• Бугунги сана: Seshanba, Oktabr 24, 2017

Ўзингни ўлдирма, Фарида!

Муҳарририятга хат келди. 20 яшар қиздан. Жиддий. Алам билан ёзилган. “Яшашдан тўйиб кетдим. Бирор илинжнинг ўзи қолмади. Дардингни тинглайдиган одам йўқ. Аксинча, сенинг устингдан кулишади… нима қилиш керак? Ягона йўли — ўзингни ўлдириш!”

Мактуб сўнгида шундай шарт қўяди: “Агарда бирорта мухбирингизни юбормасангизлар, ўзимни ўлдираман…”

Биз мактуб қўлимизда пайти фақат “балки”лар билан чекланаяпмиз. Ёш қизнинг эҳтирос билан битилган хатига бошқача муносабатда бўлиш ҳам мумкин. негаки, жаҳл келганда одам нималарга қасд қилмайди, хаёлидан нималар ўтмайди.

Мухтор жумҳуриятнинг узоқ қишлоғидан жўнатилган хат юзасидан тез фурсатда ўша жойда бўлишим керак. Муҳарририятдан қўнғироқ қилиб, шундай топшириқ беришган. Мана, Фарида йигирма йил яшаган қишлоқ. Ҳар иккала тарафидан чексиз саҳролар билан ўралган ва учинчи томондан ҳам Оролқум деган янги саҳро бостириб келаётган юртдаги минглаб қишлоқлардан бири. Одамлари камсуқум, меҳнаткаш. Ҳаётлари далага — пахта эгатларига боғланган. Ўн йиллар, йигирма йиллар… бутун умр шу аҳвол. Бу қишлоқларда тирикчилик биринчи ўринда туради. Дам олиш, дунё кезиш, сиёсат билан қизиқиш — кимга насиб, кимларга бенасиб

Фариданинг уйини излаб топамиз. Қишлоқнинг чеккасидаги уй. Пастаккина. Олти хонали. Томи шифер қилинмаган. Молхонаси шундоқ иморатга қўшиб солинган. Боғ-роғ йўқ. Атрофда гиёҳ униши қийин. Қачонлардир ўн йиллар аввал бу ерлар гуллаб-яшнаган дейишади. Ҳозир кўрганимиз шулар. Дарвоқе, иморатдан ўн қадам нарида қўққайган тандир. Яқинроғида ғўзапоя уюми.

Фарида ҳамроҳимиз — қишлоқ шўроси вакилидан холи равишда қалб дардини фақат каминага — рўзнома ходимига айтажагини билдиради…

“Буларингизнинг олдига қатнайвериб чарчадим. Эшитгилари келмайди. Умуман, биров учун биров бош оғритадиган замонми? Боши оғримаганнинг боши оғримаган билан не иши бор?…”

Суҳбат шундай бошланди. Маълум бўлишича, у ҳали мактабда ўқиб юрган пайти ўз тенгқурига кўнгил қўйган. Хат ёзишишган, учрашишган. Кейин йигит ҳарбий хизматга кетган. Фарида уни икки йил кутган. Кунаро хат ёзишиб туришган…

Қўшиндан қайтган куни — ҳали йигитнинг ҳовлисида тўй тамом бўлмасдан икки ёш узоқ айрилиқнинг азобини ширин лаҳзалар билан нишонлашган — кўнгилларга эрк берилган, “муқаддас остона” ҳатлаб ўтилган…

Кейин… одатда тўй бўлиши керак эди. Фарида келинлик либосида йигит хонадонига қадам қўйиши, эл-юрт даврасида ўз севгисига, ваъдасига вафодорлигини кўрсатиши лозим эди. Бу ерликларнинг азалий одатида шундай бўлиб келган. Аммо, бу гал…

Фариданинг ноласига қулоқ соламиз: “Кунлар ўтсада, у тўй ҳақида оғиз очмади. Учрашувларимиз вақт ўтган сари камая борди. Бир куни… тўйдан гап очсам, у кутилмаганда “Тўйни мендан олдин кўрган йигитингдан сўра!” деса бўладими. Қотиб қолдим. Ахир бу пайтда гумонам бор эди… Уйдагиларга нима дейишимни билмасдим. У эса… кимларнингдир гап-сўзларига ишониб, мени бировларга қўшиб ўтирибди… Виждоним поклигига ишонаман, аммо, тўрт йилки севиб, кўзларим йўлида кўр бўлаёзган одамдан шундай гапларни эшитиш жуда қаттиқ ботди. Алам қилди…”

Учрашмаганларига икки ой бўлибди. Ҳомила эса кун сайин “ўзининг борлигидан” хабар бермоқда. Қизнинг боши қотган. Уйдагиларга нима дейишини билмайди. Бир кун келиб айтади. Иложи қолмаган пайти. Бечора ота-она исноддан бошлари эгилади. Кўчага чиқа олмай қолишади. Тўнғич қизининг бу қилмиши…

