатлари кузатилган. Кўп ҳолларда талабалар қўшимча маблағ топиш мақсадида репетиторлик билан шуғулланган.

Бугунги кунда ҳар бир мамлакатда таълим тизимида тинимсиз ислоҳотлар олиб борилди, унинг сифати ва мазмун-моҳиятини юксалтириш борасида мунтазам амалий ишлар бажарилди. Шу боис жараёнда репетиторлик дарслари, уларнинг самараси борасида ҳам жиддий ёндашув талаб этилмоқда. Мазкур феноменнинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ва таълим билан боғлиқ томонларининг ҳам чуқур таҳлил этилиши зарурати вужудга келяпти.

— Кўп йиллик кузатувларга асосланган ҳолда Жанубий Корея таълимдаги яширин иқтисодий даромад, бошқача қилиб айтганда, репетиторлик туфайли тушадиган маблағ бўйича энг етакчи мамлакат, — дейди мутахассис Марк Брэй. — Бу ерда бошланғич синфларда репетиторлик ҳаттоки ўрта мактабга нисбатан ҳам анча ривожланган.

Маълумки, репетиторлик билан асосан қўшимча маблағ топишни режалаштирган талабалар, таълим муассасалари ўқитувчи-профессорлари ва нафақага чиққан педагоглар шуғулланади. Қизиғи, охирги пайтларда шахсий репетиторлик тизимига жалб этишнинг қатор усуллари ҳам ишлаб чиқилиб, улардан кенг фойдаланиш йўлга қўйилаётган экан. Масалан, айрим репетиторлар катта аудиторияни жалб қилиб ўзини худди артистлар каби тутади. Баъзи давлатларда ушбу тоифадаги таълим берувчилар «артист» ёки «юлдуз ўқитувчи» деб юритилади. Гонконгда ҳам бу атама қўлланилиб, турли жойларда ўша ўқитувчиларнинг реклама роликлари намойиш қилинади.

Энг ачинарли томони шундаки, айнан бу каби инсонларнинг бири профессор Марк Брэй таълим берадиган Гонконг университетида бакалаврлик даражаси учун имтиҳонни топшира олмаган ва умуман дипломга эга бўлмаган ҳолда шахсий репетиторлик билан шуғуллана бошлаб, пул топишда улкан муваффақиятга эришган. Аммо мазкур жиҳат ота-оналарни ташвишга солмагани аянчлидир. Шу сабабли улар фарзанди қўшимча дарсга қатнаётгани эмас, балки бу қандай амалий самара бераётгани билан кўпроқ қизиқса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Энди бу ҳолатнинг иқтисодий кўрсаткичларига чуқурроқ эътибор қаратсак. Марк Брэй ўз тадқиқотларида қатор рақамларни келтирган. Унга кўра, Германияда «яширин таълим» хизмати учун тўлов оилаларга 1,5, Францияда — 2,2, Туркия ва Озарбойжонда эса 2,9 миллиард еврога тушади. Бу кўрсаткич йилдан-йилга ўртача 10 фоизга ўсиб, баъзи ривожланган давлатларда у халқ таълимига ажратилган маблағдан ҳам юқори бўлмоқда.

Кореяда ушбу хизмат туридан фойдаланиш оилаларга йилига тахминан 24 миллиард долларга тушмоқда. Чунки биргина бошланғич синфларда таълим олувчиларнинг 73 фоизи қўшимча дарсларга қатнайди.

Хўш, нега бу кўрсаткич шу даражада юқори?

