• Бугунги сана: Juma, Avgust 18, 2017

Дмитрий Медведев: «Қирим Россияники, гап тамом»

Россиянинг ҳарбий қудрати ошиб бормоқда дея ғарбда ундан тобора кўпроқ хавфсирамоқдалар. Шу билан бирга, қанчалик ажабланарли бўлмасин, Россия Суриядаги низони бартараф этиш масаласига ўз таъсирини ўтказа олувчи давлатдир. Айни пайтда Россиянинг ўзи иқтисодий инқироздан жуда қийналмоқда. Хавфсизлик масалалари бўйича Мюнхен конференциясида Россия бош вазири Дмитрий Медведев билан ана шулар хусусида суҳбатлашдик.

Изабел Кумар, «Евронюс»:

«Глобал суҳбат» дастурида қатнашишга рози бўлганингиз учун катта раҳмат. Бугун ҳамма жойда Сурия масаласи кўпроқ муҳокама қилинаяпти. Масала узил-кесил ҳал қилинадиган дамлар яқиндай, лекин қандай якун топиши номаълум. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?

Дмитрий Медведев, Россия бош вазири:

— Биласизми, бу ерга келишдан олдин ушбу масала бўйича бизнинг ҳамкасбларимиз ва ҳамкорларимиз билан юзага келган вазият жуда мураккаблигини мен ҳам ҳис қилган эдим. Чунки энг муҳим масалалар, жумладан коалиция тузиш бўйича келишувга эришилмаган бўлиб, ҳарбийларнинг ҳамкорлиги эпизодик хусусиятга эга эди. Аммо барибир таъкидлашим керакки, шу ерда, Мюнхенда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ давлат котиби Жон Керри ўртасида музокара бўлиб ўтди, кейинроқ музокарага уларнинг ҳамкасблари қўшилди ва яқин орада қиладиган ишларини келишиб олишди. Шу боис мен ушбу масала юзасидан ҳамкорлик йўлга қўйилади деб умид қилаяпман. Ҳамкорлик эса жудаям керак, чунки биз ушбу масала бўйича бирлашмас эканмиз, Суриядаги уруш ҳеч қачон тугамайди, одамлар ҳалок бўлаверади, қочоқлар оммавий равишда Европага ёпирилаверади, Европа жуда мураккаб масалаларни ҳал қилишига тўғри келади. Энг асосийси эса биз бутун цивилизацияга хавф солаётган терроризмни енга олмаймиз.

У ҳолда Суриядаги низога барҳам бериш учун Россия қандай ҳарбий ва бошқа чораларни кўрмоқчи?

Биз Сурияга нима учун қўшин киритганимизни яна бир бор ёдингизга солмоқчиман. Биринчидан, Россия мазкур операцияда ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида иштирок этаяпти. Чунки Сурияда исталган пайтда Россияга бориб терактлар уюштиришга тайёр турган минглаб жангарилар бор. Иккинчидан, бунинг учун бизнинг ҳуқуқий асосимиз бор — президент Асад бизга ёрдам сўраб мурожаат қилган. Шу боис биз ҳарбий жиҳатдан ушбу икки омилни ва, табиийки, воқеалар қандай ривожланишини ҳисобга олиб ҳаракат қиламиз. Ҳозир энг асосийси Сурия можаросининг барча тарафлари иштирокида музокара бошлашга келишиб олиш ва террорчи гуруҳлар масаласига ойдинлик киритишдир, чунки ҳалигача кимлар террорчи ҳисобланиши, кимлар ҳисобланмаслиги борасида якдиллик йўқ. Бу биринчидан. Иккинчидан эса — мен давлат котиби Керри агар Россия ва Эрон ёрдам бермаса биз бошқа давлатлар билан Сурияда қуруқликдаги қўшинлар иштирокида ҳарбий операция ўтказишга тайёрмиз деб ёзганини ўқидим. Бундай гаплардан фойда йўқ. Сабаби оддий: у Суриядаги уруш давом этишини хоҳласа қуруқликдаги қўшинлар иштирокида ҳарбий операция ўтказиши, бошқа турдаги қўшинларни ишга солиши мумкин. Аммо бу билан бировни қўрқитаман деб хомтама бўлмаслик керак. Келишиш лозим, айнан улар вазир Лавров билан гаплашиб олган масалада келишиб олиш зарур. Мен яқиндагина ушбу саволга жавоб берган эдим, яна бир бор такрорламоқчиман: янги уруш чиқишидан ҳеч ким манфаатдор эмас, қуруқликдаги қўшинлар иштирокидаги ҳарбий операция эса узоқ давом этадиган урушдир. Шуни ҳисобга олиш керак.

