• Бугунги сана: Chorshanba, Avgust 16, 2017

Паспортлар тайёр

Марция ўрнидан туриб эснади-да, сигаретни шиша кулдоннинг тубига босиб ўчирди.

— Вақт ҳам алламаҳал бўлиб қолди. Уйга қайтишим керак. Сенинг ёнингдан сира кетгим келмайди.

— Бугун эрим қартахонада покер ўйнайди дегандинг-ку.

— Уйга телефон қилиши мумкин. Баъзан у ҳаш-паш дегунча бир даста пул ютқазади-ю хуноб бўлиб уйга эрта қайтади, — жувон хўрсиниб ўйнашига тикилди. — Меҳмонхоналарда яширинча учрашиб юриш жонимга тегди.

— Яқинда бу муаммони ҳал қиламиз.

— Қандай қилиб?

Брюс Фарр Марциянинг жингалак сочини силади-да қутидан сигарет олиб тутатди.

— Кейинги ойда мен ишлайдиган фирмада мол-мулкни рўйхатга олиш бошланади. Фирмамиз катта бўлсаям сейфлардан чорак миллион доллар турадиган қимматбаҳо буюмларни ўмарганим дарров билинади.

— Шунча нарса ўмарганмисан?

Брюс айёрона жилмайди.

— Оз-оздан ўғирлардим. Яқинда ҳисобласам чорак миллионлик нарсани ўзлаштирибман. Шу пайтгача ҳеч ким сезгани йўқ. Аммо рўйхатга олиш бошланса сирим фош бўлади. Ҳамма буюмларни аллақачон сотиб юборганман. Ишонсанг юз минг доллардан ортиқ пул тушди.

— Юз минг доллар… — ҳайратдан Марциянинг лаблари қийшайиб кетди.

— Юз мингдан кўпроқ, — деди Брюс мамнун жилмайиб. — Ҳар бир буюмни номинал нархининг ярмига пулладим. Лекин энди бу бойликни узоқ вақт яширолмаймиз. Хорижга кетмасак қўлга тушишимиз аниқ, Марция.

— Тушунарли… лекин мен қўрқаман…

— Ҳеч нарсадан қўрқма. Америкадан бир амаллаб чиқиб олсак марра бизники. Дунёда уч-тўрт минг долларга фуқаролигини берадиган давлатлар кўп, ўша ёқларда ялло қилиб яшаймиз. Полиция бизнинг изимизниям тополмайди.

Бу гаплар Марцияни тинчлантирмагач, Брюс уни бағрига босиб овутмоқчи бўлди. Аёл аввал тескари ўгирилди-да кейин унинг кўзига тик қаради.

— Мен полициядан қўрқаётганим йўқ.

— Унда нмадан қўрқаяпсан?

— Эрим Рэйдан, — деди Марция нигоҳини олиб қочиб. — У бизни дунёнинг нариги чеккасидан бўлсаям топиб олади. Патагония ёки Камбоджа фуқароси бўламизми — унга барибир. Чунки у бизни Америкага қайтариш учун ҳукуматга ялинмайди. У… — ҳаяжонланганидан аёлнинг нафаси қайтиб кетди. — У икковимизниям ўлдиради.

— Қўйсангчи жонгинам. Эринг бизларни тополмайди! Ахир…

— Сен уни билмайсан, — деди Марция бош чайқаб.

— Билмаганим ҳам яхши.

— Сен эримнинг қанақа одамлигини билмайсан. Мен эса биламан. Рэй мени шахсий мулки деб ҳисоблайди, кетишимга йўл қўймайди. Унинг танишлари орасида ҳеч нимадан қўрқмайдиган ашаддий жиноятчилар бор… — Марция аламдан лабини тишлаб бир он жимиб қолди. — Агар Рэйнинг қанчалар ёвуз одам эканини билмаганимда у билан аллақачон ажрашган бўлардим… У иккимизни хориждаям тинч қўймайди. Аввал мени, кейин сени ўлдиради…

— Мен бунга йўл қўймайман, — Брюс севгилисини қучиб, овута бошлади. — Сени ўзим ҳимоя қиламан.

— Сен уни тўхтатолмайсан. Рэй ҳеч нарсадан тап тортмайди.

— Иккимиз эрингни ўлдирсак-чи, Марция?

