• Бугунги сана: Seshanba, Oktabr 17, 2017

Пeштоқдаги номлар

Фаришталар овқат пиширадими?

Яқинда бир дўстимиз узоқ йиллик сафардан қайтди. Анча вақт кўришмаганмиз. Дўстлар бирор жойда тўпланиб, эски ва қадрли хотираларни ёдга олмоқчи, дилдан суҳбат қурмоқчи бўлдик. Ишдан чиқиб, айтилган жойга — пойтахтимиздаги “Ойбек” метро бекати ёнида тўплана бошладик. Қарасам, айтилган жойнинг номи “Angel’s food” экан. Дўстимиз инглиз тилида кўп йиллар ўқиган, илмий ишини ҳам ҳимоя қилди. Балки шунинг таъсиридир деб ўйладим.

Кейин бошқа ўй бир чеккадан мўралаб қўйди: нега энди “Angel’s food”? Луғат титкилаб таржимасини топдим: “Фаришталар овқати”. Кулгим қистади, кейин ҳайрон бўлдим. Шаккокликка йўйманг, лекин хаёлимга шу савол келди: нима фаришталар ерга тушиб, хўрандалар учун азза-базза овқат тайёрлаб беришарканми? Ё бу ерда таомланадиган одамлар фаришталармикан?

Қора мушукдан Чопон отагача

Ҳаммамиз ҳам бирор юмуш билан кўча кезамиз. Шунда нигоҳимиз турли иморатлар тепасига илиб қўйилган ёзувларга тушиши шубҳасиз. Уларни беихтиёр ўқий бошлаймиз.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг юзлаб, минглаб жой номлари тарихимиз ва миллий қадриятларимизга мос равишда ўзгартирилди, қайта тикланди. Чунки, тарихий хотирани қайта тикламасдан туриб, миллат ўзининг ким эканлиги, ким бўлганлигини тўлиқ англаб етолмайди. Миллий илдизларидан сув ичмаган халқнинг ер юзида ўрни муқим ва мустаҳкам бўлмаслиги тарих исботлаб берган ҳақиқатлардан биридир.

Номлар ўзида кўп юк ташувчи, керак бўлса, авлодларни тарбиялайдиган воситалардан биридирки, бу борада масъулиятсизлик ва лоқайдликка берилиш ўзини оқламайди. Энг ёмони, замонавийлик чилдирмасига ўйин тушаётганлар бора-бора ўзининг кимлигини унутиб қўйиши, кимларнингдир қўлида ўйинчоқ бўлиб қолиши, афсуски, бор гап. Шу ўринда элимизнинг улуғ фарзанди, маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг бир аср аввал ёзиб қолдирган гапини ёдга олиш лозим: “Қабиласининг исмини ва етти отасининг отини билмайтургонларни қул — марқуқ дерлар”. Беҳбудий ҳазратлари миллат ўз илдизларидан жудо бўлмаслиги кераклигини қатъий таъкидламоқда.

Юртимизда хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесга кенг йўл очилиб, турли-туман маиший хизмат кўрсатувчи муассасалар кўпайди. Бугун улар эл хизматида, одамларнинг оғирини енгил қилиш билан машғул. Лекин дилни ғаш қилувчи айрим жиҳатлар ҳам борки, буларга тўхталиб ўтишни жоиз деб билдик. Уларнинг номи масаласи.

Пойтахтимиздаги айрим фирма ва хизмат кўрсатувчи муассасалар номларига назар солсангиз, дилни қувонтирувчи ва акс таъсир этувчи ҳолатларга гувоҳ бўласиз. Чилонзор тумани ҳудудида чиройлигина муассаса пештоқига “Chopon ota” деб ёзиб қўйилган. Аслида “Cho‘pon ota” бўлиши керак бўлган бу ном, эътиборсизлик ва андак саводсизлик туфайли “чопон”га айланиб кетган. Ёки яна бир кафенинг қоқ пешонасига “Қувноқ жўжалар” деган ном битиб қўйилганки, одамда андак кулгу, андак истеҳзо уйғотади. Аслида-ку, бу ошхонада жўжалар пиширилади. Ким билсин, қизиб турган ёғга тушган жўжалар хурсандлигидан “хониш” қила бошлайдими. Кафе эгалари хаёлига мана шундай ажабтовур ва ғалати ном қаердан келганини тушунмайсан. Ёки Сирғали туманидаги кафелардан бирининг номи: “Black cat”, яъни “Қора мушук”. Тушунарсиз, керак бўлса, мантиқсиз ном. Нимага энди қора мушук? Шайҳонтоҳур тумани, Олмазор кўчасида қад кериб турган кўркам тўйхонанинг номи эса “Эзидиёр”. Шунча излаб кўрсак ҳам маънили изоҳ тополмадик. Яшнобод тумани, Султонали Машҳадий кўчасида жойлашган дўконнинг номи унданам қизиқ: “У Лили”. Қуйидаги номлар ҳам ғашингизни келтиради: “Шашликхона”, “Florense”, “Positif”, “Smurfland”, “Viva Deluxe”, “Chaykof”, “Na nebe”, “La shakar”, “Bibigon”…

Ҳамкорликда чет эл корхона ва муассасалари билан асос солинаётган, фаолияти йўлга қўйилаётган қўшма корхоналар номларини тушунса бўлар. Уларнинг номи халқаро талабларга мос, ҳар икки мамлакат фуқаролари, харидорлари учун бирдай тушунарли бўлиши шарт. Лекин маҳалланинг ичида қурилган дўконча пештоқига шапалоқдай қилиб ажнабий ном битиб қўйилишига нима дейсиз.

