• Бугунги сана: Juma, Aprel 28, 2017

Қойилмақом ҳимоя

Баъзи аёлларга бир марта кўзингиз тушса, уни яна кўргингиз келаверади. Машина ҳайдаб кетаётганингизда йўлингиздан чиқса ё йўлакка чиқиб кетасиз ёки автоҳалокатга учрайсиз. Пиёда юрганингизда эса, қайрилиб қарайман, деб кимнидир туртиб юборасиз-у гап эшитасиз. Фэнкуист ана шундай ҳурлиқолардан эди.

Уни биринчи марта Рейбнернинг қўл остида ишлаб юрганида учратганман. Рейбнернинг Бродвейда кўнгилочар томошалар кўрсатиладиган катта ресторани бор эди. Бу йигитни уч-тўрт ой кузатдим. Ҳаддан ташқари қаттиққўллиги туфайли у менга ҳеч ёқмасди. Турқи совуқ бу нусханинг қўлидан ҳар иш келади, деб ўйлардим ўзимча. Бироқ бу қўпол одамнинг ресторан бизнесида муваффақиятга қандай қилиб эришаётганига сира ақлим етмасди. Лекин Рейбнернинг ресторани доим гавжум бўларди.

Фэнкуист унга котиба эди. Кейин билсам, бу ғалати исм аслида чиройли лақаб экан. Қизнинг асл исми ҳозир ёдимда йўғ-у, лекин лақаби ўзига ҳечам мос тушмаганди.

Хуллас, ресторанда Фэнкуистни ҳар кун кўрардим. Фелетончилигим боис, бу ердаги оқсуяк мижозлар ҳақида репортажлар ёзардим. Фэнкуист ҳеч ким билан гаплашмасди. Фақат зал бўйлаб Рейбнернинг хонасига ўтиб-кетаётганида унга кўзим тушарди. Кўпинча эркаклар унинг чиройида маҳлиё бўлиб ичаётган шўрваларини кийимларига тўкиб юборишарди. Мана шунақа ҳурлиқо эди, бу қиз.

Баъзан у билан яқинроқ танишсамчи, деб ўйлардим. Фэнкуист билан танишишни истаганларнинг эса, сон-саноғи йўқ. Лекин Рейбнер ҳеч кимни унинг яқинига йўлатмасди. Бир сафар Рейбнерга истагимни айтгандим, менга қувурдан чиққан суваракка қарагандек совуқ қараш қилди. Хуллас, қиз билан бафуржа гаплашишнинг имкони бўлмади. Рўй берган бир воқеадан кейин, энди, бу ҳақида орзу қилмасам ҳам бўлаверади.

Ишонасизми, йўқми, бир куни кечқурун Фэнкуист Рейбнерни ўлдириб қўйди. Бу айнан саҳнада содир этилган қотилликка ўхшарди. Қиз Рейбнерга ресторан залида, ҳамманинг кўз олдида ўқ узди.

Аслида ўша вақтларда Рейбнер янги мижозларни жалб қилиш мақсадида ҳайратомуз томоша ташкил этмоқчи бўлиб юрувди. Доимий мижозлар учун кўрсатиладиган томошалардан унинг кўнгли тўлмас, бу томошалар бошқа тунги ресторанларники билан бир хил, деб нолинарди. Мендан ҳам янги ғоя сўраганди, чўнтагини қаппайтиришга ёрдам бергим келмай, елка қисиб қўя қолдим. Кўп ўтмай янги томошани унинг ўзи ўйлаб топди ва ресторанга йиғилган оломон жангари фильмлардан сира қолишмайдиган отишмага гувоҳ бўлди. Томошанинг қандай саҳналаштирилганини сезиб тургандирсиз. Бир йигит бошқасининг юзига мушт туширади, жабрдийданинг шериги эса тўппончасини чиқаради. Бу ур-тўполон мижозларни роса ҳаяжонга солди ва ўша оқшом ароқ одатдагидан анча кўп сотилди.

Томошадан кўнгли тўлган Рейбнер мижозлардан мақтов эшитиш илинжида ресторанда столларни оралаб юрарди. Ҳаммамиз уни олқишлаб, кўкларга кўтариб мақтадик.

