• Бугунги сана: Seshanba, Sentabr 19, 2017

Қалтис ваъда

Мэрайлибоун-Хай-стритдаги «Поттерс» ресторани энг қиммат ресторанлардан бири эканини кўчада овқатланиш одати бўлган лондонликлар яхши билишади. Унинг унча жарангдор бўлмаган номи одатда ижара хонасида ёки арзон тамаддихоналарда овқатланишни маъқул кўрувчи Николас Хоуторнни чалғитди чоғи, Аннабелнинг «Поттерс»га борайлик» деганига индамай рози бўлган эди.

У қизни биринчи марта ресторанга таклиф қилиши эди. Аннабель ҳақида миқтидан келган, ёқимтойгина қиз дейиш етарли бўлса керак. Кичик юзига нисбатан жуда катта туюлувчи кўзлари худди ўзига чорлаётгандай таассурот уйғотарди. «Учар тулкига ўхшаб кетади», — деб ўйлади Николас.

Аннабель «Поттерс»гача такси тутишни таклиф қилди. Мэрайлибоун-Хай-стритнинг қоқ ўртасида жойлашган маҳобатли бинони кўрган Николаснинг хаёлидан «пиёда келсак таксида келишдан осонроқ бўларди» деган ўй ўтди, лекин тилига чиқармади.

У бу ерда овқатланиш қанчага тушишини чамалай бошлади. «Поттерс»нинг кўҳналигидан далолат бериб турган катта-катта, шаффоф ойналари бироз тоб ташлаган, тезобланган қорамтир дуб эшиклари эса эллик йилдан буён ҳар куни сайқаллаб туриладигандай кўринишда эди. Тортиб қўйилган дарпардалар ички интерьерни яшириб тургани боис қандайдир хусусий қароргоҳ ёки бойларнинг шаҳар ичидаги данғиллама ҳовлисидай таассурот қолдирарди кишида.

Эшикдан кирган жойдаги шинам барда қора чарм креслоларда уч жуфтлик ўтирган эди. Аннабелнинг палтосини қабул қилиб олган официант уларни ресторан залидаги стол томон бошлади. Ёш бўлса-да синчков Николас ўзи каби Аннабелнинг ҳам бу ердаги ҳашаматдан довдираб қолишини кутган эди. Лекин Аннабель ўзини палтосига қўшиб тортинчоқлигини ҳам ечиб ташлагандай тутди ва официант уларга менюни берганида дадиллик билан «перно» виносидан бошламоқчилигини маълум қилди.

Буларнинг барчаси унга қанчага тушар экан? Нархларга қараб дами ичига тушиб кетган Николас кредит картасини ҳам олволишни кўнглига солгани учун ич-ичидан Яратганга шукур қилар эди.

Аннабель ўзига сарсабил шўрва ва менюдаги энг қиммат овқат — қовурилган каклик буюртирди. Николас сабзавотли шўрва ва тўқмоқланган гўштга буюртма берди. У қиздан қизил ёки оқ винодан қайсисини маъқул кўришини сўраганида «Барибир бир шиша билан қутулолмайсан, шундай экан, иккаласидан ҳам буюраверамиз» деди.

Овқатланаётганларида Аннабель бир оғиз ҳам гапирмади. Николас қачонлардир ўқиган бир шеърини эслади, унда мактаб ўқитувчисига таҳсин айтаётган шоир биргина бошга шунча кўп билим қандай сиққаганидан ҳайратга тушади. Николас эса қизнинг мана шу митти жуссасига шунча егулик қандай жой бўлаётганидан лол эди. Қовурилган каклик ва унга қўшиб тортилган картошкани ҳам, қизил карамдан тайёрланган салатни ҳам, ловия салатини ҳам паққос туширган қиз официантнинг қўшни столдагиларга димлаб пиширилган артишок таклиф қилаётганини эшитиб, ундан ҳам татиб кўришни ихтиёр қилди. Николас у яна бирор нима буюриб қолмасин деб юрагини ҳовучлаб турган бир пайтда ялтоқи официант атайин қилгандай десерт тўла аравачани ғилдиратиб келиб қолди.

— Бизда барра қулупнай бор, хоним!

— Ноябрда-я? — деди ҳайратланиб Аннабель. — Қандай ажойиб!

Винонинг охирини ҳўплар экан, Николас унинг қулупнайни қаймоққа булаб ейишини кузатиб ўтирди. Аннабель бу орада  шоколадли рулет келтиришларини сўрашга ҳам улгурди.

