• Бугунги сана: Juma, Avgust 18, 2017

Ой бориб, омон қайтмаган болам…

Ўсмир ҳарбий хизматга ўз оёғи билан, соғ-саломат жўнаб, уйга темир тобутда қайтди… Жувонмарг бўлган йигит ота-онасини, бобосини, укаларини ва қорабайир отини яхши кўрарди…

Редакцияга мактуб

Мен энди нима қиламан дунёда!!

Ўн саккиз йил кўзимнинг қорачиғидай авайлаб катта қилганим, зийрак, ақл-фаросатли суянчиғимдан — фарзандим Шарофиддиндан айрилиб қолдим.

1987 йили мактабни битиргач, Ғаллаоролдан Қаршига бориб, қишлоқ хўжалигини механизациялаш техникумига ўқишга кирди, иккинчи йили Совет Армиясига чақирилди. Қарши шаҳар вокзалидан мен билан қучоқлашиб, ўпишиб: «Отажон, йигитчилик!» деб бағрига босиб, яхшигина кайфиятда жўнаб кетди.

Мана, беш ой қолганда, темир яшикда шишиб кетган жасади келди. Мен жасадни кўриб ҳушимдан кетибман. Укол қилиб, дори-дармон билан оёққа турғизишди. Ўзимга келган заҳоти яна болагинамни кўргим келди, бир кўрай, деб ёлвораверганимдан сўнг фақат жасадини кўрсатишди, юзини кўрсатишмади. Лаҳадга қўйиб, кўмиб келганимдан кейин ҳам ўзимга келолмадим.

«Ўлди», деб телеграмма олдик. Одамнинг ишонгиси келмайди. Хизматнинг қийини ўтган, энг охирги хатларида ҳам заррача ҳафагарчилик билинмасди.

Лекин, инсоф билан айтинглар, ҳеч бўлмаса, ўлигини ҳурмат қилишса бўлмасмиди?! Телеграммани олиб, жўнаб кетган укаларим — Бахтиёржон ва Рофижон шундай ҳикоя қиладилар: «Бориб кўрсак, бешта ўлик бетон устига ётқизиб қўйилган экан, бири таниб бўлмайдиган даражада шишиб кетган. Шарофиддинники ҳам энди айний бошлаган экан. Жасадлар дориланмаган музлатилмаган, хор бўлиб ётибди. Бир-икки кун кечиксак, нима бўларди?! Пул билан самолётни гаплашднк. Тобут йўқ. Пул берамиз десак кўнмайди. Ароқ топиб келсанг, ясаб бераман, дейди. Ароқ талонга экан. Бир лейтенантдан 70 сўмга талон олиб, ароқ келтириб бердик… Ўликни уйга олиб келгунча буткул шишиб кетди…»

Во дариғ, болагинамнинг ўзи хизматга кулиб чиқиб кетган уйга ўлигини қўйдик. Ҳидига туриб бўлмайди. Исириқ, ўт ёқиб ювдик, кириб хайр-хўш қилиб ҳам бўлмади.

Совхозда яшаймиз. Агар фермада бир қўй ўлса, камида тўрт гувоҳ билан акт қилиб, имзолаймиз, териси ва туёғини ашёвий далил тарзида қўшамиз, ноҳия, вилоят агросаноат раҳбарлари олдида ҳукуматга ҳисоб берамиз… Одам ўлса-чи! Ҳеч ким сўрамайдими! Одамнинг давлатга совхознинг қўйичалик қадри йўқми! Менга келиб, хизмат қилган еридан ҳисоб бермайдими? Мен боламни осонлик билан катта қилганим йўқ эди…

Ўн саккиз йил бола боқиб, ҳукуматга шу учун бердикми! Уч укаси катта бўлмоқда. Эрта-индин уларга ҳам повестка келса, тартиби шунақа бўлган армияга энди уларни қандай жўнатаман. Жўнатмайман, десам ҳақим бордир!..

Мусурмон Абдусаломов,

Ғаллаорол ноҳияси Ғафур Ғулом номидаги совхознинг 1-бўлими».