Маълумки, энг асосий муаммолардан бири Сурия президенти Башар Асаднинг келажаги масаласидир. Ушбу ҳал қилувчи лаҳзаларда Россия уни қўллаб-қувватлашда давом этадими?

Россия шахсан президент Асадни қўллаётгани йўқ. Россия Сурия давлати билан дўстона муносабатларни қўллаб-қувватламоқда. Улар эса Башар Асад президент бўлган вақтда эмас, аввалроқ, унинг отаси Ҳафиз Асад президент бўлган вақтда пайдо бўлган. Бу биринчидан. Иккинчидан эса биз ҳеч қачон бу бизнинг ушбу жараёндаги иштирокимизнинг асосий элементи деб айтмаганмиз. Биз шунчаки, ҳозирги вақтда Сурияда Башар Асаддан бошқа қонуний раҳбар йўқлиги фактидан келиб чиқиб иш кўраяпмиз. Бу бировга ёқиш-ёқмаслигидан қатъи назар у мамлакатнинг амалдаги президентидир. Агар у ҳокимиятдан четлаштирилса у ерда бошбошдоқлик, тартибсизликлар бошланади. Биз буни Яқин шарқ давлатлари мисолида кўп кўрдик, масалан Ливия парчаланиб кетди. Шу боис у барча жараёнларда, процедураларда қатнашиши керак, аммо унинг сиёсий раҳбар сифатидаги тақдирини Сурия халқи ҳал қилиши шарт.

— Шу тариқа сиз Суриядаги ҳокимият алмашишининг истиқболи ҳақида ҳозирдан ўйламоқдасиз, шундайми?

Менимча, биз бу масалада чуқурлашмаслигимиз керак. Мен Россияни ҳам, Европа иттифоқини ҳам, Америка қўшма штатларини ҳам назарда тутаяпман. Биз бу жараён бошланиши учун қулай шароит яратишимиз лозим. Биз ҳаммани музокара даврасига йиғишимиз, мулоқот қилишга рағбатлантиришимиз зарур. Келинг, тан олайлик, бу оддий одамларнинг мулоқоти бўлмайди. Бир тарафда жамиятнинг бир қисми ва ҳарбийлар қўллаб-қувватлаётган президент Асад; иккинчи тарафда эса Асадни жини суймайдиган, бироқ у билан музокара қилишга мажбур бўлган жамиятнинг бошқа қатламлари вакиллари бўлади. Аммо улар келажакда Суриянинг яхлитлиги сақлаб қолиниши учун тил топишишлари шарт.

Шу ўринда эътиборингизни Украинадаги низога қаратмоқчи эдим. Бугун ушбу низонинг чуқурлашиши тўхтатилган дейишмоқда, аммо мамлакат шарқида жанглар яна бошланганга ўхшайди. Кескинликни юмшатиш, низони бартараф этиш учун Россия нима қила олади?

