• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Ўз халқингга ўқ отма!..

Хонадонимиз ва кўчамиз тинч, маҳалламиз ва юртимиз тинч бўлгани учун баъзан лоқайдликка бериламиз. Кўпинча буни мен таниш-билишлар ва қариндош-уруғлар даврасидаги суҳбатларда сезиб қоламан. Тунов куни бир танишимга халқаро аҳвол масаласида ҳарбий прокуратурада маъруза қилдим десам, қандай одамсиз ўзи, ундан кўра юртнинг тинчлигига шукур қилиб неваралар олдида жимгина ўтирмайсизми, деди. Нима қилай ахир, юртим тинч бўлгани билан дунё нотинч, унинг касофати бутун инсониятга уради, мен сизларга ўхшаб лоқайд бўлолмайман, дедим, бироз қизишиб.

Дунё сиёсатининг нозик жиҳатлари, хатолари ва оқибатлари ҳақида Ички ишлар вазирлигининг турли бўлинмалари ва бошқармаларида етти йил маърузалар қилдим. Ҳозир худди шу мавзуда маъруза ўқиш учун гоҳ Адлия вазирлиги ёки Республика Ҳарбий прокуратурасига, гоҳ Республика Ҳарбий суди ёки Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм, муассасаларига чақириб қолишади. Йўқ, дея олмайман. Чунки бугун жаҳон сиёсат оламида юз бераётган воқеаларни, оддий халққа тушунарсиз бўлган нозик ва мураккаб жиҳатларни, йўл қўйилаётган хатоларни ва фожиали оқибатларни таҳлил қилиб, ўз фикрларим, ёндашувларим ва хулосаларимни баён қилмасам, кўнглим таскин топмайди.

Яқинда давлат ва миллат хавфсизлигига дахлдор бир идоранинг тадбирлар ўтказиладиган катта залида қизиқарли мунозара бўлиб ўтди. Мен асосан бугунги террорчилик хуружлари ҳақида маъруза қилдим. Охирида савол-жавоб тарзида мунозара бошланди.

– Мана ҳозир турли коалициялар бирикиб, «ИШИД»­ни бомбардимон қилишяпти, шу билан уни бутунлай тугатиб юборса бўладими? – деди бир ходим.

– Йўқ, бутунлай тугатиб бўлмайди. Ҳозир унинг бош раҳнамоларини овлашяпти. Улар ўлдирилган  тақдирда ҳам «ИШИД» сақланиб қолади, – дедим мен.

– Нега? – сўрашди.

– «Ал-Қоида»ни кўз олдингизга келтиринг. Усома бин Лодин ва унинг қанчадан-қанча шериклари ўлдирилди, бироқ «Ал-Қоида» кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда турли минтақа ва давлатларда сақланиб қолди. Ўч олиш борасида унинг ҳаракати кучайди. Толибон Қобулдан қувилганда ғарб дунёси Афғонистонда терроризм барҳам топди, деб жаҳонга бонг урганди. Аслида эса «Толибон» ҳаракати ҳозир куч тўплаб боряпти. У 2015 йилда нималарга қодир эканлигини яна кўрсатди. Биз қарийб ўн йилдан бери ҳар ҳафта-ўн кунда Доғистонда ёки унинг атрофидаги ҳудудларда бош террорчи ва унинг шериклари ўлдирилганлиги ҳақидаги хабарни эшитамиз. Хўш, улар қачон тугайди?! «ИШИД» ҳам худди шулардек. Тахминан 100–200 минг кишидан ортиқ жанговар куч Абу Бакр Бағдодий ва унинг шериклари ўлдирилгандан кейин тинчийди ёки кучсизланиб қолади, дейиш хато бўлур эди. Уларнинг ҳаммаси ҳам пул ишлаш учун борганлар ёки адашиб бориб қолганлар эмас. Уларнинг орасида жаҳонда мусулмонларга нисбатан ноҳақликлар, ҳақоратлар, камситишлар, таҳқирлашлар, тамға босишлар, ахборот урушлари куча­йиб бораётганидан нафратланиб қуролларини ташламайдиганлар, мақсадларидан қайтмайдиганлар оз эмас. Шундай экан, уларнинг худди «Ал-Қоида»га ўхшаб турли гуруҳлар ва оқимларга бўлиниб ёки номларини ўзгартириб турли ҳудудларга тарқаб кетишлари аниқ. Ўн беш йил олдин «Толибон»ни, сўнгра бироз вақт ўтиб «Ал-Қоида»ни тугатдик, деб мақтанганлар бугун бир зарба билан «ИШИД»ни йўқ қиламиз, дейишаётганида ўйланиб қоламан: ажабо, уларнинг маслаҳатчилари кимлар экан?!

