• Бугунги сана: Juma, Avgust 18, 2017

Қайси спорт тури билан шуғулланган маъқул?

Спорт соғлиқни мустаҳкамлайди. Бу ҳамма учун тушунарли ва эндиликда оддий аксиомадир. Савол «кўпроқ қайси спорт тури билан шуғулланиб турган маъқул», тарзида қўйилганда эса мутахассисларга, тиббиёт ходимларига мурожаат қилишга тўғри келади. Гарчанд бу мавзу эндиликда дунёнинг кўплаб олимлари тадқиқотининг омилига айланган бўлса-да, бобомиз Ибн Сино аллақачон унинг ечимини айтиб ўтган эди. Буюк олим бадантарбия билан шуғулланиб турган одамга асло дард йўламаслигини эътироф этиб, фақат бу машғулот ўз вақтида ва меъёрда бўлишини тавсия этади.

Дунё олимларининг бу мавзуга яна қайтишига сабаб орадан ўтган узоқ вақт давомида ҳаётимиз, турмуш тарзимиз, хусусан спортнинг техника тараққиёти билан узвий боғлиқ равишда ўзгарганлиги, тринажёрлар, кўплаб янги спорт турларининг пайдо бўлганлигидир. Хўш, бугунги кунда қайси спорт тури билан шуғулланган маъқул? Албатта бу ерда сўз профессионал спортчилар ва уларнинг шуғулланиш машғулотлари хусусида эмас, балки жисмоний тарбия, саломатлигидан қайғурувчи инсонлар ҳамда уларнинг ўз саломатликларини мустаҳкамлаши тўғрисида бормоқда.

Немис олимларининг кейинги йилларда олиб борган тадқиқотлари ҳам спортнинг, жисмоний тарбиянинг кишилар ҳаётидаги роли ва меъёр ҳамда вақт бирлигига бағишланди. Уларнинг хулосаларига кўра теннис, футбол, сув тўпи ва бир қатор спорт турлари билан шуғулланиб туриш яхши оқибатларга олиб келади. Чунки мазкур спорт турлари билан шуғулланиш жараёнида киши танасидаги барча тўқималар ҳаракати фаоллашади ва улар ҳаракатининг меъёрийлиги бузилмайди – тўқималар ўзига тегишли равишдаги бир хил ҳаракатда бўлади. Бу ҳол киши танаси меъёрида ривожланишига, ўз навбатида тўқималарнинг касаллик қўзғатувчи турли инфекцияларга қарши курашишини фаоллаштиради.

Лекин бу спорт турлари алоҳида шароит ва бошқа кишиларни жалб қилишни талаб этади. Шу боис бу спорт турлари билан барчанинг бирдай мунтазам шуғулланиш имкони йўқ. Қолаверса, уларда, айниқса футболда жароҳат олиш хавфи мавжуд. Шунингдек, футбол ва теннис чанг ютиш ва кўп қувват сарфланиш билан алоқадор.

1267282419_1

Немис олимларининг фикрича, ХХ асрнинг сўнгги йилларида Ер юзидаги бевақт ўлим ҳодисаларининг 35,5 фоизининг сабабини саратон (рак), 31,3 фоизини эса инфаркт ташкил этган. Тиббиётчилар бу касалликларга қарши спорт орқали кураш келгусида яхши натижалар беришига умид билдиришаяпти. Германиядаги рак касаллиги бўйича тадқиқот институти раҳбари, профессор Рихард Ростнинг фикрича, кишиларнинг алоҳида тарзда ўз соғлиқларини мустаҳкамлаш учун энг маъқул спорт турлари – бу сузиш ва чанғида югуришдир. Улар кишилар соғлигини мустаҳкамлашдан ташқари, ҳатто юрак ва саратон касалликларига қарши курашувчи энг яхши воситадир. Кёльн олий спорт мактабида бўлиб ўтган конгресс қатнашчилари ҳам буни тасдиқлашди. Профессор Рихард Рост сузиш ва чанғида югуришни «энг соғлом» спорт тури деб атади. Унинг тадқиқотлари бу спорт турининг нафақат инфаркт, балки саратонга қарши курашда ҳам роли катта бўлишини кўрсатган. Бир қатор биокимё олимлари ва спорт ҳакимларининг хулосаларига кўра ҳам бу спорт турлари билан шуғулланиш жараёнида киши танасидаги саратон белгиларига қарши тўқималар ҳаракати фаоллашади ва натижада хасталик аломатлари нобуд бўлади.

