• Бугунги сана: Dushanba, Noyabr 20, 2017

«Озодлик» радиосининг ўзбек хизматига Оҳангарондан раддия

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда сизларнинг навбатдаги иғвогарлигингиз ҳақида айтиб қолишди. Касбим тақозосига кўра, шунингдек, гап бугун мен фаолият кўрсатаётган ҳудудга доир бўлгани учун тобора бардавом бўлаётган қутқуларингиз баёнини ўқиб чиқдим. Тошкент вилоятидаги, сизнингча, мисли кўрилмаган “хўрлик” ҳақида зав-шавқ билан ҳикоя қилганингизни англагач, ғазабим қайнади.

Хуллас, тақдир тақозоси билан бугун бевосита сизлар “жўшиб” қаламга олган жараённинг ичида бўлганим учунми, баъзи эътирозларни айтишни жоиз билдим. Аслида-ку, мақсадингиз нақадар жирканч эканини мақолаларингиз сарлавҳасиданоқ билса бўлади. Қизиқ, ақалли биронтаям позитив, мўътадил моҳиятли сарлавҳангиз йўқ экан. Бири-биридан совуқ ва тутуриқсиз сўз ўйинлари…

Мақсадга ўтишдан бурун, яна бир мулоҳаза. Жаноб аноним муаллиф! Табиийки, бу оламда барча кимгадир ва ёки қандайдир маслакка хизмат қилади. Ўйлайманки, сиз ҳам мақола ёзаётганда, албатта, давлатга хизмат қилаётганингизни, тарихий Ватанингизда кучли фуқаролик жамияти, демократик тузум учун курашаётганингизни, қўйингчи, адолат пешвоси эканингизни хаёл қилган бўлсангиз эҳтимол… Ва мен ҳам виждон амри билан ушбу эътирозни ёзаётганимда жонажон Ватанимга, ҳақиқатга хизмат қилаяпман, деб ўйлаяпман. Қарангки, ҳақиқатга хизмат қилиш тушунчаси сизу менинг онгимда турлича жилва қилаяпти. Аммо, нишонимни, исму фамилиямни аниқ кўрсатиб, жараённинг ичидан туриб ёзаётган жавобимни ўқигач, минбаъд ўйлаброқ қалам тебратасиз, деган умиддаман.

Сифатсиз мағзава

“Озодлик”чилар ёзган мақолада шундай сўзларни ўқиймиз: “Тошкент вилоят, Оҳангарон туман Электр тармоқлари корхонаси қарзи бор истеъмолчиларга, агар пахта теримига чиқмаса, электр таъминотини узиш билан таҳдид қилмоқда. Бироқ қарздор хонадонлар электр таъминотини узиш учун мутахассислар етишмаяпти – улар ҳам пахтада”.

Изоҳ: Мағзава. Устоз журналист Аҳмаджон Мелибоевнинг таъбири билан айтганда, ҳатто мағзава сифатида ҳам, сифатсиз мағзава.

Биринчидан, бу ҳақда туман электр тармоқлари корхона раҳбари Баҳром Маматов билан суҳбатлашганимда (агар сўрасаларингиз, аудиофайлни юборишим мумкин), сизлар ёзган матнни ўқигач, бу инсон, ишонасизми, қаҳқаҳа отиб кулди. “Бу қандай чўпчак, тентак эмасми булар?”, деди. Ўша мақолада қайд этилишича, туманда ҳозир икки юз нафар атрофида электрдан қарздорлар бор эмиш. Аслида бу рақамлар хато. Ва яна бир жиҳати борки, агар лозим кўрилса, бир хизматчининг ўзи кун давомида барча қарздорларни таъминотдан узиши мумкин. Аммо бу ерда мавжуд қарздорликнинг миқдори, тўловлар санаси, узлуксизлиги, оиланинг имконияти инобатга олинаяпти. Айтганча, истеъмолчини таъминотдан узиш шунчаки, бир одамнинг азму қарори билан бўладиган жараён эмас. Бунинг учун етарли асослар ва МИБнинг, баъзи ҳолларда суднинг аралашуви керак бўлади. Хуллас, олисдаги ҳамкасблар, мен сизга туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарининг телефонини тақдим қиламан. Интервью олмоқчи бўлсангиз, марҳамат, касб этикасига амал қилиб, аввал ўзингизни таништириб, мақсадингизни айтиб, кейин муомала қилингки, холислигингизга шубҳа қолмасин.