— Маълум сабабларга кўра бу ерда Суриядагига қараганда саволнинг жавоби осонроқ. Бу ердаги низо у ердаги даражада кескин эмаслиги учунгина эмас, нима қилиш лозимлиги аниқлиги учун. Нима қилмоқ керак? Минск битимини бажариш керак. Ушбу битимга барча тарафлар тўлиқ риоя қилишлари шарт. Биз ҳаммани: жануби-шарқдаги ҳокимларни ҳам, Киевдаги ҳукуматни ҳам шунга чақирамиз. Гап биз билан Киевдаги маъмурлар ўртасида қандайдир келишмовчиликлар борлигида ва биз бир-биримизни ёмон кўришимизда ҳам эмас. Аммо битимга биноан нима ишлар қилиниши керак бўлса жануби-шарқда бу ишларнинг катта қисми бажарилганини холисона тан олиш зарур. Энг асосийси — жангу-жадаллар тўхтатилди. Афсуски, онда-сонда бўлса ҳам ўқ овози эшитилиб турибди. Ҳозир энг муҳими Минск битимидан келиб чиқадиган сиёсий ва юридик масалаларни ҳал қилиш ҳисобланади. Бунинг учун ким масъул? Украина албатта! Агар Украина жануби-шарқни ўз ҳудуди деб ҳисобласа бу уларнинг ҳуқуқий майдони, бу уларнинг ҳуқуқи, бу уларнинг ваколати. Бу Украина президенти, парламенти ва ҳукуматининг ваколатига киради.

— Украина учун ҳам, халқаро ҳамжамият учун ҳам ушбу масалани ҳал қилиш йўлидаги асосий тўсиқлардан бири Қирим муаммосидир. Қиримнинг келажаги муҳокама қилиниши мумкинми?

Йўқ, асло. Бу мавзу буткул ёпилган. Қирим Россия ҳудудининг бир қисми ҳисобланади, у ерда референдум ўтказилган, биз ўз конституциямизга ўзгартиш киритганмиз. Қирим республикаси ва Севастопол шаҳри Россия федерацияси таркибига киради.

Шу ерда, хавфсизлик масалалари бўйича Мюнхен конференциясида президент Порошенкони учратсангиз унга нима деган бўлардингиз?

Ҳа уними, кўрганим йўқ, тўғрисини айтсам, кўришаман деб учинаётганим ҳам йўқ. Президент Порошенко президент Путин билан мулоқотда бўлиб турибди. Асосийси — буни аниқ биламан — менинг ҳамкасбларим Минск битими бажарилиши учун лозим бўлган ҳамма чораларни кўришлари керак. Ўзларининг фойдаси учун, Украина давлатининг фойдаси учун шундай қилишлари шарт. Украина эса, ким нима дейишидан қатъи назар, бизга қардош, қўшни давлатдир.

Сурия можароси ва Украинадаги вазият Россиянинг Европа иттифоқи ва АҚШ билан муносабатлари анча ёмонлашишига сабаб бўлди. Сизнингча муносабатларни қайта кўриб чиқиш эҳтимоли қанақа?

Гап нима учун ва қандай кўриб чиқишда. Агар бирон-бир муносабат қайтадан йўлга қўйиладиган бўлса бутунлай бошқа асосда, хотиржамлик билан, одиллик билан, тенгҳуқуқлилик асосида йўлга қўйилиши лозим. Бу фақат Россия федерациясигагина эмас, Европа иттифоқига ҳам, Америка қўшма штатларига ҳам керак. Биз Америка қўшма штатлари билан ҳам, Европа иттифоқи билан ҳам муносабатларимиз илиқ бўлишини хоҳлаймиз. Европа иттифоқи бизнинг энг муҳим савдо ҳамкоримиз. Бу биз билан бир қитъада жойлашган мамлакатлар гуруҳидир. Бизни европаликларга хос жиҳатлар, тарих, қадриятлар бирлаштириб турибди. Ўртадаги совуқчилик ҳеч биримизга фойда келтирмайди. Модомики, биз билан мулоқот қилишни хоҳлашмадими, бузилган муносабатларни тиклаш йўлидаги биринчи қадамни ҳам аввало уларни бузганлар қўйиши керак. Аммо биз ҳар қандай масалани муҳокама қилишга тайёрмиз.