Рэй уларнинг келгуси ҳаётига таҳдид солаётган экан, уни ўлдиришдан бошқа илож йўқлигини тушунган Брюс Марцияни ҳам шунга кўндира бошлади. Икковлари Америкадан кетмоқчи эканлар, ҳамма муаммоларни шу ерда ҳал қилиб кетиш керак.

— Учрашаётганимиздан бери нуқул эрингдан нолийсан. Сенга шунча йил азоб берган бу газандани йўқотиш вақти келди, азизам.

Узоқ қистовлардан кейин ниҳоят Марция Брюснинг таклифини ўйлаб кўришга рози бўлди.

— Сен бу ишга аралашмайсан, азизам. Эрингни менга қўйиб бер.

Марция бош ирғаб ўрнидан турди.

— Шу пайтгача бирор марта қотиллик ҳақида ўйламагандим, — деди у. — Ҳаммаси шунақа бошланарканда-а? Бизга ўхшаган иккита бечора муаммони ҳал қилишнинг бошқа йўлини тополмаса охири одам ўлдиришга мажбур бўларканда?

— Биз бечора эмасмиз, Марция. Бу иш аслида сен ўйлаганчалик қўрқинчли эмас. Бари изга тушиб кетади ҳали.

— Мен таклифингни яна бир ўйлаб кўрай, — деди аёл. — Ўйлаб кўришим керак.

Икки кундан кейин Марция Брюсга қўнғироқ қилди.

— Кеча Рэй Парижга иккита авиачипта олибди. Ўн кундан кейин у мени олиб Францияга саёҳатга кетмоқчи. Паспортлар ҳам тайёр, уларни ўтган йили алмаштирганмиз. У билан саёҳатга чиқишимни ўйласам кўз олдим қоронғу бўлиб кетаяпти…

— Таклифимни ўйлаб кўрдингми?

— Ҳа, лекин телефонда гапиролмайман. Бугун кечга яқин учрашайлик.

— Қаерда, соат нечада?

Марция учрашув жойи ва вақтини айтди. Кейин трубкани қўйиб қўлларига қаради. Қўллари сира титрамаётганди. “Қизиқ”, ўйлади у. “Бир одамнинг умрига зомин бўлишга тараддудланаяпману, ҳадикдан асар ҳам йўқ. Инсон тақдирини ҳал қилиш шунчалик осон деб ўйламагандим”.

Ўша куни кечга яқин Брюс Марцияни Рендолф-авенюдаги майхонада кутиб олди.

— Бу ерда гаплашаолмаймиз, — деди у севгилисининг қўлидан ушлаб. — Бирга юрганимизни ҳеч ким кўрмаслиги керак. Машинам кўчанинг нариги томонида. Шаҳар бўйлаб айланамиз.

Клейборн-драйвдан ўтгач, улар шарққа бурилишди. Марция сигаретини ёқди ва Брюс ундан қандай қарорга келганини сўради.

— Сен айтган гапни эсдан чиқармоқчи бўлиб юрувдим, — деди Марция хўрсиниб. — Лекин кеча кечқурун Рэй Европага кетамиз, деб қолди. Францияда у билан уч ҳафта яшашга бардошим етмайди. Эримнинг гапидан кейин сенинг мудҳиш таклифинг ёдимга тушди… Уни ўлдирамиз дегандинг.

— Ҳа, шундай дегандим, — Брюс машинани йўлнинг четига чиқариб, тормозни босди.

Аёл тамаки тутунини ичга тортди.

— Мен розиман. Эримни ўлдиришдан бошқа иложимиз қолмади. Хорижга кетсак ҳам уни ўйлаб эмин-эркин яшолмайман. У барибир ортимиздан боради.

Брюс севгилисига меҳр билан боқиб, унинг қўлини маҳкам сиқди.

— Балки мен ваҳимачидирман, — деди Марция ўзи билан ўзи гаплашаётгандек. — Рэйдан ҳам, полициядан ҳам қўрқаман. Лекин хорижда эримдан қочгандан кўра, полициядан қочган яхшироқ.

— Хўш, эрингни қандай ўлдирамиз?

Марция иккинчи сигаретни ёқди.

— Кеча кечқурун миямга ғалати фикр келди. Ҳам эримдан қутулиш, ҳам ҳар қандай шубҳа-гумонлардан халос бўлиш йўлини топдим. Адашмасам Рэй икковингларнинг бўй-бастинглар деярли тенг. Сенинг бўйинг олти футу бир дюйм, шундайми?