Аниқланишича, репетиторлардан фақатгина имтиҳонларга тайёрланиш учун фойдаланилмайди. Марк Брэй таъбири билан айтганда, репетиторлик муаммосида нафақат иқтисодий, балки ижтимоий омил ҳам бор. Масалан, ўрта мактаб ўқувчилари қўшимча дарсларга уларнинг атрофидаги бошқа таълим олувчилар ҳам боргани учун қатнайди. Бошланғич синф ўқувчилари орасида эса репетиторлик машғулотлари кўпроқ ота-оналари учун асқотади, чунки шунда улар ишда ушланиб қолишдан хавотирга тушмайди. Шунинг учун ҳам улар болаларини қўшимча таълим олишга йўналтиради. Натижада, ўқувчиларда тўлиқ кунни қамраб олган ўқув жараёни жадвали пайдо бўлади ва бу жараён уларнинг аксариятида стресс ҳолати кузатилишига олиб келади. Бу эса тобора ривожланиб келаётган репетиторлик тизимининг асосий салбий томонларидан биридир. Бундан келиб чиққан ҳолда, Марк Брэй «яширин таълим»нинг аввало самарасига, унинг болага бўладиган юки ва амалий натижасига кўпроқ эътибор қаратишга ундайди. Боиси, тадқиқотчи бугунги шиддатли замонда «репетиторлик тўлқини»нинг глобал миқёсда ҳудудларни қамрай бошлашига ҳам айнан юқорида тилга олинган ижтимоий омил энг асосий сабаблардан, дея кўрсатди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, шахсий репетиторлик узоқ вақт асосан Япония ва Жанубий Кореяда ривожланган. Бугун ҳам бу борада Шарқий Осиё мамлакатлари, хусусан, Жанубий Корея, Тайван, Хитой ва бошқалар анча илгарилаб кетган. Масалан, Жанубий Кореяда одатда мактаб дарслари соат кундузги 15.00 да тугаб, ундан сўнг кечгача репетиторлик машғулотлари олиб борилиши мумкин. Гонконгда бўлса ўрта мактабнинг юқори синфларида ўқийдиган ўғил-қизларнинг 70 фоизи шахсий репетитор билан қўшимча машғулотларда банд бўлар экан.

Сўнгги сўровлардан Англияда мактабни тугатиш арафасида тахминан 30 фоиз ўқувчилар алоҳида репетитор хизматидан фойдаланиши маълум бўлди. Мамлакатнинг таълим мутахассислари соҳадаги ютуқ ва натижалар билан фахрлангани сабаб улар учун мазкур кўрсаткич кутилмаган ҳолат бўлди. Негаки, Европада репетиторлик тизими ҳали у даражада ривожланмаган. 30 фоиз кўрсаткич эса кичик рақам эмас. Шунинг учун ҳам улар «яширин таълим»дан хавотирга тушмоқда.

Эътиборлиси, репетиторлик тизими ҳозир Африка, Ғарбий Европа, Шимолий Америка ва Австралияда ҳам шакллана бошланди. Яна Шарқий Еропада сўнгги йилларда бу борада бироз «жонланиш» сезиляпти. Демакки, «қўшимча дарслар феномени», яъни репетиторлик орқали таълим бериш тизими чиндан глобал характерга эга бўлмоқда.

— Диққатга сазовор яна бир ҳолат: ҳозирга келиб интернет орқали ҳам репетиторлик қилиш оммалашмоқда, — дея таъкидлайди Марк Брэй. — Бунда ўқувчи бир ҳудудда, таълим берувчи эса умуман бошқа жойда, ҳатто чет давлатда ҳам бўлиши мумкин. Эътиборлиси, бундай хизмат кўрсатаётган муассасалар ходимлари бола ўқитувчи билан уйдан туриб мулоқот олиб бориши сабабли йўлга вақт ва маблағ сарфламаслигини таъкидлайди. Биргина мисол: ана шундай компаниялардан бирининг сайти бош саҳифасига «Сизга математика фани бўйича бошқа репетиторни уйда кўриш ёки уч соат йўл юриб, бир соатлик таълимни олиш шарт эмас» каби ўзига жалб этувчи фикрлар жойлаштирилган. Ёки АҚШ мисолида олсак, мамлакатда математика фанидан оқсаган болалар учун аксарият ҳолларда Ҳиндистондан репетиторлар ёлланади. Боиси, ҳинд диёрида океанортидаги ўқитувчиларга нисбатан фанни чуқурроқ биладиган, айни пайтда хизмати учун камида 2-3 баробар кам ҳақ сўрайдиган репетиторлар бисёр. Айнан уларнинг масофадан туриб америкалик ўқувчиларга қўшимча дарслар бериши ҳозирги кунда оммалашгани кўп кузатилмоқда. Шунинг учун ҳам юзага келган вазиятни имкон қадар назорат қилиш учун АҚШ ҳукумати томонидан «Ҳеч бир ўқувчи ортда қолмасин» шиори остида дастур ишлаб чиқмоқда. Унинг доирасида давлат оила ва мактабларни молиялаштириб, уларга шахсий репетиторлар хизматидан фойдаланиш имконини яратиб беради.