— Ликёр хоҳламайсизми, жаноб?

 Николас алам билан бош чайқади. Аннабель эса шартрез бўлса йўқ демаслигини айтди. Николас бу энг тансиқ, турган гапки, энг қиммат ликёр эканини биларди.

Шу пайтда уни ҳисоб-китоб ҳақида ўйлардан ҳам кўра фаросатсиз очкўзликнинг томошаси кўпроқ азобга солаётган эди. У Аннабелдан озгина вақтга бўлсаям узоқлашгиси келди. Қиз у билан бор-йўғи бурнидан чиққунча еб, эсини йўқотгунча ичиш учунгина келганини яширишниям истамаётган эди. У узр сўради ва чиқиб ҳожатхона томон кетди.

У ерга бориш учун бар орқали ўтишига тўғри келар эди. Ўртадаги столни банд қилган жуфтликни айтмаганда, бар улар келган пайтдаги каби ҳозир ҳам деярли бўш эди. Кумушранг сочлари қуюқ, силлиқ юзи офтобда бироз қорайган ўрта ёшлардаги эркак ёнидаги жудаям ёш ва жудаям чиройли малласоч қизнинг елкасидан қучганча қулоғига нималарнидир шивирлар эди.

Николас уни дарҳол таниди — у отаси кўп йиллар коммивояжер бўлиб ишлаган, икки йил олдин эса қулай бир баҳона билан ишдан бўшатиб юборилган компаниянинг раиси эди. Компания «Соренсен ва Мак-Гилл» деб номланар, кумушранг сочли киши эса Жулиус Соренсен эди.

Отасини жудаям яхши кўрадиган Николас, турган гапки, Соренсендан нафратланар, бироқ нимадир қилиш учун анча ёшлик қиларди. Кўзлар тўқнаш келганда истамайгина «салом» деб минғирлаб қўйиб, эркаклар ҳожатхонаси томонга ўтиб кетди.

Ҳамёнидаги бор пулини санаб, кредит карточкаси орқали компаниядан қанча қарзга киришини чамалаб кўрди. Отасидан қарз олишига тўғри келади, шекилли. Анави ярамас Соренсен ишдан ҳайдаганидан буён отасининг топиши ҳам ўртамиёна бўлиб қолган. Шунинг учун у имкон қадар отасидан пул сўрамасди.

У тушкун кайфиятда қайтиб ўтаётганида Соренсен ва унинг хуштори бир-биридан узоқроқ ўтиришган экан. Улар Николас томонга қарашмади, у ҳам улар томонга қарамасликка уринди.

Аннабель птифур ширинлигини очкўзлик билан ютаркан, иккинчи рюмка шартрезни ҳам ичиб тугатди. Николас олдинроқ унинг юзини учар тулкиникига ўхшатган эди, шу дақиқада эса бу бор-йўғи бир тур кўршапалакнинг чиройли номи экани эсига тушди. Мағизли апелсинни еётган Аннабель ростан ҳам кичкина, мечкай кўршапалакни эслатарди.

— Мени уйқу босди, яна ғалати бўлиб кетаяпман, — деди у. — Ё биронта вирус юқтириб олдиммикан? Тезроқ ҳисоб-китоб қивормайсанми?

Николас официантнинг эътиборини қаратгунча бироз кутиб қолди. Унинг имлаётганини кўрган официант учиб келди.

— Ҳисобни келтирсангиз, — у буни Цезарга юзланган гладиаторнинг «Ўлим билан юзлашаётганлар сени шарафлайди!» деганидай бир оҳангда айтди.

Зум ўтмай қайтиб келган официант уни метрдотел[1] сўраттирганини айтиб, лутф кўрсатиб у билан боришини сўради. Николас ажабланганча бош силкиб қўйди. Нима бўлди экан?

Аннабель креслога ўзини беўхшов тарзда ташлаб юборган, кўзлари сузилган, оғзидан сўлаги оқаётганини ҳам пайқамайдиган ҳолатда эди. Улар, афтидан, тезроқ уни бу ердан олиб кетишимни сўрашса керак деб ўйлади официантнинг ортидан бораётган Николас.

Соч турмагидан пингвинни эслатувчи гавдали киши унга «Сиз учун ҳисоб-китоб қилинган, сэр» деганида Николас унга қараб анқайиб қолди.