— Тахминан шундай.

— Ана кўрдингми. Сен ундан ёшсан, келишгансан. Лекин бўю вазнинглар бир хил. Шуни ўйлаб… э, бари хомхаёл!

— Давом эт.

— Бунақа қотиллик усулини телевизорда кўрганман. Хуллас, битта хат ёзасан. Хатингда снни виждон азоби қийнаётганини, тунлари ухлолмаётганингни, фирмангдан қимматбаҳо буюмларни ўғирлаб, аллақачон уларни пуллаганингни ёзасан. Пулларни қиморда ютқаздим, энди уларни қайтариш имкони йўқ, ўз жонимга қасд қилишдан бошқа чорам қолмади, дейсан.

— Мақсадингни тушунгандайман.

Марция нигоҳини четига бурди.

— Ахмоқона режа, тўғрими?

— Ҳеч ҳам-да. Сен тулкидай айёр экансан, азизам. Демак, биз Рэйни ўлдирамиз-да, полицияга унинг ўлигини менинг жасадимдай қилиб кўрсатамиз, шундайми?

Марция бош ирғади.

— Шундай қилсак полиция ортимиздан тушмайди. Эримни тунда тинчитамиз. Сен бояги хатни ёзиб, уйингда қолдирасанда, ярим кечаси бизларникига келасан. Эшикни ўзим очаман. Рэйни ухлаётганида бошига ёстиқ босиб ўлдирамиз. Кейин жасадини машинангга тиқамизу…

— Машинани жарга итарамиз, — деди Брюс қувончдан кўзлари чақнаб. — Ақлингга балли! Зўр режа тузибсан!

— Йўғ-э?

— Полиция менинг ўзимни ўлдирмоқчилигим ҳақидаги хатимни ўқийди, кейин жардан, портлаган машинанинг ичидан куйган жасадни топади. Хуллас, Брюс ўз жонига қасд қилган, деган хулосага келишади. Қойилман, жонгинам.

Аёл жилмайди.

— Фирмадаги ҳамкасбларинг ҳам қайтиб сени безовта қилмайди, тўғрими?

— Хатда ҳамма пулни қиморда ютқаздим деб ёзаман. Мурдадан ким ҳам ҳақини талаб қиларди… Эринг ғойиб бўлгач полиция кейинроқ уни қидириши мумкин. Шунда унинг сен билан бирга Европага саёҳатга кетгани маълум бўлади. Аслида эса унинг ўрнига мен кетаман. Эринг билан кўринишимиз ўхшаш. Ҳеч ким шубҳаланмайди. Паспортлар аллақачон тайёр, Париждаги меҳмонхонага буюртма берилган. Иккаламиз саёҳат дастурида ёзилган ҳамма шаҳарларни мазза қилиб айланамиз. Кейин эса узоқроққа қочиб кетамиз. Полиция изимизни ҳам тополмайди. Парижга неча кундан кейин жўнамоқчисизлар?

— Кейинги ҳафта жума куни, — деди Марция маъюс тортиб. — Тонгда Нью-Йоркка учамиз. Эртаси куни Парижга қараб йўл оламиз.

— Яхши. Бўлмаса. Кейинги ҳафта пайшанба куни тунда уйингга бораман. Эринг уйқуга кетгач пастга тушиб эшикни очасан. Рэйни ўлдиргач бирга аэропортга жўнаймиз. Мен ўша куни ҳалиги хатни ёзиб қолдириб лаш-лушларимни олволаман.

— Пулларничи?

— Уларниям оламан. Сен ҳам жомадонларингни тахтлаб, тайёр бўлиб тур, — шундай деб Брюс Марцияни қучди. — Сенинг ақллли аёл эканингни билардиму, лекин бунчалик доносан, деб ўйламовдим.

— Шу ишни эплай олармиканмиз?

— Хавотирланма, албатта эплаймиз.

Кунлар жуда секин ўтарди. Ҳеч кимда шубҳа уйғотмаслик учун улар пайшанбагача учрашмасликка қарор қилишди.

Марция унчалик хавотирланмаётган бўлса-да, кўнгли нотинч эди.

Чоршанба куни Брюс қўнғироқ қилиб эртага кечга яқин хатни ёзиб, пулларни машинага жойлаб шайланиб туришини, Марция эри ухлагач унга дарров сим қоқиши кераклигини тайинлади.