Шунингдек, қатор мамлакатларда мазкур масалага жиддий ёндашиш чора-тадбирлари бошлаб юборилди. Сабаби, дунё тажрибасида, хусусан, Европа давлатларида репетиторлик билим бериш эмас, балки қўшимча маблағ топиш ёки ўз ўқувчиларига асосий таълим жараёнида чуқур билим бермай, уларни мажбурий тарзда қўшимча пуллик таълимга жалб қилиш мақсадида олиб борилаётгани кўп кузатилмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, репетиторлик тизимидан воз кечиш эмас, балки уларни оқилона, яъни ўқувчиларни зўриқтирмайдиган ва фақатгина маълум бир шахсларнинг манфаатига хизмат қилмайдиган ҳолда ташкил этишга интилиш кузатиляпти.

Чора-тадбирлар ҳам турлича. Масалан, бугун Австрия ва Францияда ўқитувчи ўзи дарс ўтадиган синф болаларига репетиторлик ёки пуллик ўқувларни ташкил қилиши қонун бўйича тақиқланган. Айни пайтда қатор давлатларда мазкур хизмат тури касб сифатида қабул қилинган бўлиб, уларнинг фаолияти турли ассоциация ва уюшмалар орқали амалга оширилади. Жумладан, Францияда «Акадомиа» («Acadomia») компанияси «Болалар келажагига ишонамиз» шиори остида репетиторлик фаолияти билан кенг миқёсда шуғулланиб келади. Компания ходимлари таълимга тўғри ёндашган ҳолда исталган болани Эйнштейн даражасига кўтариш мумкинлигига ишонч билдиради. Японияда бўлса «Кумон» («Kumon») фирмаси бу йўналишда ўз фаолиятини тезкор суръатларда ривожлантирмоқда ва ҳозирги пайтда кўп давлатларда унинг ваколатхоналари ҳам мавжуд.

Шунга қарамай, дунёдаги етакчи таълим соҳаси мутахассислари «яширин таълим» масаласи ҳақида гапирганда бир жиҳатга диққатни қаратишни афзал билади. Яъни, давлат томонидан тақдим этилаётган таълим тизимида педагоглар, уларнинг малакаси, билим даражаси ва шу каби қатор омилларга қўйилган талаблар анча жиддий, дарс бериш стандартлари анча юқори. Репетиторликда эса ҳеч қандай чеклов ёки аниқ талаб мавжуд эмас. Бундай хизматнинг сифат ва самарадорлиги кафолатланмаган. Хўш, шундай экан, ота-оналарнинг киритган сармояси ўзини оқлармикан? Бу саволга асосли жавоб топиш учун эса ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда тобора ривожланиб келаётган «яширин таълим»га кўпроқ эътибор қаратиш тақозо этилади. Зеро, Марк Брэй таъкидлаганидек: «Яширин таълим» билан беллашиш ёки унга барҳам беришга уриниш ўрнига мазкур жараённи тўғри йўналтира билиш ва бошқаришни ўрганиш энг мақбул йўлдир».

Хуршид Мирзаев,

Узун туманидаги 2-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси,

 

Наргиза Иброҳимова,

«Ma’rifat» мухбири

______________________________

«Ma’rifat» газетаси,

2012 йил


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Ismim shart emas Жавоб бериш
    1 yil олдин

    Mening ichimdagi odamga bu maqola umuman yoqmadi. Siz aytgan esipast o’sha Mark Brey repetitorlikni muammo deb qarashi sabablari bu yerda ochiq-oydin bayon qilinmapti. Qandaydir maktab o’qituvchisining bu maqolani tayyorlashida qanday maqsad yotganini aniqlash ham qiyin.
    Shu odamni yo farzandini repetitor o’qishga kirg’izolmaganidan alamzada, yo bo’lmasam biron repetitor bilim borasida uni yengib qo’yib uyaltirgan.
    O’zbekiston hududida hech kim repetitorlardan pand yemayapti, ya’ni repetitorlik faoliyatidan. Sizlar nega bu maqolani berdinglar? Qanday asoslaring bor repetitorlarga qarshi?