Келинг, энди менинг юқоридаги фикрларимга асос бўлган мисолларга мурожаат қилайлик.

Одатда, қандай ҳолатда бўлмасин четдан Ватанга босиб кирганлар босқинчилар дейилади. Босқинчиларни мамнуният билан кутиб олганлар ёки қўллаганлар Ватан хоинлари номини олади. Афғонистонда эса 1979 йилда босқинчиларни қўллаганлар «ҳукумат» мақомига ва босқинчиларга қарши курашганлар «мухолифат» мақомига эга бўлишди. Ана энди босқинчилар чиқиб кетганидан сўнг икки ўртада ҳокимиятни эгаллаш учун кураш бошланди. Бу кураш олдин миллий-этник низо тарзида тус олган бўлса, кейинчалик фуқаролар урушига айланиб кетди.

Шундай қилиб, битта халқ бир-бирига ўқ ота бошлади. Қонли хунрезликлар авж олиб турган бир пайтда «Толибон» деган жиддий бир куч пайдо бўлди. Толибон осмондан тушгани йўқ. Шу халқнинг ичидан чиқди. Бу куч четдан мадад олиб, кун сайин кучайиб бораверди. Жаҳолатпарастлик шу даражага бордики, битта халқ бир-бирининг қонини тўкишда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ваҳшийликларни қила бошлади.

Ана шундай даҳшатли бир вазиятда илгари миллий-этник низолар туфайли бир-бирининг қонини тўккан гуруҳлар ярашиб ва бирлашиб, «Толибон» ҳаракатига қарши коалиция тузди. Афғонистоннинг туб аҳолиси – пуштунлар, тожиклар, ўзбеклар, хазорийлар, қизилбошлардан иборат бу ҳарбий-сиёсий тузилманинг тузилганига бу йил роппа-роса йигирма йил бўлади. Унинг 12 кишилик ҳайъатида Афғонистоннинг ҳозирги бош вазири Абдулла Абдулла ҳам бор эди. Бу тузилманинг аскарлари билан толибон ўртасидаги уруш шиддатли тус олди. Яна аввалгидай битта халқ бир-бирини аёвсиз қира бошлади.

Орадан бир ярим йил ўтиб, Толибон Қобулни эгаллади. Ўзаро ўч олиш янада кучайди. Халқнинг ўша пайтдаги аҳволини тасвирлаш жуда оғир. Бундай ҳолат бир неча йил давом этди. Ниҳоят, Толибон ғарб давлатларининг ҳарбий куч-қудратига бас келолмай Қобулдан ва бошқа катта шаҳарлардан чекинди. Бироқ улар бутунлай таслим бўлмади. Худди Совет Иттифоқи босқинидаги каби вазият вужудга келди.

Ғарб давлатларининг ҳарбий кучлари ёрдамида жон сақлаб қолганлар «ҳукумат» мақомига, Толибон эса «жангари» мақомига эга бўлди. Улар ўртасидаги қарама-қаршилик ва уруш шундан бери давом этиб келяпти. Бироқ муроса ва мулоқотдан ҳеч қандай ном-нишон йўқ. Битта халқ вакиллари бир-бирини ўлдиришда давом этмоқда. Бир томон ғарблик ҳомийлар ва ҳимоячиларга ишонса, иккинчи томон буни хоинлик ҳисоблаб, ўч олиш учун куч тўплаяпти. Афтидан, ҳар икки томоннинг ҳам ён бериш нияти йўқ. Демак, қон тўкиш давом этади.