— Тушунмадим, бу билан нима демоқчисиз?

—  Отангиз тўлади, сэр. Менга шуни айтиб қўйиш топширилган.

Николас беҳад енгил тортди. Ўзини бўйи бир қарич ўсгандай ҳис қилди. Бундан чиқди, ҳозиргина кимдир унга … совға қилди. Ҳм, қанча? Олтмиш фунт? Етмишми? Дафъатан у тушунди. Соренсен тўлаган. Йигитнинг отасиман деб. Отасини ишдан бўшатгани учун кичкинагина компенсация. Олтмиш фунт тўлаш билан гўёки айбини ювмоқчи, адолатсизликни озгина бўлсаям тўғрилашни истаганини кўрсатмоқчи бўлибди-да!

— Марҳамат қилиб менга такси чақирсангиз! — деди ўзига ишончи ортган Николас. Сўнг ўзини ҳақиқий лордлардай тутиб, пинакка кетган Аннабелни уйғота бошлади.

Баланд кайфият уни анча вақтгача, мудраб бораётган Аннабелни уйига ташлаб, ўзининг ижара хонасига қайтганидан кейин ҳам тарк этмади. У кечки газетани олиб кроссворд ечишга тутинди. Эҳтимол, ана шу кроссворд бўлмаганида ҳаммаси бошқача бўлармиди.

«Вертикал бўйлаб ўн икки: қалбингизни коррупцияга мубтало этувчи хатти-ҳаракат (тўрт ҳарф)». «П» ва «А» ҳарфлари бор эди. Николас шу ондаёқ жавобни топди: «Пора!»

У газетани ғижимлаб отиб юборди.

Соренсендай одам қилган адолатсизлиги учун изтироб чекиши ёки бир сония бўлсаям ўзининг ҳақлигига шубҳаланишига ишониш учун одам қанчалик аҳмоқ, қанчалик лақма бўлиши керак? Турган гап, Соренсен ҳеч қанақанги компенсация ҳақида ўйламаган. Ва албатта у бу пулни меҳри тошгани ёки пушаймонлик таъсирида ҳам тўламаган.

Буни шунчаки, ўша малласоч қиз билан ноқулай аҳволда кўриб қолган Николаснинг оғзини ёпиш учун қилган. Яъни, сирларидан бошқалар воқиф бўлишини истамаган оилали, бунинг устига кўпчиликнинг эътиборидаги одамнинг одатдаги хатти-ҳаракати. Бу коррупция билан доим қўл ушлашиб юрадиган пора эди.

Уч йилча бурун Соренсен ходимлари учун уюштирган зиёфатга Николас ҳам отаси билан бирга борган эди. Ўшанда меҳмонларни Соренсен хоним кутиб олувди. Николас кичкинагина, нимаси биландир сичқонга ўхшаб кетадиган, ёшига нисбатан қаримсиқ кўринган қўнғир сочли аёлни эслади.

Соренсен ана шу аёл, яъни рафиқаси унинг ёшгина, қизи тенги келадиган жазмани борлигини билишини истамагани учунгина саховат кўрсатибди.

«У мени сотиб олди, — деб ўйлади Николас, — сотиб олди ва тубан бир кимсага айлантириб қўйди. Ҳеч бўлмаганда, шунга уриниб кўрди. Лекин бундай бўлмайди. У Хоуторнларнинг яна биттасини бопладим деб ўйлаётган бўлса, адашибди. Бир мартасиям етар».

Николас тунни қийналиб ўтказди.  У ўз шаъни, ғурури деб бир неча ҳафта ишлаб топганидан воз кечишига тўғри келишини тушуниб турарди.  Уйғонгач, бир тўхтамга келди. Чек дафтарчаси жойида эканига ишонч ҳосил қилиб ишга отланди.

У «Соренсен ва Мак-Гилл»га телефон қилиш учун ўзида журъат топгунича бир неча соат ўтиб кетди. Соренсен учрашишни истамаса-чи? Қани энди банкдаги ҳисоб рақамида беш юз минг фунт бўлса-ю, икки энлик киборона хатга қўшиб тўлдирилмаган чек жўнатиб юборса.

— «Соренсен ва Мак-Гилл». Эшитаман сизни!

У телефончи қизнинг ўша, бир пайтлар отасига телефон қилгандаги таниш овозини эшитди.

