• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

«Қора хат»

1942 йилнинг кузида Сталинград шаҳри остонасида ҳаёт-мамот жанглари борарди. Шунда 313-десант полкининг командири полковник А. Шилин ва полк командирининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари майор Т. Шариповни армия штабига чақиришиб, разведка маълумотларига кўра фронт ортидаги дала аэропортида душманнинг йигирма саккизта ҳарбий самол­ёти турганлиги, уларни дарҳол йўқ қилиш лозимлигини айтишди.

Шу куни А. Шилин бошлиқ ўттиз нафар тажрибали, довюрак йигитлардан иборат десантчилар гуруҳи самолётда душман ортидаги белгиланган жойга парашютларда тушишди. Десантчилар бир-бирларини топиб тўпланишгач, ярим тунда душман аэропортига яқинлашишди.

Аэропорт четида соқчи қўлида автомат билан у ёқдан бу ёққа юриб турарди. Т. Шарипов пусиб бориб, соқчининг ортидан ташланди ва уни тинчитди. Сўнг Т. Шариповнинг имлаши билан А. Шилин десантчиларни ҳужумга бошлади. Улар душман самолётларига гранаталар отиб портлатиб, ёқиб юборишди ва тезда яширинишга улгуришди.

Лекин десантчиларнинг фронт чизиғини кесиб, бу томонга ўтишлари осон бўлмади. Душман босиб олган жойларда яшириниб, егуликлари қолмай, сарсон-саргардон бўлиб юришди. Фақат ўн беш кун деганда, ерли аҳоли кўмагида ортга қайтишди.

Армия штабида эса десантчиларни ҳалок бўлган деб ҳисоблаб, барчасининг оиласига «қора хат» юборишганди. Поч­тачи майор Т. Шариповнинг Фарғона шаҳрида яшайдиган оиласига ҳам «қора хат» ташлаб кетди. Унда 313-десант полки командирининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари, майор Турдиали Шарипов жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлганлиги ёзилган эди. Тўхтахон опа бу хатни ўқиб, эри ҳалок бўлганлигини, икки норасида боласи етим қолганлигини билиб, кўп йиғлаб-сиқтади.

Қўни-қўшнилар чиқишиб, Тўхтахон опага таъзия билдириб, бу кулфат бугунги кунда ҳар икки-уч оиладан бирининг бошига тушаётганлигини, юртга келган «тўй»лигини айтиб, кўнглини кўтаришди. Эртасига эса Тўхтахон опанинг хонадонига қўшнисининг бўй етган қизи Ойниса югургилаб чиқди.

– Тўхтахон опа, суюнчи беринг, хурсандчилик!

– Нима экан?

– Турдиали акам ўлмаган эканлар.

– Наҳотки, қайдан билдинг?

– Марказ радиосидан фронт хабарлари ўқиб эшиттирилди. Унда 313-десант полкининг командири, полковник Шилин ва полк командирининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари, майор Шарипов бошлиқ десантчилар душман аэропортидаги 28 та самолётни портлатиб, қисмларига эсон-омон қайтиб келганлиги айтилди.

Тўхтахон опа Ойнисани қучоқлаб, юз-кўзларидан ўпди.

– Оғзингга асал-э, синглим! Хайрият, Турдиали акам ҳаёт эканлар, – деди Тўхтахон опа кўзидан севинч ёшларини тўкиб.

Шу воқеадан бир кун аввал полковник А. Шилин ва майор Т. Шариповни фронт­да армия генерали Рокоссовский блиндажда қабул қилган эди.

А. Шилин генералга топшириқ бажарилганлигини, десантчилар гуруҳи душман аэропортидаги 28 та самолётни йўқ қилиб, эсон-омон қайтиб келганлигини билдирди.

– Балли, лочинлар! – деди генерал. – Аэропортдаги душман соқчисига биринчи бўлиб ким ҳужум қилди?

– У! – деди Шилин ёнида турган Шариповни қўли билан кўрсатиб.

– Кимни қаҳрамон қиламиз?

– Уни! – деди Шарипов командирини кўрсатиб.

Шунда Шарипов индамай турса, ўзи қаҳрамон бўлиб кетиши мумкин эди. Лекин мард ўзбек ўғлони командирини ҳурмат қилди.

Шундай қилиб, полк командири А. Шилин қаҳрамон бўлди, Т. Шарипов эса операцияда қатнашган бошқа десантчилар қатори орден билан тақдирланди.

Алиназар Эгамназаров,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>