Муносабатлар ёмонлашиши оқибатида Россияга нисбатан санкциялар жорий этилди ва бу иқтисодиётга жуда кучли таъсир кўрсатди. Ушбу санкциялар бекор қилинишига эришиш сизнинг ҳукуматингиз учун қай даражада долзарб ҳисобланади?

Биз эмас, улар бизга “сизлар ёмонсизлар, шунинг учун сизларни жазолаймиз” дейишган-ку. Кейин ҳисоб-китоб қилиб кўриб пушаймон бўлишди. Чунки бизнес учун санкцияларнинг турган-битгани зиён экан. Биз билан Европа иттифоқи ўртасидаги савдо айланмаси 450 млрд еврога тенг эди! Ҳозир эса 217 млрд еврога тенг. Қани, Европа иттифоқидаги Россия учун турли-туман маҳсулотлар ишлаб чиқариладиган корхоналарда ишлайдиган одамлардан сўраб кўринг-чи, буларнинг ҳаммаси уларга ёқармикан? Шунинг учун саволингизга жавобим шу: санкцияларни биз ўйлаб топмаганмиз, уларни жорий этишни кимлар бошлаган бўлса бекор қилишни ҳам ўшалар бошлаши керак. Бизни ҳар доим санкциялар билан қўрқитиб келишган, совет даврида кўп бора жорий этишган ҳам. Санкциялар ҳеч қачон фойда бермаган, фақат пулларини йўқотишган холос. Ҳозир ҳам шундай бўлаяпти. Буни мардона тан олишлари ва “йигитлар, биз буларнинг ҳаммасини фалон санадан бошлаб тўхтатамиз, сиз ҳам жавоб чораларингизни тўхтатишингизни сўраймиз” дейишлари керак. Энг тўғри йўл шу.

Иқтисодий инқироз оддий россияликларга қандай таъсир қилаяпти? Чунки санкциялар ва нефт нархининг тушиши инқирозни кучайтираяпти.

Дарҳақиқат, иқтисодиётимиздаги аҳвол ҳозир унчалик яхши эмас. Умумий иқтисодий ҳолатга, бюджет даромадларига нефт нархининг ҳаддан зиёд тушиб кетиши жуда кучли таъсир қилди. 17 йил мобайнида бунақаси бўлмаган эди, чунки ҳозир нефтнинг нархи 1998 йилдагига тенг. Афсуски, бизнинг бюджетимиз нефт нархига ҳаддан ташқари боғлиқдир. Бу эса оддий одамларнинг турмушига, даромадларига таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Албатта, санкцияларнинг ҳам таъсири бор. Бу аниқ, масалан, бизнинг корхоналаримиз Европа банкларининг кўмагидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлишди. Энди улар, ҳеч бўлмаганда уларнинг айримлари ривожлана олмайди. Шу маънода иқтисодий аҳволимиз унчалик яхши эмас, аммо буларнинг бир яхши томони бор. Иқтисодиёт яхшиланаяпти, унинг нефтга қарамлиги камаймоқда, энди биз саноатимизни, қишлоқ хўжалигимизни ривожлантиришимиз мумкин. Айтгандай, санкциялар хусусида — ушбу санкциялар ва уларга жавобан биз кўрган чораларнинг битта фойдали томони шу бўлдики, биз ўз қишлоқ хўжалигимиз билан фаолроқ шуғуллана бошладик. Мана энди ўзимизни ҳар қандай озиқ-овқат билан маълум даражада таъминлай оламиз, бундан ташқари четга жуда катта миқдорда буғдой экспорт қилиш имконига эгамиз. Санкциялар бизга шу маънода ёрдам берди. Аммо улар Европа иттифоқидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга фойда келтирди дея олмаймиз.

