• Бугунги сана: Seshanba, Oktabr 17, 2017

Ўзни кўз-кўз қилиш эпидемияси

…16 ёшли ўспирин синфдошини ўлдириб, унинг фонида тушган суратини чат орқали дўстига юборгач, ҳибсга олинди.

…Темир йўлда яқинлашиб келаётган поезд фонида селфи олмоқчи бўлган уч талаба поезд тагида қолди.

…Шифохона раҳбарияти ва ходимлари жарроҳлик столи устида ҳушсиз ётган бемор билан суратга тушгани учун жазога тортилди.

…Маҳаллий полициячи ортидаги киши кўприкдан сакрамоқчи бўлиб турган вақтда селфи олиб, кўнгилхушлик қилгани минглаб одамларнинг ғазабини келтирди.

…21 ёшли йигит тўппонча ушлаб селфига тушаётган вақтида тасодифан ўзини отиб қўйди…

Булар — яқин орада дунёнинг турли бурчакларида юз берган кўнгилхираликларнинг айримлари, холос. Уларни фақат бир жиҳат бирлаштириб туради: ақлсизлик, маънавият таназзули, шов-шувга мойиллик.

Ҳолбуки, инсоният тарихидаги энг ривожланган даврда яшаяпмиз. Фан-техника тараққиёти сабаб само ҳам бир қадам, инсон онги замин ҳаракатига таъсир кўрсатмоқда. Бироқ йирик ҳамма нарсага ақли ва кучи етган одам ўзининг шунчаки ҳавойи истаклари олдида ожиз қолмоқда. Нега?

Кўрмаганнинг кўргани шуми?..

Польшадаги Освенцим номли ўлим лагери дарвозаси олдида, Сиднейда террорчилар эгаллаб олган кафе, Гавайи ороллари яқинида ҳалокатга учраган авиалайнер фонларида тушилган селфилар энг бемаъни эмиш. Ҳарҳолда Буюк Британиянинг «Daily Mail» газетаси 2014 йил мана шундай рўйхат тузибди. Суратлардан бирида йигит марҳум буваси қабри олдида, яна бир қиз эса қўлида бувисининг ҳокини ушлаб кулиб турибди…

Яна қайсидир ташкилот «энг чиройли селфилар», бошқаси «энг ҳаяжонли селфилар» рўйхатини тузган. Агар соғлом ақл билан ўйлаб кўрилса, мана шунга ўхшаганларнинг бемаъни рўйхатлари боягидек фожеали ҳолатларни рағбатлантирмаяптими? Ана шундай рўйхатларга кириш истаги кимларнингдир чўнтагини қаппайтириб, одамларни тутуруқсиз ҳою-ҳавасга бошламаяптими?

Яқинда ижтимоий тармоқлардан бирида шундай сурат кўрдим: саратон иссиғида ёғоч сўрида бобо сулайиб ўтирибди, унга суянган бир укамиз (афсуски, ўзбек) эса баҳузур селфи олган (бундан кўра бобонгни сояга олиб, бир коса сув бер, дейдиган мард йўқ). Овқатланиши-ку нарёқда турсин, бугун ҳатто ётоқхонада ётган, ҳожатхонада ўтирган ё ваннада чўмилаётган ҳолатини ўзи суратга олиб, «Оdnoklassniki», «Facebook», «WhatsApp» ё «Telegram» орқали бошқаларга улашиш «урф»га кириб бўлди. Шундай тасвирларни кўрганда ўйлаб қоласан: шу йигит-қизларларнинг ҳам ота-онаси бормикан? Шу суратларни кўрса, нима деркан?..

Хўш, бунга сабаб нима? Наҳотки, суратга тушиш оддий эрмакка — маънавий таназзул омилига айланмоқда? Бир вақтлар суратга тушиш алоҳида юмуш саналар, одамлар камерага қарашдан олдин алоҳида тайёргарлик кўрарди. Ё «класс»у «лайк» йиғиш шунчалар кўзларни кўр, қулоқларни кар қилиб қўйдими? Ёхуд кўрмаганнинг кўргани шуми?..

Селфи — ўзини ўзи суратга олиш, дегани. Баъзи мутахассислар уни рассомлик ва фотография санъатида қадимдан ривожланган, инсоннинг ўзига четдан разм солиши ва ўзини англашига ёрдам берадиган автопортрет жанрининг замонавий кўриниши сифатида изоҳлашади. Бўлса бордир, лекин бугун селфи олиш — шунчаки эрмак, холос.

Суратга олиш, тушиш — шахсий иш. Бироқ бу сурат оммага улашилар экан, шахсийлик доирасидан чиқиб ижтимоий аҳамиятга эга бўлади. Сурат муаллифига маънавий-ижтимоий жавобгарлик юкланади. Балки шунинг учун ҳам «селфи» тушунчасини айрим мутахассислар «ўзини ўзи нишонга олиш», «ўзига жароҳат етказиш» тарзида изоҳлашаётгандир.

Хориж матбуотида янги руҳий хасталик — селфимания (ўзини суратга олишга ҳаддан ортиқ берилиш) ҳақида кўп гапирилмоқда. Бунга ҳатто қонуний йўллар билан тўсиқ қўйилмоқда. Бироқ бундай тақиқ билан иш битмайди. Бизнингча, инсон онги, тарбиясига дахлдор бўлган бундай бемазагарчиликни маънавий озиқа, тафаккурни юксалтириш орқалигина тузатиш мумкин.

