• Бугунги сана: Chorshanba, Avgust 16, 2017

Пулга сиғинасизми?

Пулни нимага қиёслаш мумкин? Зўр нарсагами? Шунчалик зўр нарсагаки, қанча кўп бўлса, шунча кам туюлади, тўғрими? Пул – ширинликка ўхшайди-а? Еган сари егингиз келаверади. Пул – иссиқ кунда муздек сувда чўмилишдек мазза эмасми? Бир тушиб олдингизми, асло чиққингиз келмайди. Пул, бу – гўё ажойиб куй, янграйверса, янграйверса… тугамаса. Йўқ, бу ҳам кам. Пулни том маънода ҳис қилиш учун қўлингизга энг мазали ширинликни олиб иссиқ кунда муздек сувда чўмилгани борсан-гизу, қулоғингиз остида ажойиб куй жаранглаб турса ва … шу ишларингиз учун сизга пул тўлашса! Мана шу сал ҳақиқатга яқинроқ, топдим-а?

 Балки бу борада менинг сўзга чечанлигим ҳам панд бергандир. Балки сиз пулни бирон бир бошқа лаззатга қиёслашда мендан орттириб гапира оларсиз. Ажабланмайман, чунки пул дудуқни шоир қилиб юбориши, қўрқоқни ботирга айлантириши, хуллас, чинакам мўъжиза кўрсатиши рост! Шунақамикан?

Одаммиз-да, пулга ҳечам тўймаймиз. 100 сўм ушласак 1000 сўмни, минг сўм ушласак 10 мингни, ўн минг топганимизда юз мингни, миллионни орзу қиламиз. Ўша битта ноль бизнинг ҳаётимизни яхшилаб юборадигандек туюлади. Лекин ўша битта нолни амаллаб қўшганимизда ҳам қаноат ҳосил қилмаймиз, нолларнинг кейингиси бизга барибир уйқу бермайди, тушларимизга кириб чиқаверади.

Яхши яшаш яхши, аммо буни биз ўйлагандек ўша орқадаги ноллар ҳал қилармикан?! Ҳаммамиз яхши биламиз – ноллар кўпайгани сайин кўпайишини истайверамиз ва ишонаверинг, бу чексиз давом этади! Нега? Нима бизни шу аҳволга солиб қўйган?

Америкаликлар ҳисоблаб чиқишибди: ТВ кўриш оддий фуқаро учун соатига 208 долларга тўғри келар экан. Тушунмадингизми? Эшитинг – у сизни тарбиялайди. Шунақа тарбиялайдики, харажатингиз кўпаяди.

ТВ реклама қилаётган «Nike» кроссовкаларини кийгингиз кела бошлайди, қорнингиз очқаганда «Snickers» ейишни хоҳлаб қоласиз, сочингиз «Palmolive»дан бошқасида яхши ювилмаётгандек туюлади, «Colgate» олмасангиз тишингиз қорайиб кета бошлайди, уйингизга Alutex ромлари ўрнатиш истаги туғилади ва дам олиш кунлари бирбалохон ёки бирбалобекларнинг концертига бориш учун оила аъзоларингиздан буюртма оласиз, хуллас, буларни рўёбга чиқариш учун ўзидан ҳам номи кўпайиб кетган лоторея билетларидан бирини сотиб оласиз.

Ўша америкаликларни чақириш керак, ҳисоблаб кўришсин – бизда хойнаҳой 208 доллардан ҳам кўп кетса керак ТВнинг таъсирига. Рост-да, рекламалар билан бирга жаранглаётган «Сен бунга ҳақлисан!», «Ўзингни эркин ҳис эт!» каби ажойиб жумлалар содда қилиб айтганда «бўлмаса одаммассан!» деган маънони англатади ахир! «Пул дарахтда ўсади» деб ўйлайдиган болаларимизда нима айб, ўша «Snickers»ни олиб беринг деб туриб олади, вассалом! Бешта одамни тўйдирадиган ноннинг пулига тишининг ковагига ҳам юқ бўлмайдиган «ёнғоқлик шоколад»ни олиб берасиз! Бошқа иложингиз йўқ!

