• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Психоневрологнинг тааллуқсиз «ташхис»и

Тўрт ярим яшар фарзандим боғчага қатнайди. Мактабгача таълим муассасасининг логопеди боламга қўшимча машғулотлар зарур эканлигини аниқлаб, боғча опамиз орқали қўлимизга бир парча қоғоз тутқазди. Унга кўра, оилавий поликлиникамиздаги логопед, окулист, отолоринголог, невропотолог ва терапевтдан ҳулосалар керак эди. Булардан ташқари ишимизни янада чўзилишига сабаб — психоневрологнинг ҳудудимизда жойлашмагани бўлди. Ана бораман, мана бораман — деб 1 ой деганда етиб бордим. Ташкилий масалалар, бюрократик жараённи қўйиб туриб, айнан психоневрологнинг фаолияти ҳақида ёзмоқчиман.

Врачнинг эшиги олдида ўғлимнинг дўстини учратдик. Улар ҳам қолган врачлар кўригидан ўтиб бўлишган экан. Беш дақиқага қолмай чиқишди. Бизнинг навбат ҳам келди. Врач тўрида, четдаги стулларда эса иккита ҳамшира қизлар ўтирар эди. Қўлимдаги қоғозни олиб дафтарига бир нарсалар ёзди.

Ўғлимга юзланиб «Как тебя зовут?» – деб савол берди. Ўғлим уялибгина, паст овозда жавоб берди. Орада ўғлим билан орамиздаги қисқа мулоқотдан у билан инглиз тилида суҳбатлашишимни пайқаб «Рус тилини биладими?» – деди. Ижобий жавоб олгач, фасллар, ранглар ҳақида яна бир қатор бошқа мавзуда назарий саволлар бера бошлади. Ўғлим довдираб қолди. Ҳаммаси жуда тез бўлаётган эди.

— Болангизни қийнаб қўйибсиз, аввал бир тилни мустаҳкам қилиб олмайдими?!

— Ҳмм, илмий изланишлар натижаларини ўқиб, амалиётда кўриб тадбиқ қилганман. Ҳечам қийналгани йўқ. Тўғрисини айтсам, гуруҳидаги 10 дан ошиқ бола логопед машғулотларига тавсия этилганидан бир маънода ҳудбинларча ҳурсанд бўлдим — демак, учта тил билан алоқа қилмайдиган болаларда ҳам бундай муаммо бор экан. Бу шунчаки мен аввал ўқиган назарияларни тасдиқлади — тиллар халақит бермайди, аксинча маълум ҳолларда нутқ ривожланишига ёрдам бериши мумкин экан.
— Оддий саволларимга жавоб беролмаябдику! Инглиз тилида айтавер десам ҳам индамай турибди. Неччи ёш ўзи?
Мени тушунмади, ҳуллас. Вароғига бир нималар ёза бошлаган эди, юрагим ҳапқириб кетди.
— Нима деб ёзябсиз? Нотўғри ташхис қўймаябсизми, ишқилиб? Болам ўз ёшига етарли даражада билимга ҳам эга. Ичимда эса «умуман психоневрологияга назарий билимларнинг нима алоқаси бор?! Логопед машғулотларигачи?!» деётган эдим. Индамасдан қўлимга қоғозни тутқазди. Қўлларим қалтирагандай бўлди. Ўқисам, «Интеллекти ёшига нисбатан нормада», — деб ёзибди.

Ишим битгани билан юрагим эзилди. Ҳудди боламга ва менга нисбатан ноҳақлик бўлгандай, нотўғри муносабат берилгандай бўлдим. Кейин «Наҳотки мактабга кириш олдидан ота-оналар ва болалар ҳудди шундай жараёндан ўтишади? «Ташхис» деганлари шу эканми?» — деган ўйдан яна ҳам ваҳимага тушдим. Бу жараённи бошидан ўтказганларга раҳмим келди.

Психоневролог ҳонаси мен Америкада кўргандай безалган бўлишини умуман кутмадим, лекин ўзимча «ҳозир болам киради, врач кулади, бир-иккита ўйинчоғи бўлади, роллар ўйнаб, боламни руҳиятини ўрганади» деб ўйлаб чучварани хом санаган эканман.