Фарида эса йигит билан гаплашишдан бирор наф чиқмаслигини билгач, ҳукумат идораларига ҳақиқат излаб боради. Натижасиз. Чунки, дастлабки юзлаштиришдаёқ йигит ундан тонади: “Мендан олдин ҳам нечтаси билан бўлган. Ўшаларга айтсин дардини… Қиз эмасди…”

Қонун эгалари эса бўлғуси боланинг отаси кимлигини аниқлаш учун, гўдак аввало туғилиши ва ўзини тиклаб олиши зарурлиги, кейин табобат текшириши ўтказиш мумкинлигини… айтишади…

Демак, бунгача камида икки йил керак. Фарида ҳақиқатни топиши учун… она бўлиши, ёки “эрсиз туғди” тамғасини олиши, сўнг қўлидаги жажжиси билан қозихоналарга бош уриб бориши керак. Айтайлик, бола ҳақиқатан ўша йигитдан эканлиги аниқласин. Аммо, қозилашган қариндош бўлмайди… У ҳиммат қилса, болага нафақа тўлашга рози бўлар…

Мана шу ҳаёллар, ўйланмай босилган қадам, алданиш қизни сўнгги чора — ўз жонига қасд қилишга ундаган. “Айтинг, бошқа не йўли бор? Ота-онам “эрсиз туғадиган” мендай қизини оқ қилишдан қайтишмайди. Болани олдириб ташлашнинг вақти ўтган…”

Аросатда қолган қизга нима дейиш мумкин? Фариданинг ягона илтимоси — ўлими олдидан ёзиб қолдирадиган хатини рўзномада эълон қилишимиз. Одамлар ҳақиқатдан хабардор бўлсинлар. Ўлгандан сўнг бўлсада, унда айб йўқлиги, бевафо йигитнинг ёлғон ваъдалари қули бўлгани ойдинлашсин. Уйидагилар кўча-кўйда бош кўтариб юришсин…

Узоқ суҳбатлашамиз. Мақсадимиз — Фарида шу қалтис қадамни босмасин, кутсин. Бир кун келиб, ҳаммаси унут бўлар, одамлар айб кимдалигини билиб олишар. Шундай кун албатта келади. Айтмоқчи бўлганимиз — ўз жонингга қасд қилиш ожизлик белгиси. Бир марта бериладиган умрда курашиб яшаш керак. Ҳақиқат ҳам, адолат ҳам ўз оёғи билан келадиган зотлар эмас. Унга етишиш учун, шоир Есенин айтмоқчи: “Ҳаётда ҳақиқатни топиш мумкин, фақат унга умринг етса…”

Суҳбат якун топади. Ваъдалашамиз. Фарида қасд қилишдан қайтишни. Камина бу масалага албатта адолат билан аралашиб, ўша йигитнинг инсон зотига ёт бўлган қилмишини ёритиш, уни эл олдида юзиқаро қилишни. У ишонади. Бир марта кўнгил розига қаттиқ ишонган қиз, яна ишонади. Унинг мунглик кўзлари тубида нафрат — ҳаётдан, теварак-атрофда рўй бераётган ҳақсизликлардан нафрат ифодалари ҳам йўқ эмасди. Бу ҳолатда одам боласи ҳар нарсага қодир бўлади. Ўша нафрат норозилик, умидсизлик билан қўшилдими, тамом, дақиқалар ичида бир жон паймол топиши, бир хонадон ҳувиллаб қолиши ҳеч гапмас.

… Икки-уч йиллар аввал жумҳуриятимизда ўз жонига қасд қилаётган хотин-қизлар масаласи матбуотнинг асосий мавзусига айланганди. Матбуотда, овознигор ва ойнаи жаҳонда “тирик олов”лар ҳақида шу даражада кўп ёзилди, гаапирилди, кўрсатилдики, бора-бора одамлар норози бўла бошлашди. “Хотин-қизларимизга мана шу йўл билан жонига қад қилишни ўргатишяпти!” дегувчилар бўлишди…

Ҳозирча бу “фалсафани” изоҳламай турамиз. Шу тур хаёл қилувчилар қувонсин учун битта мисол ҳам келтирамиз. Хоразмда одатда жонидан тўйиб кетган хотин-қизлар заҳар ёки шунга ўхшаш ўта тез таъсир қилувчи кимёвий дорилар ичишиб, “мақсад”ларига етишишган. Ёки ўзини осиш, сувга ташлаш, поезд изларига ётиш… “Тирик олов”лар шов-шувларга айланган пайти негадир ўзига ўт қўйиб, ўлим топиш “русм” бўлди…

Майли, бу давр — “тирик олов”лар сиёсати ўтди. Эндиликда-чи? Мутлақо! Яна эски йўлга — заҳар ичиш, ўзини осиш, поезд тагига ташлашга… қайтилди.

