• Бугунги сана: Dushanba, Noyabr 20, 2017

«Реал»нинг 90-йиллардаги юлдузларини эслайсизми?

«Қироллик клуби» 90-йилларда Испания чемпионати ва Европа чемпионлари кубоги (ҳозирги ЕЧЛ)да икки марта зафар қучган эди. «Tafsilot.uz» чиройли ўйинлари билан мухлислар қалбидан ўрин эгаллаган футбол юлдузларини ёдга олиб, улар айни вақтда нима билан банд эканига ойдинлик киритишга қарор қилди.

Мануэль Санчис (1983—2001-йиллар)

Афсонавий ҳимоячи бутун фаолиятини Мадриднинг «Реал»ида ўтказган. «Қироллик клуби» сафида 700 тадан кўп учрашувда майдонга тушган. Санчис ушбу жамоада кечган 13 йиллик фаолияти давомида мадридликларнинг сардори бўлган ва 32 та кубокни ютиб олган.

Фото: realmadrid.com

Эмилио Бутрагеньо (1982—1995-йиллар)

«Қузғун» лақабли ҳужумчи «Реал» сафида 341 та ўйинда 100 тадан кўпроқ гол урди. Бутсасини михга илгач, Бутрагеньо Калифорния университетига ўқишга кириб, «спорт соҳаси менежменти» йўналиши бўйича таҳсил олди. Эмилио 2009 йилдан буён қадрдон жамоасида ишлаб келмоқда, «Қироллик клуби»нинг халқаро нуфузини юксалтириш билан шуғулланмоқда. Бундан ташқари, у Испания спорт вазирига ҳам маслаҳатчилик қилади.

Фото: Reuters

Франсиско Буйо (1986—1997-йиллар)

Узоқ вақт давомида «Реал»нинг асосий дарвозабони бўлган Буйо икки марта Ла Лиганинг энг яхши дарвозабонларига бериладиган «Замора кубоги» («MARCA» газетаси томонидан 1958 йилда таъсис этилган мукофот, мавсум давомида энг кам гол ўтказиб юборган голкиперларга берилади. Мукофот афсонавий испан дарвозабони Рикардо Замора шарафига шундай номланган) номли мукофот билан тақдирланган. Футболчилик фаолиятини якунлагач, у «Реал»нинг ёшлари ва учинчи жамоаси билан ишлади. Шунингдек, маълум муддат Қатарнинг «Al Jazeera» телеканалида шарҳловчилик ҳам қилди.

Фото: realmadrid.com/instagram.com-mouteos21

Мичел (1982—1996-йиллар)

Машҳур «Бутрагеньо бешлиги»нинг аъзоларидан бири айни пайтда Франциянинг «Марсел» жамоасини бошқармоқда. Аргентиналик Марсело Бьелса истеъфога чиқарилгач, мураббийликка айнан у таклиф этилди. Мичел бунгача Испаниянинг «Райо Валекано», «Кастилья», «Хетафе», «Севилья» ҳамда Юнонистоннинг «Олимпиакос» жамоаларини бошқарган.

Фото: realmadrid.com/Reuters

Фернандо Йерро (1989—2003-йиллар)

«Реал»нинг энг машҳур ҳимоячиларидан бири, жамоада 15 мавсум тўп тепиб, 19 та ютуққа эришган. Йерро фаолиятига якун ясагач, 2011 йилгача Испаниф футбол федерециясида спорт директори вазифасида ишлади, сўнгра  ўзини тарбиялаган қадрдон жамоаси «Малага»да худди шундай лавозимга тайинланди. Ҳозир эса у «Қироллик клуби»нинг мураббийлар штабида Зайниддин Зиданга кўмакламоқда.

Фото: Reuters/Павел Ткачук, «Чемпионат»

Луис Энрике (1991—1996-йиллар)

Айни пайтда испаниялик яримҳимоячи «Реал Мадрид»нинг асосий рақобатчисига мурабаббийлик қилмоқда. «Қироллик клуби»да беш мавсум ўйнагач, «Барселона»га ўтди ва «кўк-анор ранглилар» сафида саккиз мавсум тўп сурди. 2004 йили фаолиятини якунлаганидан сўнг мураббийлар курсида таҳсил олди. Дастлаб «Барселона Б» жамоасини уч йил давомида бошқарди, сўнг «Рома» ўтди, ундан эса «Сельта»га бош мураббий бўлди. Ушбу жамолар билан икки мавсум ишлагач, Луис яна қадрдон клубига қайтди. Бу сафар унга асосий жамоа ишониб топширилди. Унинг раҳбарлигида «кўк-анор ранглилар» биринчи мавсумдаёқ Испания чемпионати, кубогини, шунингдек, Европа чемпионлари лигасини ютишди. Бундан ташқари, 2015 йили каталонияликлар УЕФА суперкубоги соҳиби бўлишди, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам ғолиб чиқишди. Мазкур хизматлари самараси ўлароқ 2015 йили у ФИФА томонидан «Йил мураббийси» деб эътироф этилди.