Мен фарзандларимнинг руҳиятига имкон қадар қаттиқ эътибор бераман. Меҳрибон бува-бувиларига ҳам «Жуда озғинсан, кўпроқ овқат егин», деб такрорлайверишни тақиқлаганман. Бу — унинг физиологияси. «Мен озғин эканман, кучсиз эканман» — деган комплекси пайдо бўлишини ҳоҳламайман.

Бир-бирини ноҳақдан ҳафа қилишса, кечирим сўраттираман. Йиғласам келиб бетларимдан силаб юпатишади. Совға беришни ҳам, олишни ҳам ёқтиришади. Бировни тинглашни, вақти келганда эътибор бермасликни, ўғил-қизни бир ҳилда ҳурмат қилишликни; муоммаларини қачон менга айтиши, қачон айтмаслиги кераклигини, бахтсиз ва бахтли онларда, ўртоқлари, ўқитувчилари, умуман, ён-атрофдагилар билан келишмовчиликларида ўзини қандай тутишларини, кучсизларга ёрдам бериб, ташқи бойлик билан мақтанмасликни ўргатаман.

«Бу кийимни киймайман; мана бу овқатни емайман; кирмай туринг, уят бўлади; бу еримни ушламанг — бу менинг шахсий тана аъзоларим; сиз ҳам бақирдингиз, шунинг учун мен ҳам бақирдим; у биринчи бошлади!» ва ҳоказо талаб ва таклифларига қулоқ соламан, вазиятга қараб ечим топаман. Ўзим энг аввало тўғри намуна бўлишга ҳаракат қиламан.

Психоневрологнинг вазифаси ҳудди шундай ҳолатларни, боланинг «психоневрологик» ҳолатини бахолашдан иборат эмасми?! Боладан сўраш учун мана бу саволлардан ҳоҳлаганини танлаб олсин, мана:

— Сенга кулиш ёқадими?
— Рақсга тушишчи?
— Нимадан кўпроқ ҳафа бўласан?
— Энг севган ўйинчоғинг борми?
— Орзуларинг қандай?
— Ота-онанг сени яхши кўради деб ўйлайсанми?
— Яна кимлар яхши кўради сени?
— Хафа бўлганингда нима қиласан?
— Бақиргинг келганида, жаҳлинг чиққанда-чи?
— Ёмон иш қилиб қўйсанг қилмадим деб ёлғон гапирасанми?
— Энг оҳирги эшитган эртагингни айтиб бер? Ва ҳоказо.

Бошланишига эса бола билан алоқа ўрнатишни билиши керак. Бир куни ўғлим навбатдаги катта ёшли одамнинг: «Отинг нима?» саволига индамай тураверди. «Айтгин, сўраябди» — десам, «Нега мен доим айтавераман, унинг исми нима экан, у ҳам менга айтсин!» — деди. Дарров тўғри алоқа ўрнатдик. Унинг гапи, ҳавотири мутлақо тўғри эканини уқтирдим. Ва ўша кундан бошлаб кимдир исмини сўраса, орқасидан дарров «Сизни отиз нима?!» – деб ўзи сўрайдиган бўлди. Психоневрологдай одам ушбу элементар қоидани билмаслиги — уят.

Менга қолса, бу вазифани боғча опанинг ўзи бажаргани маъқул. Йил-ўн икки ой фарзандларимиз билан вақти келса биздан кўра кўпроқ вақт ўтказади, кўпроқ турли ҳолатларни кузатади улар билан. Бола ҳам инсон! Хафа бўлган куни бошқача муомала қилади, кайфияти яхши куни бошқача. Врачнинг «совуқ» ҳонасида нотаниш одам томонидан даб-дурустдан сўроқ-савол қилинганида, 2 дақиқа давомида унинг психоневрологик ҳолати аён бўлиб қолар эканми? Ҳеч қачон.