Марҳамат: Баҳром Маматов, Оҳангарон тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари – +99890 323 89 35.

Айтганча, бордию, бу инсон билан суҳбатлашишга журъат қилсангиз, бир гапни ёдда тутинг. У сизлар каби ҳар сўздан минг бир маъно чиқариб, жимжимадор жумлаларда гапирмайди. У юртимиз келажаги учун хизмат қилаётган минглаб, миллионлаб Ватандошларим каби оддий, жайдари равишда сўзлайди. Сиз эса унинг гапларини қайчилаб, маънолар ўйини қилишни хаёлингизга ҳам келтирманг…

Иккинчидан, бу ерда гапни чувалаштириш бор, ёлғон аралашган. Чунки, Оҳангаронда пахта йиғим-теримига ҳашарчи жалб қилиш жараёни сизлар айтгандек эмас, бошқача услубда олиб борилаяпти. Мен ҳам туманда аҳоли билан уйма-уй юриб мулоқот қилиш бўйича тузилган ишчи гуруҳлардан бирининг аъзосиман. Деярли ҳар куни кечаётган бундай мулоқотларда хонадонларда бўлиб, турли масалаларда, хусусан, коммунал тўловдан қарздорлик борасида ҳам суҳбатлашаяпмиз. Бу ишчи гуруҳ фақат пахтага теримчи жалб қилиш масаласи билан шуғулланади, десалар туҳматдир. Биз одамларнинг жорий ҳаёт тарзи, яшаш шароити, давлат миқёсидаги турли тадбирларга муносабати, кайфиятини ўрганамиз. Аниқланган муаммолар секторлар кесимида шу куннинг ўзида туман ҳокимига етказилади.

Пахта масаласига келсак, дарҳақиқат, коммунал тўловдан қарзи бор айрим фуқароларга пахта теримида иштирок этиш тавсия қилинаяпти. Бироқ, улар ким – гап шунда. Уларнинг баъзилари қарздорликни узиш имконияти бўлмаган вақтинча ишсизлар, яна баъзилари оз миқдорда қарздорлиги бўлса-да, ойлар давомида кам таъминланганлигию бечораҳоллигини пеша қилиб, тўламай келаётганлардир. Нима десангиз денг-ку, лекин бу ўринда уларни теримга тарғиб қилиш ғояси адолатли, деб ҳисоблайман! Эътибор беринг, мен ТАРҒИБ қилиш дедим. Яъни, ҳокимият одамларни мажбурламаяпти, вазиятдан чиқишга йўл топиб бераяпти. Икки томоннинг келишуви билан бўлаяпти бу. Ваҳоланки, теримчиларни пахтазорга олиб бориш, техника ҳаражатлари, озиқ-овқат… Эҳ-ҳе… буларнинг бари қанчага тушишини ўйлаб кўраяпсизми?

Тошкент вилояти бу йил теримни кеч бошлади. Етилган кўсаклар тўла очилиб, чаноқлар лўппи бўлгач, теримчилар пайкалга оралади. Ҳозирги кунда жадал давом этаётган биринчи терим жараёнида одамларда оила даромади учун пул ишлаб олиш имконияти борлигини, пахта терими аллақачон мажбурий меҳнат эмас, даромад манбаига айланиб улгурганини тушунасиз, деб ўйлайман.

Сизда кўз борми, жаноб?

“Ҳақиқат – жараёндир” дейди фалсафа илми. Терим машиналари нега камлиги, қўл меҳнатига талаб юқорилиги каби омилларни олайлик. Буларга жавоб беришнинг ҳам мавриди келар. Бу йил Ўзбекистон тамомила янгича сиёсат олиб борганини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базаси мазмунан янгиланаётганини инкор этмассиз. Фермерлар билан ишлаш ҳам энди бошқача тарзда йўлга қўйилаяпти. Мен ўйлайманки, бу йилги пахта ҳосили йиғим-терим кампанияси билан фермерларнинг ўзи ташкилий жиҳатдан шуғулланиши, ҳашарчи ёллаши учун вазият, ҳуқуқий замин тайёрлашга вақт етишмади. Лекин давлатимиз шундай қадам ташладики, кейинги йиллардан бошлаб, ер эгасининг ўзи давлат олдидаги ҳар қандай мажбуриятининг ижроси учун шахсан жавоб беради. Даромадини мустақил тасарруф этиш имконияти берилган фермер учун бу муаммони ҳал қилиш, одамлар билан мустақил келишувга эришиш, терим нархини белгилаш учун асослар етарли бўлади. Англаяпсизми, мана шу механизмни ишга тушириш, бири-бирини тақозо қиладиган муҳим қарорларни қабул қилиш, энг муҳими, бу қарорларнинг реал манзара касб этиши, одамлар онгига тўла етиб бориши учун вақт керак бўлади, албатта. Биз ҳозир ана ўша вақт палласидамиз.

