• Бугунги сана: Shanba, Aprel 29, 2017

Қочқинлик поёни

Капитан билан қўл сиқишдим, у омад тилади. Кейин йўловчиларга лиқ тўла пастки палубага тушиб, туртина-суртина нарвонгача етиб олдим. Кема бортига қарасам, юкларимни аллақачон чиқаришибди. Ҳамма ёқда қўлларини силкитиб, алланималар ҳақида гап сотишаётган шу ерлик одамлар. Менга ҳам жой топилди. Қирғоқдан уч милча узоқлашганимизда салқин шамол эса бошлаганди. Шаҳарга яқинлашганимизда кўплаб кокос дарахтлари-ю, улар орасидан кўриниб турган кулранг томларга кўзим тушди. Инглизчани биладиган хитойлик: мана, бошқарувчининг тураржойи, деб айвонли оқ уйни кўрсатди. Бошқарувчининг хабари бўлмаса-да, мен айнан уникига қўнмоқчи эдим. Чўнтагимда унинг номига битилган тавсиянома бор эди.

Мени тушириб, чамадонларимни соҳилга қўйишганида бир муддат ўзимни яккаланиб қолгандек ҳис қилдим. Дунёнинг бир чеккасидаги жойга, Барнеонинг шимолий қирғоғидаги шаҳарчага келиб қолгандим. Ўзимни мутлақо бегона одамга таништиришим, улов келиб борар манзилимга жўнаб кетгунимча унинг кулбасида тунашим, ош-овқатига шерик бўлишимни айтиб, қўлига ташриф қоғозимни тутқазишимни кўз олдимга келтириб хижолат бўлаётгандим.

Бироқ ҳаммаси кўгилдагидек бўлди. Айвонли уйга етиб, тавсияномани кўрсатганимда қаердандир ўша киши пайдо бўлди. Гавдали, юзлари қип-қизил, хушчақчақ одам экан. Юракдан чиқариб сўрашди. Қўлимни сиқиб, югурдак болага ичкилик опкел, деб бақирди. Бошқа бирига нарсаларимга қараб туришни буюрди. Узр сўрамоқчийдим, гапим оғзимда қолди.

– Эй худо, оғайни, сизни кўрганимдан қанчалик хурсанд эканимни тасаввур ҳам қилолмайсиз. Лекин мени шу ерда қолдириш учун бу гапларни гапиряпти, деб ўйламанг. Йўқ, сиздан миннатдорлигим учун шундай деяпман. Бу ерда хоҳлаганча яшашингиз мумкин. Истасангиз бир йил қолинг.

Кулиб юбордим. У иш қочиб кетмайди, деб юмушларини бир четга суриб қўйди-да, ўзини катта курсига ташлади. Суҳбатлашдик, кейин ичдик, сўнг яна гап сотдик. Кечга яқин салқин тушганда, жунгли бўйлаб узоқ сайрга чиқдик. У ердан сувга тушган мушукдек ивиб қайтиб келдик. Сўнгра яхшилаб чўмилиб олдик-да, овқатландик. Жуда чарчаган эдим. Мезбоним туни билан тўхтовсиз гурунг беришга тайёр турган бўлса ҳам ухлашимга рухсат сўраб илтимос қилишга мажбур бўлдим.

– Майли, фақат сизни хонангизга кузатиб, ҳаммаси жойидалигини кўриб оламан.

Бу икки томони айвонли ва чивин ўтказмайдиган тўр билан ўралган катта каравот қўйилган кенг хона экан.

– Кароват анча қаттиқ, бўлаверадими?

– Ҳа йўқ, бугун тошдай қотиб ухлайман.

Мезбоним бир муддат кароватга қараб қолди.

– Бунда охирги марта бир голландиялик ухлаганди. Битта кулгили воқеани айтиб берайми?

