• Бугунги сана: Dushanba, Sentabr 25, 2017

Ўзбекистонда Японияга ишга кетаётганлар учун ўқитиш маркази очилди

2017 йил 12 сентябрда Японияда меҳнат фаолиятини амалга оширадиган фуқароларни кетиш олдидан мослаштириш ва ўқитиш марказининг очилиш маросими ўтказилди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига таяниб «Sof.uz» сайти хабар бермоқда.

«Мазкур таълим маскани Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 12 апрелдаги 303-Ф Фармойиши ижросини таъминлаш асносида хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширадиган фуқароларимизнинг фаолиятини ташкиллаштириш мақсадида барпо этилган», — деб таъкидланган хабарда.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ташқи меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни изчил кенгайтирмоқда. Бугун Ўзбекистон Корея Республикаси билан бир қаторда Россия, Польша, Япония давлатлари билан ҳамкорлик йўлга қўйган. Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари,Уммон Султонлиги, Қозоғистон сингари қатор давлатлар билан музокаралар олиб борилмоқда.

Хабарда таъкидланишича, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ўзбек фуқароларини Японияда меҳнат фаолиятини юритиши соҳасида ҳамкорлик қилиш учун фаол иш олиб борган. Натижада дастлабки қадам сифатида 2016 йилнинг 14 майида Агентлик ва Уно корпорацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Қайднома имзоланган.

Музокаралар натижасида Япониянинг GRANATJapanCo., Ltd., MarukoFoodCo., Ltd., IIDASangyoCo., Ltd., SAIKONTAN Farm, EastSunCo., Ltd ва TakeruCo., Ltd каби қатор компанияларида ишлаш учун ўзбек стажёрлари танлаб олинган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг июнида Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Ўзбекистон фуқароларини Япониянинг Аичи ва Оита префектураларида ишлашга таклиф этган эди. Агентликнинг фейсбукдаги саҳифасида жойлаштирилган эълонда Уно корпоорацияси гул ва сабзавотлар етиштириш бўйича 20-28 ёшли хотин-қизларни ишга қабул қилиниши, ишчиларга бериладиган иш ҳақи, шароитлар ва бошқа шартлар маълум қилинган эди.

 

Шунингдек, Япония Ўзбекистон фуқароларига виза учун ариза бериш тартибини соддалаштирган, унга кўра, Японияга бориш учун виза олишда талаб қилинадиган айрим ҳужжатлар бекор қилинган ҳамда кўп марталик виза муддати узайтирилган, янги қоидалар шу йилнинг 5 июнидан кучга кирган эди.

2017 йилнинг 24 апрель куни Ўзбекистон Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов Халқаро алоқалар ташкилоти Президенти Нориаки Суга бошчилигидаги Япония делегацияси билан учрашган, учрашувда томонлар, 2017 йил 1 ноябрь куни кучга кирадиган «Хорижий фуқаролар учун техник амалиёт дастурини тегишли равишда амалга ошириш ва хорижий техник амалиётчилар ҳимоясини таъминлаш тўғрисида»ги янги қонун талабига кўра, Японияга техник амалиётчиларни юбориш бўйича Ўзбекистон ва Япония ўртасида янги ҳукуматлараро битим лойиҳасини муҳокама қилишган эди. Учрашув якунида томонлар Японияга техник стажёрларни юбориш бўйича ҳукуматлараро битимни қисқа муддатлар ичида тасдиқлаш ҳақида келишиб олгандилар.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>