• Бугунги сана: Wednesday, January 25, 2017

Польшада нималар бўлмоқда?

polsha

Кечадан буён Польша парламенти, президент саройи олдида мухолифат вакиллари, журналистлар иштирокидаги бир неча минг кишилик намойишлар тинмаётгани ҳақида хабарлар тарқатилмоқда. Бу воқеаларга нима сабаб бўлгани ва воқеалар ривожи қандай давом этаётгани кўпчиликни қизиқтиришини инобатга олиб, “Sharh.uz” сайти Бош муҳаррири Бунёдбек Шамсуддинов юзага келган ҳодисаларнинг моҳияти, оқибатлари ва бошқа тафсилотлари билан қизиқиб кўрди.

…Маълум бўлишича, жума куни Польша сейми (парламенти)да мамлакатнинг 2017 йил учун мўлжалланган бюджети, бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама этилаётган эди. Муҳокама қилинаётган қонун лойиҳалари орасида пенсиялар миқдорини камайтириш ва журналистларни парламентга киришини чеклаш каби масалалар ҳам бор.

Мухолифат ушбу чораларга қарши чиқиб сейм минбарини ўраб олган ва парламент ишини тўхтатиб қўйган. Шундан сўнг депутатлар йиғилишни бошқа залга кўчирган ва кун тартибидаги барча қонун лойиҳаларини бир овоздан қабул қилган. Овоз беришда электрон тизимдан фойдаланилмаган. Шундан сўнг Варшава ва бир қатор бошқа шаҳарларда депутатларнинг мазкур қарорларига қарши оммавий намойишлар бошланган.

Қабул қилинган қонунлар ташаббускорларидан ҳукмрон партия етакчиси Ярослав Качиньский парламентдан пинҳона олиб чиқиб кетилган. Полиция намойишчиларни тарқатиш мақсадида кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланишига тўғри келган.

Намойишчилар дастлаб сейм олдида норозиликларини билдиришган бўлса, кейинчалик бундай тадбирлар президент саройи олдида ҳам ташкил этилган. Юзага келган ҳолат туфайли Варшавага полициячилардан ташкил топган қўшимча куч чақиртирилган.

Мамлакат ички ишлар вазири ушбу ҳодисаларни давлат тўнтаришига уриниш деб баҳолаган. Мухолифат депутатларининг ҳозирга қадар сейм минбарини тарк этмаган. Улар бу орқали парламент депутатлари 20 декабрь сешанба куни қонун лойиҳалари юзасидан қайта овоз беришларини кутишмоқда.

Намойишлар юзасидан Европа кенгаши раиси Дональд Туск фикр билдирар экан, ҳукумат ва мухолифатни одамларни ҳамда конституция нормаларини ҳурмат қилишга чақирган. Польша бош вазири Беата Шидло норозиликларни жанжалли ва бу мухолифатнинг кучсизлиги далили деб атаб, уларни мағлубиятни тан олмасдан аҳолини ҳукуматга қарши қўйишга ҳаракат қилаётганликда айблаган.

Сўнгги хабарларга кўра, Польша президенти Анджей Дуда барча сиёсий кучларни тинчланишга ва журналистларнинг сеймдаги фаолияти масаласи уларнинг иштирокида муҳокама этилишини ҳамда ҳукмрон партия ва мухолифат ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этилишида воситачи бўлишга тайёрлигини билдирган.

Польша президенти Анджей Дуда

Кейинроқ “Ҳуқуқ ва адолат” партияси етакчиси Ярослав Качиньский Сенат спикеридан ОАВ вакиллари билан уларнинг парламентдаги фаолияти масаласини ҳал этиш учун учрашув ташкил этишни сўраган. Парламент биносида ташкил этилган учрашув қарийб икки соат давом этган бўлиб, унда йигирма бешга яқин маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этган. Сенат спикери Карачевский музокаралар юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида, томонлар айни вақтда журналистларнинг парламентда ишлаш тартиби яхши эмаслиги ва унга тегишли ўзгартиришлар киритиш зарурлигини таъкидлаган. Шунга қарамай, ўзгаришлар журналистларнинг фаолиятини чекламаслиги айтилган. Тартиблар аввал ҳам бўлгани ва бундан кейин ҳам давом этиши, янги қоидалар ҳақида душанба куни маълум қилиниши айтилган.

Шунга қарамай, эндиликда журналистлар учун парламентнинг айрим қисмларига кириш ва парламентда ОАВ мухбирларини аккредитациядан ўтказиш чекланиши мумкин экан.

Воқеаларни кузатиб боришда давом этамиз.

Бунёдбек Шамсутдинов

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>