    • Bobur Жавоб бериш
      1 yil олдин

      Maqolada yuritilgan fikr ochiq bayon etilgan, unga ko’ra: repitetorlik faoliyatidan faqatgina daromad orttirish maqsadida foydalanayotgan «pedagoglar» ga (bazi repetetorlar pedagogika sohasiga umuman aloqasi yo’q shaxslar) urg’u berilayapdi. Ta’lim faqat bilim berish emas tarbiya bilan ham uzviylikda olib borilishi kerak. Demak bu jarayonni tartibga solib turadigan qanaqadir standartlar bo’lishi kerak. Siz aytgan oddiy maktab o’qituvchisida hasaddan ko’ra jonkuyarlik sifatlari bordek nazarimda. Zero eng xavfli odam bu -loqayd, beparvo shaxsdir. Bu hali pedagogika sohasiga va repitetorlik faoliyatiga endi qadam qo’ygan pedagog fikrlari. Tanqid yuksalish omili, mavzuga befarq bo’lmaganiz uchun ham sizga rahmat aytaman.

  • Bek Жавоб бериш
    1 yil олдин

    Repititorlikning jamiyat uchun eng foydali jihati shundaki, bolalar bo’sh vaqtini bo’lmag’ur narsalarga emas, ilm olishga sarflaydi, o’z oldiga maqsad qo’yib shu maqsad yo’lida kurashga chiqadi.