Мен танишларим билан унинг хонасига чиқиладиган зина ёнидаги столда ўтиргандим. Рейбнер зални айланиб юрганида зинадан Фэнкуист тушиб кела бошлади. У ҳақиқатдан ҳам соҳибжамол қиз эди. Менинг унга гап отишга ҳаддим сиғмасди. Чунки кўриниши ўта жиддий, осонгина қармоққа илинадиганлардан эмасди. Менинг эса, аёл кишига бўлар-бўлмасга тирғалаверадиган одатим йўқ, гаплашгиси келмаса дарров нари кетаман. Мен билан гаплашмоқ илинжида юрганлар эса, тиқилиб ётибди.

Фэнкуист бир-бир қадам ташлаб, зинадан тушди. Унинг кўм-кўк шаҳло кўзлари қиш осмонидек совуқ эди. Ёнимдан ўтаётганида қўлидаги кичкина тўппончага кўзим тушди. Фэнкуист ҳам томошада — отишмада қатнашмоқчи шекилли, деб ўйладим. Лекин унинг юзидаги мудҳиш ифода мени сергак торттирди. Аслида ўшанда қўлидаги тўппончани тортиб олсам бўларкан. Аммо мен бундай қилмадим, томошанинг давомини кутдим. Айни дамда кўз ўнгимда газетанинг илк саҳифасини безайдиган шов-шувли воқеа рўй беришини кўнглим сезиб турарди. Шунинг учун вақтни қўлдан бой бермай, столимдаги телефондан газетанинг тунги муҳарририга қўнғироқ қилдим.

Рейбнер Фэнкуистни пайқаганида уларнинг орасида йигирма қадамча масофа қолганди. Ўзига ўқрайиб қараб турган қизни кўргач, у заҳарли илонни босиб олгандек сесканиб кетди. Қизнинг кўзларида ўз ажалини кўрган Рейбнер қўрққанидан нима қиларини билмай қолди! Юзи бўзариб, кўзлари бақаникидай чақчайди.

Ресторандаги мижозлар уларга завқ билан тикилар, мендан бошқа ҳамма бу иккови томоша кўрсатаяпди, деб ўйларди!

Қиз Рейбнердан кўз узмай тўппончасини унинг пешонасига тиради. Тунги муҳаррир ниҳоят трубкани кўтарганида Фэнкуист ҳали тепкини босмаганди. Қотиллик жойидан тўғридан-тўғри репортаж олиб бораётганимни эшитгач, муҳаррир ҳангу манг бўлиб қолди!

Тўппончадан қарсиллаб ўқ узилганда мен беихтиёр ўрнимдан сапчиб турдим. Рейбнернинг пешонасида қонталаш доғ пайдо бўлди. У гандираклаб кетди. Кейин қизга ялинаётгандек, қўлини олдинга чўзганча юзтубан йиқилди.

Фэнкуист ортига ўгирилди-да, ҳеч нима кўрмагандек бир-бир қадам босиб зинадан тепага чиқиб кетди. Бунақа совуққон қотилни биринчи марта кўришим.

Ниҳоят нима рўй берганини фаҳмлаган оломон шовқин солиб ресторанни бошига кўтарди. Мен эса, столимда ўтирганча тунги муҳаррирга қотиллик тафсилотларини етказдим. Орадан ярим соат ўтар-ўтмас бу репортаж газетанинг биринчи саҳифасида босилиб чиқди ва мен машҳур бўлиб кетдим.

Фэнкуистни дарҳол ҳибсга олишди. Полициячилар етиб келганда у Рейбнернинг хонасида ўтирганди. Улардан энг ботири хонага бостириб кириб қизнинг худди ширакайф хитойликдек пинагини бузмай тамаки тутатиб ўтирганини кўрди.

Ўша куни уйга ҳаяжондан дир-дир титраб қайтдим. Икки стакан ароқ ҳам титроғимни босмади. Фэнкуист нега Рейбнерга ўқ узганини ҳеч тушунолмаётгандим. Ўта совуққонлик билан амалга оширилган бу қотилликка рашк ёки оддий келишмовчилик сабаб бўлганига ишониш қийин эди.