Сузиш ва чанғида югуришнинг афзал томонлари яна шундаки, улар экологик жиҳатдан ҳам мусаффодир. Киши сузиш билан шуғулланганда худди футболдаги каби унинг бутун тўқималари ўзига тегишли равишдаги бир хил ҳаракатда бўлади. Бу одамнинг, айниқса, ўсмирларнинг танаси бир хил, яъни меъёрида ривожланишига олиб келади. Масалан, тош кўтариш билан шуғулланган кишининг билак ва елка тўқималари бошқа тана аъзоларига нисбатан тез ривожланиб кетади. Профессионал футболчиларнинг эса оёқ мускуллари билакларига нисбатан яхшироқ ривожланади ва ҳоказо.

Сузиш ва чанғида югуриш шароитига эга бўлмаган кишилар врачларнинг вақт ва меъёрга амал қилиш борасидаги тавсиясига амал қилган ҳолда югуриш билан шуғуллангани маъқул. Демакки, буюк олим бобомиз Ибн Сино аллақачонлар таъкидлаганидек, бу жараёнда вақт ва меъёр бузилса, унинг зарарли томонлари ҳам мавжуд. Олимларнинг фикрича, югуриш ҳам сузиш ва чанғида югуришнинг ўрнини боса олади ва одам танасидаги турли хасталикларга қарши тўқималар, ҳужайралар фаоллигини ошириб, соғлиқни мустаҳкамлайди. Шунингдек, барча тана аъзоларининг бир хилда ривожланишига ҳам хизмат қилади, табиийки кишининг ташқи кўринишини ҳам гўзаллаштиради.

suzish

Югуришнинг салбий томонларини олимлар жараёндан кейинги ҳолат билан боғлашмоқда. Киши югурганда, табиийки, терлайди ва тери тўқималаридаги ташқи муҳит билан боғловчи тешиклар янада кўпроқ очилади. Агар бу тешикларга микробли чанглар ўрнашса-чи? Хўп, шундай бўлмади дейлик, чунки машғулотдан сўнг шуғулланувчи ўраниб-чирманиб душ сари йўл олди. Лекин душга тушган чоғида тўқималарига керакли бўлган ҳарорат меъёрини, яъни сув ҳарорати билан тана ҳароратининг қандай ҳолатда, меъёрда уйғунлашувини мутахассис бўлмаган одам билмайди. Сузишда эса машғулот ва ювиниш жараёни бир вақтнинг ўзида, энг муҳими табиий равишда кечади. Шу боисдан бир гуруҳ олимлар фойдалилик коэффициенти бўйича сузишни югуришдан устун қўйишмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, сузишда сув кишининг ташқи тана тўқималарини муолажа ҳам қилади. Буни тасаввур қилиш учун соч олдирганингиздан сўнг руҳингизда сезган енгилликни ҳис этиш кифоя, яъни сартарош соч олиш билан бирга сизнинг бош тўқималарингизни массаж қилади ва оқибатда миянгиз чароғонлашиб, ўзингизни енгил ҳис қиласиз.

Енгил атлетиканинг югуришдан ташқари алоҳида тарзда бажариладиган, жароҳат олиш хавфи кам бўлган турлари ҳам кишиларнинг ўз соғлиқларини мустаҳкамлаш учун маъқул ва қулай ҳисобланади. Чунки кейинги даврда ўқув муассасалари, тиббиёт ҳамда дам олиш масканлари ва аҳоли яшаш жойларида замонавий тринажёрларнинг пайдо бўлиши бу спорт турлари билан шуғулланиш учун алоҳида шароит талаб этиш муаммоларини кун тартибидан олиб ташламоқда.

images

Умуман олганда, Олимпиада ўйинлари дастурига киритилган барча спорт турлари тиббиётчилар текширувидан ўтказилган ва киши ҳаёти учун зарарсизларигина «имтиҳон»дан ўтган. Шунга қарамай, тадқиқотчи тиббиёт олимларининг фикрига кўра соғлиқни мустаҳкамлаш учун барча спорт турлари билан шуғулланавериш тавсия этилмайди. Хўш, қайси спорт турлари билан шуғулланиш фойдадан кўра хавфлироқ, айниқса спортчи бўлмаган, кўпроқ хонада ўтириб ишлайдиган киши қайси спорт турларидан йироқроқ бўлиши керак? Бу борада жаҳон миқёсида тиббиётчилар ва спорт мутахассислари, яъни спорт ҳакимлари ўртасида етарлича баҳс, мунозаралар мавжуд. Бу ҳақда навбатдаги мақолаларимизда маълумот берамиз.

Расул Жумаев

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>