• Бугунги сана: Dushanba, Sentabr 25, 2017

Ойим келса, ачомлайман, қўйиб юбормайман…

Яқинда иш юзасидан қариялар уйида бўлдим. У ердаги бир отахон менга ўтмиши, яқинларининг ундан юз ўгириб шу ерга ташлаб кетгани ҳақида ўксиниб-ўксиниб сўзлади.

Иккинчи бор уйланган ўғлининг аввалги никоҳидан бўлган норасидасини ҳам болалар уйига топшириб юборганини афсус билан тилга олди. Ўзи-ку оила нималигини билиб, ота-она, яқинлари меҳрини обдон тотиб, ёшини яшаб, ошини ошаб бўлгани, аммо жажжи набирасининг бу бахтдан буткул мосуво этилганини кўзида ёш билан гапириб берди. Отахоннинг айтганларидан таъсирланиб, фарзандлик бахтидан бенасиб болаларнинг ҳаёти, тақдири билан қизиқдим.

Бегуноҳ гўдакларнинг уволи тутишидан қўрқмайдиган инсонларнинг борлиги сабаб болалар уйларида ота-онасиз норасидалар билан бирга тирик етимлар ҳам тарбияланяпти. Шукрки, дунёга келтирган инсонлари ташлаб қўйган бу болаларга давлатимиз ҳам ота, ҳам онадир.

Улуғ мақомга сазовору, муносиб эмас

Пойтахтимизда жойлашган шаҳар болалар уйида 3 ёшгача бўлган соғлом ва 4 ёшгача бўлган жисмонан ва ақлан ривожланиши бузилган етим ҳамда ота-она қаровисиз қолган 52 нафар норасида тарбия топяпти. Бу ерга ташриф буюрганингизда қулай шарт-шароит ва меҳр-муҳаббат қуршовида яшаётган, аммо кўзлари мунгли, сўзлари ҳазин гўдакларни учратасиз.

Кўча тарафдан дарвоза панжаралари орқали шундоққина кўриниб турадиган муассаса ҳовлисига кирарканман, эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис этдим ўзимни. Ҳозиргина ўсиб чиққандек ерга сочилган сунъий қўзиқоринлар, гул-чечаклар шаклидаги ёнар чироқлар, улкан палмалар, эртак қаҳрамонларининг деворларга кўчган тасвири, сувости салтанати ҳақида сўзловчи чизгилар олдидаги усти ёпиқ сув ҳавзаси — буларнинг бари кишида ажиб бир таассурот уйғотади.

Болалар уйи бош шифокори Озода Исломова ҳамроҳлигида муассаса билан танишиш жараёнида кўриб кўзим қувнаган кўплаб гўдакларнинг тақдири билан қизиқдим.

Эшигига «2-эмизикли гуруҳ» деб ёзилган хонага кирган чоғимиз гўё жажжилар оламига тушиб қолгандек ҳис этдим ўзимни. Хона гўдакларнинг жисмоний имконияти ва руҳиятига мослаб, шунингдек, онгу тафаккурини бойитишга мўлжаллаб жиҳозланган.

Мен эмаклаётган болакай билан ўйнашга тушиб кетдим ва унинг қандай қилиб болалар уйига келиб қолгани билан қизиқдим. Бош шифокорнинг айтишича, бу норасида уч кунлик чақалоклигида иссиқ ёпинчиққа ўралган ҳолда кўчага ташлаб кетилган. Бурчакдаги кроватда тўп ўйнаб ўтирган болани «она»си туғруқхона эшиги олдида қолдирган. Кўзларини телевизорга тикиб ўтирган болакайни эса одамлар кўп қаватли уй эшиги олдидан топишган. Олиб келинганда миттивойнинг бўйнида хавфли ўсимта бўлган экан. У жарроҳлик йўли билан олиб ташланибди. Яқин орада ўрни ҳам билинмай кетармиш. Балки шу дард сабаб «ота-она» фарзандидан воз кечгандир. Боласини касалдан фориғ эта олмагач кун келиб уларга ғамхўрлик қилолмаслиги ҳақида ташвишлангандир, ўзларини ўйлагандир…

Шундай ўйлар онгимда айланаркан, қўққисдан яқинда Интернет тармоғида эълон қилинган когонлик аёлнинг янги туғилган чақалоғи жонига қасд қилиб, чиқиндихонага ташлаб кетгани ҳақидаги аянчли воқеа ёдимга тушади. Она номи иснодга қўйилган бундай разиллик, қабоҳат ортидан у ўз гуноҳи меваси бўлган бегуноҳ норасиданинг қотилига айланиб, бўйнидаги гуноҳ юкини нечоғли оширди экан?! Боласидан юз ўгиргани етмагандек, Оллоҳ берган омонат жонни олишга унинг ҳаққи бормиди?! Қизиқ, оналар ҳам турфа бўлар эканда. Кимдир фарзанди учун жон фидо қилишга тайёр, кимдир эса унинг жонини олишдан-да тап тортмайди…

«Ойим келса, ачомлайман!»