Эртаси куни тонгги газеталар қотиллик ҳақида бутун мамлакатга жар солишди. Бош саҳифалардаги мақолаларни Рейбнер ва панжара ортидаги Фэнкуистнинг суратлари безаб турарди. Қиз турмада ҳам ўзини жуда хотиржам тутар, Рейбнерни ўлдирганининг сабабини ҳеч кимга айтмасди. Полициячилар уни соатлаб сўроқ қилишди. Лекин бунчалик гўзал қизга қарши қийноқ ишлатишга ҳеч кимнинг қўли бормади. Судга бир ҳафта қолганда “Сэмми” барида бир полиция зобитини учратиб қолдим. Деразадан унга кўзим тушгач, ичкарига кириб ёнидаги курсига ўтирдим.

У журналистлигимни пайқаб менга ўқрайиб қўйди-да, шоша-пиша овқатини ея бошлади.

— Тиқилиб қолмасин, ошна, — дедим мен. — Менинг бўш вақтим кўп, бемалол еяверинг.

— Биламан, — деб пўнғиллади у оғзи тўла сэндвич билан. — Лекин менинг сизга айтадиган гапим йўқ.

— Мен фақат бир нарсани билмоқчи эдим. Қиз кўрсатма бердими?

— Бир оғиз ҳам гапирмаяпти, жин ургур.

— Шунақа денг. Унда сизни безовта қилмайман, — дедим ўрнимдан туриб. — Кеча кечқурун ҳалиги малла соч дўндиқчани боплаб аврадингизда ўзиям. Дидингизга қойилман. Кўришгунча хайр.

Заҳар ютиб юборгандек зобитнинг юзи буришиб, кўзи олайиб кетди.

— Тўхтанг! — деди у товуши титраб. — Бу сафсатани ким айтди сизга?

— Бу сафсата эмас. Ўз кўзим билан кўрдим-ку, — дедим мен.

— Менга қаранг, — деди шошиб қолган зобит. — Бу ҳақда ҳеч кимга очманг. У билан хизмат юзасидан гаплашдим… тушунарлидир?

— Жамоатчилик полициячиларнинг юриш-туришига жуда қизиқади, — дедим пинак бузмай. — Хизмат юзасидан учрашганингиз ҳақида мақолача ёзмоқчиман. Хотинингиз ўқиса, жаҳли чиқиши аниқ. Лекин менга барибир.

Худди ёрилган пуфакдек зобитнинг дами ичига тушиб кетди.

— Майли, — деди у афти бужмайиб, — нимани билмоқчисиз ўзи?

Курсига ўтирдим-да мазали сэндвич буюрдим.

— Тергов ҳақида гапиринг. Ҳеч нарса аниқлаёлмадик, деб қулоғимга лағмон осмай қўя қолинг. Мен эса рухсатингизсиз олинган маълумотларни ошкор қилмасликка сўз бераман. Ресторандаги қотиллик ҳақида биринчи бўлиб мен мақола ёзганман ва бу жиноятнинг фош этилишини ҳам ёритиб бормоқчиман.

Зобитни кўндириш учун яна бир оз уринишимга тўғри келди. Малласоч қиз ҳақида эслатганимдан сўнг ниҳоят у тилга кирди.

Зобитнинг айтишича, Рейбнер шаҳардаги энг йирик нашафурушлар тўдасининг бошлиғи бўлган экан. Тунги ресторанини ҳам шерикларини бир жойга тўплаш учун очибди. Доим гавжум бўладиган ресторан, ҳақиқатдан ҳам, нашафурушлар учун жуда қулай жой. Кўп йиллар бурун киссавурлик қилиб кун кўрган Рейбнер бора-бора шафқатсиз каллакесар сифатида ном қозонибди. Ўта маккор бу йигит бошқа жиноий тўдаларни ФБР қўлга туширган пайтларда ҳам сувдан қуруқ чиқаркан.

Спиртли ичимликлар сотишга чеклов бекор қилингач, у наркобизнесга қўл урибди. Қизиғи, шунча йилдан бери унинг ресторанида нашафурушлар тўпланишини ҳеч ким сезмаган.

Энди Фэнкуистнинг нега Рейбнерга ўқ узганини тусмолласа бўларди. Лекин зобит қизнинг нашафурушларга алоқаси борми-йўқми, аниқ билмасдим. Полициячилар буни аниқлай олишмабди. Тўданинг ҳамма аъзолари аллақачон гумдон бўлган, Фэнкуист эса кўрсатма беришдан бош тортаётганмиш.

— Гуллаб қўйса ўлдириб кетишларидан қўрқаётгандир, балки, — деб тахмин қилдим мен.