Ўлгудай уйқум келаётганди. Лекин ҳарқалай у менга мезбон, қолаверса, кулгили воқеани айтиб бермоқчи бўлсанг-у ҳеч қулоқ солмаса одамга оғир ботади.

– Ўша голланд ҳам сиз келган кемада келганди. Идорамга кириб, уч-тўрт кун яшашга қаердан жой топсам бўлади, деб сўради. Агар боришга жойингиз бўлмаса меникида тура қолинг, дедим. Дарров рози бўлди. Юкларингизни опкелишга одам юборайми, деб сўрадим.

– Бори шу, – деди у.

Қора ялтироқ чамадончани узатди. “Жуда камбағал эканми”, деб ўйладим ичимда. Лекин бу ёғи энди менинг ишим эмасди, хуллас, унга уйимга бораверинг, ишимни тугатишим биланоқ мен ҳам етиб бораман, дедим. Шу гапларни айтиб турганимда хонанинг эшиги очилиб, ёрдамчим кирди. Голланд эшикка орқаси билан турганди, балки ёрдамчим эшикни қаттиқроқ очгандир. Нима бўлганда ҳам голланд бақириб юбориб, икки қадамча жойга сакради-да, револверини чиқарди.

– Нима қиляпсиз, жин урсин?, – дедим мен.

У ёрдамчимни кўриб букчайиб қолди. “Ҳарс-ҳарс” нафас олиб столга суянди. Агар алдасам ҳар нарса бўлай, худди тутқаноғи тутгандек қалтираётганди.

– Кечирасиз, – деди у. – Ҳаммаси асабдан. Асабларим ишдан чиққан.

– Кўриниб турибди, – дедим мен.

У билан совуққина гаплашдим. Ростини айтсам, унга меникида қол деганимдан пушаймон бўлгандим. Кўринишидан маст одамга ўхшамасди. Полициядан қочиб юрган бўлса-я, деган фикр ўтди миямдан.

“Яхшиси, бориб ухлаб олинг”, дедим.

У жўнади. Уйга қайтсам, айвонда жимгина ўтирган экан. Лекин гавдасини тик тутиб турганди. Чўмилиб, соқолини олибди. Тоза кийим кийиб, анча ўзига келиб қолибди.

– Нега айвонда бу аҳволда ўтирибсиз?, – дедим унга. – Ётиб дамингизни олинг.

– Шундай ўтирганим яхши, – деди у.

Аломат одам экан, дедим ичимда. Лекин шундай жазирамада ётгандан кўра қаққайиб ўтиришни афзал кўрса, бу энди ўзининг иши. Новча, қорувли гавдали, чорбурчак калласидаги сочи калта олинган кўримсизгина одам эди у. Ёши қирқлар атрофида, мени жуда ҳайрон қолдирган нарса унинг башараси эди. Қисиқ кўк кўзларининг аланглашига сира тушунолмадим. Юзи худди йиғламоққа тайёр турган одамникига ўхшарди. Туриб-туриб, бир нарсани эшитиб қолгандек чап томонга тез-тез алангларди. Худо шоҳид, унинг асаблари жойида эмасди. Лекин бир стакан мусаллас ичганимиздан кейин у тилга кирди. Инглизчада жуда яхши гапирарди, гапида билинар-билинмас сохталикни айтмаганда, унинг инглиз эмаслигини сезмасдингиз ҳам. Тан олиш керак, гапга жуда уста эди. Кўп жойда бўлиб, кўп ўқиган экан. Гапини эшитиб вақт ўтганини билмай қолардингиз.

Чошгоҳда уч ёки тўрт шиша вискини бўшатдик, кейин яна анча-мунча ароқ ичдик. Хуллас, тушликка ўтирганимизда икковимизнинг ҳам кайфимиз чоғ эди. “Бу зўр одам экан”, деб ўйладим ўшанда. Турган гап, овқат устида ҳам уч-тўрт шиша вискини урдик. Кейин қаердандир бир шиша бенидиктик топиб олдим. Уни ҳам ичдик. Бинойидек маст бўлдик.