Суриядаги бугунги вазият ҳам Афғонистондагига ўхшаш, ҳатто ундан-да фожиалироқ. Агар Афғонистонда бир халқнинг бир-бирига ўқ отиши ҳамда осмондан бомбалаш оқибатида икки-уч миллион одам ўлдирилган, минглаб тўйлар ва бошқа байрам маросимлари азага айлантирилган бўлса, Сурияда бутун бир давлат ва унинг шаҳар ҳамда қишлоқлари вайронага айлантирилди, бир неча миллион халқ гумдон қилинди, Туркия, Ливан ва Иорданияга беш миллион халқ қочиб ўтди, бир миллион халқ Европа бўйлаб дайдиб юрибди, тўрт мингга яқин одам денгизга чўкиб ўлди, Туркия Президентининг гапига қараганда 340 минг одам бомбалаш пайтида жон таслим қилди, бир неча минг одам заҳарланиб ўлдирилди. Уларнинг 70–80 фоизи аёллар, қариялар ва гўдак болалар эди.

Биз телеэкранларда касалланган шер боласи учун йиғлаганларни, ўзини ҳимоя қилиб йўлбарсни ярадор қилгани учун қамалганларни, пенсиясини кучугига сарфлаб ўзи оч қолганларни, ўзининг тирик гўдагини ўрмонга ташлаб қоплон боласини боқиб олганларни, итнинг ҳуқуқини одамнинг ҳуқуқи билан тенглаштириш учун курашаётганларни кўрдик, аммо сурияликларнинг юқоридаги фожиаларига  жони ачиганларини кўрмадик.

Бомбалаш пайтида бетонлар остида қолиб чинқираётган, ўлган онасини кўриб шайтонлаб қолган, қўли ёки оёғи узилиб қонга беланиб ётган гўдак болаларни кўрганда, мен чидай олмай, дарҳол телевизорни ўчириб қўяман. Ахир жангариларда ва мухолифат кучларда бундай қотилликларни уддалайдиган қанотли қузғунлар йўқ-ку?!

Тарихда, мухолифатчилар деб ўз халқини ўзи бомбалаб ўлдириб, ўз шаҳарларини ўзи вайрон қилган давлат ўтганини эшитмаганмиз. Ички вазиятни бошқара олмаган, муросага мойиллиги йўқ, ўз халқининг фожиасидан виждони қийналмаган, олти минг йиллик қадимий юртни харобага айлантирган, бировларнинг қўлида қўғирчоққа айланиб қолган одам қандай қилиб яна давлатни бошқаришга даъвогарлик қилади?

Албатта, бу борада АҚШ, Туркия, Саудия Арабистони ва Европа давлатлари томонидан билдирилаётган фикрлар асосли. Ҳозир Сурия ҳудудида ўз халқининг ярми ҳам йўқ. Борлари ҳам тушкун аҳволда. Бу халққа ҳозир малҳам керак. Афсуски, айни пайтда малҳам бўлишга арзийдиган куч ва инсон йўққа ўхшайди.

Кимлардир тахминан яна бир ярим йил мобайнида эҳтимол муроса йўли топилиб, бу юртда тинчлик ўрнатиш мумкин бўлар, деб бутун жаҳонни ишонтирмоқчи бўлишяпти. Амалда эса қарама-қарши томонларнинг баёнотлари телба-тескари. Ҳукумат вакиллари жангарилар олдин қуролларини ташлашсин, сўнг амнистияга тушганларидан кейин биз улар билан гаплашамиз де­йишса, мухолифат деб аталувчи жангарилар биз ҳукуматга ишонмаймиз, қайтага «Ислом давлати»даги айрим қўмондонлар билан алоқаларимиз яхши дейишди.

