• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Қўноқлар

Ярим кечаси эшик тақиллади. Апил-тапил туриб очдим. Икки нафар йигит олдин-кетин салом берди. Биттасини танидим — ҳамқишлоғим экан.

— Узр, ака, автобусимиз бузилиб, кеч қолдик. Шундай бўлсаям, шеригим билан сизни қора тортиб келавердик, — деди у.

— Келинглар, — дедим зўрға.

“Ярим кеча бўлса, дам олаётгандир, безовта бўлар, деб ўйлашмайди, яна шерик етаклаб олганичи?! Фаросат ҳам…”

Бу ўйларнинг юзимда ҳам акс этаётгани аниқ эди. Ичимда минг ғиллу ғаш билан меҳмонларни меҳмонхонага бошладим. Наридан бери сўрашдим, сўнг:

— Чой-пой қилайликми ёки дам оласизларми? — дедим гапнинг пўст калласини қилиб.

— Йўқ, чой шарт эмас, фақат битта-битта сув ичсак, чанқадик, — деди “малол келганини” ҳис қилган ҳамқишлоғим. Эриниб бориб жўмракни очдим. Човгумга сув оларканман, бирдан сергак тортдим. Қулоғим остида биров Пайғамбаримизнинг (с.а.в) ҳадисларини айтгандай бўлди. Уйқум қочди, дарҳол истиғфор айтдим, чой қўйдим. Қайтадан юз-қўлимни ювиб, меҳмонларнинг олдига “Ассалому алайкум”, деб кирдим. Ётамиз, деганига қўймай, дастурхон ёздим. Хотинни уйғотдим.

— Ярим кечаси овқат ейишмас, — деди аёлим тўнғиллаб.

— Аллоҳга ва охират кунига имонинг бўлса, тур, — дедим. Турди, енгилроқ бўлса-да, овқат қилди. Дастурхонга тортдим. “Чой шарт эмас”, деган меҳмонлар яхшигина очқашган экан. Овқатдан сўнг у ёқ-бу ёқдан суҳбатлашдик.

Йигитларнинг чеҳраси очилди. Хуллас, уларга қўлимиздан келганча иззат-ҳурмат кўрсатдик…

Агар, Аллоҳдан минг-минг саловот ва саломлар ёғилсин, пайғамбарим Мухаммад (с.а.в): “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин”, деб амр этмаганларида ва бу муборак амрни қудрат, мулк ва мақтов соҳиби Аллоҳ ёдимга солмаганида, шубҳасиз, бир пасткашликни бўйнимга олар эдим. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, холатимни ўнглади. Сўнг ўша ҳадисни бир парча қоғозга чиройли қилиб ёздим-да, рамкага солиб, меҳмонхонадаги жовонга илиб қўйдим.

Мусулмонлар тақвим китобидан олинди


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Калит сўзлар: ,

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>