Николас бугун жаноб Соренсен билан зарур бир масала юзасидан учрашмоқчилигини айтди. Уни Соренсеннинг котибаси билан улашди. Кутишга тўғри келди. Қиз яна гўшакни олди. Николас «йўқ» жавобини эшитишга тайёр эди.

— Жаноб Соренсен кундузги соат бир сизга тўғри келадими деб сўради.

Тушликдан кейин? Албатта, тўғри келади!

Жин урсин, уни кўриш учун Соренсен шоҳона дастурхон устидаги тушлигидан воз кечармиди?

 Николас унинг кутилмаганда учрашишга розилик бергани сабабини ўйлаганча Беркли-скверга отланди. Қалбининг туб-тубидан эшитилаётган умиднинг ожизгина, ингичка овози кечаги фикрларини инкор этишга киришди.

Балки Соренсен ростан ҳам яхшилик қилгиси келгандир? Николас унинг олдига борганида кечки овқат учун тўлов беғараз, шунчаки ўзининг собиқ ходимининг ўғлига қилинган арзимас совға эди деса-чи? Балки, анави чиройли қиз Соренсеннинг қизи бўлиб чиқар? Николас унинг фарзандлари ҳақида ҳеч нарса билмас эди. Ростанам қизи бўлса-чи?

Бундан чиқди, аллақандай коррупция, пора ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Ахир чин дилдан таклиф қилинган сигаретни рад этиш ёки  бўлмаса, мезбоннинг меҳмондўстлигидан хижолат тортишга на ҳожат?

«Соренсен ва Мак-Гилл» компаниясида уни танишар эди. У отаси билан бу ерга кўп келган, бундан ташқари у отасига жуда ўхшар эди. Анави соҳибжамол қиз эса Соренсенга умуман ўхшамасди…

Котиба уни компания раисининг хонасига бошлади. Соренсен қизғиш ёғочдан ишланган, юзаси нақшинкор ёзув столи олдида, жигарранг чарм креслода ўтирар эди. Унинг орқасидаги деворни Модильяни қаламига мансуб суратлар безаб турарди. Котиба қиз стол устидаги тўлиб кетган тўқ яшил нефритдан ишланган кулдонни янгисига, оч яшил нефритдан ишланганига алмаштириб чиқиб кетди.

— Салом, Николас, — деди Соренсен. — Қани, ўтиринг.

Николас хонадаги ягона, янгича дизайндаги, метал ва чарм уйғунлигида ишланган пастак стулга чўкди. Ростакамига чўкди. Яъниким, у курсига эмас полга ўтириб қолгандай ҳис қилди ўзини. Олдидаги қора ойнадан ясалган, чарм билан ҳошияланган столда қандайдир журналнинг яланғоч қизлар тасвири туширилган бетлари очиб қўйилган эди.

Шундай одамлар бўладики, улар бошқаларни ноқулай вазиятга солиб қўйишнинг уддасидан чиқа олишади.

Соренсен чекди ва Николасга ҳам сигарет таклиф қилди. У йигитга ўйчан қараб туриб, бошини чайқаб қўйди.

— Мен шундай бўлишини кутгандайман…

Соренсен гапиришга оғиз жуфтлаган Николасни қўл ишораси билан тўхтатди.

— Бир дақиқа, гапиришга ҳали улгурасиз, — унинг гап оҳанги шафқатсиз ва  шиддатли тус олди. — Сиз кеча мен билан кўрган қиз тасодифий танишим эди. Уни барда илинтирувдим. Уни илгари ҳечам кўрмаганман ва бундан кейин ҳам уни бошқа кўрмасам керак. У ҳар қанақасига олганда ҳам менинг жазманим эмас. Шошилманг! — у яна нимадир дейишга чоғланган Николаснинг гапини кесди. — Мен гапимни тугатиб олай, кейин гапирасиз. Хотинимнинг соғлиғи унчалик яхши эмас. Ўтган тунда мен қаерда ва ким билан бўлганимни билса, шубҳасиз, бу унга жуда ёмон таъсир қилади. Унинг яна тоби қочиб қолса, турган гапки, мен бундан қаттиқ сиқиламан, дилим вайрон бўлади. Аммо… —  у буни чўзиб айтди, — аммо ҳеч қачон ва ҳеч қанақасига мени шантаж қилишларига йўл қўймайман. Тушунарлими? Мен кеча сиз еган овқат учун тўладим — орамиз очиқ. Тўғри, сиз кўрган нарсани хотиним билишини истамайман. Аммо сиз буни унга айтишингиз, бу ҳақда дунёга жар солишингиз мумкин, нима қилсангиз қилинг, барибир сизга бошқа бир пенс ҳам тўламайман.