— Бўлиши мумкин. Лекин барибир у нега Рейбнерни отганига ҳеч тушунолмаяпман.

— Мен ҳам. Нима деб ўйлайсиз, қизни оқлашармикан?

Зобит елка қисди.

— Оқлашса яхши бўларди, — деди у. — Кетиворган қиз-да ўзиям, — деди у. — Кетиворган қиз-да ўзиям, тўғрими?

Мен бош сермадим.

Суд куни зал одамга тўлди. Эркаклар аёлларни туртиб-суртиб ичкарига ёпирилар, эслироқ хонимлар эса четга чиқиб туришарди.

Чунки бугун эркаклар байрами эди! Улар Фэнкулистни томоша  қилгани келишганди ва ҳеч ким уларни тўхтатолмасди. Судьянинг курсисида шалвираган бир чол ўтирарди.

Прокурор асабийлашар, ҳимоячи эса ишонч билан гердайиб турарди. Суд маслаҳатчиларининг орасида бирорта ҳам аёл йўқ эди. Уларнинг Фэнкулистни оқлашига шубҳаланмаса ҳам бўларди.

Мен халтачада сэндвич ва кичикроқ идишда ароқ кўтариб, биринчи қаторда ўтирардим. Машҳур фелетончи бўлганим учун ҳеч ким мени ўз томонига оғдиришга ботинолмасди. Ёнимда ўтирган тунги муҳаррир  Жексон иккаламиз бу суддан кўп нарсани кутаётгандик.

Фэнкулистнинг чиройи кўзни қамаштирарди. У адвокатнинг ёнида ҳеч нима кўрмагандек хотиржам ўтирар, эгнидаги либос ўзига жуда ярашганди. Ҳар қандай мишиқи ўспирин унга бир қарашдаёқ анатомия китобларида бир йил ўқиганидан кўп нарсани билиб оларди.

— Агар бу хонимчага эрталабдан кечгача тикилиб турсам эсим оғиб қолиши аниқ, — деб ғўлдиради тунги муҳаррир.

“Бу ландовурда ҳам юрак бор экан-да,” деб ўйладим ичимда.

Прокурор ўрнидан туриб, кириш нутқини бошлади. Бу сафар у одатдагидек куйиб-ёниб айбланувчини қораламади.

— Прокурорнинг Фэнкулистни қоралагиси келмаяпди, — деди тунги муҳаррир. – Аслида у ҳозир мутлақо бошқа нарсани хоҳлаяпти.

Лекин прокурорнинг қотил ҳақида нима дейиши унчалик муҳим эмасди. Қиз Рейбнерга ҳамманинг кўз олдида ўқ узган, инкор этиб бўлмайдиган далиллар етарли эди. Фэнкулистни электр курсида  қатл этиш керак, дейишига прокурорнинг юраги бетламаган тақдирда ҳам унинг қўлидан ҳеч иш келмасди.

Ниҳоят қизнинг адвокатига сўз берилди.

— Жаноб судья,  — деди у, — суд мажлисини давом эттиришдан аввал прокурордан бир нарсани сўрамоқчи эдим.

Судья рухсат бергач, у прокурорга юзланди.

— Айтингчи, Рейбнернинг бошидаги ўқ ҳимоямдаги қизнинг тўппончасидан отилганига далилингиз борми?

Суд зали сув қуйгандек жим-жит бўлиб қолди.

Юзи бўзарган прокурор ўрнидан аранг турди.

— Эътироз билдираман, жаноб судья!

Судья Фэнкулистдан кўз узмай, унинг ҳовурини туширди:

— Эътирозга ўрин йўқ. Бу жуда  муҳим савол.

— Адвокат ғолибона жилмайди.

— Далилингиз йўқлигига  ишончим комил, — деди у. — шундай экан, мутахассисларнинг хулосаси  етиб келгунча суд мажлисини тўхтатиб туришни сўрайман.

 Судья адвокатга диққат билан тикилди.

— Нега айнан шу далилни сўраяпсиз? — деди у.

— Жаноб судья, ҳимоямдаги қиз Рейбнерни ўлдирмаган, — деди адвокат. — хулоса етиб келса, мурданинг миясидаги ўқ кичкина тўппончадан эмас, “Смит ва Вессон” револверига ўхшаш  катта қуролдан  узилгани аён бўлади.

Хуллас, судья икки соатлик танаффус эълон қилди.

