• Бугунги сана: Juma, Avgust 18, 2017

Ўзгаларга тақлид – ўзликка хиёнат

Баъзан телеэкранга тикилиб ўтириб, энсангиз қотади: ёш йигит ёки қиз қўшиқ куйлаяпти, мусиқа оҳанги ёқимли, қўшиқ мазмуни маъноли бўлатуриб, ижрочининг хатти-ҳаракати ғалати, ғайритабиий. У гоҳ илондай буралиб кимгадир сапчийди, гоҳ чаёндай ғужанак бўлиб инграйди, гоҳ жаҳлдан тутоқиб бўғилади. Тавба, дейсиз беихтиёр ўзингизга ўзингиз, яхшигина ашулани одамга ўхшаб айтса бўлмасмикан?!

Аслида, бу Ғарбга, яъни «замонавийликка» тақлид. Ҳатто одамнинг маймундан тарқалганлиги тарғиб қилинган коммунистик жамият даврида ҳам қўшиқ куйловчи бу даражада бесўнақай қийшанглаб, тўлғонмаган эди. Бўлмаса, ўша пайтда ҳозиргидай миллий маънавият ҳақида кўпам гапирмас, ёзмас ҳам эдик.

Айтгандай, бу ашулаларни бундан қирқ-эллик йил олдин ҳам эшитганмиз. Бироқ у пайтда ижрочи аёл ёки қиз ҳозиргидай кўкраги ва киндиги очиқ, бадани кўриниб турадиган либосда экранга чиқмас эди. Гапирмасак ҳам, ёзмасак ҳам, негадир аёл ижрочиларнинг маънавияти юксак эди. Ишонмасангиз, эски тасвирларни кўринг. Бўлмаса, ўшандаям Ғарб дунёси бор эди.

Ҳозир мен миллий маънавият ҳақида кўп ёзаётганлардан бириман. Очиқ тан бердим, бизга ўхшаганларнинг ёзаётганлари-ю гапираётганларига қараганда Ғарб дунёси турмуш тарзининг хуружлари кучлироқ экан. Бу хуружга қарши курашишдан кўра, олдин унга дош бериб, сўнгра мослашиш аста-секин ҳаётимизга сингиб бораётгани кўриниб турибди. Начора, биз маънавият ҳақида гапириб, ўзимизни овутиб юраверамиз, аммо айрим ёшларимиз ўз билганларидан қолмаяпти.

Бўш қолдикми, телеэкранга тикиламиз. Турли давлат, миллат ва элатларнинг сериаллари бизни «зериктирмайди». Яхшиямки, шулар бор. Бўлмаса, оила даврасида ўтириб, «Маҳаллада дув-дув гап», «Келинлар қўзғолони», «Шум бола», «Кавказ асираси», «Қароқчи чоллар» каби фильмларни 40–50 йилдан бери неча мингинчи марта кўраётганимиз ҳақида талашиб-тортишиб қоламиз. Бу фильмларни талашиб-тортишмай деярли барча каналларда мунтазам бериб турганларга балли!

Бир куни бир даврада кимдир кинорежиссёрлар кўп йиллик «декрет»га чиқиб кетишган, улар қачон қайтишлари номаълум, деб қолди. Қайтганлари билан улар ҳозир маҳалладаги тугул, шаҳардаги дув-дув гапга ҳам парво қилишмайди, ҳозирги келинларга эса қўзғолоннинг ҳожати йўқ, чунки уларни тергайдиган қайнонанинг ўзи йўқ, дедим. Демак, эллик йиллик фильмлар ҳали яна кўп асқотади.

Яхшиси, чет эл сериалларидан умидимизни узмайлик. Уларда нафақат қароқчи чоллар-у фитначи кампирлар, балки қотил йигитлар-у фоҳиша қизлар, жиноятчи жаноблару ҳасадчи хонимлар, падаркуш фарзандлар-у жигарбандидан воз кечган диёнатсизлар – ҳаммаси бор.

Бунинг устига ёт маънавият ва ёт турмуш тарзи бошқа дунё оғушида сизни ўз сеҳрига тортади. Шу сеҳр туфайли бўлса керак, ҳатто, қишлоқ қариялари-ю намозхон чоллар ҳам, боғча болалари-ю қулоғи оғир кампирлар ҳам бу сериаллар бошланадиган вақтни орзиқиб кутади. «Ҳой чол, намоз вақти бўлди», деб кампири огоҳлантирса, «шошма, анави барзанги қизнинг ўз йигитими ёки ўйнаши – кўрайчи», дейдиган чоллар ҳам бор.

Кўрдиларингми, анави одам найза санчиса ҳам йигитча ўлмади-я, деб невара-чевараларининг ҳайратини оширадиган қариялар ҳам йўқ эмас. Ҳаёсизлик, шармандалик, шафқатсизлик, қотиллик манзараларига катта-ю кичик – ҳамма кўникиб бормоқда.