АҚШ давлат котиби Керри бир неча марта  Россия аслида «Ислом давлати» жангариларига эмас, Суриянинг мухолифатчи гуруҳларига зарар етказяпти, деб ташвиш билдирган бўлса, Россия ташқи ишлар вазири Лавров бизнинг самолётларимиз-у ракеталаримиз ҳеч қачон хато қилмайди деб, қайта-қайта таъкидлаяпти. Баъзи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Россиянинг бомбалашлари оқибатида Суриянинг тинч аҳолиси қурбон бўляпти, деб бонг урса, россиялик генерал нега АҚШ Афғонистоннинг Қундуз шаҳридаги госпитални бомбардимон қилганида индамадинглар-у бизга келганда жаҳонга жар соляпсизлар, деб хафа бўляпти.

Хуллас, ҳозир Сурия осмони устида олов ловуллаб ёниб турган бўлса, ердаги чўғ бутун бир шаҳар ва қишлоқларни қабристонга айлантирмоқда. Бу халқни ўз одамлари ҳам, ўзгалар ҳам ўлдиряпти. Йигирма миллионли халқ ҳар томонлама топталяпти.

Президент Ислом Каримов Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Уфадаги охирги саммитидаги маърузасида Ислом дини жаҳон миқёсидаги улуғ ва буюк дин, шунинг учун ўзини бу дин билан боғлаётган «ИШИД»ни яхшилаб ўрганишни, бу борадаги гап-сўзларга аниқлик киритишни ва хулоса чиқаришни Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан илтимос қилайлик, деган эди. Ҳақиқатан ҳам ҳар бир давлат ўзича ҳаракат қилгани яхшимас. Шунинг­дек, бундай пайтда Ислом Конференцияси Ташкилоти ҳамда Араб Давлатлари Лигаси каби нуфузли идоралар ҳам томошабин бўлиб турмаслиги керак.

Аслида бу ташкилотлар Фаластин давлати масаласида ҳам оғзи боғланган гунгга ўхшаб қолган. Фақат Европадаги давлатларнинг саъй-ҳаракатлари билангина фаластинликларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тикланиб қолмайди. Маҳмуд Аббос европаликлардан мамнун бўлган ҳолда айрим араб давлатларининг мунофиқликлари ҳамда лоқайдликларидан нолиб гапирганида минг бора ҳақ эди. Фаластинга ва бошқа айрим давлатларга нисбатан бўлаётган ноҳақликлар терроризмнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётир.

Ҳар қандай давлат, миллат ва диннинг камситилиши ҳамда ҳақоратланиши оқибати турли кўринишдаги норозиликларга ва ўч олишларга сабаб бўлади. Ислом Каримов бир неча маърузаларида ҳадеб терроризмнинг оқибатларидан нолийвермасдан уни келтириб чиқараётган сабабларни ўрганиш ва унинг олдини олиш чораларини излаш лозим, деган эди.

Хулоса шуки, ўз халқига ўқ отганлар ва ўзгаларга зулм ўтказганлар Яратганнинг қаҳрига учрайди. Бундай жаҳолатпарастлар инсониятнинг нафратига йўлиқади. Гўдаклар йиғиси, оналар фарёди, қариялар дуоси уларни соғ қўймайди.

Иброҳим Норматов,

сиёсий шарҳловчи

Tafsilot.uz маълумоти:

Иброҳим Норматов — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

1943 йили Асака шаҳрида туғилган.

1959—64-йилларда Янгийўл медицина билим юртида таҳсил олган.

1964—1967-йилларда ҳарбий хизматда бўлган;

1967—1988-йилларда “Сирдарё ҳақиқати” газетасида турли лавозимларда фаолият юритган;

1967—1973-йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультети (сиртқи бўлим)да таҳсил олган;

1988—1995-йилларда “Ўзбекистон” радиосида бош директор ўринбосари;

1995—1997-йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Девони етакчи консультанти;

1997—2001-йилларда “Ўзбекистон телерадиокомпанияси” раисининг ўринбосари;

2001—2009-йилларда “Туркистон-пресс” ахборот агентлиги бош директори ўринбосари вазифаларида фаолият юритган.

1997 йили “Ўзбекистон Республикасида  хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган.

2002 йили “Йилнинг энг фаол журналисти”, 2004 йили “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловлариида ғолиб бўлган; 2006 йили “Олтин қалам” I миллий мукофоти учун ўтказилган халқаро танловда матбуот йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритган.


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>