• Бугунги сана: Juma, Noyabr 24, 2017

Паспорт тизими қачон электронлашади?

Электрон ҳукумат атамаси тилимиздаги фаол иборалардан бирига айланиб улгурди. Мазкур термин давлат органларининг ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатишга доир фаолиятини англатади. Моҳиятига кўра электрон ҳукумат мамлакат миқёсида маъмурий тартиб-таомилларни автоматлаштиради, давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга ҳамда ортиқча харажатларни қисқартиришга замин яратади. Содда қилиб айтганда, бу тизим орқали одамлар давлат хизматларидан уйдан чиқмаган ҳолда, онлайн режимда фойдаланиши, давлат органларига сўров жўнатиб, жавобини, расмий ҳужжатларнинг намунасини олиши, ҳар хил тўловларни тўлаши, масофадан туриб таълим олиши ва бошқа хизматлардан фойдаланиши мумкин.

Сўнгги йилларда республикамизда бу борада талай ишлар қилинди. Хусусан, давлат органлари кўрсатадиган интерактив хизматлардан фойдаланиш имконини берувчи Ягона интерактив давлат хизматлари портали ишга туширилди. Электрон ҳукумат тизимини янада такомиллаштириш мақсадида давлат хизматлари ягона реестри шакллантирилди. Тизимнинг ҳуқуқий асоси сифатида «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузурида Электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш маркази фаолияти йўлга қўйилди.

Биргина Ягона интерактив давлат хизматлари портали(my.gov.uz)ни олайлик. 2013 йилнинг 1 июль куни ишга туширилган портал ҳамюртларимиз учун кўплаб қулайликлар тақдим этди; вақт, масофа, сарф-харажатдан ютиш имконини берди. Ҳозирга келиб портал орқали аҳоли 230 хил интерактив хизматдан фойдаланмоқда. Давлат ва хўжалик бошқаруви органларига ариза, шикоят ва таклифларни йўллаш, меҳнат стажи тўғрисидаги архив маълумотномасини олиш, тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш учун онлайн ариза юбориш кабилар шулар жумласидандир.

Аммо давлат ва хўжалик органлари кўрсатадиган хизматларни электронлаштириш борасида камчиликлар ҳам йўқ эмас. Айрим давлат органлари азбаройи замоннинг шиддатини ҳис қилмаганиданми ёхуд ахборот коммуникация технологияларини иш жараёнига татбиқ қилиш ҳам давлат, ҳам жамият учун қанчалик фойдали эканини англаб етмагани учунми, ўзлари ўрганган фаолият тарзини ўзгартиришни хоҳламаётгандек тасаввур уйғотади.

Ички ишлар вазирлиги фуқаролар энг кўп мурожаат қиладиган, хизматларидан энг кўп фойдаланадиган давлат органларидан биридир. Биргина паспорт ва прописка тизими электронлаштирилмагани оқибатида бугун жойлардаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида турнақатор навбатлар юзага келаяпти, одамларнинг қимматли вақти беҳуда сарфланаяпти.

Уч ярим йилдирки синовда!

2014 йилнинг январида Ягона портал орқали биометрик паспорт олиш учун онлайн ариза юбориш синов тариқасида жорий қилинган, синов учун Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани танлаб олинган эди. Ушбу хабар чиққанигаям уч ярим йилдан ошибди. Шундан бери ҳеч қаерда синов якунланган-якунланмагани, унинг натижаси, республикамизнинг бошқа ҳудудларида яшаётган аҳоли ҳам Ягона портал орқали паспортини алмаштириш бўйича навбатга қўйишни сўраб ариза юбориш имконига эга бўлган-бўлмагани ҳақида бир сатр ҳам маълумотга кўзим тушмади. Синов бошлангани ҳақида ахборот берилган экан, унинг якуни ҳақидаям маълум қилиниши керак эмасми?!