Далаларда мўл ҳосил бодроқдай бодраб ётганда, оппоқ пахта – шу ўзбекнинг ризқ-рўзи кузнинг омонат қуёшида сарғариб бораётганда, сизнингча, давлат нималар қилиши керак эди?

Яна бир факт. Одамларга вазиятни тушунтирганимизда, жараёнга ҳисса қўшишга чорлаганимизда, ҳосилни нест-нобуд бўлишига йўл қўймасликни сўраганимизда: “Ватан нима ишга буюрса, розиман” деганлар бўлди… Баъзида оддий инсонларнинг – уй бекаси, уста, новвой, темирчиларнинг Ватанпарварлигини кўриб, тўлқинланиб кетади одам. Ишонинг, бу воқеалар сиз аянчли манзара ясаган Оҳангаронда, айни шу кунларда, шу соатларда бўлаяпти.

Тўғри, айрим вазиятлар бор, умумий ҳолат бор. Мен айтаётган гаплар умумий манзарага тааллуқли, сизга “холис” ахборот узатган шоввознинг айтганлари айрим вазиятлар учун тўғридир. Лекин, эътибор беринг, туман ҳокими, аҳоли билан дағал оҳангларда, мажбурлов усулида суҳбатлашган ходимни эшитса, шу заҳоти керакли чораларни кўраяпти.

Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романида шундай эпизод бор. Анвар Мирзо дор остида (эшефотда) турибди. Софдил йигитни туҳматлар билан шу ерга келтирган Абдураҳмон домла хунук тиржаяди. Анвар Мирзо ҳам унга қараб кулимсирайди. Анвар Мирзо унга қарата сўз айтади. Бу сўзнинг мазмуни шундайки, мана, домла, мен сизнинг қутқуларингиз билан бугун дор остида турибман. Аммо сиз ҳам, мен ҳам куламиз. Аммо менинг кулгимда адолат бор, сиз титрайсиз. Биласизми, нимага? Чунки, виждон роҳатда… Сиз ҳам, муҳтарам муаллиф, виждонингиз билан обдан гаплашиб кўринг-чи, бугун ўз Ватанида хотиржам яшаётган миллионлаб юртдошларимизнинг қалбидек, сизда ҳам руҳан осойишталик, кўнгил мувозанати, виждон роҳати бормикин?..

Фисқу фасоднинг чеки бўладими?

“Озодлик”чилар ёзган мақолада яна шундай сўзларни ўқиймиз: “Оҳангарон туман Электр тармоқлари корхонаси раҳбарларидан бири шу туманда истиқомат қилувчи фуқаронинг хатида келтирилган маълумотларни тасдиқлади”.

Изоҳ: Қандай хат? Қайси раҳбар? Раҳбар айнан нима деган? Унинг сўзлари балки нотўғри талқин қилинган, орага фисқу фасод аралашгандир? Умуман, журналист фактсиз гапирмаслиги керак, деб ҳисоблайман. Мақолаям шунақа паст савияда ёзиладими? Гапнинг давомини кўринг, мақолада мутасаддининг жавоби айнан қандай экани кўрсатилмайди-да, “муштипар” шикоятчининг хатидан иқтибос келтирилади:
“Энди Оҳангаронда электр энергияси узиладими? Халқда нима айб? Оҳангаронда ҳеч қачон бунақа электр танқислиги бўлмаган”.

Нималар деяпсиз, жаноб? Оҳангароннинг қаерида электр тансиқлиги бор экан? Айрим қарздорларга МИБ томонидан, ўрнатилган тартибда, чора кўрилаётган бўлса, туман миқёсида электр танқис, деб аюҳаннос солишга қандай ҳуқуқ бор сизда? Қани асос, қани мантиқ, қани адолат?

