• Бугунги сана: Shanba, Aprel 29, 2017

Рақамлар

Йигитлар аниқ адашди. Улар Харли Пендлтонни ўғирладик деб ўйлашган эди. У билан ташқи кўринишимизда ўхшашлик бор, фақат у – «Пендлтон аэросан» фирмасининг соҳиби, мен эса – унинг оддий бир хизматчисиман.

Ҳаммаси душанба куни, чошгоҳга яқин жаноб Пендлтон хона эшигини қия очиб, қабулхонага кўз ташлашидан бошланган эди. Бу ерда у фақат бир кишини, яъни каминаи камтаринни кўрди.

У менга машинаси калитини улоқтириб, одатий гапини такрорлади:

– Уилбер, машинамга ёқилғи қуйиб, мойини ва дамини текшириб қўй. Кечқурун Мэдисонларникига боришим керак, вақтим зиқ…

– Хўп, хўжайин, – дедим калитни илиб олиб. Сўнг палтойимни елкамга ташлаб, пастга тушдим. Автомобиллар турар жойидаги «Пендлтон» деган ёзув жумлаи жаҳонга бу уловнинг кимга тегишли эканини билдириб турар эди. Хўжайиннинг  «Линкольн»ига қараб юрдим.

Эшик қулфига калит тиқишгаям улгурмадим: шундоқ ёнимда тўхтаган ҳаворанг седандан икки йигит отилиб тушиб, кўз очиб юмгунча мени машинага тиқиб, жўнаб қолишди.

– Тўхтанглар, нималар бўлаяпти ўзи? – сўрадим зўрға.

Мени оёқлари остига босиб олган йигит ҳиринглаб қўйди.

– Бу одам ўғирлашми? – дедим ўзимни босолмай.

– Худди шундай, жаноб.

Мен кулиб юбордим.

–Унда адашдинглар, йигитлар. Менинг исмим Уилбер Кроуфорд. Тушунишимча, сизлар мистер Пендлтонни ўғирламоқчи бўлгансиз.

– Ўч! – деди устимга деярли миниб олган йигит пинак бузмай.

Мен яна гап бошламоқчи эдим, лекин биқинимга тушган тепкидан сўнг тақдирга тан бериб қўя қолдим.

Ўриндиқлар орасидаги полда ётган одамга ҳар қандай йўл узоқ туюлар экан. Машина шиналарини шалдиратиб майда шағал тўкилган йўлда тўхтагунга қадар, чамамда, икки соатча ўтди.

Мени ўғирлаган йигитларнинг ўзаро суҳбатидан билганим – ҳайдовчининг исми Макс, менинг устимга миниб олган барзангиники эса Кларенс экан.

Ниҳоят у мени оёқлари остидан халос қилиб, «Туш, етиб келдик» деди.

Биз қандайдир фермага туташ ғарибгина уй олдида эдик. Улар билан муштлашиб кўрмоқчиям бўлдим, лекин Кларенс қўлимни шартта қайириб, уйга олиб кирди. Ичкарида мен яна вазиятга ойдинлик киритишга уриндим.

– Мен Уилбер Кроуфордман, ҳеч қанақа Пендлтон эмасман. Фирмада ишлайман, лекин унинг эгаси бошқа одам.

– Йўғ-э! – деди жиннибашара Кларенс завқи келиб. – Ўлай агар, ишондим!

У мени иккинчи қаватга судраб чиқиб, торгина хонага қамаб қўйди. Яккаю ягона дарчасига ҳам панжара урилган хонада ёлғиз қолдим. Булар ишни олдиндан пишитгани кўриниб турибди.

Уй олдидаги машина эътиборимни тортди. Балки униям ўғирлашгандир? Ундай бўлмаса керак, ўғирланган машинада, бунинг устига, гаровга олинган одам билан икки соат йўл босиш… Машина бу бедаволарнинг бирига тегишли экани аниқ. Калламга бир фикр келди: ҳар эҳтимолга қарши унинг рақамини эслаб қолиш керак.

Хонани қараб чиқар эканман, полдаги вентиляция панжарасига кўзим тушди. Эмаклаб бориб, ундан пастга қарадим. Биринчи қаватда, меҳмонхонада Макс ва Кларенс телевизордан маҳаллий янгиликлар дастурини кўриб ўтиришган экан.

«Бугун «Пендлтон аэросан» заводи ходимларидан бири Уилбер Кроуфорд номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилган. Воқеага бевосита гувоҳ бўлганларнинг тасдиқлашича, жиноятчилар сўнгги русумдаги ҳаворанг седанда бўлишган, масофа узоқ бўлгани сабабли улар автомобиль рақамини кўришга улгуришмаган. Полиция жиноятчилар Кроуфордни фирма президенти Харли Пендлтон билан адаштиришган деган тахминда…»

Кларенс сўкинганча ўрнидан ирғиб туриб кетди. Зинадан қадам товушлари эшитилди. У эшикни ланг очиб, кўзини лўқ қилганча менга бир муддат тикилиб турди.