Яхшиси, пулни менсимаслик керак. Менга қарши фикр билдиришдан олдин, пул сарфлаб сотиб траффигингиздан унумли фойдаланинг – мақолани охиригача яхшилаб ўқинг! Танишларим мени танқид қилишади. Аммо қўлимда пул ушлашга нимагадир ҳеч ўргана олмадим. Энди-энди газетада ишлай бошлаганимда ишга кўпинча таксида бордим, чунки уйқучилигим панд бериб доим кеч қолардим. Ишдан қайтишда ҳам яна такси тутардим, чунки чарчаб, метрога боришга ҳолим қолмасди ёки тунги навбатчиликлардан кейин метрога кўпинча улгурмасдим. Натижада оладиган ойлигим такси харажатларини қоплашга ҳам етмасди. Кулгили-а? Лекин очдан ўлганим йўқ. Бошқа даромадим бўлмаса ҳам, ризқим тўхтаб қолганини сезмадим.

Менга қолса пулни яхши нарсаларга эмас, ёмон нарсаларга қиёслаш керак. Энг яхши қиёс – бошоғриқ. Шунақа бошоғриқки, ёмон нарсадан қўрққандек қўрқаман пулдан. Нолимайман, пулим кўпайган вақтлар бўлди, жуда кўпайган вақтлар ҳам бўлди. Аммо уларни ҳисоблашни, уларни тартибга солишни ҳечам эплолмадим. Узуун, тушунарсиз соҳа бўлиб кўринаверди менга бу пул масаласи. Бежиз Қуръондаги энг узун оят ҳам пул олди-бердиси ҳақида бўлмаса керак, деб ўйлаб қоламан.

Катталар «пулни топиш осон, сарфлаш қийин» дейишса тушунмасдим. Чиндан ҳам, пулни топиш осон, шу топилган пулни ҳамма нарсага етадиган қилиб сарфлаш қийин эканини кечроқ тушундим. Аммо тушунганимдан афсусдаман. Тушунмасам ҳам «ўзи келар ёр ёр, ўзи кетар ёр ёр» бўлиб турганди бинойидек.

Пул ҳақида шунақа кўп китоб ёзилганки, ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида бунга қизиқиб, яна бошларим оғриб кетди. Ўша китобларни ёзган одамлар ҳам камбағалликда ўтиб кетишганини ўқиганимда эса, ҳаммасидан ҳафсалам пир бўлди. Энг жаҳлимни чиқаргани – ғарбдаги «Пул дини» деган тушунча ва пулга сиғинувчилар тоифаси шакллангани.

Ривоятларга қараганда, қадимги Мисрда илоҳнинг ҳайкали ёрдамида ҳамма иш осон бажарилган, илоҳнинг ҳайкалини кўтариб олиб борган одамга хоҳлаган нарсаси инъом қилинган ва у миннатдорчилик тариқасида «Сиз илоҳга холис хизмат қилдингиз» деб хизмат кўрсатган томонга ҳайкални инъом қилган экан. Энди худди шу жумлани «илоҳнинг ҳайкали» ўрнига «пул» сўзини қўйиб бошқатдан ўқинг. «Қадимги Миср»ни «бугунги кун»га алмаштиринг. «Ривоятларга қараганда» деган сўзни эса олиб ташланг! Чунки бу энди ривоят эмас, айни ҳақиқат!

«Пул, бу – дин!» деб ёзилган китоблар ҳам ёлғончи эмас. Мана, улардаги жумлалардан бирини ўқиб кўринг: «Пулга сиғиниш ҳозир дунёда энг кўп тарқалган дин, унинг аъзолари мусулмонлардан ҳам, насронийлардан ҳам кўп. Бу диннинг ибодатхонаси — бозор, имомлари — банк ходимлари, байрамлари эса — ойлик бериладиган кунлар!»

«Мен у дин вакили эмасман!» дейишдан аввал қуйидаги воқеага эътибор беришингизни хоҳлардим:

Бир киши намозда диққатини йиға олмаслигидан нолиб имомлардан бирига савол берибди: «Намозда хаёлим чалғиб кетаверади. Кўп адашаман, неча ракаат бўлгани, қайси сура ўқиганим эсимдан чиқиб қолаверади. Нима қилай, мен ўзи шунақаман-ку!». Имом саволга савол билан жавоб берибди: «Пул санаганингда ҳам хаёлинг чалғиб адашиб кетаверасанми?» Ўша одамнинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг-да, энди «пулни нимага қиёслаш мумкин» деган саволга бошқатдан жавоб беринг. Кейин қизил қалам олинг-да, мақоланинг бошидаги гапларимни ўчириб ташланг. Чунки пул тепадаги қиёсларга асло арзимайди!

Аваз Бердиқулов

Манба: e-bozor.uz


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter», «Instagram», «Odnoklassniki»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>