Шундан сўнг ўзим бу интерактив хизматнинг тақдири билан қизиқиб кўрдим. Буни қарангки, бугунги кунда хизмат Тошкент шаҳрининг барча туманида ишга туширилган бўлиб, ундан Ягона порталда рўйхатдан ўтган инсонлар фойдаланиши мумкин экан. Бунинг учун аризачи паспортининг электрон нусхаси(яшаш манзили кўрсатилган бети билан бирга)ни илова қилиши талаб этилади. Шундан сўнг фуқаро доимий яшайдиган жойдаги (шаҳар-туман) ички ишлар органининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси 15 кун ичида ушбу мурожаатни кўриб чиқиб, фуқарони навбатга ёзиб қўяди ва янги паспортга суратга тушиш ва биометрик маълумотларни олиш учун келиши лозим бўлган аниқ сана ва вақтни маълум қилади. Фуқаро айтилган вақтда паспорт столига бориб, қийинчиликсиз суратга тушиши, бармоқ изи ва ҳоказоларни топшириши мумкин. Белгиланган муддатдан сўнг паспортини олиб кетаверади.

Кўраяпсизми, ҳали ғарибгина бўлса-да, биргина мана шу интерактив хизмат орқали одамларнинг қанча вақти тежалаяпти! Бу давлат ва жамият ривожига хизмат қилиши мумкин бўлган фойдали иш коэффициенти демакдир. Энди паспорт тизими тўлиқ электронлаштирилишининг фойдасини ҳисоблаб кўраверинг!

Яшнобод тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси

Мавриди келганда мутасаддилардан ушбу хизмат қачондан бошқа ҳудудларда яшаётган юртдошларимиз учун ҳам очилиши, синов даври яна қанча давом этишига ойдинлик киритишини сўраб қоламиз.

«Вақтинчалик прописка» даҳмазаси

Расман «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби» деб юритиладиган, оддий халқ «вақтинча прописка» деб атайдиган ҳужжатни расмийлаштириш тартибининг ўта мураккаблиги одамларни қийнаб келаётган муаммолардан.

«Вақтинчалик прописка» республикамизнинг бошқа ҳудудидан келиб, Тошкент шаҳри ва вилоятида ишлаётган ёки ўқиётган юртдошларимиз учун катта аҳамиятга эга ҳужжатлардан биридир. Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабига кўра, фуқаро Тошкент шаҳри ва вилоятига келган кунидан бошлаб беш кун ичида ўзи вақтинча турган жойдаги ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига белгиланган тартибда мурожаат этиши керак. Бу талабни бажармаганлар маъмурий жавобгарликка тортилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг «Паспорт тизими қоидаларини бузиш» номли 223-моддасида белгиланишича, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаш — энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда; паспорт тизими қоидаларига риоя этиш учун масъул бўлган шахсларнинг вақтинча ёки доимий пропискасиз, турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшашига йўл қўйиши, худди шунингдек фуқароларнинг ўз тураржойларида паспортсиз, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган шахслар яшаб туришига йўл қўйиши — энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида; вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилиш — мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Юқоридагиларни билгач, ҳар қандай онгли фуқаро қонун талабини бажаришга чоғланади. Бироқ бу жараённи бир марта бошидан кечирган инсоннинг кейинги гал «вақтинчалик прописка» олишга юраги бетламайди. Бежиз бундай демаяпмиз. Давлат корхонасида ишлаётган фуқаролар-ку, ҳарчанд қийналишмасин, бу талабни бажаришга мажбур. Йўқса ишларидан айрилишади. Аммо Тошкент шаҳри ва вилоятида мавсумий ёки кунлик юмуш билан шуғулланадиганлар-чи?! Улар ҳақида бундай деб бўлмайди.