– Сен ростанам Харли Пендлтонмасмисан?

– Айтувдим-ку сизларга.

У алам билан бошимдан оёғимгача қараб чиқди.

– Бундан чиқди, сен учун бир цент ҳам ололмаймиз…

– Кўриб турибсизу, – илжайдим мен. – Энди мени қўйиб юборарсиз…

– Нега энди сени қўйиб юборишимиз керак? – деди Кларенс ғижиниб.

Дамим ичимга тушиб кетди. Нима қилиб бўлсаям вақтни чўзиш керак.

– Умуман олганда, сизга фойдам тегиши мумкин. Уриниб кўришга арзийди. Пендлтонга хат жўнатиб, мен учун бадал пули сўранг.

– Нима, у сен учун икки юз минг тўлайди деб ўйлайсанми? Оддий бир ходим учун-а?

– Тўламай кўрсин-чи! Газетчилардан қўрқади у. Ўзингиз тасаввур қилиб кўринг, агар у мени қисмат қучоғига ташлаб қўйса, нималар деб ёзишмайди улар? Пендлтон ҳайвондан баттар экан, деб шов-шув кўтаришмайдими? Унга шу керакми? Агар ана шу арзимаган икки юз мингни тўласа, одамлар уни қаҳрамонга чиқариб қўйишади. Буни Пендлтон тушунмайди, дейсизми?

– Гапингда жон борга ўхшайди, лекин, – деди бироз ўйлаб туриб Кларенс.

Жон ҳолатда унинг гапини тасдиқлай бошладим.

– Ҳа-да! Бутун Америка унинг моторли чаналарини сотиб олишни бошлайди. У ишлаб чиқаришини кенгайтиради. Қарабсизки, пул дарё бўлиб оқиб келаверади…

– Бўпти, кўп алжирама! – ўшқирди Кларенс. У мени пастга олиб тушиб, қўлимга бир варақ қоғоз ва шарикли ручка тутқазди.

– Айтиб тураман, ёз: «Улар мен учун икки юз минг доллар талаб қилишмоқда. Пулни банкдаги ёпиқ ҳисоб рақамига ўтказинг. Муддат – бир ҳафта».

Мен хатни конвертга жойлаб, жўнатиладиган манзилни ёздим. Кларенс ёзганларимга бир қур назар ташлаб, конвертни чўнтагига тиқди. Кейин мени яна иккинчи қаватдаги хонага қамаб қўйди. Энди ўлдириб юбормасликларига умид қилсам бўларди.

Ҳафта кунлари жуда имиллаб ўтар эди. Пайшанбага келиб «хат етиб бормадимикан» деб хавотирга туша бошладим.

Кундузги соат иккиларда дарчадан қараб туриб нарироқда тизилиб тўхтаган автомобилларга кўзим тушди. Улардан тушган одамлар дала бўйлаб югургилаб, ферма томонга сездирмай кела бошлашди.

Мен ҳеч нарсадан бехабар телевизор томоша қилиб ўтирган Кларенс ва Максни вентиляция тешигидан кузатиб турдим. Полиция хонага бостириб кирганида ғафлатда қолган жиноятчилар қаршиликсиз таслим бўлиб қўя қолишди.

Пастга тушганимда нима бўлганига ҳалиям ақли етмай турган Кларенс баланд овозда полиция бошлиғидан сўради:

– Бизни қандай топдинглар?

Полициячи ишшайди.

– Хат жўнатилган конвертдан. Почта индекси нотўғри ёзилгани учун хат бир муддат ушланиб қолган. Индекс ўрнига телба-тескари рақамлар ёзилган экан. Ўйлаб қолдик, балки жаноб Кроуфорд бизга ниманидир айтмоқчи бўлаётгандир. Масалан, машина рақамини. Шунақа бўлиб чиқди. Текшириб кўрганимизда, ҳаворанг седан кимга тегишли экани маълум бўлди.

Макс Кларенсга қовоғини уйиб қаради.

– Қайси калла билан машинамнинг рақами ёзилган хатни жўнатдинг?

Кларенс елкасини қисди.

– Жин ургур рақамлар машинангники эканини мен қаёқдан билай?

Ишхонада мени қаҳрамондай кутиб олишди. Душанба куни хонаси эшигини очиб қабулхонага кўз ташлаган жаноб Пендлтон менга машинасининг калитини улоқтириб, деди:

– Уилбер, машинамга ёқилғи қуйиб, мойини ва дамини текшириб қўй. Кечқурун Мэдисонларникига боришим керак, вақтим зиқ…

Бу сафар мени ҳеч ким ўғирламади.

Шавкат Ёдгоров таржимаси

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>