• Бугунги сана: Chorshanba, Avgust 16, 2017

Оймомонинг «айфон»и

Мустақиллик билан тенгқурлар бу йил 25 баҳорни кўради. Бу — чорак аср дегани! Умрининг айни авж палласига етган бу навниҳол ёшларнинг кўпи олий маълумот олган, касб-ҳунарнинг бошини тутган. Айримлари рўзғорга бош. Фарзандлари бор. Улар эсини таниганда, халқимиз Президентимиз Ислом Каримов атрофида жипслашиб, дунё жамоатчилигининг ҳайрату ҳавасини тортадиган бунёдкорликларни амалга оширишга киришганди: мамлакатимизда барча соҳа тартибга тушган, бозорлар ва дастурхонларда бўш жой камая бошлаган, одамлар чеҳрасида ҳаётдан розилик ифодаси кўрина бошлаганди.

Бу кунлар ўз-ўзича пайдо бўлиб қолмаганини каттароқ авлодлар кўзи билан кўриб улғайди. Балки шу боис ҳам улар хотираларни эсларкан, тилида энг кўп айланадиган сўз — шукр экани табиий. Ҳа, Ватанни севиш, ҳаётни англаш ҳам бир имтиҳон экан.

Парчаланган ҳалқалар

Қашқадарёдан Сурхондарёгача бир қадам: тўй-маъракаси, урф-одати бир, Дарбанднинг у четидан қаттиқроқ салом берилса, бу четида алик олингани лоф эмас. Аммо илгари шу икки воҳани боғлайдиган поезд йўли ва электр энергияси тармоғи қўшни давлатларга бир кириб чиқарди. Ёки Фарғона водийсига борадиган автомобиль ва темир йўллари, газ тармоғи ҳам шундай эди. Булар қандайдир бир англашмовчилик ё режасизлик эмас, балки собиқ тузум баковулларининг атай, пухта ўйланган стратегияси «маҳсули» бўлганини англаш қийин эмас: қўшни давлатлар, бир кун келиб мустақил бўлганда ҳам муаммоларга учраши учун бир-бирига ҳалқа қилиб боғлаб кетилганди.

…2006 йил, июль. Деновдан йўлга чиққан поезд айни жазирамада қўшни давлат саҳросидан ўтиб, бекатда тўхтади. Текширувлар шунчалик кўпайиб кетдики, чегарада бир неча соат қолиб кетдик. Ташқари жазирама, вагон ичи бундан баттар. Пастга тушишга эса рухсат йўқ. Йўловчилар аҳволини тасаввур қилаверинг…

2007 йили 223 километрлик Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўли қурилиб, бу муаммо барҳам топди, масофа 170 километрга қисқарди. Энг муҳими, ўз юртимизнинг у бошидан бу бошига ўз ҳудудимиздан эмин-эркин бориб-келиш имкони яратилди. Бугун Тошкентдан Денов ё Термизга бораркансиз, бир ухлаб турсангиз, поезд виқорли тоғ-адирларимиз оралаб кетаётган бўлади. Қай фаслда борманг, томоша қилиб зерикмайсиз. Чунки ўз юртинг — ўзингники: бетакрор, ягона-да, барибир.

Бугун Фарғона водийси ва Тошкентни ўзимизнинг Қамчиқ довони бирлаштириб турибди. Мана, довон оша янги темир йўл ўтяпти. Водий манзаралари — хорижликка экзотика, бизга эса Ватан, тақдир бу!

2011 йили Гулча-Денов нимстанциялари оралиғида 28 километрли янги электр тармоғи ўтказилди. Бу билан тармоқдаги носозликларни бартараф этиш учун чегара кесиб ўтиш барҳам топди, тизимдаги электр қувватини йўқотиш камайди. Энг муҳими, шу ҳудудда энергетика мустақиллиги таъминланди.

…Истиқлол қадри аввало мустабид тузум ғаламислик билан боғлаган ана шундай ҳалқаларнинг парчаланганида, миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклашда намоён бўлади.

