• Бугунги сана: Seshanba, Dekabr 12, 2017

Қизалоқни қўмсайди кўнгил

Инсон Аллоҳ таолонинг маҳлуқотлари ичида энг шарафлиси, шу билан бирга энг сирлиси. Уни гоҳ осмонлар қадар юксак кўрасан, гоҳо эса…

Аксарият кишилар умрининг қанчадир қисмини яшаб бўлган бир ортига боқади-ю, надомат уммонига ғарқ бўлади. Бошқаларининг эса қилган савобли амаллари боис бир оз кўнгли таскин топади. Бир куни мен ҳам ортимга, ўтган умримга бир назар солдим. Унда бир қизалоқ ниманидир қаттиқ бағрига босганича одамлардан яширишга, уятдан қизарган юзини ҳеч кимга кўрсатмасликка ҳаракат қиларди…

…Ўшанда учинчи синфдайдим. Яхши ўқувчи бўлганим боис устозларим мендан уй вазифаларини сўрамайдиган, синфда бўладиган тортишувларда ҳам, баҳолаш жараёнида ҳам мени четлаб ўтадиган одат чиқаришди. Бу бир томондан жаҳлимни чиқарса, бошқа томонда эса дилимнинг туб-тубидан фахру ғурурни уйғотарди.

Ана шундай қоришиқ туйғулар оғушида бир куни уй вазифасини жуда ҳафсаласизлик билан бажардим. Орадан бир қанча вақт ўтиб ўқитувчимиз дафтарларни текшириш учун йиғиб олди. Дафтар қайтариб берилганда эса унинг саҳифасида менга қўйилган “3” баҳо, умримда илк ва сўнгги бор олган “3”ни кўрдиму уятдан қалтираб кетдим. Дафтарим тўлмаган, ҳатто яримламаган бўлишига қарамай янги дафтар олдиму, уни яширдим. Ҳеч ким кўрмасин, ҳеч ким билмасин деган ўйда яшириб қўйдим. Эртаси куни олдимдаги янги дафтарни кўрган ўқитувчим ажабланиб савол назари билан қараганида кўзларимни олиб қочдим. У индамайгина мендан узоқлашди…

Бугун шу воқеани эсларканман, қалбим аламдан ўртанди. Кундан-кунга тошдек қотиб бораётган кўнгил ўша қизалоқни, қилган ишидан уялиб қизарган қизалоқни қўмсади. Чунки ҳозирги ҳолатим хавас қилгулик эмас. Баъзан ибодатларим дунё ишлари билан банд эканлигим, баъзан эса эътиборсизлигим туфайли қазо бўлади. Гоҳо эса кун бўйи телевизор қаршисида бефойда нарсаларни томоша қиламану бир ояти каримани тиловат қилишга вақт тополмайман. Баъзан менга ўлчовли қилиб берилган вақтни ким биландир беҳуда гаплашиб ўтказаман.

Гарчи вақтни ортга қайтариб бўлмаслигини, бир кун надомат чекилишини билсам-да… Бошқача қилиб айтганда, бугун номаи амолим “3” баҳоларга тўлиб кетган. Лекин уларни яширишга шу қизалоқдек интилмайман. Аксинча, кимгадир “…бугун бомдодга тура олмадим», “…аср пайти бозорда эдим», “…ишдалигим боис пешин қазо бўлди» дея ўз айбларимни бир-бир очаман. Ваҳоланки, меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ гуноҳлар агар Ўзи ва бандаси ўртасида сир бўлиб қолса, уларни кечиб юборишини айтган.  Умр дафтарим — номаи аъмолимни эса самовотдаги фаришталар кўриб турганларини билганим ҳолда, мукотиб фаришталар ҳар бир оним, ҳар бир нафасимни ҳисобини қилиб турганинидан хабардор бўлганим асносида уни гўзал амаллар билан безашга интилмайман. Менга берилган “уй вазифалари”ни ихлос билан бажариб, “аъло баҳо» олишга ҳаракат қилмайман.

 Бу ёмон баҳоларга тўла “дафтар»ни янгиси билан алмаштиришнинг иложи бўлса қанийди! Фараз қилайки, бунинг имкони топилди. Лекин Аллоҳ азза ва жалла ҳам ўқитувчимдек индамайгина қўярмикин?! Ахир энди дафтардаги ёмон баҳолар сони битта эмас, мингта! Балки ундан-да кўпроқ, сон-саноқсиздир?!

Эҳ қизалоқ-қизалоқ! Мен сени тез-тез эслайман, сени тинмай қўмсайман! Сенинг ўша биргина ҳолинг менга қанчалар кўп ибрат дарсини ўтаганини билсанг эди! Сен боис мен “дафтаримни эмас, ундаги баҳоларни яхшисига, йўқ-йўқ, аълосига ўзгартириш ҳаракатидаман. Бу йўлда менга Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин! Сен ҳам мен учун дуо қил.

Сиз азизлар бир-бирингизнинг ҳаққингизга дуо учун қўл очинг. Зеро, мусулмон кишининг мусулмон биродари учун қилган дуоси ижобатдир. Шундай фараҳли онларда мени ҳам эсланг.

Дуоларингиздан умидвор синглингиз Нигор!

(“Ирфон” тақвими”дан олинди)

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>