Сўзларимизни яқинда Тошкентда ўтказилган «Тозалаш-антитеррор» ва «Паспорт-виза» тадбирларида аниқланган ҳолатлар ҳам тасдиқлайди. ИИББ расмий сайтида хабар берилишича, биргина «Паспорт-виза» тадбири доирасида 130 мингдан ортиқ хонадон ҳамда 5 мингдан ортиқ ташкилот текширилган ҳамда рўйхатдан ўтмай истиқомат қилаётган 4265 нафар шахсга ва улар билан ижара шартномаси тузмаган 146 нафар хонадон эгасига ҳамда «вақтинчалик прописка»сиз одамларга иш берган 68 та ташкилот раҳбарига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Хўш, ушбу фуқароларни қонунни бузишга нима мажбур қилди? Бир парча қоғозни расмийлаштирмагани учун жарима тўлашга мажбур бўлаётган бу инсонлар тартиб содда ва машаққатсиз бўлганда, фуқаролик бурчини бажаришмасмиди?! Бажаришар эди. Амалдаги тартиб-қоидаларнинг ўта мураккаблиги уларни бунга ундаган. Ҳа, айнан шундай!

Илдиз отган қоғозбозлик

Айни пайтда «вақтинчалик прописка» учун қуйидаги ҳужжатлар керак бўлади:

— ИИВ томонидан белгиланган намунадаги ариза; фуқаронинг паспорти (казарма, корабллар ва кемалардан ташқарида яшайдиган хизматчилар учун Ўзбекистон Қуролли кучлари офицерининг ёки шартнома бўйича ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси);
— уй эгасининг фуқарони вақтинча рўйхатга қўйдиришга розилиги ҳақидаги аризаси; агар бегона шахслар вақтинча рўйхатга қўйилаётган бўлса, ижара шартномаси;
— уй эгасининг паспорти нусхаси; уйнинг кадастр ҳужжатларининг нусхаси (асли ҳам кўрсатилади);
— уйга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси (олди-сотди ёки ҳадя шартномаси, давлат ордери, мерос гувоҳномаси, ҳокимлик қарори ва ҳоказо);
— агар эр хотинининг, хотин эрининг уйига вақтинча рўйхатга қўйилаётган бўлса, никоҳ тузилгани ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси (шунингдек, ушбу ҳужжатнинг асли ҳам кўрсатилади);
— болаларни рўйхатга қўйиш учун, агар улар 16 ёшга тўлмаган бўлса, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларининг нусхалари ҳамда 3,5х4,5 ҳажмдаги 2 дона фотосурат (вояга етмаганлар фақатгина ота-оналари билан бирга прописка қилинади);
— нотариал тартибда тасдиқланган текин фойдаланиш ёки ижара шартномаси нусхаси;
— фуқаро яқин қариндошларини (ота-ота фарзандларини, фарзандлар ота-онасини, эр хотинини, хотин эрини) вақтинча рўйхатга қўйдираётган бўлса, яқин қариндошликни тасдиқловчи ҳужжатлар;
— давлат божи тўлангани ҳақидаги квитанция;
— ижарага турувчининг ишхонасидан уни «вақтинчалик прописка»га қўйиш тўғрисида расмий илтимоснома;
— зарурат туғилса, бошқа тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам талаб этилиши мумкин.

Сўралган ҳужжатлар рўйхатининг катталигини кўриб, ҳар қандай одамнинг ҳуши бошидан учиши тайин. Шунча қоғоз-а! Масаланинг нозик тарафи шундаки, ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларининг мазкур талаби «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги қонун, Вазирлар Маҳкамасининг «Республикада қоғозни тежаш ва ундан оқилона фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига зиддир. Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг қарорида давлат ва хўжалик бош-қаруви органларида қоғоз сарфини кескин камайтириш ва бунинг учун бюджетдан ва бюджетдан ташқари манбалардан ажратилаётган маблағларни тежаш, ҳужжатлар айланишини қисқартириш, қоғозбозлик ва расмиятчиликни бартараф этиш, бу борада ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, электрон ҳужжат айланиши, давлат ва идоравий интерактив хизмат кўрсатиш турларини кенгайтириш белгилаб берилган ва мазкур ҳужжат билан республикада қоғозни тежаш ва ундан оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар комплекси тасдиқланган эди.