«Мелисажон, тез келинг…»

Илгари қишлоқда, одатда, фақат колхоз раиси ва бош ҳисобчининг уйида телефон бўларди. Бир ҳамкасб дўстимиз қишлоғида Оймомо отлиғ аёл яқин-яқингача кулги бўларкан. Сабаби, бир куни Оймомонинг эрини кимлардир калтаклаётганда, аёл югуриб ҳамсоя раиснинг уйига киради ва телефонни шарт кўтариб, рақам ҳам термай, қулоққа тутадиган томонига гапира бошлайди:

— Мелисажон, тез келмасангиз, мановлар ҳозир эримни ўлдириб қўяди…

Сўнг шундай шитоб билан чиқиб кетади. Албатта, чақирилмаган мелиса келмаса-да, Оймомонинг эри тирик қолган. Жанжал унутилган, бироқ содда аёл иши кўп йиллар турли ҳангомага мавзу бўлгани аниқ. Аёлнинг фарзандлари улғайгач, аввало, онасига янги мобиль телефон совға қилади. Ғурур, ор-номус учун кураш бўлса, шунчалик бўлади-да.

— Оймомо момо қишлоқда биринчи бўлиб «Айфон» олди, — дейди дўстимиз. — Халатининг чўнтагига солволади. Ҳамқишлоқлар ҳам энди мазахни йиғиштирган, билъакс ҳавас қилади. Чиндан ҳавас қилади.

…Ўйлайман: агар бугунгидек эркин-тўкин кунлар бўлмаганда, Оймомо момо нариси билан ҳамсоя раиснинг телефонида тўғри гапиришни ўрганиши мумкин эди, холос. Бугун юртимиздаги аксарият хонадонда замонавий музлаткич, турли ошхона электр жиҳозлари, кир ювиш машиналари, компьютер, чангютгич, янги авлод телевизорлари, ноутбуклар, тюнерлар, DVD кабилар бор. Ёшлар бу нарсаларга унчалик эътибор бермайди, худди илгари ҳам шундай бўлгандек қабул қилади. Аммо буларнинг қадрини Оймомо момочалик билишмайди, барибир.

Қўйсанг-чи, айиққа бало борми?!.

Ўтган йили ижтимоий тармоқларда дам олиш куни кечга бориб Чорвоқ йўлида тирбандлик юзага келгани кенг муҳокама қилинди. Кимлардир шундан ҳам фитна ясашга уринди: нима эмиш, Чорвоқда одамхўр айиқ пайдо бўлганмиш…

Кулгинг қистайди: қўйсанг-чи, ошна, айиққа бало борми?!. Шунчаки, Тошкентда дам олиш кунлари жуда кўп одам салқинлагани тоққа чиқади, холос. Тоғ йўлларига, табиийки, машина сиғмай кетади. Энди ўйлаб кўринг, агар юртда тинчлик бўлмаса, ҳамён енгил бўлса, одамларнинг машина олишга қурби етармиди? Дам олиш учун азза-базза тоққа чиқиш кўнгилга сиғармиди?!.

Бугун Ўзбекистонда деярли ҳар икки оиладан бири шахсий транспорт воситасига эга ва бу машиналар айнан юртимизда ишлаб чиқарилмоқда. Шундай экан, йўлларда вақти-вақти билан тирбандлик юзага келиши табиий. Мана, яқинда биргина Тошкентда янги кўприк қурилиши билан соатига автомобиллар қатнови Себзор кўчасида 9,8 мингтага, Абдулла Қодирий кўчасида 5,6 мингтага етди. Уларни дақиқаларга бўлиб кўринг-чи…

Ўтган йили қишлоққа суннат тўйга бориб, машинани анча берида қолдиришга тўғри келди. Машина кўплигидан жой йўқ. Оддий бир деҳқон набирасининг қўлини ҳалоллаётган эди.

— Замондан айланай, — деди ҳайдовчи Чорибой ака. — Шу тўйболанинг отасини суннат қилганда, нон етмай қолиб, Даҳанадаги новвойхонага бориб келиш учун бутун бошли қишлоқда бир машина топилмаганди. Кимнингдир кажавали пат-пати бор экан, аммо унга бензин топиш учун қишлоқни бир айланиб чиққанмиз.

Ҳа, илгари қишлоқдагилар шаҳарга бориш учун кунига бир марта қатнайдиган автобус ё юк машинасига улгуролмай сарсон бўлганини ҳозир ҳангома қилишади. Ёзда усти очиқ ва қишда брезент тақилган юк машинасига йўловчиларга қўшиб бозорга кетаётган қўй-эчки, кичикроқ қорамол, халталанган майиз-ёнғоқ — ҳаммаси аралаш ортилаверарди. Эътироз қаёқда, жой топилганига хурсанд. Бугун эса шаҳар ва қишлоқ ўртасида қатнайдиган таксидан кўпи йўқ. Ҳайдовчилар ҳам хушмуомала: олдингидек тўнғилламайди, балки «Машинамга чиқинг, кондеционери бор, яхши қўшиқлар қўйиб бераман», дея манзират қилади.