Фото: realmadrid.com/Reuters

Иван Саморано (1992—1996-йиллар)

Саморано «Реал» сафида тўрт мавсум ўйнаб, рақиблар дарвозасини 80 мартадан кўп ишғол қилди. «Реал» ҳамда «Интер»нинг собиқ ҳужумчиси ҳозирги вақтда Чили ёшлар (U-18) терма жамоаси мураббийлар штабида фаолият кўрсатмоқда. Оммавий ахборот воситаларида ўтказилган сўров натижалари чилиликларнинг аксарияти Иванни миллий терма жамоа бош мураббийи бўлишига хайрихоҳ эканини кўрсатди.

Фото: Reuters/Павел Ткачук, «Чемпионат»

Хосе Эмилио Амависка (1994—1998-йиллар)

«Реал»даги Саморано-Амависка 90-йилларнинг ўрталарида Испаниядаги энг яхши ҳужум жуфтлиги эди, Хосе Эмилио эса 1995 йили мамлакатнинг энг яхши ўйинчиси деб эътироф этилди. «Қироллик клуби» билан биргаликда Амависка 9 та кубокни қўлга киритди, айни пайтда у «El Diario» газетасида ва «Carrusel Deportivo» радио-шоусида спорт шарҳловчиси бўлиб ишламоқда.

Фото: Reuters/instagram.com-mariohaus

Гути (1994—2010-йиллар)

Фаолиятини «Кастилья» жамоасида бошлаган иқтидорли яримҳимоячи тезда кўзга ташланди ва асосий таркибга тез-тез жалб этиладиган бўлди. 1995 йилдан жамоа бошқарувига Хорхе Вальдано келгач жамоанинг алмаштирилмайдиган футболчига айланди. «Қироллик клуби»даги деярли утун фаолияти давомида Гути захира ўйинчи бўлиб қолди. Даставвал унинг асосий рақобатчиси Зеедорф ҳисобланган бўлса, кейинчалик голланднинг ўрнини Бэкҳем ва Зидан эгаллашди. У фақатгина 2007 йилга келиб мадридликларнинг асосий плеймейкерига айланди. «Реал»дан кетгач, Туркиянинг «Бешиктош» жамоаси сафида маълум вақт тўп сурди. Шундан сўнг фаолиятига якун ясади ва мураббий бўлди. Айни пайтда у жонажон клубининг ўсмирлар жамоаларидан бирига мураббийлик қилмоқда.

Фото: realmadrid.com/facebook.com-43288158310

Рауль (1994—2010-йиллар)

«Реал»нинг афсонавий ҳужумчисининг Мадрид клуби аосий таркибида пайдо бўлишига ҳам  Хорхе Вальдано катта роль ўйнаган. Шу боис Раул тўнғич фарзандига унинг номини берган эди. «Қироллик клуби» сафида 14 йил ўйнаган форвард 16 та кубокни боши узра баланд кўтаришга муваффақ бўлди. Мадридни тарк этгач у даставвал Германиянинг «Шальке-04» жамоасида тўп сурди, у ердан Қатарнинг «Ас-Садд» клубига ўтди. Фаолиятини эса ўтган йили АҚШнинг «Нью-Йорк Космос» жамоасида якунлади. Ҳозирча Раул келажаги борасида аниқ тўхтамга келганича йўқ. Катта футболдан кетганига унчалимк ҳам кўп вақт бўлмаган ўйинчи айни пайтда ҳаёт гўзалликларидан завқ олиб яшаяпти.

