• Бугунги сана: Chorshanba, Oktabr 18, 2017

Қалтис ўйин

Жек Ритчи

Бир соат рулетка ўйнаб, уч минг доллар ютиб олдим. Охирги ўттиз дақиқа мобайнида кўк кўзли ёқимтойгина қиз билан ўйнадим.

— Бу оқшом омадингиз келди, — деди у муваффақиятимни изоҳлар экан.

Ўйин мобайнида унинг исми Адрейн Макклоузи эканлигини билиб олдим. Ундан яна минг доллар ютгач, блэкжек ўйналаётган стол томон юрдим.

– Рулеткада омадингиз келди-ку. Блэкжекка ўтишнинг нима кераги бор?

– Рулеткада ютуқ тасодиф ё омадга боғлиқ, — жилмайдим мен. — Каллани кўпроқ ишлатадиган ўйинларни ёқтираман. Блэкжекда инсон ўз бахтига, албатта муайян даражада, ўз кучи билан эришади.

Мен столлардан бирининг атрофида ўтирган учта понтёр даврасига қўшилдим ва соат ўн бирга бориб яна икки минг долларга бойидим. Бир оқшомда ютган пулларим олти мингга етган эди.

— Менимча, бугунга етади.

Фишкаларни нақд пулга алмаштириб, Адрейн билан эртага яна учрашишга келишдим-да, «кадиллак»ка миниб уйга жўнадим.

Уйдаги биронта ҳам деразада ёруғлик кўринмасди. Иккинчи қаватдаги хобхонамда ҳамёнимдан пулларни чиқариб, уларга узо-оқ тикилдим. Одамлар нима учун қиморга қизиқади? Касалликми бу? Аҳмоқликми?

Эрталаб одатдагидек Сара аммам билан нонушта қилдим. У ҳалигача оила қурмаган. Коллежнинг биринчи курсида ўқиётганимда ота-онам авиафалокатда ҳалок бўлишган. Дафн маросимидан сўнг менга асосан қарзлар мерос қолганлиги маълум бўлди. Сара аммам ўқишим учун пул тўлашни ўзининг бурчи деб билганидан шунга қарор қилди. Таҳсилни тугатдим, лекин бир кун ҳам ишламадим: у мени ёнида олиб қолишни маъқул кўрди. Азбаройи ўзига яқин олганидан эмас, менимча, у уйда қариндошлардан кимдир яшашини хоҳлар эди.

Чой ичиб бўлганимиздан сўнг аммам ичига бир ойлик нафақам — минг долларлик чек солинган таниш оқ конвертни мен томон суриб қўйди.

Унинг юзидан ўпдим:

— Қандай меҳрибон ва мурувватлисиз, Сара амма!

Кечки соат саккизда яна «Жейсон клуби»га бордим. Адрейн барда бир семиз эркак билан ўтирган экан. У билан олдин учрашган эдим. Свенсонмиди ё Свансонмиди? Менимча, у Сара аммамнинг компанияларидан бирида вице-президент бўлиб ишлар эди. Мени кўриб Адрейн саломлашгандай қўл силкиди ва тезда ёнимга келди.

— Кўриниб турибди, ваъдага вафо қилар экансиз, жаноб Уэнтуорт.

Кеча унга фамилиямни айтмаган эдим, шекилли, аммо айтган бўлсам ҳам унутган бўлишим мумкин. Кассада минг долларни фишкаларга алмаштириб рулетка сари юрдим.

— Блэкжек яхшироқ деган эдингиз-ку? — ҳайрон бўлди Адрейн.

— Ҳозир рулетка ўйнагим келаяпти.

Бир соатда уч минг доллар ютиб олдим. Ўйин давомида менга диққат билан разм солаётган кишига кўзим тушди, у клубнинг эгаси жаноб Жейсон эди. Биз таниш эмас эдик албатта, лекин мен унинг расмини газеталарда бир неча бор кўргандим.

Фишкаларни йиғиб олиб, блэкжек ўйналадиган столга ўтдим ва ютишда давом этдим. Банкомёт ўйналган қарталарни тез-тез янгисига алмаштирар эди. Ниҳоят, Жейсон унинг ўрнига бошқа банкомётни қўйди. Афтидан у клуб эгасининг тўлиқ ишончини қозонган одам эди. Бироқ бунинг ҳам фойдаси бўлмади.

Адрейн мен билан касса томон юрди.

— Омад қушини ўзингиз билан олиб юрасиз шекилли, — жилмайди у. — Ёки бошқа бир гап борми?

Мен банкнотларни ҳамёнимга солдим.

— Эртан кечқурун яна келаман.