Мен бу қишлоқни узоқ деб ўйламаган эдим. Ғаллаорол Тошкент — Самарқанд йўлининг чап томонида, Ғафур Ғулом совхози эса 55—60 км ичкарида экан. Бир соат юриб, йўлда бир кишинигина учратдик. Йўлнинг икки ёни поёнсиз саҳролар, кенгликлар; қуриган шўра, сариқтиканлар, фақатгина янтоқ кўкариб турибди. Унда-бунда қайирлардаги булоқлар теварагида қишлоқчалар пайдо бўлган кўринади. Бу қишлоқларнинг номи ҳам шундан. Жарбулоқ, Сафарбулоқ, Тошбулоқ, Қизилбулоқ, Коризқудуқ… Топономия билан шуғулланадиган олимларимиз шу ёқларга борсалар қизиқ номлар этимологиясини ўргансалар бўлади: Бешбола, Жума, Хатча Жума (бу қишлоққа тоғ хат солиб ўтган), Оққовун, Қоратош…

Биз шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги тафовутни йўқотиш ҳақида керилиб гапириб келдик. Бу қишлоқларни кўргач, мен ҳали ҳеч иш қилганимиз йўқ, деган фикрдаман. Ҳали феодализм давридаги аҳволда қолиб кетган ерлар жуда кўп экан. Мабодо, XVII аср ҳақида фильм олинса, харажат қилиб, павильон ясатмай, ўша ёқларга бораверса бўлади. Газлаштириш, канализация ҳақида ўйлаш — ёзнинг ўртасида қорни орзу қилишдай гап. Лойсувоқ томлар, толёғочдан қурилган кўприклар, чанг-қўпар йўллар… Жамият бу олис гўшаларни, қадам етмас қишлоқларни унутган!.. Аммо уларнинг фарзандларини ҳарбий хизматга олишни унутмайди. Ўйлаб қоламан: Давлат ва шахс муносабатлари қандай белгиланади — давлат бизга нима берди, биз давлатга нима бердик?..

Мусурмонқул ака ўғли Шарофиддинни берди!

Чўнтагимдаги хат кўкрагимни куйдиради.

Мен билан бирга борган ноҳия ижроия қўмитаси ходими қишлоқ шўроси биносида тушиб қолди. Ўлик чиққан уйга бориш, ярасини янгилаш оғир… Қишлоқ шўроси раисининг ўринбосари, дўстимиз Муртазо ва Баҳром — тўрт киши кириб бордик. Сўрашдик, ўтирдик, юзга фотиҳа тортдик.

— Ўлигини шу хонадан чиқарганмиз,— хўрсинди ота.

Орага жимлик чўкди. Шкаф устида шаҳид йигитнинг суратлари. Бирида мактаб пайти, бошқасида — аскарлик кийимида, яна бирида — от миниб тушган. Умуман, у спортни, чавандозликни яхши кўрган. Хатларида ҳам ёзган… Мусурмонқул аканинг ижозати билан хатларни варақлайман.

У деярли ҳар куни ёзган. Отасига алоҳида, ойисига алоҳида, укалари, сингилларига алоҳида-алоҳида.

«Ассалому алайкум дадажон, чарчамасдан юрибсизми? Онамнинг соғлиқлари яхшими!… Хат ёзмай қўйдингиз. 2 ойу 17 кун бўлди сиздан хат олмаганимга. Сиз ёзмасангиз, ким ёзади, дадажон! Айтгандай, дўстларим юришибдими?»

«Дада, Зайниддинжон йигитлар сафига қўшилиб қолдими? Шуҳриддинжоннинг гапларидан маъно чиқяптими ё ҳалиям бурни оқиб юрибдими? Телевизорда Халқ депутатлари съездини кўрдик. Дада, ҳали яхши замонлар келади. Хат ёзиб туринглар… 27 май, 1989 йил».

«Дада, сиз қирқиб юборган «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»даги мақолаларни ўқидим. Раҳмат. Овқат беришса, тортиниш йўқ. Руслар кўп. Сала (чўчқа ёғи — К.Б.) билан у-бу қовуриб, еб турибмиз. Ўзингиз биласиз, мусулмонлар чўчқа гўшти емайди. Бошга тушса, ноилож… Қозоғистонлик бир ўртоғим бор — Ерик деган, бир қочоқни отиб ташлаган, шу учун отпускага кетади… 10.09.88».