Бу болакайлар ёнидан чиқиб, йўлак бўйлаб борарканмиз, бош шифокор мени эшигига «Катта гуруҳ» деб ёзилган хонага таклиф қилади.

Кирган чоғимиз ичкари хонадан югуриб чиққан қизалоқ жавон тортмасини очишга тутинади. Ортидан келаётган тарбиячига қараб «ўжим оламан» дейди болаларча беғуборлик билан. Тортмадан соч тўғноғичи ва тароқни оладию, кузатиб турганимизга эътибор ҳам бермасдан ўзини кўзгуга солади.

— Фарангиз пардоз қилиб, роса чиройли қиз бўляптими, — дея Н.Исломова уни эркалаган бўлди.

— Ойим кеяди! — деди Фарангиз жилмайган кўйи.

Мен ҳам қизча билан суҳбатлашгим келди.

— Ойинг келса, нима қиласан? — дедим унга.

— Ачомлайман.

— Қандай ачомлайсан, кўрсатиб берчи.

Сўзимни тугатганим ҳамоноқ у мени шу қадар маҳкам қучоқлаб олдики, довдираб қолдим. Ҳали уч ёшга тўлмаган боланинг қўллари бунчалик кучли бўлишидан ҳайратда эдим. Назаримда бу унинг онасига нисбатан меҳр кучи, қучоғида мен ҳис қилган ҳарорат эса фарзандлик муҳаббатининг тафти эди.

Қизча мени қўйиб юборгач, бирдан мунғайиб қолди. Тарбиячининг «Сенинг ойинг ҳозир келиб қолади» дейишига қарамасдан синиқ овозда «кемасачи?» дедию, ичкари хонага кириб кетди.

— Болаларга улардан воз кечилгани ҳақида ҳеч ким айтмайди, бироқ улар ҳақиқатни ҳис этиб туради, — дейди Н.Исломова. — Боиси ҳомиладор аёлнинг ўйлари, фикри болага таъсир қилмасдан қолмайди. Ҳомила бу пайтда дастлабки ахборотларни олади. Фарзанд она қорнидаёқ уни дунёга келтиришни исташмаётганини сезади. Шу боис кейинчалик ҳам улар руҳиятида ана шундай тушкунлик кузатилади. Бу маюс чеҳраларни бахтдан яшнатиш жуда мушкул.

Фарангизни шифокорлар оиласи асраб олмоқчи экан. Балки унинг янги оиласида бахти тўкис бўлар, кўзларидан мунг арир. Ана ўшанда кўп йиллар зурриёд кўриш илинжида яшаган яқинлари кўнглини бағрида яширин фарзандлик меҳрининг тафти билан илитар ҳам.

«Наҳотки, она бўламан!»

Қабулхонада бугунги воқеалар ҳақида ўй суриб ўтирганимда ёнимдаги аёл «Сиз ҳам фарзанд асраб олмоқчимисиз, ҳали жуда ёшсиз-ку» деб қолди. Йўқ дея жавоб қайтарарканман, унинг айнан шу мақсадда келганини англадим.

Айтишича, 6 йилдирки тирноққа зор бўлган аёл бу муддат давомида бормаган даволаниш муассасаси, учрамаган табиби қолмабди. Шифокорлардан кўп бор турмуш ўртоғининг фарзанд кўра олмаслиги ҳақида эшитса-да, таслим бўлмасдан муқаддас оилага садоқат, матонат ва умид билан ҳаракатда давом этган. Ахийри эр-хотин гапни бир жойга қўйиб, фарзанд асраб олишга аҳд қилишган. Барча ҳужжатларни расмийлаштириб, кўплаб текширувлардан ўтиб, бола асраб олишга навбатга туришибди. Муассасадан қўнғироқ қилиниб, фарзанд танлаб олишга чақирилган кун «Наҳотки, она бўламан!» дея ниҳоятда суюнганини, гўдаклар орасида бир ярим ёшли Назокатни кўргандаги ҳаяжони, у билан болалар уйи бўйлаб илк сайри, шундан сўнг тез-тез қизчадан хабар олиб туриши ҳақида сўзларкан, аёлнинг порлаган кўзлари намланди. Шунда негадир менинг хаёлимга фарзанди дунёга келишини сабрсизлик ва интизорлик билан кутаётган ҳомиладор аёл келди. Одатда аёллар фарзанд кутаётганини билгандан сўнг ана шундай кайфиятга тушиб қолади. Вужудидаги боласи билан сўзлашади, у билан қувонади, овунади, ширин-ширин хаёллар суради, фарзанди дунёга келишини интиқлик билан кутади. Барно Бердиеванинг руҳиятида ҳам шунга ўхшаш ҳислар жўш ураётган бўлса не ажаб.