Ички ишлар бўлими маълумотларидан:

“… Дилором Сафарбоева Гурлан ноҳиясидаги Ҳамза номли мактабнинг битирувчи синф ўқувчиси эди. 30 май куни ота-онасига ўқишга кириш ниятидалигини айтди. Отаси рухсат бермади. Рад жавоби олган қиз уйига кирди ва сирка ичди. Дўхтирларнинг ҳаракатлари зое кетди, у эртаси куни касалхонада ҳаёт билан видолашди…”

“… Хива табобат билим юртининг учинчи курс толибаси Нигора Жабборова 21 февраль куни ўқишга кетади ва учинчи соатдан қайтиб келиб онасига уни билим юртининг ўқув-тарбия ишлари мудири чақираётганини айтади. Онаси кетгач, эшикни беркитиб, ўзини осади…”

Рўйхатни давом қилдириш мумкин. Воқеалар турлича, лекин якун бир хил — ўз жонига қасд қилиш. Бириси ҳаётдан норозилик бўлса, яна бириси аламдан. Учинчиси эса ота-онасининг қаттиқ гапидан сўнг улардан ўч олиш — қўрқитиб қўйиш мақсадида…

Буларнинг бирортасини оқламаймиз. Агар Шўро қонунига амал қиладиган бўлсак, ўз жонига қасд қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланадиган махсус модда борлигини биламиз. Агар мусулмон бандаси бўлса, шариатда ўз жонига қасд қилиш — Яратганга қарши бориш, деб баҳоланиб, ундайларга янада қатъий чора белгиланган — бундай ўлим топганларга жаноза ўқиш ман қилинган…

Лекин, кимнидир жонидан тўйдириб, дор остига боришга мажбур қилганлар, сабабчи бўлганларнинг бир четда қолаверишлари ҳам кишини ўйлатади. Жонига қасд қилиш масаласи бўйича, одатда дароов “иш” очилади ва у маълум фурсат ўтгач, марҳум руҳий касал эди баҳонасида ёки “таркибида жиноий хатти-ҳаракатлар йўқлиги” боис бекитилади. Фарзандини уриб-сўкиб, қалтис қадам қўйишга мажбур этган ота-она ҳам, ўқувчини кўпчилик тенгқурлари орасида ҳақоратлаб, жонидан тўйдирган муаллим ҳар четда қолишади. Ёки гулдек умрини хор қилган, алдаб ёмон йўлларга бошлаган… сўнг ҳаммасидан тонган “вафодор” йигитлар ҳам сувдан қуруқ чиқиб кетишаверади…

Кексалардан сўрасангиз, жавоблари тайёр: “Таълим-тарбия бўшашиб кетди. Ёшлар ахлоқсиз бўлиб боришяпти. Бир шапалоқ ургани учун отасини қозихонага судраган ўғилдан нима кутиш мумкин? Ахир ўша ота ёмон бўл, деб урмагандир, уни? Эркинлик, дейишяпти-ю, охирини ўйлашмаяпти. Ҳар ким ўзи билган йўлдан кетмоқчи. Олдинлар ўзини-ўзи ўлдириш деган гаплар бўлмасди. Кам эди, бўлсада дин қонун-қоидаларининг, ахлоқ меъёрларининг мукаммаллигидан бўлса керак… Ҳозирги ёшлар на динга қулоқ солади, на қонунга…”

Қариялар билмай гапиришмайди.

… Фаридадан хат олдим. Аввалига қувонгандим. Афсус. Ёзибди: “… Уни кўрдим. Ўзим бир хилда — ой-куним тўлиб ўтирибман-у, айтган гапини қаранг: “Қайси ўйнашингдан орттирдинг бу ҳаромини?” Титраб кетдим. Уйга келиб, қидирганим сирка солинган идиш бўлди. Бошқа ҳеч нарса кўзимга кўринмайди. Тополмадим. Энам яшириб қўйган бўлса керак. Йиғлайвердим-йиғлайвердим. Кучим кўз ёшига етди. Бола-ку туғилар, аммо, бу дунёда ёмонлар худонинг қаҳрига учрашармикан? Ҳақиқат юзага чиқармикан?..”

Фарида, азиз сингилгинам, кўнглингдаги ёмон фикрларга эрк берма! Ҳаётда нималар бўлмайди. Олдинда ойдинлик кунлар албатта бор. Ёмонларнинг юзи қурсин. Бир лаънати ёмон деб гулдек умрингни кул қилишингни, муштипар онангни тирик ўтга ёқиб кетишингни ўйла. Эрта-индин туғилажак жажжи гўдакни ўйла. Сенинг бахтинг балки ўша жажжи гўдакнинг пешонасига ёзилгандир…

Ўзингни ўлдирма, Фарида!

Рўзимбой Ҳасан

_________________________________

ТАҲРИРИЯТДАН: Биз айрим сабабларга кўра қизнинг исмини ўзгартириб бермоқдамиз. Аммо фиркларимиз нафақат ўша синглимизга, балки бошига мушкул иш тушган барча қиз-жувонларга тегишлидир.

“Ё.л”, 5(13691)-сон,

1991 йил 9 январь

Дўстларингиз билан улашинг:


  • АНОНИМ Жавоб бериш
    10 oy олдин

    Хива табобат билим юртининг учинчи курс толибаси….
    Тушунмадим, нега узини осди ???

    • Адҳам Ўрол ўғли Жавоб бериш
      10 oy олдин

      1991 йил 9 январда газетада чоп этилган мақола — бу! Рукннинг номига эътибор қилинг!

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>