— Мен оддий россияликлар ҳақида, бу уларга қандай таъсир қилаётгани ҳақида сўраган эдим. Россияда яшаш кун сайин қийинлашаётгани, халқ қўзғолиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзларни эшитаяпмиз. Бу сизни хавотирга солмайдими?

Албатта, биз, энг аввало ҳукумат, иқтисодиётдаги аҳвол, иқтисодий вазият қандай ижтимоий оқибатларни келтириб чиқариши хусусида ўйлашимиз шарт. Аммо дангал айтмоқчиман, биз кўп соҳаларда бюджет харажатларини қисқартиришга мажбур бўлдик, лекин ижтимоий харажатларга тийинганимиз йўқ. Биз бюджетчиларнинг ойлигини, нафақаларни кесмадик, ҳатто пенсияларни бултур ҳам, бу йил ҳам озгина бўлса-да оширдик. Бундан кейин ҳам оширишга ҳаракат қиламиз. Яъни бизда давлатнинг ижтимоий харажатлари ҳимояланган. Шу маънода бугунги шароитда Россия фуқароларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун қўлимиздан келган барча ишларни қиламиз. Ҳукуматнинг асосий мақсадларидан бири ҳам шу.

— Келинг, яна халқаро нуқтаи назарга қайтамиз. Инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлигига риоя қилиш масаласида Россия ҳамон маломатлардан қутулгани йўқ. Бу борада ҳатто ортга кетаяпти дейиш мумкин. Нега шунақа?

Дангалини айтганда, Россияда сўз эркинлиги қай даражада таъминланган, оммавий ахборот воситалари қай даражада эркин фаолият юритади деган масалаларда ҳар доим сизнинг фикрингиз бизникидан фарқ қилган. Бизни жуда кўп танқид қилишган ва ҳозир ҳам танқид қилишади. Бу борада бизнинг ўз позициямиз бор. Россиядаги оммавий ахборот воситалари Европадаги оммавий ахборот воситаларидан андак фарқ қилади чоғимда: тарихий фарқлар бор, ривожланиш даражасидаги фарқлар бор. Мен камдан-кам телевизор кўраман, қоғоз шаклидаги газитларни ҳам кам ўқийман. Деярли барча ахборотни интернетдан оламан. Мендайлар мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил қилади. Интернетда, ўзингиз биласиз, ҳеч қанақа тўсиқ йўқ. Ундан турли-туман фикрлар, ҳатто экстремистик фикрлар ҳам жой олган. Шу боис ҳозирги замонда аҳолининг муайян тоифаси ахборот олиш ҳуқуқидан маҳрум дейиш менга юзсизликдай туюлади.

Ҳа, лекин диссидентларни жим юришга мажбурлашаётганга ўхшайди. Ҳадемай Борис Немцов ўлдирилганига бир йил бўлади. Буюкбританияда эса — хабарингиз бор — Александр Литвиненконинг ўлдирилиши юзасидан ўтказилган тергов материаллари эълон қилинди. Унда Литвиненкони ўлдиришга президент Путин буйруқ берган бўлиши мумкинлиги айтилган. Шу муносабат билан сиз британ ҳукуматини судга берасизми? Улар билан шу ҳақда гаплашиб олдингизми?

Сиз қандайдир истеъфодаги судянинг қандайдир ҳисоботини тилга олдингиз. Мен уни шунчаки қизиққанимдан кўриб чиқдим, унинг ҳар бир бўлими ва абзаци “probably” (ингл. эҳтимол) сўзи билан бошланар экан. Изоҳга на ҳожат? Ачинарлиси шундаки, “probably” сўзи билан тўлиб-тошган бу ҳисоботни бош вазирлар ва ташқи ишлар вазирлари изоҳлаб ётишибди. Бу эса афсунгарларга, жодугар хотинларга қарши курашни ёдга солади. Майли, бу уларнинг виждонига ҳавола. Бирон-бир юридик чора кўриш масаласига келсак, бу жуда кулгили-ку. Керак эмас, қандайдир аҳмоқона гаплар ёки бемаъни филмлар учун Россия ҳеч қачон бирор-бир давлатни таъқиб қилмайди.