  • Bakhtiyor Sheraliev Жавоб бериш
    1 yil олдин

    Maqolani besh ballik tizimda baholash kerak bo’lganda pedagog sifatida uch ball qo’ygan bo’lar edim. Maqolani o’qigan odamda repetitorlik haqida salbiy fikr tug’ilish ehtimolligi juda yuqori. Maqolani maktab o’qituvchisi yozayotganidan xursand bo’ldim, chunki aksariyat maktab o’qituvchilarimizda bilim darajasi past, yana qaytarib aytaman «aksariyat» o’qituvchilarimizda bilim darajasi past. Buni shaxsiy tajribamdan bilaman. Shuning uchun ham o’quvchilarda qo’shimcha dars olishga nisbatan ehtiyoj paydo bo’ladi. Misollar bilan tushuntirishga harakat qilaman, kimyo fanidan DTM tomonidan beriladigan kirish imtihonlaridagi savollarga maktab, kollejda olgan bilimning o’zi bilangina javob berib bo’lmaydi, buning iloji yo’q, buni shu fandan repetitorga qatnayotganlar juda yaxshi bilishadi. Yoki biologiya fanining genetika bo’limidan beriladigan ayrim savollar hattoki o’qituvchilarning o’zini ham «gangitib» qo’yishi juda ko’p kuzatilib turibdi. Fizika, matematika, ingliz tili va boshqa yana bir qancha fanlar haqida ham shunday deyish mumkin. Bitta narsani to’g’ri tushunib olishimiz juda zarur, xo’sh nega o’quvchilarda repetitorlikka ehtiyoj bor? Men bu borada anchadan beri kuzatishlar olib boraman, xulosalarimni qisqacha bayon qilmoqchiman.
    Birinchidan, ko’pchilik pedagogman deb aytadigan o’qituvchilarimizda metodik mahorat yetishmaydi. Shu joyda bir misolni keltirib o’taman, 2014 yilda akademik litsey va kasb hunar kolleji o’qituvchilarining malakasini oshirish bo’yicha ushbu o’qituvchilarga biologiya o’qitish metodikasi fanidan bir nechta dars jarayonlarini tashkil qildim. Darsning boshida hurmatli o’qituvchilarimiz «Metodika bilan ta’lim texnologiyaning nima farqi bor?» deb murojaat qildim, o’zingiz tushunganingiz 100% holatda xato javoblarni oldim. Bu juda juda achinarli holat! Biz zamon bilan hamnafas bo’lyapmiz deb o’zimizni o’zimiz aldayapmiz xolos, vaholanki ko’pchilik o’qituvchilarimiz o’z ustilarida ishlashmaydi. Bir meditsina kollejida bo’ldim, bir o’quvchi qizning o’qishi bilan qiziqib ko’rdim, o’qituvchisi bilan gaplashdim, qizning yaxshi o’qimasligi muammosi ustida biroz suhbatlashdik. O’qituvchining aytgan gaplari meni juda xafa qildi: «Hozirgi talab bo’yicha bola uyda o’zi o’qib kelishi kerak, biz uni nazorat qilsak bo’ldi» deydi. Qiziqmi?! Agar bola uyda o’zi o’qiydigan bo’lsa unda bizga o’qituvchilarning nima keragi bor?!
    Ikkinchidan, maktab, litsey, kollejlardagi dars jarayonlarining aksariyatini ta’lim texnologiyasi asosida tashkil qilaman deb o’yinga aylantirib qo’ymoqdamiz. Hurmatli USTOZlar, ta’lim bilan o’yinni uyg’unlashtiraman desangiz qattiq adashasiz! Ta’lim bu jiddiy narsa, aslo o’yin emas! Qaysi darsga qaysi metod, qaysi ta’lim texnologiyasini qo’llashni bilmasdan turib buni bolaga qanday tushuntirasiz hayronman.
    Uchinchidan, maktablardagi bitta sinfda salkam 40 ta o’quvchi o’qishiga tez-tez guvoh bo’lib qolyapmiz. Bu holat ayniqsa shahar maktablarida ko’proq uchraydi. O’zingiz o’ylab ko’ring, qaysi o’qituvchi 45 minut ichida 40 ta bola bilan shug’ullanishga ulguradi? Hatto u Nobel mukofotini olgan olim bo’lsa ham bu ishni uddasidan chiqa olmaydi. Bu narsani moliyaviy jihat bilan bog’laydigan maktab rahbarlarini men shunchaki «noshud» deb atayman xolos.
    To’rtinchidan, ba’zi darsliklarlarimiz bola yoshiga moslab yozilmagan. Masalan, hozir aniq eslay olmayapman, yo to’rtinchi, yoki beshinchi sinf matematika darsligida pifagor teoremasini ko’rgan edim, yoki beshinchi sinf botanika darsligida «To’qimalar» degan mavzuda meristematik hujayralar, fotosintetik jarayonlar haqida so’z yuritiladi, yoki oltinchi sinf botanika darsligida bakteriyalarning kimyoviy jarayonlari haqida so’z boradi. Hurmatli darslik yozuvchi mualliflar, kimga darslik yozayotganingizni sal o’ylab yozsangiz bo’lar edi! Meristematik hujayralar haqida universitet darsliklarida yozsangiz yaxshi bo’lar edi, yoki bola yettinchi sinfda kimyo fanini o’qishni boshlagan bakteriyalarning kimyoviy xususiyatlarini yozsangiz yoki bo’lmasam, bola geometrik bilimlarni o’zlashtirish yoshiga yetgach Pifagor teoremasini yoritsangiz maqsadga muvofiq bo’lar edi.
    Beshinchidan, …
    Bu borada ba’zan o’zimni to’xtata olmayman.
    Hech qanday bilimi yo’q odamning repetitorlik qilishi haqida fikrga men qo’shila olmayman, hech qachon bunday odam bu ishga qo’l urmaydi, qo’l urganda ham uning faoliyati uzog’i bilan ikki oyga boradi xolos. Bu haqidagi yolg’on fikrlaringizni o’zgartirganingiz yaxshi.
    Cho’zilib ketgan kommentim so’ngida shuni aytmoqchimanki, qo’shimcha darslar bizga har doim kerak bo’lgan, bundan keyin ham kerak bo’ladi. Faqatgina ularning faoliyatini tartibga solinsa kifoya, ularning ustida mag’zava ag’darishga hojat yo’q!

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>