«Электрон ҳукумат тўғрисида»ги қонунга кўра, давлат органлари ортиқча маъмурий тартиб-таомилларини бартараф этиши, электрон давлат хизматлари кўрсатиш чоғида, шунингдек, идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш жараёнида фойдаланиладиган ҳужжатларни бирхиллаштириши, ариза берувчилардан талаб этиладиган ҳужжатлар сонини қисқартириши, идоралараро электрон ҳамкорлик қилишни мақбуллаштириши, электрон давлат хизматлари кўрсатиш муддатларини қисқартириши шартлиги белгилаб қўйилган. Бироқ 2016 йилнинг 10 июнидан кучга кирган ушбу қонун ва ҳукуматнинг юқорида қайд этилган қарори ижроси ИИВ томонидан паспорт тизимида мутлақо бажарилмаётгани, аксинча, бу тизимда қоғозбозлик ва расмиятчилик илдиз отганини кўриш мумкин.

Нотариал идорадаги муаммолар

Юқорида «вақтинчалик прописка»ни расмийлаштиш жараёнида нотариал тартибда тасдиқланган текин фойдаланиш ёки ижара шартномаси нусхаси ҳам сўралишини айтиб ўтдик. Агар фуқаро қариндошларини вақтинча рўйхатга қўйдираётган бўлса, текин фойдаланиш шартномаси, агар бегона шахслар вақтинча рўйхатга қўйилаётган бўлса, ижара шартномаси талаб этилади. Таъбир жоиз бўлса, ушбу ҳужжатни қўлга киритиш учун ҳам одам бир ўлиб-тирилади. Чунки нотариал идораларда ҳам навбат катта, омадингиз келиб, ҳаммасига бир кунда улгурсангиз хўп-хўп, йўқса камида икки-уч кун ушбу идора эшигида сарғайишингизга тўғри келади.

Текин фойдаланиш ёки ижара шартномасини расмийлаштириш учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

— уй эгасининг хонадонини текин фойдаланишга ёхуд ижарага беришга розилиги ҳақидаги нотариал тасдиқланган аризаси;
— уйнинг кадастр ҳужжатлари йиғма жилди;
— уй эгасининг паспорти нусхаси;
— уй эгаси оилали бўлса, рафиқасининг паспорти нусхаси, никоҳ тузилгани ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси;
— маҳалладан бериладиган 17-шаклдаги маълумотнома;
— маҳалладан мазкур уйда кимлар пропискага қўйилгани ҳақида маълумотнома;
— пропискага қўйилаётган фуқаронинг паспорти ва СТИР нусхаси;
— турмуш ўртоғини ҳам рўйхатга қўяётган бўлса, эри(хотини)нинг паспорти, никоҳ тузилгани ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси;
— болаларни ҳам рўйхатга қўйиш учун уларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари нусхалари.

Ҳужжатлар рўйхати паспорт столидагидан қолишмайди-я, тўғрими?! Мазкур ҳужжатлар бўлмаса, нотариус шартномани расмийлаштирмайди. Бир киши овора бўлмагани етмагандай, текин фойдаланиш ёки ижара шартномасини расмийлаштириш учун нотариал идорага уйни фойдаланишга (ижарага) олаётган одам билан бирга уй эгаси ва унинг рафиқаси ҳам бориши керак. Бу ўша куни уч киши ишдан қолади ёки иш вақтининг тўрт-беш соатини бой беради деганидир.

«Стол услуг» кимнинг чўнтагини қаппайтирмоқда?

Олмазор тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси

Фуқарони Тошкент шаҳри ва вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш жараёнидаги муаммолардан бири ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари атрофидаги «стол услуг»лар фаолияти билан боғлиқ. Айни пайтда паспорт столларида паспорт тизими учун зарур ҳужжатларнинг бланкаларини расмийлаштиришда монополия ўрнатилган бўлиб, ҳамма «стол услуг»лар хизматидан фойдаланиши шарт. Уларнинг хизмати эса пулли. Талаб этилган ҳужжатларнинг бланкасини тўлдиришни биладиган фуқаролар учун етарли шарт-шароит мавжуд эмас.