Фото: Reuters

Микаэль Лаудруп (1994—1996-йиллар)

90-йилларнинг бошларида даниялик футболчи кетма-кет 5 мавсум Испания чемпионатида ғолиб бўлди: 4 марта «Барса» билан, бир марта эса Мадриднинг «Реал»и билан. Мураббий сифатида фаолиятини Дания миллий терма жамоаси мураббийлар штабида (2000—2002-йиллар) ассистентликдан бошлади. Кейин эса қадрдон клуби «Брондбю»га бош мураббий этиб тайинланди (2002—2006-йиллар). Сўнгра 2007—2008-йилларда «Хетафе»ни бошқарди. Лаудруп бошчилигида хетафеликлар  УЕФА кубогининг чоракфиналига қадар боришади. 2008—2009-йилларда «Спартак», 2010—2011-йилларда «Мальорка», 2012—2014-йилларда «Суонси», 2014—2015-йилларда «Лаҳвия» футболчиларига устозлиқ қилди. 2015 йилнинг ёзидан буён ишсиз.

Фото: realmadrid.com/Reuters

Роберто Карлос (1996—2007-йиллар)

Сеҳрли чап оёқ соҳиби ҳалигача футбол ўйнаяпти. Роберто Карлос «Анжи»да тўп тепишни тўхтатган эди. Доғистондан кетгач, Туркия ва Қатарда мураббийлик ҳам қилди. Айни пайтда у яна футбол оғушида: Ҳиндистоннинг «Дели Дайнамос» номли жамоасида ўйновчи мураббий бўлиб ишламоқда.

Фото: Reuters/instagram.com-make458

Предраг Миятович (1996—1999-йиллар)

Югославиялик ҳужумчи фаолиятига якун ясаганидан сўнг бир неча йил «Реал» и «Челси»да спорт директори бўлиб ишлади. Сўнгра футбол агентига айланди. Миятович Самуэля Это’Онинг Миланнинг «Интер»идан Махачқалъанинг «Анжи»сига ўтишига бош-бош бўлганлардан, трансфернинг муваффаиятли якун топишини таъминлаганлардан биридир.

Фото: Reuters/Павел Ткачук, «Чемпионат»

Давор Шукер (1996—1999-йиллар)

«Реал»нинг яна бир югославиялик форварди бутсасини михга илгач, Загребда ёш футболчилар учун футбол мактаби очди. Шукер шу кунга қадар ватанида турли маҳорат сабоқларини ташкил этиб, уларда Хорватия терма жамоасининг бўлғуси футболчиларини шуғуллантирмоқда.

Фото: Reuters/РИА Новости

Кларенс Зеедорф (1996—2000-йиллар)

Бразилиянинг «Ботафого» клубида фаолиятини якунлаган афсонавий яримҳимоячи 2014 йили ўзининг собиқ жамоаларидан бири — «Милан» бош мураббийи этиб тайинланди. Бироқ инқироз ботқоғидаги жамоани ўнглай олмади. «Россонери»лар унинг мураббийлик даврида кутилган нтижани қайд эта олмади, жамоа мавсум якунига кўра еврокубокларда иштирок этиш ҳуқуқини берувчи ўринлардан қуруқ қолди. Оқибатда голландиялик вазифасидан озод этилди. Ҳозир Зеедорф хайрия ишлари билан шуғулланмоқда. Унинг лойиҳаларидан бири «Kick Off For Good» деб номланиб, яқинда Москва шаҳрида ташкил этилди.

Фото: Reuters/Павел Ткачук, «Чемпионат»

Кристиан Карамбё (1997—2000-йиллар)

«Реал»нинг собиқ ярим ҳимоячиси дунё мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилиб чиқди. Карамбё ўзининг собиқ жамоаларидан бири — «Олимпиакос»да клубни стратегик ривожлантириш масаласига масъул бўлган вазифада фаолият юритмоқда.

Фото: Reuters/Павел Ткачук, «Чемпионат»

Фернандо Морьентес (1997—2005-йиллар)

Фото: Reuters/cffuenlabrada.es

«Реал» ва «Ливерпул» жамоаларининг собиқ футболчиси 2010 йили Марселнинг «Олимпик» клуби сафида фаолиятини якунлади. Шундан сўнг Морьентес «Реал»нинг ёшлари ҳамда Испания Сегундасида ўйновчи «Фуэнлабрад» жамоасига мураббийлик қилди. 2015 йили эса вақтинча катта футболга қайтиб, Испаниянинг тўртинчи дивизионида тўп сурадиган «Санта Ана» клубида ўйнади. Дарвоқе, мазкур жамоада футболчининг ўғли кичик Фернандо Морьентес ҳам ўйнайди.

Адҳам Ўрол ўғли тайёрлади

Манба: championat.com


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>