Бу гаплар, айниқса «шантаж» деган сўз Николаснинг юрагига наштардай қадалди, юзига қон тепди. Бу ерга ўз шаъни учун келган эди, аммо буни мутлақо нотўғри тушунишибди!

—  Гап умуман бундамас, мен умуман… нима учун менга бунақа гапираяпсиз?

— Буни эшитиш жудаям ёқимсиз-а, тўғрими? Нима десанг ҳам моҳият битта! Ахир олдимга яна пул беришимни сўраб келдинг-ку, тўғрими?

Николас жойидан туриб кетди.

— Мен пулингизни қайтариш учун келган эдим.

— Э, шунақами!? — Соренсен буни ғалати — урфдан қолган назокат ва сурбетлик қоришган бир оҳангда, аммо қизиқсиниш билан айтди.  Сигаретини кулдонга босиб ўчирди. — Тушунаман. Ёшлик — ғўрлик. Айтмоқчисизки, сиз сотилмайсиз, шундайми?

— Ҳа, мен сотилмайман.

Николас тоқат қилолмади. Бориб Соренсеннинг столига қўлларини тиради. Лекин улар ҳамон титраб турарди.

— Мен ҳеч қачон ҳеч кимга кўрганларимни гапирмайман. Сўз бераман! Лекин менинг еб-ичганим учун сиз пул тўлашингизга ҳам йўл қўя олмайман. Ўзингизни менинг отамга тенглаштиришингизга ҳам! — Унинг кўзлари ёшга тўлган эди.

— О, худо ҳаққи, ўтиринг! Шантаж қилиш ниятингиз бўлмаса, тилингизни тийиб юрмоқчи ҳам экансиз, унда олдимга нега келдингиз? Одоб юзасиданми? Ё эркакчасига, кеча кечаси қизлар билан қилган кўнгилхушликлар ҳақида лақиллашгани келдингизми? Биласиз-ку, сиз ҳам, отангиз ҳам мен оғайнигарчилик қиладиган одамлар сирасига кирмайсиз.

Николас бироз тисланди. У бу одамнинг кучини энди ҳис қилди. Бу пулнинг ва пулдор одамларгагина хос бир куч эди. У ҳозир Соренсеннинг илгари ҳеч илғамаган қандайдир жиҳатини кашф қилди. Соренсен унга металдан қуйилгандай туюлди — териси мисдан, сочлари кумушдан, костюми эса қалай ва қўрғошин қотишмасидан.

Николаснинг кўзини нимадир қоплаб олгандай, кўраётганларининг бари чаплашиб кетгандай бўлди.

— Ўша ҳисоб бўйича сизга қанча беришим керак? — дея олди у базўр.

— Худо ҳаққи, қўйсангиз-чи!

— Қанча?

— Олмиш етти фунт, — тиржайди Соренсен, — тахминан. Унинг буларнинг барига шунчаки эрмак деб қараётгани билиниб турарди.

Николас учун бу катта пул эди. У чек дафтарчасини олиб, Ж. Соренсен номига чек ёзиб, унга узатди:

— Мана пулларингиз. Лекин сиз кўпам хавотирланманг, сизни кўрганимни ҳеч кимга гапирмайман. Сўз бераман!

Шундай дер экан, у ўзини бениҳоя олижаноб, ҳақиқий қаҳрамондай ҳис қилди. Боягина оқиб тушишга шай турган кўзёшлар қуриди.

Соренсен чекка бир қараб қўйди-да уни йиртиб ташлади.

—Жудаям хира йигит экансиз. Тоқатим тугади, ҳозироқ кетинг бу ердан!

Николас бошини баланд кўтариб чиқиб кетди.

Орадан икки кун ўтди. Поездда тонгги газета ўқиб кета туриб, манфур Соренсен фамилиясига кўзи тушганда унга яна битта чек жўнатиш ҳақида ўйлай бошлади. Аввалига у газетадаги мақолада гап «унинг» Соренсени ҳақида кетаётганини ўйламаган эди. Қарасаки, ўша ҳақида: сарлавҳанинг йирик ҳарфлари «ЎРМОНДАН АЁЛ КИШИНИНГ ЖАСАДИ ТОПИЛДИ. ПУЛ МАГНАТИНИНГ ХОТИНИ ҚОТИЛЛИК ҚУРБОНИ» демоқда эди.