«Фарғонада жанжал бўлибди, телевизорда кўрсатди, мен постда эдим, кўрганлар айтиб беришди… Ишқилиб, тинчлик бўлсин-да. 32 килолик тошни бир марта кўтардим, турникда 17 марта тортилдим, чопишдан ўн биринчи ўринни олдим. Отишдан «отлично», бир борганимда 6 та ўқ билан 3 та нишонни урган эдим, взвод командирим: «Маладес, басмач!» — деб қўйди; деворий газетада ҳам мақтаб чиқибди…»

«Солдат бўламан, деб ўйламаган ҳам эдим. Кийими қизиқ бўларкан. Болалар билан ўтирсак, куламиз— бушлат катта-ю, иштон кичик, бировларни телпаги шалвираб осилиб туради… Умуман, қизиқарли. 15.12.87».

«Укажоним Шуҳриддин, отни миниб юрибсанми ё миндирмай олиб қочиб кетадими? Дарслар миянгни ачитгани йўқми, домлалар ўша-ўшами? Яхшилаб расмга тушиб, менга юбор — бир кўрай… 24.IV.88».

«Дадажон, Шуҳриддин тўғрисида оз-моз ҳафагарчиликни ёзибсиз. Дада, ўзингизни асранг, ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Уриш-сўкиш билан одам қилолмайсиз, қайтанга бўм-бўм бўлиб қолади, ўжар, қайсар бўлади… Ўзбекча рўзномалардан жўнатинглар».

Аскар йигитнинг мактублари. Нега мен бу хатларни келтиряпман? Уларда ота-онасини, укаларини, қишлоғини севадиган йигитнинг қалби кўринади. Бугун у орамизда йўқ, мактубларни ўқиб, қандай яхши бир йигитдан ажралганимизни кўнгилдан кечиряпман.

— Ўразали исмли ўзбек йигити ва Эрк исмли қозоқ йигит тобутни кузатиб бирга келишди. Сўрасак, иккаласи икки хил гапиради. Охири ноҳия ҳарбий комиссариатидагилар мени келган аскарлар билан гаплашмайсан, дейишди. Четга олиб сўрасам, қозоқ йигит: «Отахон, бизларга Шарофиддиннинг қандай ўлганини айтма, дизбатга қамаласан, дейишган. Хизмат тугасин, уйга келсам ёзиб юбораман», деди… Энди боламизни қайтариб бўлмайди. Аммо ҳақиқатни билсак кўнгил таскин топарди, – деди бизга Мусурмонқул ака.

Қўлимда унинг сўнгги мактуби: «Дадажон, соғ-саломатман. Хизмат ҳам тугайди, юз кўришамиз. Катта отамга айтинг, мен боргунча ҳасса олмасинлар…» Бу мактуб йўлда бораётганда, Шарофиддин аллақачон дунёдан кўз юмган эди.

Телеграмма: «Ғаллаорол ноҳия ҳарбий комиссарига. Аскар йигит Абдусаломов Шарофиддин ўлди. Ота-онасига хабар қилинг…»

Ғаллаоролдан қайтдим, ҳарбий хизматдан келганлар, оқсоқоллар, йигитлар билан суҳбатлашдим ва бугун ҳарбий хизмат муаммолари ҳам улкан бир дардга айланганини сездим. Ўз мулоҳазаларимни сизга ҳавола қилгим келди.

Биз узоқ йиллар ҳарбий хизмат ҳақидаги ҳақиқатни айтмай келдик. «Давлат сири» номли ниқоб орасида қанчалаб адолатсизликлар кечаётгани аён бўлди. Албатта, давлат сири ҳам мавжуддир. Аммо аскар йигитларнинг турмуши, озиқ-овқати, ўй-кечинмалари — давлат сири эмас. Бугун шулар ҳақида ҳам сўзлаш керак!

Давлат сирини матбуотда асраш шарт эмас. Сирни менгача — мухбиргача асраш лозим. Мен билгач, у энди сир эмас, у — ҳаммага маълум «сир».

