• Бугунги сана: Seshanba, Dekabr 12, 2017

Қарсакбоз

Мириқиб хуррак отиб ётсам, шофёрлари келиб Афоқ ака йўқлаётганини айтди. Кафтларимни ишқаб кириб бордим.

— Тайёрлан, шаҳарга жўнайсан. Юқоридан катталар келган. Қарсакни қотир. Қўшни раис Маҳкам ака сени илтимос қилиб сўради. Ўтган мажлисда маҳоратингга қойил қолган экан. Менга ҳам шунақасидан топиб бер, деб ҳол-жонимга қўймаяпти. Тағин йўлдан уриб юрмасин. Шу мажлисга бориб кел, ойлигингни оширамиз, хоҳласанг, машина ҳам бўлади.

— Маҳкам аканинг машинасида жўнадик. Йўл-йўлакай тушунтирдилар.

— Минбарга чиқиб гапираётганимда тўсатдан сўздан адашишим бор. Катталарнинг олдида суст босади. Қоғоздан ўқиб беришнинг йўриғи бошқа. Қоғозсиз гапирасиз, дейишаяпти. Сўз келмай қолиши билан то ўзимни ўнглаб олгунимча қарсакни босаверинг. Довдираб қолганим билинмасин.

Мажлис бошланди. Кафтларимни чоғлаб кутиб турдим. Маҳкам ака чиқди. Гап келмай аянчли мўлтираши билан қарсакка куч беравердим. Бошқалар ҳам ночор қўшилиб туришди. Мажлис тугаб, ташқарига чиқишимиз билан Маҳкам ака қучоқлаб олди.

— Яша, ука, яша. Бир балодан қутқардинг! Юзимни ёруғ қилдинг. Яхши гапирдингиз, шекилли, ҳар сўзингиздан кейин қарсак бўлди-я, деб катта мени табриклади. Хўп десанг, хўжалигимга олиб кетаман. Уй десанг уй, машина десанг машина, истасанг бирорта дўндиқчага ҳам уйлаб қўйиш қўлимдан келади.

Охирги сўзларидан эриб кетиб, қарсак чалиб юборишимга сал қолди. Раисимизнинг гаплари эсимга тушиб, раҳмат деб қўя қолдим. Маҳкам ака афсус билан бош чайқадилар. Аммо ресторанга олиб кириб, роса яйратдилар.

qarsakboz_Эртаси рўзномада Маҳкам аканинг нутқлари босилиб чиқди. Нутқларидан кўра қавс ичида “қарсак”, “давомли қарсаклар” кўпайиб кетибди. Бу обрўдан кейин раисимиз қўлимни совуқ сувга урдирмай қўйдилар. Хотин: “Боққа қарамай қўйдингиз, озроқ ишласангиз қўлингизнинг хинаси кетадими?” дея минғирлаган эди, секин раисга шипшитиб қўйдим. Тўртта ишчи келиб ҳамма ёқни саранжомлаб кетди.

Ишларим ривожлангандан ривожланди. Эҳ-ҳе, не-не йиғинларда бўлмадим. Бутун гавдаси орденга тўла кимсаларни кўрдим. Бунақалар қатнашган йиғинларда анча қийин бўларди. Чунки бунақа жойларда бели бақувват қарсакбозлар кўп келарди. Улардан ўтказаман деб анча тер тўкардим. Айниқса, “пахта планини фалон милён тоннага етказамиз!” деганда бор куч билан чалардикки, бино ёрилиб кетгудек бўларди. Ҳар қарсиллатганимизда кафтларимиздан учқун чақнарди гўё. Вазифамни виждонан бажараётганимни кўрган Афоқ ака “Кафтларингга “сифат белгиси” муҳрлатаман”, деб юрувдилар, қаёқдандир ошкоралик шабадаси эсди-ю, у кишини ҳам чирпирак қилиб учириб юборди. Мендек ноёб талантга ҳеч ким эътибор бермай қўйди. Янги раис сайлангач, яна мажлис бўлди. Раис гапираётганда мириқиб яшаган кунларимни эслаб хаёлга берилибман. Қарасам раис нутқини тугатибди. Бунисига ҳам ёқай деб шунақанги усул билан “ноғора” қилдимки, роҳатдан кўзларим юмилиб кетди. “Симфониям”ни тугатиб кўзимни очсам, ҳамма менга қараб турибди. Билсам, раис мени роса танқид қилган экан. Бунинг устига товуқбоқар: “Ишламай ойлик олади. Яна келиб тухум ютганига ўлайми, шундоғам планни бажаролмай ётибмиз”, деб тўполон қилибди.

Шу кунларда ишсизлик “гашти”ни суриб юрибман. Кафтларим занглай деб қолди. “Қарсакбоз” кооперативини очай дейман-у, кўп пул одамни бузади, деб чўчийман. Бўлмаса ишхона борки, мажлиси бор. Мажлис борки, менга ўхшаганлар даркор. Мана айтишаяптики, “делегатларимиз сўзга чиқмайди, нима қарсак чалгани боришганми?” деб. Фақат қарсак чалгани бўлса, уларни овора қилиб нима қилишарди. Мени юборишмайдими, қойиллатиб келардим. Шуларни ўйлаб шогирдлар тайёрлашга аҳд қилдим. Муваффақиятлар ёмон эмас. Мажлисларда ён-верингизга разм солсангиз, берилиб қарсак чалаётган шогирдларимни кўрасиз. Қани, бўш келманглар, олға! Қарс, қарс, қарс…

Марат Шарипов,

______________________________

(“ЎзАС” газетаси, 1992 йил)


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>