Ниҳоят, у нега бу ерга келганини гапириб берди. Ўша воқеа жуда ғалати эди.

Мезбоним гапиришдан тўхтади-да, ўша ғаройиб воқеани эслабоқ таъсирланаётгандек, оғзини хиёл очганча менга қаради.

– Суматра оролида туғилган экан ўша голланд. Кейин ачинлик бир одамга нимадир қилган эканми, ачинлик уни ўлдиришга қасам ичибди. Дастлаб голланд бунга эътибор ҳам бермабди, лекин ғаними гапида туришга икки-уч бор уриниб жонига теккач, бирор муддат четроқ жойга кетишга қарор қилибди. Батавиага ўтиб, ўша ёқда айшини суриб юрмоқчи бўлибди. Лекин бу ерга келганидан бир ҳафта ўтгач, девор орқасида яшириниб турган ачинликка кўзи тушибди. Ачинлик унинг ортидан тушган экан. Голланд ғанимининг нияти қатъилигини тушунибди. Сурабайяга бориши кераклигини англабди. Бир куни у шу шаҳарда айланиб юриб нима бўлибди-ю орқасига ўгирилибди қараса, ачинлик шундайгина изидан овоз чиқармай пусиб келаётган экан. Унинг капалаги учиб кетибди. Ўгирилсангу сени ўлдирмоқчи бўлиб юрган нусха шундоқ орқангда турганини кўрсанг, қўрқасан-да, албатта.

Хуллас, голланд тез-тез юриб, меҳмонхонага қайтибди-да, нарсаларини йиғиштириб, Сингапурга борадиган кемага чиқибди. Турган гапки, у голландияликлар қўнишган меҳмонхонага жойлашибди. Бир куни меҳмонхона рўпарасидаги ҳовлида ичиб ўтирган экан, ичкарига ачинлик кириб унга бир пас тикилиб турибди-да, чиқиб кетибди. Голланд ўшанда даҳшатдан қимир этолмай қолганини айтди. Агар ачинлик ўша пайт ханжарини санчмоқчи бўлганда, у ўзини ҳимоя қилиш учун қўлини ҳам кўтара олмас экан. Голланд ачинлик қулай пайтни кутаётганини тушунибди. Бу жирканч кимса уни ўлдиришни ният қилган экан. Жони узилаётгани кўз олдига келса, у ўзини тутолмай қоларкан.

– Нега у полицияга бормабди? – деб сўрадим мен.

– Билмайман. Менингча, полиция бу можародан хабар топишини хоҳламаган.

– Ўша одамга нима ёмонлик қилган экан?

– Буни ҳам билмайман. Нима қилганини айтмади. Лекин сўраганимда менга қарашиданоқ каттагина иш қилиб қўйганини сездим. Ўйлашимча, ачинликнинг ҳар қандай жазосига лойиқлигини унинг ўзи ҳам тушунарди.

Мезбоним сигарета ёқди.

– Кейин нима бўлди? – деб сўрадим мен.

– Сингапур билан Кучинг орасида қатнайдиган кеманинг капитани ҳам қатнов орасида ўша меҳмонхонада туради. Кема тонгда йўлга чиқаркан. Голланд ачинликдан қутулиш учун бу яхши имконият, деб ўйлабди. Юкларини меҳмонхонада қолдириб, худди капитанни кузатиб қўяётгандай у билан бирга кемага чиқибди ва кема суза бошлаганда у ерга тушиб қолибди. Асабийлашиш одатини шу вақтларда орттирган экан. Ачинликдан қутулишдан бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйламай қўйибди. Кучингда ўзини анча яхши ҳис эта бошлабди. Меҳмонхонадан жой олибди. Хитой дўконларидан ўзига бир жуфт костюм, тўрт-бешта кўйлак харид қилибди. Лекин ухлай олмас экан. Тушига нуқул ўша кимса кираркан. Олти мартача бўғзига тортилаётган ханжар дамидан уйғониб кетибди. Худо ҳаққи, унга жуда раҳмим келди. У бу гапларни менга қалтираб гапирди. Қўрққанидан овози хириллаб қолганди. Унинг ажабтовур қарашларига энди тушундим. Эсингиздами, гапимнинг бошида кулгили аланглашларини кўриб ҳайрон бўлганимни айтувдим. Қўрққанидан шунақа алангларкан.

