• Бугунги сана: Chorshanba, Oktabr 18, 2017

“Ўзимизнинг одам”

Тезликни оширибман. ДЙҲХХ ходими кўрганимда кайфиятларимни тушириб юборадиган қизил калтагини кўтариб, лип-лип этдириб, ёндириб чиқди. “Чууррр” қилиб чўчитиб юборадиган ҳуштаги ҳам бор. Қиёфасини ҳарчанд жиддий қилишга уринмасин, хурсанд нимадандир, балки, чопағон машина кўпайиб бораётганидан кайфияти аълодир.

— Сержант “Аллаким”ов! (эсимда йўқ кимлиги), Ҳужжатларингизни кўрсатинг! Ҳўш, ҳаммаси жойида экан, энди нима қиламиз!? Ҳайдовчилик гувоҳномангизни олиб қоламизми, ёки-и-и…!?

Демак тушунарли. Бу дегани… Ўша, хуллас! Чўнтагимни ковлашга тушиб кетдим.

“И-и! Нима қиляпсиз!?” Кўзларини ола-кула қилиб берган танбеҳидан “мен нотўғри тушундиммикин” деб каловланиб қолдим. Дарров “жарима”ни жойига қўйдим. “Виждонли одам экан-у, мен хато ўйлабман шекилли”, деб ўзимни койиб турсам, нарироқда анқайиброқ турган бир ўспиринни кўрсатиб:

— Ана! Ҳув, ану болага бериб кетасиз, — деб қолди.

— Нега унга? Сизга берақолай. Ахир, у, туришидан… Қочиб кетмасмикин?

— Э, ока! Нимала девоссиз!? Ўзимизани одам, у!

Ана холос! “Ўзимиззи одам”миш…

Касалхонага ишим тушди. Узундан узун дорилар рўйҳати.

— Шундоқ касалхонамиздан чиққанингизда чап томондаги иккинчи дорихонадан оласиз, а! Ишончлиси шу! — деди ниқтаб-ниқтаб.

Чиқдим, тумонат одам. Ростдан ҳам ишончлиси шумикин билмади-у, ҳамма шу ерда. Дорифурушнинг оғзи қулоғида, касал кўплигидан мамнун. Бир оз кутиб бошқа дорихонадан олақолдим. Ишим тез битганидан ҳурсанд бўлиб врачга учрадим.

— Ие!? Бу нима қилганингиз!? Сизларга даво керакмас, шекилли!? Қаердан олган бўлсангиз, дарров ўша ерга топширинг! Мен бу дорилар билан даволаб, эртага жавоб бериб юришни хоҳламайман. Дарров алиштириб келинг!

Қаердан сезганини мен билмадим. Алмаштирдим. Мен ҳеч фарқини топа олмадим. Кейинроқ менга тушунтириб беришди, у дорихоначи ҳам “ўзимизнинг одам” экан…

Ёнилғи қуйиш шаҳобчасида навбатда турдим, узоқ кутишга тўғри келди. Ва ниҳоят менга етиб келганда бошқа тарафдан орқачалаб “ғиз-з-з” этиб машина кириб келди. Мендан олдин у олармиш. Табиийки, “Нега?” деган савол туғилади. Аммо бу савол ноўрин. Негаки, у – “ўзимизнинг одам”…

Гапирсам гап кўп, ёзсам ёзув. Қай бирини ёзай? Гўдак болангизни боғчага “хизмат ҳақи” билан қабул қилишлариними? Тест топширишда “олишларини”ми? Банкдан нақд пул беришда “озгинагина ҳаражати бор”лигиними? Ер участкаси берилишининг аҳволиними? Йўқ, ёзолмайман. “Нега?” дерсиз!? Чунки… Чунки, уларнинг кўпчилиги қариндошим, қўшним, синфдошим, курсдошим. Хуллас, ҳаммаси ЎЗИМИЗНИНГ ОДАМ, ЎЗИМИЗНИНГ…

Салим Айюбий

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>