Уйда икки оқшомда ютиб олинган ўн икки минг долларни мириқиб санаб чиқдим. Қадаҳга бренди қуйиб, шошилмай ичдим.

Чоршанба куни одатдагидек тушдан кейинги тамадди пайтида Сара аммамнинг адвокати, молиявий маслаҳатчиси, ўзини оиламизга яқин олувчи Амос Тиллман билан учрашдим. У менга диққат билан тикилди.

– Айтгандай, Рожер, эшитишимга қараганда қиморга қизиқиб қолибсан.

– Свенсон айтдими?

– Свансон. Учрашганимизда у гап орасида сени «Жейсон клуби»да икки марта кўрганини айтди.

– Свансоннинг ўзи «Жейсон клуби»да нима қилиб юрибди?

Тиллман елка қисди:

— Нима қилса ҳам ўзининг иши. Лекин, Рожер, сен рулетка ёки блэкжек ўйнамоқчи экансан, нега айнан шу клубни танладинг?

— Танлаганим йўқ. Шунчаки ёнидан ўтиб кетаётиб қарасам, сигаретим тугаб қолибди. Одатдаги бар деб ўйладим. Кутилмаганда шундоқ ёнгинасида рулетка ўйнайдиган жой борлигини билиб қолдим. Сира хабарим йўқ эди. Омадимни синаб кўрмоқчи бўлдим.

– Жейсон ҳақида бирон нима биласанми ўзи?

– Газеталарда у ҳақда ўқиганман.

— Умрининг ярмини турмада ўтказган. Ўғирлик, қуролли босқинчилик, эҳҳе, у нималар қилмаган дейсан. Уч марта қотилликда гумон қилиб ҳибсга олишган, лекин далиллар етарли бўлмагани учун қўйиб юборишган.

— Эҳтимол, ростдан ҳам унинг ҳеч қандай айби йўқдир.

Тиллман кулди.

— Қурбонларининг ҳаммаси ундан қарздор бўлишган. Унча-мунча эмас. — У коктейлдан ҳўплади. — Сен қанча ютқаздинг?

— Бир цент ҳам ютқазганим йўқ, ўн икки минг доллар ютдим.

У ўйланиб қолди.

— Барибир, Рожер, шунча пулни ютиб олишинг тўғрими, айниқса, Жейсондан? У бу бола менинг бошқа қарздорларимдан ҳеч нимаси билан фарқ қилмайди деган қарорга келиши мумкин. Айни пайтда сен туфайли ўн икки минг доллар зарар кўрган, ахир.

— Хўп, гарчи пул ютган бўлсам-да, бу ҳақда Сара аммамга ҳеч нарса демасангиз сиздан жуда миннатдор бўлар эдим. Унинг қиморга муносабатини биласиз-ку…

Кечқурун яна «Жейсон клуби»га бордим.

Одатдагидай Адрейн Макклоузи мен билан бирга рулетка ўйнашга киришди.

Икки соатда минг долларга яқин пул ютқаздим. Блэкжек столига ўтдим ва у ерда ҳам минг доллардан айрилдим. Бугунга шу ҳам етади деган фикр хаёлимдан ўтди.

— Бойўғлидай тунда тиним билмайсан. Кинога бораяпсанми? — сўради Сара аммам нонушта маҳали.

— Жуда қизиқиб кетибман.

— Нимаям дердим, ўз пулингга тушаяпсан. Лекин, билишимча, чипталар ҳозир ниҳоятда қиммат бўлиб кетган. Эсимда, бир пайтлар ҳатто марказда ҳам кино чиптаси қирқ ё эллик цент турар эди. — У бурда нонга ёғ суртди. — Мен тун бўйи Уэллингтоннинг таклифи ҳақида ўйлаб чиқдим.

Теддей Уэллингтон ва унинг хотини мени ўзларининг Гавайидаги ранчосида бир неча ҳафта дам олишга таклиф қилишган эди. Коллежда биз Теддей билан бир хонада яшаганмиз, у билан учрашгунга қадар Гавайида катта пода боқиладиган ранчо бўлиши мумкинлигини етти ухлаб тушимда ҳам кўрмаган эдим.

Сара аммам пичоқни столга қўйди.

– Боришинг мумкин.

– Менга жуда меҳрибонсиз, амма, аммо ёлғиз қолиб қийналасиз-ку?

– Бир амалларман.

– Неча кунга кетишим мумкин?

– Менимча, бир ҳафта етади.

– Нонуштадан сўнг мен турбюродаги агентимизга телефон қилиб, ҳаммасини келишиб олдим. Ойнинг охирида кетишга қарор қилган эдим.

Ўша кеча «Жейсон клуби»да беш мингимдан айрилдим. Кейингисида олти мингдан, бир ойлик нафақам ҳам шунинг ичида.