Биз бу ёқда — кўчада биров икки тарсаки урса ҳам, судга бериб, қаматамиз. Ахир, бир солдат ўлса, унинг айбдори кимлигини аниқлаб, жазолаш керак! Эҳтимол, қотил жазоланаётган ҳамдир. Аммо қурбоннинг ота-оналари тўлиқ маълумот ололмай ётибдилар. Ҳолбуки, бугун ҳарбий хизматдан ўлиб қайтаётганлар сони ошиб боряпти. Йўқ, буни мен ҳаводан олганим йўқ…

Афғонистонда ўлганларга сабаб топиш мумкин— ҳар ҳолда, у ёқда уруш, қирғин-барот бўлган. Хўш, мамлакат ичида уруш йўқ, қирғин йўқ, нега аскар йигитлар шаҳид бўлмоқда. Мен Мудофаа вазирлиги органларидан шаҳидлар сонини олишга кўзим етмай, дуч келган қишлоқ шўроларидан суриштирдим. Мана, айрим фактлар: Ғаллаорол ноҳия Ғўбдин қишлоқ Шўросидан: Исломов Нуриддин, Красноярскда хизмат қилган, хизмат охирига 15 кун қолганда ўлган; Усмонов Олимжон, Москва ҳарбий округида хизмат қилган, 1988 йил, 19 майда хизмат тугаган куни «томондан йиқилиб» ўлган; Тожибоев Аҳтам, Узоқ Шарқда хизмат қилган, 1988 йил 31 октябрда ўлган… Самарқанд вилояти Ургут ноҳиясидаги Ғўс қишлоқ Шўросида кейинги уч йил ичида бирдан бир неча йигитнинг жасади келди, ҳаммаси мамлакат ичкарисида ҳарбий хизмат килаётган йигитлар, Ғаллаоролдаги Иттифоқ қишлоқ Шўросидан охирги уч йилда бир неча аскар йигитнинг ўлиги келди— Абдужабборов Шуҳрат, Саматов С, Бўрибоев Фахриддин, Абдусаломов Шарофиддин…

Ёронлар, бу йигитларнинг ҳар бири ота-онасининг дилбанди эди-ку! Бир йигит вояга етгунча қанчалар жафо чекади ота-она: тетапоя бўлганда, йиқилмасин, деб ҳадиксирашлар, ҳар бегона шамолдан асраш, мактабга борса, йўлинн пойлаб ўтиришлар. Ўзи емай-ичмай едириб, ўзи ичмай-ичказиб ўстиришлар… У алп-қомат йигит бўлганда, мана шундай ўлиб кетаверса…

Аскар йигит ўлди!..

Бир оқибатсизлик мени ҳайратга солади. Ҳар гал йигитларпмиз ҳалок бўлгач, уларнинг уйларига хабар қилишади, ота-онаси, қавми-қариндошлари, дунёнинг у чеккасидан бўлса ҳам, бориб олиб келишлари керак. Харажатлар, оворагарчиликлар ҳам майли, аммо хабар келгунча, уриниб-суриниб боргунча, сўнг олиб келгунча, анча вақт ўтиб, жасад ириб адо бўлади, пешонасидан бир ўпиб сўнгги йўлга — дорулбақога жўнатмоқ учун яқинига йўлаб ҳам бўлмайди. Йигитни биров уриб ўлдирганми ёхуд ўзини ўзи ўлдирганми, касалликдан жон берганми, сувга чўкиб ўлганми, ҳарбий қисм у ҳалок бўлгач, уйига кутиб олишни хабар қилиб, тезда ўзлари йўлга олиб чиқса бўлмасмикан? Ахир, тиригида рўшнолик кўрмаган, нада бир қиз сочини силаб, куёвлик тўнини киймаган, гулдай ёшида хорликда ўлган йигитнинг, ҳеч бўлмаганда, ўлиги эҳтиромдан холи бўлмасин! Уни дунёга қайтариш қўлимиздан келмас экан, ҳеч бўлмаганда, жасадини эъзоз билан кўмайлик, қўлимиздан келадиган шу сўнгги яхшиликни қилайлик, ахир!.. Бу бизнинг одамлигимизни унутмаганимиздан далолат бўлади.

Шарофиддиннинг ота-онаси ўғиллари ўзини-ўзи отганига ишонишмайди. Агар шундай бўлса ҳам, ўйлайманки, ҳарбий қисмда бу каби ҳодисалар чуқур ўрганилиши, агар, биров отган бўлса, айбдор жазоланиши, ота-оналар судга таклиф қилиниши, борса-борди, бормаса жиноий иш ва ҳукм нусхаси жўнатилиши, хулосалар баён қилиниши керак. Токим, турли кўнгилбузар гапларга ўрин қолмасин. Хўп, биров ўлдирмабди, ўзини-ўзи ўлдирибди, дейлик. Лекин одам хурсандчиликдан ўзини ўлдирмайди. Демак, ҳарбий қисмдаги маънавий-руҳий муҳит яхши эмас, демак, аскар йигит яшагиси келмай қолган, яшай олмай қолган. Аҳвол шундай қолаверса, эртага яна биров, индин яна биров шундай қилаверади… Навбатдаги қурбон ким бўлади?