“Озодлик”чилар ёзган мақолада яна шундай сўзларни ўқиймиз: “Туман Электр тармоқлари корхонасининг исми айтилмаслиги шарти билан саволларга жавоб берган вакили пахтага чиқмаган абонентлар электр таъминотидан узилаётганини тасдиқлар экан, “Бир ярим, икки, уч миллион сўм қарзи борларни узяпмиз”, деди”.

Изоҳ: Бу ердаги қитмирлик ва журналистнинг айёрлигини кўрингки,туман электр тармоқлари мутасаддисининг пахтага чиқмаган абонентлар электр таъминотидан узилаётгани борасида нима деганини келтириб ўтмайди-да, гапнинг бошқа қисмини ҳавола қилади: “Бир ярим, икки, уч миллион сўм қарзи борларни узяпмиз”. Кўраяпсизми, қандай тубанлик бор бу ерда. Ҳой банда, эҳтимол улар ўз ишини қилаётган, қарздорларга чора кўраётгандир? Йўқ. “Мухбир”га бу жиҳати аҳамиятсиз. Муҳими, айёрлик билан шубҳали, провакацион мулоҳазасини айтиб олса, бас… Кечирасиз, бунақаси кетмайди. Мухбирмисиз, марҳамат қилиб, этикетга амал қилинг, асослар тўла бўлсагина респондентнинг у ёки бу масаладаги қарашларини тақдим этинг.

Мақолалардаги қолган гаплар эса кўнгилни айнитар даражада тутуриқсиз, юзаки сўз ўйинлари. Баъзи даққи гапларига эса юқорида қисман жавоб бериб ўтганимиз учун, бир кинода айтилганидек, “Давлатни жуни билан ўзингнинг жунингни аралаштирма!”, дегим келади. МИБ ўз ишини қонун доирасида бажаради ва унинг пахтага алоқадорлиги, аввалги ўринларда айтганимиздек, баъзи истисно вазиятларгагина тааллуқли, холос. Яъни, агар қарздор ишсиз бўлсаю, пахта теримида қатнашиб, қарзини маълум қисмини узишга имкон сўраса, бунга рухсат берилади. Бу ерда ижтимоий адолат борлигини қандай инкор қиласизлар, жаноби “адолатпарварлар”?

Муаммо санаган эмас, уни ҳал қилган марддир!

Биз эътироз билдирилаётган мақоланинг муаллифи “Муаммони ҳал қилиш воситаси – муаммо” дея заҳарханда қилади. Муаллиф бу билан коммунал тўловларни ундириш муаммоси пахтага теримчи жалб қилиш муаммосини ҳал қилишда восита бўлаяпти, демоқчи.

“Озодлик” радиоси ўзбек хизматининг бундай тактикалари таниш. Улар томонидан ёзилган сафсаталарни аввал ҳам тармоқларда, касб тақозосига кўра, бир-икки ўқиганим бор. Касбим журналист бўлгани учунми, маҳоратини, истеъдодини ифлос ўй-хаёлларга алмашган, хусусий ғояларини одамлар тилидан тасдиқлатиб олишга уринганларни икки-уч жумласиданоқ дарров танийман. Гапнинг негизи, илдизи қаерда эканини чамалаб кўраман.

“Муаммони ҳал қилиш воситаси – муаммо” деган тезиснинг ғарази, ўқувчи миясига чуқур ўрнашадиган жиҳати шуки, бир қарашда сўзлар ҳақиқатдек туюлади. Эътибор беринг, кишилик жамияти тарихидаги исталган ижтимоий-сиёсий воқеликка нисбат берилса, мос тушадиган бу универсал тезис теримчи ва коммунал тўловлар мавзусига тиқиштирилаяпти. Ақлли одамлар, манипуляторларнинг қўлланмаларидан хабардор, ҳушёр дўстлар, бу ўринда, инсонлар онгида пўртана, ғалаён, норозилик пайдо қилишда универсал тезисдан устомонлик билан фойдаланилганини дарров тушуниб оладилар. Лекин, улар киши онгида портлайдиган бомба тариқасида айтган ғоялари донишманд ўзбек халқининг минг йиллар аввал айтган “Қарс икки қўлдан чиқади”, деган эзгу мақолини қўпол ҳамда жирканч мақсадга йўналтирилган варианти эканини билиб қўйишса, дейман.