– Ҳаммаси тамом. Гўё менда ўн уч минг доллар бўлмагандай.

– Ўз пулингиздан фақат минг доллар ютқаздингиз, — гапимни тузатди Адрейн ва ёқимли жилмайди. — Эртага келасиз-а? Албатта омадингиз чопади.

– Келмасам керак. Бир центим ҳам қолмади.

– Бир цент ҳам?.. Бўлиши мумкин эмас, жаноб Уэнтуорт.

– Умуман олганда ҳақсиз. Лекин гап шундаки, менда нақд пул йўқ. Ҳатто чек ҳам ёзиб беролмайман. Менинг ҳамма активларим боғланган, нақд пулни фақат кейинги ойнинг биринчи санасида оламан.

– Биргина нақд пулингизнинг йўқлиги севимли машғулотингиздан воз кечишингизга сабаб бўлолмайди. Нега қарз олмайсиз?

– Эртага дўстларимдан сўраб кўрарман.

– Уларни қўя туринг. Нега Жейсондан ола қолмайсиз?

– Чунки у билан таниш эмасман. Нима учун у менга қарз берар экан?

– Мен сизга кафил бўламан.

– Сиз Жейсон билан танишмисиз?

– У бошини ирғади:

– Бир неча марта учрашганман. У жуда сахий, ҳар доим аҳволингизни тушунишга, ёрдам беришга тайёр.

У мени икки дақиқа ёлғиз қўйиб, мижозлари қандай қилиб ютқазаётганини бардан туриб кузатаётган Жейсон томон юрди. Улар икки оғиз гаплашгач, Адрейн мен томон ўгирилиб имлади.

Учаламиз тор йўлакдан ўтиб кичкина хонага кирдик.

— Жаноб Уэнтуорт, — кулимсиради Жейсон. — Адрейн менга вазиятни тушунтирди. Аминманки, сизга ёрдам бера оламиз. Қарз борасида муаммо бўлмайди. Фақат тилхат ёзиб беришингиз керак. Қанча пул олмоқчисиз?

Илгари ҳеч бировдан қарз олиб кўрмаган эдим, шу боис бу гап-сўзлар менга қаттиқ таъсир қилди.

– Тўғрисини айтганда, билмадим.

– Минг? Икки минг? Айтинг, жаноб Уэнтуорт.

Мен минг долларга тилхат ёзиб бердим ва пулни фишкаларга алмаштирдим.

Соат ўн бирда блэкжек ўйнашни тўхтатдим: фишкаларни бой бериб бўлган эдим.

Бугунга етади.

Адрейн майин жилмайди.

– Лекин эртага келасиз-а, шундайми?

– Нима, яна қарз сўрасам беришадими?

Ойнинг йигирма бешинчи куни Жейсоннинг хонасига кирганимда қарзларим ўттиз тўрт минг долларга етган эди.

— Менинг қарзларим нима бўлаяпти? Яна қанча бериб тура оласиз?

Қанча қарзим борлигини Жейсон жуда яхши билса-да, тилхатларимни қўлига олди.

— Менинг аҳволимни тушунасиз, жаноб Уэнтуорт. Харажат даромадга мос бўлиши керак. Жудаям қарзга ботиш ярамайди. Акс ҳолда вазият издан чиқиб кетади. Бунинг оқибати ёмон бўлади. — У столидаги тақвимга қаради. — Менимча, сизга қирқ минг бера оламан. Бошқа беролмайман.

Мен ўйчан иягимни қашидим.

— Сезиб турибман, бугун албатта омадим келади. Аммо вақтинчалик муваффақиятсизлик туфайли таслим бўлмаслик учун киссамда кўпроқ пул бўлишини хоҳлайман. Қолган олти мингни менга ҳозироқ бера оласизми?

Рулеткада юта бошладим: беш минг ишлаб олдим. Бироқ кейин омадим кетди, соат миллари ўн яримни кўрсатаётганда бор пулимдан айрилиб бўлган эдим. Адрейнга энгашдим:

— Сиз билан гаплашиб олишим учун бир неча дақиқа вақт ажрата оласизми?

У елкасини қисди.

– Бўлмасам-чи.

– Яхши. Машинамда кутаман. Округни айланамиз ва мен сизга баъзи нарсаларни тушунтираман.

Катта йўлга чиққунимизча индамадим.

— Адрейн, мен ўзимни айбдор ҳис қилаяпман, шунинг учун аввало сиз билан гаплашиб олишим керак деб ўйладим. Ҳар ҳолда сиз Жейсоннинг олдида менга кафил бўлгансиз.