Ўз-ўзини ўлдириш… Бу ҳодисанинг чуқур иқтисодий-сиёсий, маиший-маънавий ва руҳий сабаблари бор, албатта. Мен ҳарбий қисмларда ўзларини ўлдирганлар сонини билмайман, аммо мамлакат бўйича шундай маълумотга эгаман. СССРда 1984 йилда — 81 минг, 1985 йилда — 68 минг, 1986 йилда —53 минг, 1987 йилда —54 минг киши ўзини-ўзи ҳалок қилган. АҚШда ҳар 100 000 кишидан 12 киши, Англияда —9 киши, СССР да — 19 киши ўзини ўлдирмоқда.

Йигитлар — халқларнинг мақтови, кўрки,

Наслнинг жавҳари, давлат таянчи.

Ғафур Ғуломнинг ушбу сўзлари ёдимизда бўлсин! Жамиятнинг келажаги, келинчакларимизнинг чеҳраси ойдин бўлсин десак, йигитларни асрайлик!

Мен шундай фикрдаман (агар сиз қўшилмасангиз фикрингизни айтинг): ҳозирги армия тартиби бизга уруш давридан қолган, сталинча структурадир. Конституцияда ҳар бир совет граждани ҳарбий хизмат қилиши кераклиги қайд этилган. Оммавий ҳарбий мажбурият — уруш ҳолатининг ҳосилидир. Бугун дунёвий сиёсатда аҳвол ўзгарди, илмий-техника революцияси олдимизга янгича воқеликни кўндаланг қўйди, келинг, тарихан ўйлаб кўрайлик.

Хўш, йиллар давомида армия жамиятга нима бердию жамият армияга нима берди. Халқ депутатари съездида айтилди — биргина 1989 йилда армияга давлат бюджетидан 77,3 миллиард сўм ажратилди. (Ҳарбий космос—3,9 миллиард сўм). Ҳукумат бошлиғи Н. И. Рижков сўзи: «Ўн йиллар давомида мамлакат мудофаа саноатига энг тажрибали, моҳир кадрларни йўллади. Давлат бюджети ҳисобидан илмий тадиқотларни таъминлаш учун ажратиладиган маблағнинг 75 фоизи ҳарбий тадқиқотлар йўналишига ажратилди, қолган ҳаммага —25 фоиз». («Аргументы и факты», № 33 (462). Буни ўзимизнинг жўяли тилга ўгирсак, Шарофиддиннинг қишлоғи билан ноҳия ўртасида телефон алоқаси йўқ, «тез ёрдам» чақиролмай, касал узилиши мумкин; аммо товушдан тез учувчи ракеталар бор. Яна: ўзбек, деҳқонининг оғирини енгил қиладиган пахта машинаси яратилмайди-ю, парашютдан сувга ташласа, чўкмайдиган танклар бор!..

Академик А. Сахаровнинг ҳисоб-китобларига қараганда, бизнинг армия дунёда энг кўп сонли армиядир. Ер юзидаги энг катта уч мамлакат (Хитой, АҚШ ва ГФР) армиясини қўшиб ҳисобласак ҳам, бизники кўп. («Огонёк», № 31, 1988 йил).

Ҳаётнинг ўзи ҳарбийлар сонини ва уларга кетаётган харажатларни қисқартиришни тақозо қилмоқда, чунки халқнинг дастурхони қуруқ бўлиб, қиличи катта бўлса, у — оч одам — бу қилични кўтаролмай қолади. Қайта қуриш сиёсатининг натижаси ўлароқ, дунёда давлатимизга нисбатан хайрихоҳлик кайфияти юзага келди. Бугун мамлакатимизга ҳарбий таҳдид хавфи йўқ. Бундай шароитда кўп сонли армияни ўн-ўн беш йиллаб ушлаб туриш оқилона иш эмас. Ҳарбий техниканинг замонавийлашуви, электрон ва компьютер қуроллари ишлаб чиқилиши, ернинг сунъий йўлдошлари ва ҳарбий фазо ютуқлари, янгича воқеълик яратди — энди уруш бўлса ҳам, бутун аҳоли қурол олиб майдонга тушмайди. Ўйлайманки, энди оммавий ҳарбий мажбурият шарт эмас!