Ёнимиздаги Нарцисслар

Яқинда Огайо университети олимлари 18-40 ёшли 800 эркакнинг ижтимоий тармоқларга селфи жойлаш чоғидаги хатти-ҳаракатларини ўрганиб, уларнинг аксариятида телбалик (психопатия) ва худбинлик аломатлари борлигини таъкидлашди.

— Селфи олишга муккасидан кетиш — бу ўз-ўзига маҳлиёлик, худбинликка берилишдан бошқа нарса эмас, — дейди психолог Азиза Ғаффорова. — Нарцисс ҳақидаги афсона эсингиздами: кун бўйи сувдаги ўз аксига маҳлиё бўлиб ўтирган Нарцисс охир-оқибат сувга тушиб, чўкиб кетади. Ёки яна бир эртакда уззу-кун кўзгу олдидан жилмайдиган маликани кўзгудаги ўз акси ҳалок қилади. Бугун эса миллионлаб янги аср нарцисслари ўзини кўз-кўз қилмоқда.

Селфи олишга ҳаддан ортиқ берилиш, шубҳасиз, руҳий муаммо. Одатда, хатоларини тан олгиси келмаган, бирор иши юришмаган ё аламзада кишилар шу йўл билан ўзини овутишга, алдашга уринади. Бошқаларни ҳам ишлари жойида эканига ишонтирмоқчи бўлади. Оқибатда, ўзи шундоқ ҳам ечимсиз муаммоларга руҳий оғирлик ҳам қўшилади — тугун баттар чигаллашади.

Психологлар бугун селфимания хасталиги уч босқичда (номунтазам, ўткир, сурункали) ривожланишини айтишмоқда. Номунтазам босқичда киши бир кунда ўзини уч мартагача суратга олади, бироқ уни ижтимоий тармоқларга жойлаштирмайди. Ўткир босқичда эса ўша суратлар ижтимоий тармоқларга юкланади. Сурункали селфиманияда эса киши ўзини тасвирга олиш истакларини идора қила олмайди ва кунига 6 тадан кам бўлмаган суратини интернет орқали бошқаларга кўрсатади.

Масалан, англиялик 20 яшар йигит бу эрмакка шунчалик берилиб кетадики, кунига бир-бирини такрорламайдиган ҳолат ва жойда 200 селфи олишгача боради. Оқибатда ўта кучли руҳий зўриқишга учраб, касалхонага тушади. Ёки яна бир хориж мамлакатида нонга селфи тушириб берадиган тостер тайёрлаб берилмоқда. Ўз сурати муҳрланган нонни еяётган одамни руҳан соғлом дейиш мумкинми?!. Мана, сизга жиддий руҳий-маънавий инқирозга ёрқин мисол!

— Шаҳар четроғида бир куни автомобиллар тўқнашиб кетиб, ҳайдовчи жароҳат олди. Қарасам, юзи қон ҳайдовчига ёрдам бериш ўрнига уч-тўрт томошабин (улар орасида катта ёшлилари ҳам бор) уни суратга олиш билан овора, — дейди қибрайлик Жаҳонгир Йўллиев. — Айниқса, бир ўспирин ҳайдовчига «Ака, қўлингизни олиб туринг, қон оқаётгани кўринмай қоляпти…», деса бўладими? Жаҳлим чиқиб, уни суриб ташлаб, ҳайдовчига ёрдам бердим. Йигитчалар ҳатто унинг юзини юваётганимни ҳам суратга олишди. На куларингни, на йиғларингни биласан…

Ўзингизга кучингиз етадими?

Психологларнинг айтишича, селфиманиядан қутулиш учун, аввало, «Нима учун суратга тушяпман?», деган саволга жавоб излаш керак. Ахир одам тасвирга тушиб, ҳаётидаги ёрқин хотираларини ўзи учун тарихга муҳрлайди-ку. Бирор сурат ё видеони кўрганда руҳий тиниқиш ё енгиллик эмас, ноқулайлик ва ўзингиздан норозилик ҳис қилар экансиз, уларнинг баҳридан воз кечасиз.

Селфининг ўзагида худбинлик ётар экан, бу кучни эзгу мақсадга қаратиш лозим. Бунинг учун «Шунинг менга, оиламга қандай фойдаси бор?», деган саволга жавоб изланг. Дейлик, кунига ижтимоий тармоққа ўртача 6 сурат жойлаштирдингиз, ҳар сурат остида ўртача 5 тадан изоҳ ёзилди (улар орасида шаънингизга тегадиган, асабингизни бузадиганлари ҳам бўлмаслигига кафолат йўқ). Кунига шунча сурат жойлаган одам, табиийки, 30 изоҳга жавоб ҳам беради, беҳуда баҳслашади, жиғибийрон бўлади. Бунга ўртача уч соат вақт керак, деб олсак ҳам шунча муддатда бирор фойдалироқ иш қилиш ҳам мумкин.

…Ҳар баҳорда деҳқон боғидаги дов-дарахтларни бутайди: ортиқча бачкиларни, шохларни кесиб ташлайди. Натижада, ҳосил чўғи кўпаяди. Бунинг теран ҳаётий маъноси бор: одамзот ҳам ҳамиша ўз ботинидаги ёвуз майлларни худди шундай «бутаб бориши» лозим. Ахир олов билан таом тайёрлаш ҳам, ўт қўйиб юбориш ҳам мумкин.

Мурод Ғофуров


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>