Масалан, Олмазор тумани ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасида аҳвол худди шундай (бошқа туманларда ҳам аҳвол бундан авло эмаслиги эҳтимоли юқори). Ҳужжатларни тўлдириш учун намуналар талаб даражасида эмас. Намуналар эскириб, сарғайиб кетганидан уларни ўқиш деярли имконсиз. Қолаверса, бу ерга келган одам ҳужжат бланкаларини қаердан олишни билмайди. «Стол услуг»дагилар нонини яримта қилиб, ушбу бланкаларни бергиси келмайди.

Олмазор тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси

Фуқаро бир амаллаб уларни топиб, рисоладагидек тўлдириб, бўлинма бошлиғининг қабулига кирди ҳам дейлик. Лекин ҳужжатлар у хоҳлаган тартибда тахланмагани сабаб «стол услуг»дагиларнинг ёнига қайтиб бориши эҳтимоли юқори. Бундай ҳолатда истасангиз ҳам, истамасангиз ҳам пулли хизматдан фойдаланишга мажбурсиз! У ёғини сўрасангиз, «стол услуг»да ишловчиларнинг туман ИИБга умуман алоқаси йўқ! Қайсидир бир тадбиркор МЧЖ очиб, туман ИИБ билан шартнома тузиб, аҳолига хизмат кўрсатиб ётибди. Ушбу монополия ортидан кимларнингдир чўнтаклари кундан-кунга қаппаймоқда…

Бер, бер, бер…

Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимидаги «бер-бер»лар фақат юқоридагилардан иборат эмас. «Стол услуг»дан эсон-омон чиқиб олганингиздан сўнг шу ернинг ўзида ташкил этилган туман вақтинчалик бир марталик ишларни ташкил этиш бюроси (меҳнат биржаси) мутахассисларига учрашилади ва рўйхатдан ўтгач, уларга ҳам саналади!

Олмазор тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси

Шундан сўнг туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси бошлиғининг хонасига кирилади. У ҳужжатлар билан танишиб чиққач, йўлланма беради. Кейин махсус хонада сизни олд ва икки ён томондан суратга олишади. Бунинг учун киши бошига тўрт мингдан ҳақ олишади. Сўнгра қўлингизга қора мой суртиб, бармоқ изларингизни олишади. Бу ҳам пулли! Расм ва бармоқ изи олингани ҳақидаги маълумот ҳам ҳужжатларга киритилади. Шундан сўнг ҳужжатлар топширилади, «вақтинчалик прописка» 15 кун ичида тайёр бўлади.

Муддатни чўздиришдаги қийинчиликлар

Навбатдаги муддатга «вақтинчалик прописка» олиш жараёни ҳам бошоғриқ! Тўғри, бу жараёнда қўлингизга қорамой суриб, бармоқ изингиз олинмайди. Чунки ўтган сафарги маълумотларингиз базада сақланган бўлади. Бундан бошқа барча ҳаракат қайтадан амалга оширилади, табиийки, уларнинг барчаси учун ҳақ ундирилади.

Бир марта олти ойга вақтинча рўйхатга турган фуқаронинг, ўтган даврда у билан боғлиқ муаммо юзага келмаган бўлса, кейинги сафар вақтинча рўйхатга туришини автоматик узайтириб қўйиш шунчалар қийинми? Ёки иш берувчининг биттагина хати билан муддатни узайтириб қўйса бўлади-ку?! Ё амалдаги қоғозбоз тизимдан кўзланган мақсад одамларнинг чўнтагини шилишга қаратилганми?

Қолаверса, ҳар сафар олти ойга Тошкент шаҳри ва вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга қўйдираётганда, уйнинг эгасини етаклаб бориш керак. У паспорт столига бориб, шунчаки бошлиққа кўринса бўлгани! Шунга қаерлардан овора бўлиб келишга, навбатда туришга маҳкум.

Уй эгаси хонадонини қонунда белгиланган тартибда кимгадир берган ва текин фойдаланиш ёхуд ижара шартномаси тузган бўлса, унинг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига бориши нимага керак? Нотариал тартибда тасдиқланган шартнома бўла туриб, ёзма розилик бериши учун унинг «вақтинчалик прописка»да турувчи билан яна паспорт столига шахсан бориши беъманилик эмасми?