…Президентимиз Ислом Каримов 1990 йил 5 июндаги чиқишида: «Вазиятни муқаррар тарзда барқарор этиш, ишончни тўла-тўкис тиклаш учун ҳали кўп иш қилишимиз керак. Аввало, республика ҳаётида туб ўзгаришлар таъминланиши, халқ фаровонлигини ошириш, ҳар бир оила ва инсоннинг турмушида конкрет силжишлар бўлишига эришиш лозим», деганида бунга балки кимлардир шубҳа билан қарагандир. Аммо буларнинг рўёбини кўриш-англаш учун жуда кўп вақт керак бўлмади.

Бахт формуласи

БМТ кўмагида АҚШнинг Колумбия университети ташкил этган ижтимоий тадқиқотлар асосида эълон қилинган «Жаҳон бахт индекси»да Ўзбекистон 158 мамлакат ўртасида 44-поғонани, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида эса 1-ўринни эгаллади.

Бахтни халқимиз, аввало, оиласи, эл-юрт тинчлиги-хотиржамлиги, дастурхони тўкинлиги, фарзанд-неваралари шодумонлигида кўради.

…1990-йиллар ўрталарига келиб бозорлар бўшаб қолган, оддий ун топиш ҳам муаммо эди. Нураган қишлоқ магазинларида киши бошига неча килодандир давлат нархида ун сотилар, шу «паёк»ка ҳам азондан навбат туриларди. Кимлардир арпа нон ейишгача борганди.

Бугун эса олий навли нондан тўйган кимдир ностальгия истаб, маккажўхори унидан қилинган нон егиси келса, буни аввало тегирмончига, сўнг новвойга буюртма қилишига тўғри келади. Олдин одамлар очликдан қутилишга уринган бўлса, бугун аксинча — оч юришга, ортиқча вазндан халос бўлиш учун парҳез қилишга киришганлар кўп.

Ҳар гал Деновга борсам, қизил-оқ ҳолва олиб келаман. Ўзимдан бошқа ҳеч ким емайди. Нима қилай, болалигимизда энг тансиқ ширинлик шу эди-да. Ўша вақтлар энг оммабоп «ширинлик» — бир чимдим хамирдан оширилган, ҳар хил рангли, ичи бўм-бўш «қувурча»лар эди. Болалар уларни қизил, сариқ ё яшил ранглисидан бир-бир татиб кўрса-да, фарқ сезмасди.

Яқинда бир дўконга кириб, қатор растадан янги ширинлик ахтараётган она-болага кўзим тушди. Бола ичи жем ё крем билан тўла печенье, шоколадлар оралаб, ниҳоят бирини кўрсатди: «шунисини оламиз». Сотувчи қиз кулди:

— Биларкансан-а, бу ўзи яқинда келди-да. Яп-янги…

Ҳа, бир пайтлар болалар бирор тўйдан арзон қанд ундирса, шунинг қоғозини то ранги ўчгунча чикка-пукка қилиб ўйнарди. Бугун болалар планшет ё компьютерда мультфильм кўради. Аудио эртаклар эшитади. Улар табиий мевалардан тайёрланган турма-тур шарбатлару чойларни танлар экан, менда болалик хотиралари — тўйларда столдан лимонад олиб қочган ё кукунли «юпи»ни бир банка қайнатилган сувга аралаштириб, қўлма-қўл қилган эски замон образлари кўз олдимдан ўтаверади.

Барча манзарани бирлаштирадиган асос — юртда тинчлик-хотиржамлик, халқимизнинг эртанги кунга умид-ишончи мустаҳкам эканида, бунёдкорликка ва ҳаётини янада тўкис этишга интилишида. Аслида ҳам бахт формуласи — ҳар куни ҳаёт ташвишлари билан кунни қаритиш, шундан завқ ва ҳаловат топишда. Бундай инсонларнинг манзили ҳам шунга яраша — нурли бўлади.

Мурод Ғофуров


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Оймомонинг ҳамсояси Жавоб бериш
    1 yil олдин

    Яхши ёзибди, лекин

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>