• Бугунги сана: Tuesday, February 28, 2017

Ўзингдан чиққан балога…

o'zingdan_chiqqan

Чиста ўзбекча гапира оласизми?

Метронинг яқинда номи ўзгартирилган охирги бекатига етиб келдик. Карнайдан “Буюк ипак йўли — охирги бекат” деган овоз янгради. Ёнимда турган йўловчи норозилик оҳангида “опять началось” деб тўнғиллади…

Ҳа, бу жараён 1989 йилда “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилингандан кейин бошланган эди.

Ҳалигача давом этяпти.

Ўзим мамлакатимизнинг кичикроқ шаҳридаги байналмилал маҳаллада ўсиб-улғайганман. Қўшниларимиз рус, татар, турк, қозоқ, тожик каби миллат вакиллари эди. шунга қармай, уларнинг барчаси ўзбек тилини жуда яхши гапиришади. Ўртоқларим орасида руслар ҳам талайгина бўлиб, ўзаро ҳам ўзбек, ҳам рус тилида гаплашаверардик. Тўғриси, ўз она тилини билмайдиган миллатдошларимни ва ўзбек тилини ҳурмат қилмайдиган калондимоғ бошқа миллатга мансубларни Тошкентда кўрганман. Метронинг жетон сотиладиган чиптахонасида “учта жетон беринг” ёки дўконларда “икки кило сарёғ беринг” каби энг оддий ўзбекча сўзларни тушунмайдиган (!) ходимлар ҳалигача бемалол… ишлаб юришибди. Қизиқ, нима учун улар ўзлари яшаб турган мамлакатнинг давлат тилини ўрганишмайди?

Бир томондан бошқа миллат вакилларида “ўзбек тили унчалик ривожланмаган тил экан” деган тушунча пайдо бўлишига ўзимиз сабабчимиз. Мен ўзим жамоат жойларида ёки атрофимда бошқа миллат вакиллари турган бўлса, сўзларимни назорат қилиб, русча аралаштирмасдан гапираман. Сиз-чи? Ўзбек тилида қандай гаплашишингиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўрган, ўзингизни четдан кузатганмисиз?..

Мустақил ҳаётимизни кўриш учун хорижда яшаётган кўплаб ватандошларимиз ва уларнинг ғурбатда туғилган фарзандлари мамлакатимизга ташриф буюришмоқда. Ана шу кишиларнинг ўз она тилини унутмаганликлари, соф ўзбек тилида гапиришлари барчамизни мафтун этган бўлса ажаб эмас.

Машҳур бўлган бир санъаткор билан суҳбатлашиб қолдим. Оиласи ҳақида гапириб, қизини рус мактабга ўқишга берганини айтди. Сабабини сўрагандим, “ўзим русчани яхши билмаганим учун анча қийналганман, қизиқ қийналмасин, билими кучли бўлсин дейман” деди. “Аммо, сиз собиқ совет даврида ўқиган эдингиз-ку” деган саволимга “ҳозир ҳам Тошкентда рус тилини билмасдан яшаб бўлмайди” деб жавоб берди. Қани, бунга ким эътироз билдиради? Халқ таълими ходимлари ранжишмасин-у, рус тилидаги таълим савияси ўзбек тилидагидан анча юқори.

“Давлат тили тўғрисида”ги қонунда давлат тилини ўрганиш ва иш юритишни бутунлай ўзбек тилига ўтказиш учун саккиз йил муддат белгиланган эди. бундан бир йил муқаддам ана шу муддат тугади. Бироқ ўзбек тили кўзланган чўққига етиб келолмади, чунки 1995 йилда замон талабларидан келиб чиққан ҳолда “Давлат тили тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритилди. Қуйидагилар ўзгартиришлар киритилишининг асосий сабаблари бўлди: лотин ёзувига асосланган ўзбек ёзуви 2005 йилда тўлиқ жорий қилинажаклиги учун давлат тилига тўлиқ ўтишни ҳам ана шу вақтда амалга ошириш; давлат тилини билмайдиган мутахассислар республикамиздан кўчиб кетишининг олдини олиш. Шу билан бирга, “Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририда “давлат тилида ва бошқа тилларда” деган иборалар ҳаддан ташқари кўплиги ўзбек тилининг мавқеи ва ривожига бирмунча тўсиқ бўлмоқдаки, юқорида келтирилган мисоллар бунинг яққол далили бўла олади.

“Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг эски шаклида республикамизда ишлаб чиқариладиган барча маҳсулотлар ёрлиқлари ва улардан фойдаланиш қоидалари давлат тилида бўлиши зарурлиги кўрсатилган эди. қонуннинг янги таҳририда бу жумла олиб ташланди. Натижа нима бўлди? Юртимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиль, телевизор, видеомагнитафон ва ҳоказоларнинг фойдаланиш йўриқномлари давлат тилида эмас, балки рус тилида ёзилмоқда. Тўғри, рус тилини кўпчилигимиз яхши биламиз, лекин бу ерда кўтарилган муаммо ана шу масаланинг моҳиятини нақадар теран англаб етишимизда — ўзлигимизни англашимиздадир.

“Тез ёрдам”, Маълумот хизмати” каби хизматларга телефон қилиб давлат тилида гапирсангиз кўпинча жавоб ўрнига гўшакдан қисқа товушлар эшитилади.

Бирорта расмий итдорага бирон-бир ёзув йўлласангиз, хатингиз давлат тилини билмайдиган ходимнинг қўлига тушиб қолмасин-да! Дарвоқе, кўпчиликвазирликларда ишга оид ёзувларнинг аксарияти  ҳалигача “бошқа тиллар”да юритилмоқда. Бу кетишда “2005 йилда давлат тилига тўлиқ ўтамиз” деган гаплар орзулигича қолиши эҳтимолдан холи эмас.

Лотин ёзувини қўллаш масаласига ҳам тўхталиб ўтмасак бўлмайди.

Афсус, янги ёзувни татбиқ қилишда катта камчиликлар мавжуд. Хусусан, “ё”лашган уе, у, уо, уа, уu (е, й, ё, я, ю) каби ҳарфларни қўллашда кўплаб хатолар учрамоқда. Кўпинча “yer” (ер) —  “er” (эр) шаклида берилмоқда. Бундан йигирма йилларча муқаддам “Муштум” журналида “Чаласаводликни битирамиз” деган рукн бўларди. Ана шу рукнни тиклаш зарурати аллақачон етилган.

“Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинган 21 октябрь кунини эслашни Тошкентдаги русча газеталарнинг деярли ҳаммаси “унутишди”. Ҳолбуки, Конституциямизга асосан давлат тилини ўрганиш ва ҳурмат қилиш республикамизда яшовчи ҳар бир фуқаронинг фахрли бурчи эканини ўз муштарийларига етказиб қўйишса, фойдадан холи бўлмасди. Ана шу таҳририятларда ишловчиларнинг ўзлари ҳам ўзбек тилини билмаслигига ва ўрганишга иштиёқи йўқлигига ишончим комил. Нима учундир, ана шу кишиларда “ўзбек тилини реклама қилиш рус тилининг обрўсига путур етказади” деган тушунча мавжудга ўхшайди.

Хусусий радио ва телевидениеларда ўзбек тилидаги эшиттириш ва кўрсатувлар салмоғининг жуда камлиги алоҳида муҳокама мавзуси бўла олиши туфайли тўхталмадик. “Тилимизни дунё тиллари даражасига кўтарамиз” деб жар солиш осон, аммо амалий иш қилиш қийинроқдир. Тил ҳақида қонунимиз бор, аммо “ҳолва деган билан оғиз чучимас” экан. Тил софлигини сақлаган ҳолда гаплашиш маданиятини ўрганишимиз, ўргатишимиз ва тарғиб қилишимиз керак.

Озодбек Диёр,

Ҳуррият” гезетаси,

1998 йил декабрь

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>