Муродова муродига етгани рост бўлсин!

Шу пайт йўлакда қандайдир қизалоқнинг «ойи-и-и», «ойижон» деган қўнғироқдек овози янгради. Қизиқсиниб бирин-кетин ташқарига чиқдик. Пилдираб югуриб келаётган қизча ортидаги оқ халатли аёлнинг «секинроқ, йиқилиб тушма…» деган сўзларига эътибор ҳам бермасдан унга қараб бораётган аёлнинг бағрига ўзини отди. Миттивойни қучоғига олган аёл ва ёнидаги киши уни ўпиб-эркалар, «Дурдонам — бирдонам меним» деб суярди.

— Она-бола узоқ муддат кўришмабди шекилли, — дедим ҳайрон бўлганча. — Юз-кўзидан тузуккина одамларга ўхшайдию, аммо фарзандини ташлаб қўйиб, чакки қилишибди-да…

— Нималар деябсиз, уни асраб олишяпти-ку, — дея тушунтирди ёнимдаги ҳамшира. — Бир-икки келиб-кетиб, қизалоқнинг кўнглини олишди, у ҳам «ота-онаси»ни яхши кўриб қолди. Бугун қизчани олиб кетишади.

Ҳамширанинг айтишича, бу аёл узоқ йиллар фарзанд кўрмаган. Турмуш ўртоғи ҳам аёлини турли гап-сўзлардан асраб-авайлаш, оиласини сақлаб қолиш мақсадида чеккароқ жойга кўчириб борган. 8 йил деганда бир эмас уч эгизак фарзанд кўришган. Минг интиқиб кутилган саодатли дамлар ҳам узоққа бормаган. Чексиз қувончга ажал соя солгану, норасидаларни она бағридан бирин-кетин юлиб олган.

— ттиқ руҳий тушкунлик сабаб ўзимни ўнглаб олишим осон кечмади, бироқ инсон бардоши ҳар нени енга оларкан, — дейди «қизи»ни бағрига босиб турган Меҳрибон Муродова. — Жигаргўшаларимдан айрилган бўлсам-да ҳомиладорлик бахти, оналик қувончини туйиш насиб этганига шукр қиламан. Шу савдолардан сўнг турмуш ўртоғим билан фарзанд асраб олишга аҳд қилдик. Бола танлашга чақиришганда унинг жинсига ҳам қараб ўтирмадик, тирноққа зор одамлар учун бунинг аҳамияти йўқ. Бизга Дурдона жуда ёқиб қолди.

Меҳри чексиз Меҳрибоннинг муродига етгани рост бўлсин, дедим ич-ичимдан.

Айтишларича, онанинг нияти, дуоси, албатта, ижобат бўлади. Бу ўринда сўз боласини дунёга келтириш билан чекланган «она»лар ҳақида эмас, уйқусиз тунларни кунларга улаб алла айтган, кундузлари у билан уйнаб-қувнаган, боласи йиғласа йиғлаб, кулса қувонган, фарзанди оёғига кирган тиканни киприги билан олишга тайёр оналар ҳақида бормоқда. Ана шундай мўътабар инсонлар борлиги учун она номи ҳамиша юксак ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олинаверади.

Бу ерни тарк этиб, уйга шошиламан. Эшикда онам табассум билан қарши олади. Бироз суҳбатлашаман-да, «онажон, сизни жуда соғиндим, бироз тиззангизга бош қўйиб меҳрингизга қонай» дейман. Онам тағин жилмаяди. У тиззасидаги бошимни силаб турган чоғи дунёда мен каби бахтга мушарраф бўлмаганлар, онам каби саодатмандликдан юз ўгирганлар неча-неча эканлиги ҳақида ўйлайману, онамни қаттиқроқ қучоқлайман. Яхши ота-оналарнинг борлигига шукр!

Наргиза Ҳусанова

Tafsilot.uz маълумоти:

Мазкур мақола «Жамият» газетасида «Фарангизнинг орзуси қачон ушалади?» номли сарлавҳа билан чоп этилган.

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>