Шу ўринда дилни қувнатувчи айрим номларга ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. “Хон атлас”, “Самарқанд дарвоза”, “Мароқанда”, “Улфатлар”, “Навбаҳор”, “Ҳувайдо”, “Чархпалак”. Ҳатто, “Мулла Дўст” номли чойхона ҳам бор эканки, номни топган одамга балли дегинг келади. Миллий ва ўзида маъни ташувчи, кўзнию кўнгилни қувнатувчи муассаса номлари.

Қонунда нима дейилган?

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йил 12 майдаги “Тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 2006 йилда қабул қилинган “Фирма номлари тўғрисидаги” қонун ва бошқа ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар бу борадаги ҳуқуқий манба бўлиб хизмат қилмоқда.

“Фирма номлари тўғрисидаги” қонунда фирма номида кўрсатилиши лозим бўлмаган белгилар, номни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш, номга бўлган ҳуқуқ, фирма номидан фойдаланиш, фирма номига бўлган ҳуқуқнинг бузилиши, фирма номига бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш усуллари, фирма номлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик ва бошқа моддалар жой олган. Албатта, қонунда асосий таянч нуқталар — ҳуқуқ ва ҳимоя.

Лекин унда фирмага ном танлаётганда қандай мезонлар билан ҳисоблашиш кераклиги кўрсатиб ўтилмаган. Балки, қонунга бироз ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш пайти келгандир.

Шу ўринда бир маълумотни келтирсак. Ўзбекистонда “Фирма номларини захирага қўйишнинг электрон тизими” жорий этилган даврдан бошлаб, 2015 йилнинг 1 июл ҳолатига кўра, “Фирма номи тўғрисида”ги қонун талабларига мос келган 234 мингдан ортиқ фирма номлари Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси захирасига олинган. Салмоқли рақамлар.

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида нашр этилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да олтмиш мингга яқин сўз келтирилган бўлса, истиқлол йилларида қайта чоп қилинган янги таҳрирдаги ушбу луғатда саксон беш мингдан зиёд сўз ўрин олган. Бундан ташқари, луғатга кирмай қолган, кенг истеъмолда бўлган, маъно ва мазмуни чуқур минглаб сўзларимиз бор. Бирор фирма ё муассасага ном танлаётганда озгина бош қотирилса, мақсадга мувофиқ бўларди, назаримизда.

Биз замонавийликка, давр билан ҳамнафас қадам ташлашга қарши эмасмиз. Лекин, ўзимизнинг минг йиллик, қадим ва улуғвор, оғир синовлардан ўтиб келган Она тилимизда минглаб чиройли сўзлар бўла туриб, “чет элнинг хўрозқандига” кўнглимиз суст кетаверса, инсофдан бўлмас. Ҳам миллий маданият, тил, маънавиятимизни асраш мана шундай кичик омиллардан ташкил топмаганмикан? Халқда “Тома-тома кўл бўлур” деган пурмаъно нақл бор. Дўппини баъзан бошдан олиб туриш зиён қилмайди.

Хулоса ўрнида

Шу ўринда жадидлар устози, маърифатпарвар Исмоил Гаспиралининг қуйидаги фикри кўпчилигимизга тиргак вазифасини ўтаса, бизнингча, мақсадга мувофиқ бўларди: “Оврупо бир кекса чолдур, тажрибаси кўпдир, улуғ ёшига ҳурматимиз бор. Тажрибасидан ўрганамиз. Лекин хатоларини такрорламаймиз. Мактабларини, университетларини бизлар ҳам қурамиз. Аммо ақлларимизни қанча ёритсак, қалбларимизни ҳам шунча “ҳаққоният” билан тўлдирмоққа ҳаракат қиламиз. Овруподан нимани кўрсак, ёш боладек олиб югурмаймиз. Эсли-ҳушли инсонлардек “Бу нимадир? Оқибати нима бўлади? Виждон ва ҳаққониятга уйғунми?” — дея ақл тарозисига тортиб оламиз. Оврупо маданияти мулоҳазасиз қабул қилавериш мумкин бўлган бир нарса бўлса эди, бу маданиятга Оврупонинг ўз вориси душман бўлмас эди”.

Адҳам Арслонов


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>