Энг ёмони, чет эл сериалларининг салбий таъсири ёшлар тарбиясида кўзга ташланмоқда. Ҳозир ўзбекнинг хонадонида ҳам ота-онани сенсирайдиган ёшлар пайдо бўлмоқда. Ота-онага гап қайтариш, уларни қаровсиз қолдириш, узоқда бўлишса, йиллаб ҳолларидан хабар олмаслик одат тусига кириб бормоқда. Мол-мулк талашиш, қасос олиш, қотиллик, мулкий, ирқий ва диний табақалаш каби ҳолатлар ёшларимиз онгини заҳарлаб, уларда Ғарб дунёсига тақлид қилиш хоҳишини кучайтирмоқда. Одатда ур-сур, олатасир, ўлдир-қолдир каби фильмларга йигитлар ўч бўларди. Ҳозир бундай сериалларни ёш қизлар ҳам ўтказиб юбормайди.

Мабодо бирорта бегона ёки танишингиздан қайси газета-журналларни ўқишини сўрасангиз, у ҳайратдан елка қисади ва дейди: «Эсингиз жойидами, ҳозир ҳеч ким газета ўқимайди, ҳамма телевизор кўради-ку!» Начора, шундай бўлиб қолди. Мен яшаётган ҳудудда учта газета дўкони бор. Уларга фақат уч-тўрт номдаги газета келади. Уларни ҳам ҳеч ким олмайди. Ёшлар фақат олди-қочди нашрларни олишади.

Тўғриси, мен ҳаммабоп «Саодат», «Муштум», «Ҳидоят» журналларини, ўндан ортиқ номдаги газеталарни бирорта ҳам дўкондан топа олмадим. Пойтахтда аҳвол шундай бўлганидан кейин туманларни тасаввур қилаверинг. Яшириб нима қиламиз, тўқсонинчи йилларда 400–500 минг нусхада босилган айрим газеталар ҳозир 4-5 минг нусхада чоп этиляпти. Бунга кўплар бозор иқтисодини сабаб қилиб кўрсатишади. Бу мутлақо нотўғри. Ҳозир капиталистик дунёда газеталар миллионлаб нусхада босиляпти.

Хорижда Тошкентдай катта шаҳарда беш-олти номда газеталар нашр этилади. Юртимизнинг дур-у гавҳари бўлган пойтахтимизда бир эмас, ўнлаб газеталарни безайдиган, юзлаб журналистларга илҳом бағишлайдиган, бу ердаги беқиёс ўзгаришларни бутунжаҳонга тарғиб қилса арзийдиган ишлар бўляпти, биз эса анави идорада йиғилиш бўлиб ўтди, манави жамоада семинар бўлиб ўтди, уларда фалончи-фалончилар сўзга чиқди каби бир қолипдаги сийқа усулдан қутула олмаяпмиз. Айтинг-чи, бундай газеталарни ким ҳам сотиб оларди? Демак, ҳамма айб журналистларнинг ўзида.

 Агар юртимиздаги ўзгаришларни ҳаёт билан боғлаб, ютуқларимиз билан бирга муаммоларимизни ҳам айтиб, жонли ва таъсирчан тарзда, турли жанрларда қизиқарли қилиб ёзсак, газетхоннинг ўзи газетани излаб топади. Газеталаримиз йиғилишлар ҳақида хабар берадиган варақага, юриш-туришимиз ҳақида маслаҳат берадиган консультация бюросига, оғиз кўпиртириб бир-биримизни мақтайдиган минбарга, эълон берганнинг ноғорасига ўйнайдиган таъмагирга, интернетдаги олди-қочдиларни кўчириб босиб, жон сақлайдиган омонатга айланиб бораётган экан, бунинг учун газетани олмай қўйган газетхон эмас, биз, журналистлар айбдормиз.

Ҳатто, ўзимиз ҳам газета-журнал ўқишни йиғиштириб қўйиб, эрта-ю кеч телеэкранга тикилганлигимизнинг боиси шу. Яқин ўтмишда тун ярмида уйқумиз қочса, туриб китоб ўқир эдик. Ҳозир эса телевизор кўриб, тонг оттирамиз. Яна невараларимиз мудраб ёнимизда ўтирганларига нима дейсиз?.

Хўш, нималарни кўрамиз?! Боши-кети йўқ тасвирлар. Эндигина бошланган ҳузурбахш қўшиқ ярмига етганда бирданига экранда, алвасти қиёфасидаги махлуқлар тасвирланган мультфильм пайдо бўлади. Айтгандай, ҳозир катталарга мўлжалланган мультфильмлар худди сериаллардек болалаб кетди. Кейин алвасти ўрнини илондек буралиб ярим-яланғоч номаълум раққоса эгаллайди.

Сўнгра кутилмаганда хохолашиб салат тайёрлагичлар пайдо бўлади. Ҳаммаси машҳур одамлар. Салатни татиб кўришиб, худди Никулинни кўргандай қотиб-қотиб кулишади, қўй-э, деб бошқа канални очасиз. Бу ерда дамланадиган паловнинг гўштини қовуришяпти. Қозон тўла гўшт. Яна бошқа бир канални очасиз. Бу ерда эркак ва аёл бошловчилар турли пишириқларни татиб кўришаётган бўлади. Хуллас, эссиз вақт, эссиз телеэкран, деб ҳафсалангиз пир бўлади.