Масалага реал қаралса ва холис кўз билан синчиклаб текширилса, “Муаммони ҳал қилиш воситаси – муаммо” деган умумий қараш алдамчи экани аён бўлади. Ўзбекистонда, хусусан, Оҳангарон туманида ҳам фаросатли одамлар ишлайди. Улар ҳам зиммасида бурч ва вазифаларини адо этиш учун барча имкониятларини ишга солаяпти. Тўғри, биз сизлар истагандек жудаям “демократлашиб” кетмаганмиз. Бир йилда 33 марта қурол алмаштирадиган, кейин бегуноҳ одамларни пешайвонидан тариллатиб ўққа тутадиган Стивен Педдоклар, юзлаб ёш болаларни шафқатсизларча ўлдирадиган Брейвикларга эркинлик берадиган қонунлар ишлаб чиқмадик (ва бундай бўлмайди ҳам). Балки, шундан жаҳлланаётгандирсиз?

Айтганча, яқинда эшитиб қолдим. Норвегияда жазо муддатини ўтаётган жаноб Брейвик қамоқдан туриб баёнот берибди. Эмишки, у мемуар (қамоқда) ёзаётганда ручкаси бармоғини қавартирибди. Энди у қамоқдан туриб шу ручка ишлаб чиқараётган фабрикани судга берармиш??? Натижаси нима бўлган – билмадим. Ўшанда уни қамоқхонадаги хоналарининг сурати илова қилинганди. 5 юлдузли бўлмаса ҳам, 3 юлдузли меҳмонхонадан фарқи йўқ. Мана, сизлар ёқлайдиган демократиянинг оқибати! Маслаҳатим, сизлар ҳадеб пахта мавзусига ёпишмасдан, жаноб Брейвикнинг жорий аҳволи, соғлиғи, инжа бармоқлари нақадар оғриб қолгани ҳақида батафсилроқ мақола ёзинглар. Ахир сиз каби касбига хиёнат қилган, асл инсоний ахлоқни унутган журналистларнинг “хизмати” билан бугун гейлар, Брейвиклар дахлсиз қаҳрамонларга айланиб улгурди…

Яна бир реал манзара. Ўзбек халқи пахтадан жирканмайди. Уни теришда иштирок этишни эса, қандай тушунтирсам экан, баъзида қўмсайди одам. Бу қуллик, тобелик ва ёки бошқа нарса эмас, миллий бойлигимиз ва йиллар давомида давлатнинг даромад манбаи бўлиб келган маҳсулотга меҳр, деган бўлардим. Пахта тарихда ўзбекнинг бошига фақат кулфатлар келтирган деган янглиш тасаввурлар халқнинг фикри эмас, яккам-дуккам учрайдиган издошларингизнинг қутқуси, холос…

“Бешинчи колонна” билан ким курашади?

“Орамиздан сотқин чиқмаса, бизни ҳеч ким енга олмайди” деган эди ўз вақтида Биринчи Президент. Сизларга кимлар ва қандай мақсадда ахборот бераётганию, қай сабабга кўра туман раҳбарияти атрофида ажиотаж пайдо қилаётгани ҳам тушунарли. Чунки, уларнинг ҳақиқатталаблик рутбасига бурканган ифлос башарасини мажлисларда, турли тадбирларда, идоралар йўлакларида кўраман. Улар ўз хизмат вазифаларини тўлақонли бажара олмагани, буни астойдил хоҳламагани учун йиғинларда раҳбардан ҳақли танқидлар эшитганча, гезариб ўтиради. Сўнгра, йиллар давомида ўзи хон, кўланкаси майдон бўлиб келган ўшалар “язувчи” дея қозонган номини ўртага қўйиб, жон сақлашини аллақачон тушунганман. Ва бунинг отини шантаж дейдилар.

Ҳазрат ибн Синода шундай сатрлар бор:

“Бир дўстим дўст бўлди душманим билан,
Бас энди, дўст эмас, у маним билан.
Заҳар аралашган шакар заҳардир,
Морга қўнган пашша тенг ғаним билан…”

Аслида, мана шундай каслар ҳокимиятни халққа қарама-қарши қўйиш билан шуғулланадилар. Нега шундай бўляпти? Чунки, Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти мамлакатни жадал ривожлантириш йўлида умумий сафарбарлик эълон қилди. Қабул қилинаётган ҳар бир ҳуқуқий ҳужжатнинг ижроси бўйича жуда катта ҳажмда иш олиб борилаяпти. Бу эса қуйи бўғинлардаги раҳбарлардан янгича иш олиб боришни, тезкорликни, шахсий масъулиятни талаб этаяпти. Бугун туман, шаҳар ҳокимининг иш вақти шу қадар тиғизки, уларни бирон маротаба дам олиб, чақчақлашиб ўлтирганини кўрмадим.