– Мабодо уни алдаб кетмоқчи эмасмисиз? — унинг овозида норозилик аломати пайдо бўлди.

– Эй худо, йўқ! Пулини бир цент ҳам қолдирмай қайтариб бераман, фақат у ўйлаганчалик тез эмас. Мен унга ойига атиги беш юз доллардан бера оламан. Олти йилу саккиз ойдан сўнг қарзимдан буткул қутуламан.

Унинг тили калимага келгунча бирмунча вақт ўтди.

– Ойнинг бошида нақд пул олишингизни айтгандай бўлувдингиз.

– Айтувдим. Оламан, лекин Жейсон кутаётганчалик кўп эмас. Биласизми, ҳар ойнинг биринчи куни мен минг доллар нақд пул оламан.

У донг қотиб қолди.

– Минг доллар? Минг?

– Мен бош ирғадим.

– Қарзни қайтармоқ – фарз. Жейсонга беш юз доллар жўнатаман, қолганини эса амаллаб ойнинг охиригача етказарман.

Адрейн аччиқлана бошлади.

– Уэнтуортларнинг пули бор. Масалан, ер-мулк…

–Менинг номимда эмас. Ҳатто мана шу машина ҳам ўзимники эмас.

– Бўлмаса гапимни эшит, — овозини кўтарди у. — Жейсон пулни ойнинг биринчи куни олмоқчи. Ҳаммасини. Унинг ишончини оқламаганларга нима бўлишини яхши биласан.

– Шунисидан хавотирда эдим. Баъзи эҳтиёт чораларини кўриб қўйишга тўғри келди. Мен олти йилу саккиз ойга буткул ғойиб бўламан, бу вақт мобайнида Жейсон ойига беш юз доллардан олиб туради.

У алам билан кулди.

– Ҳеч нима қилолмайсан. Қаерга яширинсанг ҳам Жейсон топиб олади.

– Бўлмаган гап. Унинг қарзларни ундириб олувчи икки ё учта одами бор ҳам дейлик. Улар бутун ер юзини тит-пит қилиб чиқолмайди. Жиддий равишда қидириш учун эса у менга берган қирқ минг доллардан ҳам кўп пул сарфлашига тўғри келади. Йўқ, аминманки, Жейсон жаҳлдан тушгач менинг таклифим энг маъқули эканлигини тушунади.

— Мени клубга олиб бориб қўй, — буюрди Адрейн.

Айтганини қилдим.

У машинадан тушди.

— Шу ерда кутиб тур.

Бироқ Жейсонни ёки бошқа бировни кутмоқчи эмасдим, тўғри аэропортга жўнадим. Машинани автобиллар тўхташ жойига қўйгач, багажидан аввалдан тайёрлаб қўйилган иккита чамадонни олдим ва аэропорт биносига кирдим.

Ярим соатдан кейин Сан-Францискога, у ердан бошқа рейс билан Гавайи оролларига учиб кетдим. Теддей Уэллингтонникида меҳмон бўлиб турганимнинг учинчи куни менга Амос Тиллман телефон қилиб, совуқ хабар етказди: ярим кечаси уйга кимдир бостириб кириб Сара аммамни ўлдириб кетибди. Полиция минг уринса ҳам ҳозирча жиноятчини тополмаётган эмиш.

Мен гўшакни қўйдим. Уни ким ўлдирган? Жейсонми? Унинг шотирларидан бирими? Эҳтимол Адрейндир? Жейсон ёки Адрейн мени меросни олгач қарзни тўлайди деб ўйлашганмикан?

Хўрсиндим. Албатта тезда Жейсоннинг қарзидан қутуламан ва бошқа ҳеч қачон унинг клубига бормайман. Қимор — аҳмоқлар ўйини. Ютаман деб хомтама бўлмаслик керак, «Жейсон клуби»да ўтказган дастлабки икки оқшомимнинг кўрсатишича ютқазаман деб ҳам ўйламаслик керак.

Қадаҳга бренди қуйдим.

Топдим!

Бўлмаса бошқа бир мундайроқ йўлини топишимга тўғри келарди, лекин топдим!

Профессионал қотилни қандай топиш ва ёллаш мумкин? Улар газета орқали хизматини таклиф қилишадими? Албатта йўқ. Дўстлар ё нотаниш одамлардан суриштириш керакми? Аҳмоқлик. Ғоят хавфли. Товламачи ёки полициянинг хабаркашига дуч келиб қолиш мумкин.

Йўқ, фақат биргина хавфсиз йўли бор: ёлланма қотил уни ёллаганларини билмаслиги шарт. Бу неча пул туради?

Менинг мисолимда — қирқ минг доллар.

Рус тилидан Ҳасан Карвонли таржимаси

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>