Воқеаларнинг бундай тус олишини ҳеч ким кутмаганди. Ўтган икки соат ичида судни томоша қилишга келганлардан бирортаси жойидан жилмади. Фэнкулистдан бошқа ҳамма мажлиснинг давомини ҳаяжон билдан кутарди.

Ниҳоят судья кириб келиб, жойига ўтирди.

— Хўш, — деди у прокурорга қараб, —  мутахассисларнинг хулосасида нима деб ёзилибди?

Прокурор  хомуш тортиб қолганди.

— Ҳимоячи ҳақ экан, жаноб судья, — деди у. — Рейбнерга ҳарбийларнинг  жанговор  тўппончасидан ўқ узилган экан.

Залдаги ғовур-ғувур босилгач, судья адвокатга ўқрайиб қаради.

— Унда бу ишни нега судда муҳокама қилаяпмиз? – деб сўради.

Адвокат ўрнидан турди.

— Ҳозир ҳаммасини тушунтираман, жаноб судья. Гап шундаки, қотиллик содир этилган куни Рейбнер ресторанида ўзига хос томоша уюштирган. Оломоннинг кўз ўнгида қалбаки отишма ташкил этилган. У Фэнкуистни ҳам томошада иштирок этишга кўндирган. Фэнкуист рестораннинг қоқ ўртасида Рейбнерга ўқ узиб, ҳаммани лол қолдириши керак эди. Қиз сохта ўқ солинган тўппончадан отганида Рейнбернинг жони узилганини билмаган. У тепкини босган маҳал рестораннинг бир бурчагида ўтирган номаълум қотил ҳам Рейнбергга товушсиз тўппончадан ўқ узганини қиз қаёқдан билсин? Хуллас, Фэнкулист топшириқни бажариб, хонасига қайтган. Ҳибсга олишгандан кейин эса, тўппончамга адашиб ҳақиқий ўқ солиб қўйишибди, деб ўйлаган. Бошлиғини ўлдириб қўйганини англагач, тушкунликка тушиб қолган. Аслида Рейбнерни Фэнкулист эмас, товушсиз жанговор тўппонча  билан қуролланган номаълум қотил ўлдирган. Бу ҳозирча  менинг тахминим, холос, лекин мен мурдани кўздан кечирдим. Фэнкулистнинг  кичкинагина тўппончасидан отилган ўқ Рейбнернинг бошида бунақа  катта тешик ҳосил қилиши ақлга  тўғри келмайди. Айбловчилар эса,  қизнинг ўқ узганини кўрган гувоҳларнинг кўрсатмаларини эшитгач,  бошқа далил қидирмай қўя қолишган. Улар ҳатто Фэнкулистнинг тўппончасини ҳам текшириб кўришмаган.

Хуллас, Фэнкулистни оқлашди. Рейбнернинг қотилини эса, топа олишмади. Нашафурушнинг қотилини қидириш кимга ҳам зарил, дейсиз.

Мен бу воқеа ҳақида кўп ўйладим. Фикримча, агар Фэнкулистнинг жазмани бўлганда, у Рейбнерни гумдон қилиш учун шу усулни жон-жон деб қўлларди. Ким билади дейсиз, балки ресторанда сохта отишма уюштиришни ҳам нашафурушга қизнинг жазмани  маслаҳат бергандир.Рейбнернинг ўзи ўла қолса ҳам  бунақа томошани ўйлаб тополмасди. Кейин эса, Фэнкулист унга сохта ўқ узгану, беркиниб турган жазмани каттакон тўппонча билан бояқишнинг пешонасидан дарча очиб қўйган. Қиз судгача икки ой қамоқда  ўтирди. Балки бу вақт ичида унинг хуштори мамлкатдан қочиб чиқиб, дунёнинг бир бурчагида уни кутгандир. Ҳарқалай қиз Рейбнерга тўппонча ўқталганида бояқишнинг юзидан ажали етгани билиниб турарди.

Албатта, буларнинг бари тахмин. Балки мен адашаётгандирман. Бунақа воқеа рўй берганда журналист халқи ҳар хил хаёлларга боришини биласизку. Яқинда Фэнкулистнинг Жанубий Америкага кетганини эшитдим. Хитлардан беркиниш учун жуда қулай жой, тўғрими?

Рус тилидан А.Отабоев таржимаси


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>