«Ўтган тунда Хертфордшир графлигидаги Хатфилд ўрмонида ташлаб кетилган автомобиль ичидан аёл кишининг жасади топилган, — дейилган эди мақолада. — Ўлим бўғилиш оқибатида юз берган. Бугун аёлнинг шахси аниқланди: Уинфред Соренсен хоним, 45 ёшда, Итон Плэйс, Белгрэйвиа. Марҳум офис жиҳозлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Соренсен ва Мак-Гилл» компанияси раиси Жулиас Соренсеннинг  рафиқаси экани ҳам маълум.

Соренсен хоним онаси Мэри Клиффорд хонимникига меҳмонга борган. Мэри Клиффорд хоним бу ҳақда шундай деди:

— Қизим меникида яна икки кун қолмоқчи эди. Сешанба куни кечаси уйига, Лондонга кетмоқчилигини айтганида ҳайрон қолган эдим.

— Сешанба куни рафиқам келишини кутмаган эдим, — дейди жаноб Соренсен. — У нима учун қўнғироқ ҳам қилмасдан йўлга чиққанини тушунолмадим. Унинг йўқолганидан хабар топишим билан полицияга хабар бердим.

Полиция буни қотиллик деб ҳисобламоқда».

— Бечора, — ўйлади Николас. — Жуфти ҳалоли ўз уйига, эрининг қошига уни соғиниб, унинг маслаги-ю муҳофазасига муштоқ бўлиб отланган бир пайтда, у ҳатто кимлигини ҳам билмайдиган аллақандай қиз билан кўнгилхушлик қилиб ўтирган. Энди афсус чекаётган бўлса керак. Жуда аянчли ҳолат: Соренсен анави қиз билан оғиз-бурун ўпишиб, қадаҳ уриштираётган бир пайтда хотини хилват бир зимистонда, ёлғиз ўзи қотилга ожизгина қаршилик кўрсатаётган бўлган.

Николас бу ишни Соренсеннинг ўзи қилганида ҳам ҳайрон қолмаган бўлар эди. Умуман, у Соренсендан ҳамма нарсани кутиш мумкинлигини билар ва у нимаики қилмасин ҳеч ҳам ажабланмас эди.

Аммо лекин Соренсен бу ишни қилмагани бошқалардан ҳам кўра кўпроқ Николасга аён эди. Шунинг учун кечқурун уйига қайтганида йўлакда уни кутиб турган икки полициячини кўриб ҳайрон бўлди.

— Безовта бўлманг, жаноб Хоуторн, — деди ўзини қидирув полициясининг инспектори деб таништирган ёши каттароғи. — Бу шунчаки расмиятчилик. Сиз бугунги газетадан Уинфред Соренсен хонимнинг ўлими ҳақида ўқиган бўлсангиз керак?

— Ҳа, хабарим бор.

— Ижозатингиз билан ичкарига кирсак.

Улар Николас билан юқорига, унинг хонасига кўтарилишди.

Буларга нима керак? Николас баъзан детективлар ўқиб тургани учун миясида турли-туман фикрлар чарх ура бошлади. Қизиқ, булар «Соренсен ва Мак-Гилл» компанияси билан сал-пал алоқам бўлгани учун Соренсеннинг феъл-атвори, оиласига бўлган муносабати ҳақида сўрашмоқчими? Унда келиб тўғри қилишибди.

 Эҳ, буларга нималарни айтсам экан-а! У рашк ва шубҳа-гумонлар гирдобида қолган бахтиқаро Соренсен хонимнинг нима учун қўққисдан онасиникидан икки кун аввал чиқиб, уйига қайтишга қарор қилганини осонгина изоҳлаб бериши мумкин. У эрини шахсан ўзи хиёнат устида ушламоқчи бўлган. Албатта, у эрини ўша қиз билан ўз уйида тутиб олган бўлар эди, афсуски етиб келолмаган. Қандайдир маньяк унинг жонига қасд қилган. Ҳа-ҳа, у буларни бажонидил айтиб бериши мумкин.

— Аниқланишича, — дея гап бошлади инспектор, — Соренсен хоним сешанба куни кечаси соат саккиз билан ўнлар орасида ўлдирилган.