Бизнинг халқимиз ўта қўшиқсевар. Бир кун қўшиқ эшитмасак, ишлолмаймиз, ухлолмаймиз, ҳордиқ чиқара олмаймиз. Эллигинчи йилларнинг иккинчи ярмини эслайман. Ҳар бир пахта даласидаги устунга, шийпонга, шунинг­дек, қишлоқдаги фермага радиокарнай ўрнатилган бўларди. Қўшиқ эшитмаганнинг қўли ишга бормас эди. Ҳатто, битта пайкалнинг у бошида ҳам, бу бошида ҳам радиокарнай бўларди. Ўнлаб машҳур ҳофизлар, юзлаб хушовоз қўшиқчиларни мириқиб, маҳлиё бўлиб, ором олиб эшитардик.

Ҳозир ўша радиокарнайлар ўрнини телекарнайлар эгаллади. Яъни телевизор йўқ жойнинг ўзи йўқ. Телевизор кўрмасангиз, ёрилиб кетай дейсиз. Қўшиқсеварлигимиз ҳам ўша бундан эллик-олтмиш йил олдингидай. Бироқ у пайтдаги ранг-баранглик тингловчига ҳузур бағишлаган бўлса, ҳозирги бир хиллик ғашга тегади. Гўё ҳозир Ўзбекистонда ўн-ўн бешта қўшиқ айтадиган артистдан бошқаси йўқдай. Қайси канални очманг, фақат ўшалар куйлаётганини кўрасиз. Баъзан битта қўшиқчи бир неча каналда куйлаётганини кўриб, энсангиз қотади, ҳатто қўшиқ ҳам битта. Эртасига ҳам, индинига ҳам, бир ҳафта, бир ойдан кейин ҳам худди шундай. Яхшиямки, ҳар замонда Муножат Йўлчиева билан Ўлмас Саиджонов пайдо бўлиб қолади.

Тўғриси, халқимиз миллий куй-қўшиққа жуда-жуда муҳтож. Аслида миллий куйларимиз ҳам, миллий қўшиқларимиз ҳам кўп. Негадир уларнинг ўрнини тобора замонавий эстрада ниқобидаги бачканалик эгаллаб боряпти. Ҳатто, миллий эстрадамиз ҳам сиқиб чиқариляпти. Илгари бадиий кенгаш деган нарса бўларди. Ҳозир овози йўқ, миллий мусиқа ва қўшиқчилик санъатимиздан бехабар, саҳна одобини билмайдиган ёшлар ҳам лицензияси борлигини даъво қилиб, санъатимизга доғ туширяпти. Буни назорат қиладиган идорами, ҳайъатми бўлса керак?.. Наҳотки, энди Ўзбекистонда Маъмуржон Узоқов, Таваккал Қодиров, Неъматжон Қулабдуллаев, Отажон Худойшукуров каби ҳофизларнинг муносиб шогирдлари чиқмаса?! Агар қўшиқчилик санъатидаги бачканаликнинг олди олинмаса, маънавиятимизга доғ тушади.

Эҳтимол, менинг куюнчаклик билан айтган фикрларим кимларгадир малол келар. Бироқ айтмасликнинг иложи йўқ. Миллий маънавиятимизга, миллий қўшиқчилик санъатидаги бой меросимизга, айниқса, саҳна одоби ва ижро маҳоратидаги ўзига хосликка, миллий кино санъати ривожидаги сустликка, телеэкранни миллий қадриятларимизга ёт сериаллар билан тўлдиришга, журналистлар ижодидаги бир хилликка, ҳаётда, ижодда ва санъатда ўзгаларга тақлид қилишга нисбатан лоқайдлик аслида ўзликка хиёнат эканини унутмайлик.

Иброҳим Норматов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Tafsilot.uz маълумоти:

Иброҳим Норматов —  1943 йили Асака шаҳрида туғилган.

1959—64-йилларда Янгийўл медицина билим юртида таҳсил олган.

1964—1967-йилларда ҳарбий хизматда бўлган;

1967—1988-йилларда “Сирдарё ҳақиқати” газетасида турли лавозимларда фаолият юритган;

1967—1973-йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультети (сиртқи бўлим)да таҳсил олган;

1988—1995-йилларда “Ўзбекистон” радиосида бош директор ўринбосари;

1995—1997-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Девони етакчи консультанти;

1997—2001-йилларда “Ўзбекистон телерадиокомпанияси” раисининг ўринбосари;

2001—2009-йилларда “Туркистон-пресс” ахборот агентлиги бош директори ўринбосари вазифаларида фаолият юритган.

1997 йили “Ўзбекистон Республикасида  хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган.

2002 йили “Йилнинг энг фаол журналисти”, 2004 йили “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловлариида ғолиб бўлган; 2006 йили “Олтин қалам” I миллий мукофоти учун ўтказилган халқаро танловда матбуот йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритган.


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>