• Бугунги сана: Chorshanba, Yanvar 17, 2018

Беларус — режали иқтисодиётдаги “Кремний водийси”

“Биз суянишимиз мумкин бўлган битта нарса — маърифат, одамларимизнинг зеҳни ва қобилиятларидир”.

СССР тарқалиб кетганидан сўнг ҳам ҳамон социалистик иқтисодиёт модели бўйича яшаётган Беларусни кўпинча Шарқий Европадаги “Кремний водийси” деб аташади. Хорижий буюртмачилар учун дастурлар ишлаб чиқувчи фирмалар бу мамлакатда 1990-йилларда пайдо бўлган бўлса-да, маҳаллий брендлар ҳам оламшумул ютуқларга эришганини қайд этиш жоиз.

Икки йил аввал “Viber” беларус-исройил мессенжерини Япониянинг “Rakuten” компанияси бир неча юз миллион долларга харид қилган эди, бултур сервиснинг фойдаланувчилари сони 700 млн. нафардан ошди. Март ойининг бошида дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқ бўлган “Facebook” иловалар ишлаб чиқарувчи “MSQRD” беларус компаниясини сотиб олди.

Бундан ташқари Минскдаги “Wargaming” студияси томонидан яратилган “World of Tanks” шутери олти йилдан сўнг Европа ва АҚШда энг кенг тарқалган бешта онлайн-ўйиндан бирига айланди, ҳозирги кунда 100 млн. одам виртуал танклар билан уруш-уруш ўйнамоқда.

Ўйин продюсери Кирилл Стадник шундай дейди: “Алфа-тест босқичидаёқ ўйинга қизиқувчилар кўплигидан лойиҳа муваффақиятли бўлишини билган эдик, аммо бу даражада муваффақиятли бўлиши тушимизга ҳам кирмаган”.

Жаҳон миқёсидаги иқтисодий ва сиёсий эркинликлар индексларида Беларус охирги ўринлардан бирини эгалласа, информацион технологиялар соҳасида вазият умуман бошқача. Масалан, ўтган йили информацион технологиялар ривожланганлиги рейтингида Беларус 167 мамлакат орасида 36-ўринни эгаллади, Россия эса 45-ўринда қайд этилган.

Ҳукумат маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватламоқда, масалан, Беларус юқори технологиялар парки резиденти бўлмиш фирмалар солиқ тўлашда имтиёзга эга.

“Беларус табиий бойликларга эга эмас, бизда нефт, газ, қора ва рангли металлар йўқ. Шунинг учун биз суянишимиз мумкин бўлган битта нарса — маърифат, одамларимизнинг зеҳни ва қобилиятларидир”, — дейди БЮТП директори Валерий Цепкало.

Беларус IT-компанияларида 24 минг киши меҳнат қилади, улар мамлакатга ҳар йили 700 млн. доллар фойда келтираяпти. Ҳозирги инқироз шароитида уларнинг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси яққол кўзга ташланади: статистиканинг кўрсатишича, ўтган йили барча соҳаларда экспорт ҳажми камайгани ҳолда компютер хизматлари экспорти 18 фоиз ошган.

Наталия Маршалкович

Манба: euronews.com


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Калит сўзлар: , ,

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>