Ўл(дирил)аётган вақт

Яқинда журналист Даврон Тожиалиев фейсбукда қуйидагиларни ёзди:

— Прописка — вақтга зулм, умрга зулм. Бугун «вақтинчалик прописка»ни чўздириш учун навбатга туришга 3 соат, бориб-келишга 1 соат вақт кетказдим. Унгача тайёрланадиган ҳужжатларга кетган вақтни ҳисобламадим.
Пропискани бекор қилиш керак деганимиз билан фойдасиз, ҳозирги ҳолатда бу — бўлмайдиган иш. Барака топгурлар, ҳеч бўлмаса «вақтинчалик прописка»га ҳужжат топширишни онлайн қилиб қўйинглар! Ахир XXI асрда яшаяпмиз. Портал очилди, электрон рақамли имзолар бор, онлайн тўлов тизимимиз бор, унинг устига барча биометрик маълумотларимиз бор. «Тайёр. Фалон куни келиб, олиб кетинг» деб СМС юбориш қийин иш эмас…
Эски яшил, сариқ, оқ «вақтинчалик прописка» бланкаларидан ўнтача йиғилиб қолибди. Ҳар бирини қўлга киритишга бир кундан вақт кетгандаям умримнинг 10 куни фойдасиз ўтибди. Болаларимга ҳам бир парча «прописка» қоғози оларканман, чин дилдан ачиндим: «ишқилиб, булар эсини танигунча бунақа қоғозлар тугаб битсин-да!»…

Мутахассислар бир соатда инсон нималарга улгуриши мумкинлигини ҳисоблаб чиқишган. Масалан, тахминан 12-20 саҳифа китоб ўқиш, 5-7 км. пиёда юриш ёки 10-14 км. югуриш, токарь бир соатда 90 та детал ясаши, шифокор бир ёки бир неча кишининг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин экан. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Муҳими бунда эмас. Мазкур қиёс паспорт столлари ва нотариал идораларда беҳуда сарфланаётган соатларнинг аҳамиятини ҳис қилишга ёрдам беради.

Юқорида паспорт тизимида томир ёйган қоғозбозлик ва расмиятчиликлар, уларнинг салбий оқибатлари ҳақида сўз юритдик. Фуқарони турган жойи бўйича рўйхатга олиш тизимининг ҳаддан ташқари қийинлиги ва харажатлари одамларни бездириб қўйган. Қолаверса, ҳар олти ойда такрорланадиган бу жараён бир эмас, бир неча одамнинг фаол иш вақти беҳуда кетишига сабаб бўлаяпти. Аслида муаммонинг ечими жуда оддий. Тизим электронлаштирилса бўлгани. Фақат бунинг учун янгиликка, одамларнинг оғирини енгил қилишга интилиш талаб этилади холос. Хулоса ўзингиздан!

Жамшид Ниёзов,
«Iste’mol madaniyati» газетасининг
2017 йил 16 августдаги сонидан олинди

(мақола газетада жузъий ўзгартиришлар билан чоп этилган)

Дўстларингиз билан улашинг:


  • кахрамон Жавоб бериш
    3 oy олдин

    рахмат шу масалани кутарган инсонга 2009 йил уй олганман кариндошимни номига 10 йилдан бири вактинча пропискадаман болаларим катта булиб кодишди мактабга болаларимни хам пропискасини сураганда жахлим чикиб кетади кизим 4 синфда укийжи якинжа манга савол берди дадажон пропимкани кидиб олиг унда м мактабга куймайди деб жуда хафа булиб кетдим биза хам узбекмику нимага мумкинмас тошкента ящаш нега прописка килмагансиз деб саволлар бериб кийнади умримни тенг ярми тошкента утди устачилик киламан мумкин пайтларда прописка килмаганман жуда афсусдам узр дардимни очганиз учун куп езжим

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>