Ва ниҳоят сўнгги савол. Жаноб бош вазир, сиз бош вазир ҳам, президент ҳам бўлгансиз. Шу боис бугун биз муҳокама қилган масалаларни ипидан игнасигача биласиз. Агар мен сиздан бош вазирлигингиз ёки президентлигингизнинг қандайдир бир энг муҳим палласини ёдга олишингизни сўрасам, нима деган бўлардингиз?

Бундай паллалар кўп бўлган. Бош вазирлик ҳам, президентлик ҳам жуда қийин, мураккаб вазифа. Ҳаётимнинг бу саккиз йили доимий жўшқинлик, фидойилик йиллари эди. Мамлакат ичкарисида ҳам, халқаро майдонда ҳам мени хурсанд қилган, баъзан қайғуга солган, мен учун катта аҳамиятга эга бўлган жуда кўп воқеалар юз берган. Чунки биз фақат баҳслашиб, жанжаллашганимиз йўқ, нималардир қилганмиз ҳам. Масалан, қачонлардир стратегик ва ҳужумкор қурол-яроғларни чеклаш тўғрисида янги битим тузишга муваффақ бўлганмиз. Бу ажойиб иш бўлган эди. Бу ҳужжат имзоланган, ҳозир ҳам амалда, бажарилмоқда, демак, биз ҳамкорлик қила оламиз, келиша оламиз. Шу ерда, Германияда ва Европанинг бошқа мамлакатларида ҳамкасбларим билан бўлган мулоқотлар… Биз жуда кўп масалаларни ҳал қилдик. Буларнинг барчаси жуда ажойиб, қизиқ. Қачонлардир буларнинг ҳаммасини батафсилроқ айтиб берарман! Аммо ҳозирча мен ишлаяпман, ишим эса жуда қизиқ!

Euronews маълумоти:

— Дмитрий Медведев 1965 йил 14 сентябрда туғилган.

— 1990-йилларнинг бошида Санкт-Петербург мэриясида Владимир Путин билан бирга ишлаган.

— 2008 йили Россия президенти этиб сайланган.

— 2012 йили Владимир Путин яна президентликка сайлангач, бош вазир этиб тайинланган.

Ҳасан Карвонли таржимаси

Tafsilot.uz маълумоти:

Мазкур мақола euronews.com сайтида «Глобал суҳбат» рукнида эълон қилинган.

***

2014 йилнинг 16 март куни Украинанинг Қирим автоном республикасида яриморолнинг кейинги мақомига бағишланган умумқирим референдуми бўлиб ўтди. Унда иккита савол қўйилди: Россия таркибига федерация субъекти сифатида қўшилиш ёки 1992 йилги Қирим республикаси конституциясини тиклаш. Кўпчилик овоз билан Қирим Россия федерацияси таркибига қўшилди.

Аммо халқаро ҳамжамият, яъни БМТга аъзо давлатларнинг аксарияти мазкур референдумни тан олгани йўқ ва Қиримнинг Россия таркибига қўшилишини аннексия* деб баҳоламоқда.

*аннексия (лот. Annexio, annexus — қўшиб олмоқ) — бир давлат томонидан бошқа бир давлатнинг бутун ёки қисман ҳудуди зўрлик билан бир томонлама қўшиб олиниши. Халқаро ҳуқуққа биноан аннексия агрессия кўринишларидан бири бўлиб, ҳозирги кунда халқаро-ҳуқуқий жавобгарликни келтириб чиқаради. БМТ уставига биноан ҳар қандай давлатнинг ҳудудий дахлсизлигига ёки сиёсий мустақиллигига қарши ҳар қандай таҳдид ўтказиш ёки куч ишлатиш ман этилади.

«Ўзбекистон юридик энциклопедияси»дан.


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>