Бир куни Кучингдаги клубда деразадан ташқарига қарабди ва кўзи ўша ёқда ўтирган ачинликка тушибди. Ачинлик ҳам унга қарабди. Голланд эгилибди-да, ҳушдан кетибди. Ўзига келганида миясига келган биринчи фикр бу жойдан қочиш бўлибди. Сизни олиб келган ўша кема билангина у Кучингдан тезроқ кетиши мумкин экан. Кемага чиқибди. Ачинлик кемада йўқлигини аниқ биларкан.

– Лекин нега айнан бу ерга келибди?

– Биласизми, бояги кема кўп жойларда тўхтайди. Ачинлик голланднинг айнан бу ерга келганда тушиб қолганини билолмасди. Голланд ўзи ўтирган кема бу жойларда йўловчи ташийдиган битта-ю битта кема эканини, бортда ўн иккитача одам ўтирганини билганидан кейингина ундан тушган.

– Ҳар ҳолда, бир-икки кунга бўлса ҳам бу ерда хавфдан холиман, – деди у: – Озгина вақт бўлсаям тинч юрсам, асабларимни босиб оламан.

– Хоҳлаганингизча қолинг, – дедим мен. – Бу ерда сизга хавф йўқ, ҳар ҳолда кейинги ой кема қайтгунча. Хоҳласангиз, ўша пайт бориб йўловчиларни текширамиз.

У қайта-қайта раҳмат айтди. Ниҳоят, кўнгли таскин топганди.

Вақт ҳам алламаҳал бўлиб қолганди. Ухлаш пайти бўлганини айтдим. Ҳаммаси жойидалигини билиш учун уни хонасига кузатиб қўйдим. Ҳеч қандай хавф йўқ, десам ҳам деразаларни маҳкамлаб беркитди. Хонадан чиқишим биланоқ орқамдан эшикни қулфлаганини эшитдим.

Эртаси куни эрталаб дастёр бола чойимни олиб келганида, голландни уйғотдингми, деб сўрадим. Ҳозир уйғотаман, деди у. Унинг хона эшигини қайта-қайта тақиллатаётгани эшитилди. Нимадир бўлганини сездим. Бола бор кучи билан тақиллатганди ҳам ичкаридан садо чиқмади. Асабийлашиб, ўрнимдан турдим. Мен ҳам тақиллатдим. Иккаламиз мурдани тирилтириб юборгудай шовқин кўтардик, лекин голланд уйғонмади. Шунда эшикни синдирдим. Кароватни ўраган чивин ўтказмайдиган пардани уздим. Голланд кароватда кўзини чақчайтирганча тепага қараб ётарди. У ўлган эди. Бўйнига ханжар қўйилган эди. Гапимга ишонасизми, йўқми — бу ўзингизга ҳавола, лекин худо ҳаққи қасам ичиб айтаманки, бу — рост, унинг бирор жойи ҳатто тирналмаган. Хона эса бўм-бўш эди.

– Кулгили воқеа, тўғрими?

– Энди, бу кулгини қандай тушунишга боғлиқ, – деб жавоб бердим мен.

Мезбоним менга қараб қўйди.

– Шу кароватда ухлайверасиз-а, ё йўқми?

– Йўқ, ухлайвераман. Лекин шу воқеани эртага гапириб берганингизда яхши бўларди.

Инглиз тилидан

Алишер ОТАБОЕВ таржимаси


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>