Бугун давлатимиз, айниқса, энг қуйи тизимларда бемалолхўжа, танбал, қўлидан иш келмай, иғво билан шуғулланадиган раҳбарларга эмас, талабчан ва ижрочи кадрларга муҳтож. Айнан шундай кадрларгина мамлакатни янги босқичга, даврга олиб чиқишга қодир. Шукрки, бундайлар бор, жуда кўп… Сизлар билан ош-қатиқ бўлган айримлар эса ана ўша босимга, талабчанликка чидай олмаганлар, мустаҳкам ўрнашган жойидан қўзғалишни истамаётганлардир.

Маълумки, жаҳон сиёсатида “Бешинчи колонна” деган ибора бор. Бу иборанинг маъноси – душманнинг ҳар қандай яширин агентлари (диверсантлар, саботажчилар, айғоқчилар, террорчилар ва бошқалар) демакдир. “Бешинчи колонна” атамасининг муаллифи Испаниядаги фуқаролик уруши давомида миллатчилар қўшинига қўмондонлик қилган генерал Эмилио Моле бўлиб, у 1936 йили радио орқали Испания пойтахти аҳолисига мурожаат қилар экан, ўз ихтиёридаги тўрт ҳарбий колоннадан ташқари, Мадриднинг ўзида ҳал қилувчи дақиқада душманга ичкаридан зарба беришга тайёр “бешинчи колонна”си борлигини айтади. Миллатчиларнинг “Бешинчи колонна”си шаҳарда саботаж, шпионаж ва диверсиялар билан шуғулланган.

Бугун хориж “холис” ОАВсига ўз “дард”ини достон қилаётган баъзи фуқароларимизни – фаришта ролини ўйнаётган талантсиз актёрларни ҳам сира иккиланмай, “бешинчи колонна” дегим келади. Чунки, мамлакатимизда ТВ, матбуот, интернет нашрлари орқали фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, эркинликлари дадил ҳимоя қилинаётган вазиятда, четдан паноҳ излаш нега керак бўлиб қолди экан?..

Оҳангаронда бугун аҳвол қандай?

Оҳангарон мисолида айтадиган бўлсам, бизнинг газетамизда ҳам сизларнинг тахмину тусмолингиз, фисқу фасодингиздан фарқли равишда, асослироқ, ҳаққонийроқ, аниқ манзилга йўналган танқидий материал жуда кўп эълон қилинаяпти. Танқидий руҳни, очиқ-ошкора муҳитни, аввало туман ҳокимининг ўзи талаб қилаяпти. Маънавият ва адабиёт иши шу кеча-кундузда ҳар қандай соҳадан юксакда турибди! Куни кеча, шу пахта мавзуси қайнаб турган паллада, туман ҳокими, шаҳар ҳокими, ўринбосарлар ҳудуддаги 200 дан зиёд оилаларга бепул китоб тарқатди. Ҳаммаси бадиий адабиётлар, бири-биридан қизиқарли асарлар! Бундан ташқари, туман марказида катта кутубхона ташкил этилаяпти. Маблағ қаердан келди, дейсизми? Сизлар ҳам умрингизда бир маротаба хайрли, савоб ишни бошлаб кўринг, кейин биласиз ҳамфикрлар ва маслакдошлар ёғилиб келишини!

Саноат шаҳри бўлган Оҳангаронда шундай тадбиркорлар борки, суҳбатида бўлсангиз, Ҳопкинс университети, Карнеги институти каби демократия “ўчоқ”ларининг айёрона ғоялари тумандошларимизнинг софдиллиги, закийлиги олдида фош бўлади. Эшитаяпсизми, найрангларингиз, ғояларингиз, чўпчакларингиз ўтмайди! Зотан, биз Абдулла Ориф шу йўлдан водийга ўтса, албатта, бирров меҳмонга айтиб, суҳбатида бўлишга ошиққанлар, ой сайин Ражабийлар, Зокировлар авлодини суҳбатга чорлаб, уларни мусиқа таълимини олаётган шу ерлик ёшларга ҳамнафас қилаётганлар, ижодкорларни бир дастурхон атрофига йиғиб, пойтахтдан келган катта устозлар иштирокида тез-тез мушоира ўтказиб турадиганлар, газетанинг нашр вақти 15 дақиқага кечикса, қўнғироқ қилиб, нега шундай бўлаётганини сўрайдиганлар – оҳангаронлик зиёлилар ҳақида гапираяпмиз.