Шу саволларга жавоб бера олмаган ўғлим уч ёшидан инглиз тилида бурро гапиради; шоҳмот ўйнайди; рус тилида вокал, гимнастика ва «почемучка» машғулотларига қатнайди; ўзбек тилида бемалол суҳбатлашади; ўзининг ҳоҳиш-имкониятларини аниқ кўра билади ва ҳар бир вазиятни тўғри баҳолашга ҳаракат қилади. Мен ундан робот бўлишни эмас, ўзини англашини, имкон қадар илмга интилишни ўргатаман.
Бугун билмаса, эртага билади уй манзилини, Тошкент Ўзбекистон пойтаҳти эканлигини, туғилган йилини, ва ҳоказо шунга ўхшаш маълумотларни. Албатта маълум тартиб-интизом, билим олиш даражасини белгилаб, шунга амал қилишига ундайман, лекин бу ишга ўзининг ҳоҳиш-имкониятидан келиб чиқиб ёндашаман. Бизнинг таълим тизимимизда, афсуски, шу каби назарий билимларга, савол-жавоб, ҳатто Президентимиз ўзлари эътироф этганидай, «эскирган» тест тизимига ўта юқори қиймат бериб юборилган.

Боланинг мактабга чиқиш-чиқмаслигида ҳам агар шу жараёндан ўтиш мажбурий бўлса, уни дарров ўнглаш керак. Дунёнинг энг ривожланган ва йирик компаниялари ҳатто ишга олаётиб ҳам ҳодимнинг «потенcиали», яъни «имкониятлари»ни баҳолайди. «Уларни юзага чиқаришда шарт-шароитни яратиб бериш биздан» — деб тушунишади. Ҳозирда айнан шундай компаниялар «Ходимларнинг эмоционал-руҳий кечинмаларини инобатга олиб ишга олсак, иш фаолиятини юритсак ютар эканмиз» — деган ҳулосага келишган. Ходим ҳам инсон! Бола ва ўқитувчига боғлиқ бўлмаган факторларни деб боланинг имкониятлари тўла юзага чиқмаган бўлиши мумкин. Фикримча, мактабга қабул қилишда ҳар қандай имтиҳон шаклини йўқ қилиб, барчага тенг имкон берилиши, кейинги, юқори синфлардаги баҳолаш тизими ҳам тубдан ислоҳ қилиниши лозим. Энди бу — бошқа мавзу.

Ҳозирча эса, психоневролог вазифаси ҳам, болани мактабга тайёрми ёки йўқлигини айтиш ҳам тарбиячи ва ота-оналар ихтиёрида бўлиши — амалда ошириш мумкин бўлган, ечими тез масала. Бу айни муддао, энг мантиқий йўл ва қанчадан-қанча тиббиёт ҳодимларининг ва ота-оналарнинг вақти, асаблари, маблағларини тежашга сабаб ҳамдир. Ва шундай бўлади деб умид қиламан.

Вазиятни ўнглаш борасида таклифларим:

1. МТМ логопеди ўз вазифасидан келиб чиққан ҳолда ҳеч қандай қўшимча тиббий кўрикларсиз тарбияланувчиларни саралаб, машғулотлар ўтиб бораверсин. Қўшимча тиббий кўрикка ҳожат йўқ ва ҳозирги мавжуд қоидалар бўйича кўплаб ресурслар исроф бўлмоқда.

2. МТМ психологи, боғча тарбиячиси ва ота-она бирор-бир ҳавотирга эга бўлган тақдирдагина ((бола эпилептик, масалан. Ёки агрессия белгилари доимий намоён ва ҳоказо) психоневролог кўригига тавсия берилсин. У ҳам ўз ўрнида профессионал ёндашув билан албатта мия фаолияти МРТ натижаларини олганидан сўнггина маслаҳат ва даволаш ишларига киришсин.

3. Мактабга «ташхис» вақтида ҳам ота-она, боғча ва мактаб психологлари ҳамда боғча тарбиячиси тавсиялари асосида қарор қабул қилинсин. Ҳеч қандай четдан келган мутаҳассисга бу ерда ҳожат йўқ. Боланинг психологик ҳолатини, ақлий салоҳиятини ва мактабдаги талабларни шулардан бошқа ҳеч ким яхши билмайди. Агар албатта болада аниқ акс топган «отклонение»/абнормал ҳолатлар (масалан, бола эпилептик ёки унда агрессия белгилари доимий намоён ва ҳоказо) кузатилмаса, у ҳолда бошқа мутахассислар, жумлада,н псиҳоневролог ҳам жалб қилиниши мумкин.

Иноятхон Содиқова

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>