• Бугунги сана: Shanba, Iyun 24, 2017

Қилмиш-қидирмиш…

Қишлоқда гап тез тарқалади: эмишки, баққол тарозидан уриб қолиб, одамларни алдаётган экан. Ҳаммаси новвойнинг қишлоқ қозиси олдига шакар сотувчи савдогар устидан шикоят қилиб боришидан бошланди.

“Мен ундан пишириқ учун ҳар куни 500 грамм шакар сотиб оламан. Одатимга кўра, ундан олган шакарни ишлатишдан олдин тарозига тортдим. Не кўз билан кўрайки, муттаҳам савдогар менга сотган қадоқда 500 эмас, 450 грамм шакар бор экан. Биласиз, пишириқнинг мазали чиқиши учун масаллиқ меъёрида бўлиши керак. Аммо у ҳар гал шунча шакар уриб қолса, мен хонавайрон бўламан. Сизнинг олдингизга адолат истаб келдим”, — деди жабрдийда новвой умидвор кўзларини қозига тикканича.

Кўп ўтмасдан нозирлар шакар сотувчи баққолни топиб келдилар. Ўзига қўйилган айбловни эшитган савдогар аввалига шошиб қолди. Бир фурсат ўтиб хотиржамлик билан гап бошлади.

“Оқил қози жаноблари, ўша куни одатимга кўра новвойдан тушлик учун нон олиб, дўконга борган эдим. Афтидан, болалар тарозини ўйнашган кўринади, унинг 500 граммли тошини ҳеч қаердан топа олмадим. Ноилож тарозининг бошқа палласига новвой 500 грамм деб сотадиган ўша нонни қўйиб, бир неча қадоқ шакар ўлчашга мажбур бўлган эдим. Аммо, бу ҳолат фақат ўша куни содир бўлди. Эҳтимол, новвой олган шакар ҳам ўша кунги қадоқдандир”.

Қози бир оз ўйга чўмгач, новвойнинг дўконидан бир нечта нон келтиришларини буюрди. Келтирилган нонлар ўлчаб кўрилганида уларнинг барчаси меъёридан 50 грамм енгил экани маълум бўлди.

Қаллоб новвой уятдан қишлоқдошлари қаршисида мулзам бўлди. Қози маънавий зарар етказгани учун новвойнинг шакар сотувчи савдогарга бадал пули тўлаб бериши тўғрисида қарор чиқарибди.

Шуҳрат Сатторов таржимаси

Калит сўзлар: , ,

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>