Николас маъқуллаб бош силкиб қўйди. У ўзини зўрға ушлаб турарди. Агар ҳозир буларга ташқаридан ҳурматга сазовор кўринган ўша бизнесменнинг асл башарасини очиб берса борми, лол бўлиб қолишлари турган гап. Аммо бир сония ичида Николас оғзини очганча анграйиб қолди.

— Ўша кечаси соат ўнда жаноб Жулиус Соренсен, яъни марҳумнинг эри Мэрайлибоун-Хай-стритдаги «Поттерс» ресторанида ёшгина бир қиз билан бирга бўлган. Буни бизга унинг ўзи айтди.

Соренсен уларга айтибди! У тан олибди! Унинг ҳафсаласи пир бўлди.

— Сиз, ҳам ўша вақтда ўша ресторанда бўлгансиз, шундайми?

Николас секин жавоб қайтарди:

— Ҳм. Ҳа, мен ўша жойда эдим.

— Эртаси куни сиз, жаноб Хоуторн, «Соренсен ва Мак-Гилл» офисига боргансиз ва жаноб Соренсен билан ўрталарингизда суҳбат бўлиб ўтган. Қайси мавзуда суҳбатлашганингизни айтиб беролмайсизми?

— Биз… Мен уни кечаси «Поттерс»да кўрганим ҳақида гаплашдик. Унинг талабига кўра мен…

Николас тутилиб қолди. Унинг юзи ҳаяжондан қизара бошлади.

— Бир дақиқа, сэр! Менимча, сизни нима безовта қилаётганини тушунгандайман. Ижозат берсангиз буни изоҳлаб берсам — бунинг хижолат тортадиган жойи йўқ. Сиз ҳали жуда ёшсиз, ёшлар эса хиёнат ва садоқат тушунчалари тўқнаш келганда кўпинча иккиланиб қолишади. Тўғрими?

Нима деярини билмай турган Николас бош ирғаб унинг гапини тасдиқлаб қўйди.

— Аммо сиз ҳақиқатни гапиришингиз керак. Бунга тайёрман деб ўйлайсизми?

— Ҳа, албатта.

— Яхши. Жаноб Соренсен сизни сотиб олишга ҳаракат қилдими?

— Ҳа. — Николас чуқур нафас олди. — Мен унга сўз бердим.

— Жаноб Хоуторн, бу энди ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Ижозатингиз билан яна такрорлайман. Соренсен хоним саккиз ва ўн орасида ўлдирилган. Жаноб Соренсен бизга бу вақтда «Поттерс»да бўлганини айтмоқда. Бардаги официантлар уни эслай олишмади. У билан бирга бўлган хонимчанинг фамилияси эса, унинг айтишича, унга номаълум. Унинг гапига қараганда, сиз уни ўша ерда кўргансиз. — Инспектор ёрдамчисига қараб қўйиб, яна Николасга тикилди. — Бунга нима дейсиз, жаноб Хоуторн? Бу фавқулодда муҳим савол.

Николасни яна ҳаяжон босди, бироқ буни билинтирмасликка тиришди. Улар шундоқ ҳам тушуниб туришибди.

— Мен «Поттерс»да соат саккиздан тахминан ўн яримгача бўлдим. — деди у ҳақиқатдан чекинмасликка тиришиб. — Сешанба куни жаноб Соренсен билан унинг офисида учрашганимизда уни ресторанда кўрганим ҳақида гаплашган эдик. Ва… у менинг овқатим учун пул тўлади.

— Тушунарли.

Инспекторнинг нигоҳлари тешиб юборгудай ўткир эди! У ўзини ёшлик ва кексалик, донолик ва гўллик, айбсизлик ва коррупция ҳақида жуда кўп нарса биладигандай тутарди.

— Шундай қилиб… Сиз ҳақиқатан ҳам сешанба куни кечқурун «Поттерс»да жаноб Соренсенни кўрдингизми?

— Мен берган сўзимдан қайтолмайман, — секин, аммо қатъий оҳангда деди Николас.

У бундай қила олмасди ҳам. Полиция Соренсенни қотилликда айблаши учун ундан бор-йўғи берган сўзида туриш талаб қилинаётганини туйқус англади. Ва кўзларини яширган кўйи, айбдорона, бўғиқ овозда деди:

Мен уни кўрганим йўқ. Тўғриси, кўрмадим.

Шавкат Ёдгоров таржимаси

—————————————————-

[1] Бош официант, метрдотель


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>