— Борганимда эшикни очсанг бўлди, — деди Брюс. — Қолганини менга қўйиб бер.

Сўнгги кун бир ойдек узоқ чўзилди. Марция Брюсга тонгга яқин, соат тўртдан йигирмата ўтганда қўнғироқ қилди. Хуштори дарров трубкани кўтарди.

— Ниятингдан қайтдингми деб хавотирлана бошлагандим, — деди у.

— Эрим кеч ухлади. Лекин ҳозир хуррак отаяпти.

— Беш дақиқада етиб бораман.

Брюснинг машинаси уйнинг ёнига келиб тўхтагач, Марция эшикни очди. Хуштори оёқ учида ичкарига кирди.

— Хатни айтганингдек қилиб ёзиб қолдирдим. Нарсаларим машинада.

— Пулчи?

— Пул ҳам юкхонадаги жомадонда.

— Жуда соз. Иккимиз бирга анча яйрадик, жонгинам.

Марциянинг сўнгги гапини Брюс эшитолмай қолди. Чунки кимдир орқа томондан бошига чўян қувур билан туширди. У инграшга ҳам мажоли етмай гурсиллаб қулади.

— Ҳушидан кетди, — деди Рэй Донахью қувурни четга қўйиб. — Бир зарб билан тинчитдим. Ташқарига қарачи ҳеч ким мўраламаяптимикан. Бизга гувоҳларнинг кераги йўқ.

Марция эшикни очиб ташқарига чиқди. Ҳамма ёқ жимжит. У тунги салқин ҳаводан кўкси тўлиб, мириқиб нафас олди.

— Ўйнашингни машинасини орқа томонга бур, — деди Рэй хотинига. — Шошмай тур, чўнтагидан машинанинг калитини олиб берай.— У полда ётган Брюснинг чўнтагидан бир шода калитни чиқариб Марцияга узатди.

Аёл машинани уйнинг орқа эшигига яқин жойда тўхтатгач, Рэй Брюсни кўтариб олиб чиқиб машинага тиқди-да, ўзи рулга ўтирди.

— Сен бизнинг машинамизни ҳайдаб ортимдан борасан, — деди у Марцияга. — Мен 32-йўл бўйлаб шимолга буриламан. Тахминан бир-бир ярим милдан кейин йўл жарлик лабидан ўтади. Уни ўша ерда машинаси билан ағдарамиз.

— Машина ёниб кетгач жасад Брюсники эканлигини полиция аниқлай олмасачи?

— Хавотирланма. Ҳозир тишларнинг рентген сурати орқали ҳар қандай одамнинг шахсини аниқлаш мумкин. Хушторинг буни билмагани яхши бўлди.

— Боёқиш жуда гўл одам эди.

— У ҳақида ўтган замонда гапиришга ҳали эрта, — деди Рэй жилмайиб. — Брюс ҳали тирик.

Марция эрининг ортидан машинасини ҳайдаб жарнинг ёқасида тормозни босди. Рэй Брюснинг машинасидан чиқиб юкхонадан пул солинган жомадонни олди-да, гумон уйғотадиган бирор буюм қолмадимикан, деб чалажон ошиқнинг чўнтагини титкилади. Кейин уни рулга ўтқазиб оёғини газ тепкисига қўйди.

— Алвидо, Брюс, — деди Марция беҳуш севгилисининг қулоғига шивирлаб. — Қанчалик зерикарли хуштор бўлганингни билсанг эди.

Рэй жарга қараб итаргач машина ёғоч тўсиқни бузиб ўтиб ҳавода бир сония муаллақ қотди-да гумбурлаб пастга қулади ва ёниб кетди.

Эр-хотин пул солинган жомадонни олиб ўзларининг машинасига ўтиришди ва уйга қайтишди.

— Лақма севгилингдан ҳам қутулдик, — деди Рэй мийиғида кулиб. — Нью-Йоркка учишимизга ҳали икки соат бор. У ёғи Париж!

— Париж! — Кўнгли шодликка тўлиб энтикди Марция. — Бу сафар Парижда мазза қилиб яшашга бемалол пулимиз етади.

У шундай деб қўлларига қаради. Қўллари сира титрамаётганди. “Қандай довюрак аёлман-а” ўйлади у ва юзига майин табассум югурди.

Рус тилидан А.Отабоев таржимаси

Калит сўзлар: ,

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>