Мен келажакни ана шу инсонлар, қалби Ватан, дея ёниб турган фидойи зиёлилар нигоҳида кўраман. Аммо бугун ўз қилмишлари учун ҳокимдан дакки эшитиб, халқ ичида шарманда бўлиб, эртасига “Озодлик”дан юпанч излайдиган ношудларнинг даври ўтган, дейман. Билиб қўйишингизни истардимки, Оҳангаронда шамол қаёқдан эсаётганини илғаб оладиган, асл манзара билан бўҳтонни фарқлайдиган журналистлар жуда кўп. Барот Исроил, Тожи Хушназаров, Акром Аъзамов, Абдишукур Наврўзов, Нурали Абдурасулов, Қудрат Одинаев, Зарифа Эралиева, Неъмат Душаев сингари забардаст ижодкорлар мактаб яратиб кетган ўзига хос ижодий устахона бор. Биз тумандошларимизни, бутун Ўзбекистон аҳлини ҳудуд ҳақидаги иғво, туҳматингиз билан заҳарлашингизга асло йўл қўймаймиз.

Хулоса

Мазкур мақола аввалида “Озодлик” радиосида Оҳангарон ҳақида эълон қилинган мақолаларнинг сарлавҳасини ўқишнинг ўзи кўп хулосаларга асос бўлиши айтган эдим. Сўз қуруқ бўлмаслиги учун айримларини келтириб ўтаман: “Ҳукумат теримга чиқмаганларга электрдан узиш ёки томорқасини тортиб олиш билан таҳдид қилмоқда”, “Ҳокимлар Бош вазирни саботаж қилмоқдами?”, “Тошкент вилояти мактабларида Мирзиёев келишига «Зарбдор 10 кун» эълон қилинди”, “Оҳангаронда 2 йилдан буён эмланмаган чорва оқсимга чалинди”, “Цемент заводи тегирмони икки ишчини эзиб ташлади”, “Оҳангарон конидан топилган олтин изловчилар жасади 13 тага етди”, “Ҳокимиятлар пахта теримчиларининг паспорт нусхаларини талаб қилмоқда”.

Муҳтарам холис “Озодлик”чилар учун ғоятда характерли сарлавҳаям бор: “Ангренда ўзини эркак билган гермафродит эркак сифатида тан олинмади”. Бу мақолада фуқаролик ишлари бўйича Оҳангарон судида кўрилган масала ҳақида гап кетади. Аммо мухбирнинг позицияси, нимани ва қандай тарзда ҳимоя қилаётганини, уларнинг маслагини бир ўйлаб кўринг…

Сўзим якунида, ҳасад ва иғвога ташна нигоҳларингизни дунёнинг айрим давлатларида мавжуд қурол-яроғ савдоси эркинлигининг оқибатлари, бир жинсли никоҳлар, аксарият давлатларда террористик ташкилот деб тан олинган уюшмалар, партияларнинг штаб квартираси нима учун Лондон каби дунёга демократия экспорт қилаётган шаҳарларда жойлашгани сингари масасалаларга қаратишингизни, шулар ҳақида таҳлилий, холис мақолалар ёзишингизни сўрайман. Бир юзи билан терактларга қарши курашиб, иккинчи юзи билан уларга иссиқ қучоғидан жой бераётган давлатлар ҳақида кескин танқидий мақолалар ёзинглар, жаноблар…

Беҳзод Қобулов,
“Оҳангарон ҳаёти – Жизнь Ахангарана” газетаси бош муҳаррири

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Дилоромхон Жавоб бериш
    1 oy олдин

    Беҳзод Қобулов,яшанг, жудаям нуқтасига урибсиз.Миллий бойлигимиз – пахтани териб олиш хеч кимга оғирлик қилаётгани йўқ, хашарга чиқаётганлар ўз хохиши билан чиқмоқдалар

  • Гўзал Жавоб бериш
    1 oy олдин

    Отангизга раҳмат, Беҳзод!!!

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>