СССР Олий Совети, халқ депутатлари буни англамоқдалар, айрим жўяли қадамлар қўйилди: 1995 йилга келиб, ҳарбий харажатлар 1,5—2 баравар қисқартирилади, шу беш йилликда бизнинг сир сақлаб келинган ҳарбий харажатимиз 30 миллиард сўмга қисқарди. 1995 йилга бориб, мудофаа комплекси ишлаб чиқаётган маҳсулотнинг 60 фоизи тинч мақсадларга мўлжалланган бўлади… Бу хайрли қадам.

Аммо ҳарбий қисмлардаги ҳозири аҳвол бизни ташвишлантиради Йиллар давомида илдиз отиб келган икки касаллик бор — «дедлик» ва «маҳаллийчилик»… «Дед» — бу хизмат қилиб қўйган «отахон», унинг айтгани-айтган, дегани-деган. Янги борганлар устидан ҳақорат ва хўрликлар ёғилади. Рўзномалар бир қозоқ йигитини қирчиллама совуқда ҳожатхонага миниб бориб келганликларини, у ўзини осиб қўйганини ёзишди. Ҳарбий хизматдаги бир аскар узоқ ғайри инсоний хўрликлардан кейин, ғазаб отига миниб, автоматдан саккиз кишини отиб ташлагани бизга маълум. («Огонёк», № 31, 1 1989 йил). Ўз вақтида «дед»лар эзган аскар йигит ўзи «дед» бўлади ва янги «мишиқи»ларни эзади. Ёвуз ҳақорат ва хўрликнинг бу занжири ҳарбий қисмларда йиллар давомида ҳукм суриб келмоқда. Хўш, нега жамият бонг урмади, дерсиз?

Ёш шоирнинг бир шеърида уйга қайтаётган аскар йигит эшикдан кириш олдидан оқ сочларини юлиб ташлайди. Бу жуда топилган чизги. Ҳа, аскар йигит, жабру ситамдан оқарган сочларини онаизор кўришини истамайди. Хатда ҳам «соғ-саломатман», деб ёзаверади. Уриб-тепиб, эзиб юборишган бўлса ҳам, бармоғини нуқиб: «Во-о, жуда зўр яшадим!», деб уйга кириб келади. Чунки, бизнинг ўзбек йигитлари мардона йигитлар-да. Туртки еб бўлса-да, қайтиб келаётган эдилар. Аммо энди мурдалари келаётган экан, бунга чидаб бўлмайди!

Менга ваҳима қиляпсан, бир-икки йигит-да, дейишингиз мумкин. Аввало, бир-иккн эмас. Кейин, агар ҳалок бўлган йигитни ўн саккиз йил ўстирган одамнинг ўрнига ўзингизни қўйсангиз, биласиз — битта йигит кам эмас, бу — бир дунё!..

«Маҳаллийчилик» шуки, қаерда бир ерлик, бир миллат боласи кўп бўлса, озларга зуғум қиладилар. Бу салбий ҳодисалар бизга йиллар бўйи сингдирилган ақида — армия ўсмирни одам қилади, тоблайди, деган хулоса унчалик тўғри эмаслигини кўрсатиб турибди.

Одам ғўрлиги, уқувсизлиги учун жабр чекиш мумкин, лекин у миллат вакили экани учун хўрланмайдн—хоҳ ўзбек, хоҳ тожик, хоҳ рус бўлсин.

Ҳарбий хизмат гоҳида йигитларни дағал, шафқатсиз қилиб юбораётганини, йиллар бўйи оила ва мактаб шакллантирган ўсмир хулқ-атворини синдириб қўйганинг ҳам кўряпмиз. Мактабда мусичага озор бермайдиган, трактор босиб кетган чумолига ачиниб йиғлаб ўтирадиган кўнгли бўш ўсмир, гоҳида ҳарбий хизматдан шафқатсизлик кўриб қайтгач, олдида биров бошқани сўйса ҳам бепарво ўтирадиган қўрсга айланаётгани сир эмас!

Бунинг устига, уларнинг чанқоқ нигоҳи айрим кўзбўямачиликларга ҳам тушади, муғомбир қилиб қўяди. Менга ҳеч жойда ёзилмаган, латифага айланган, аммо амал қиладиган бир «Низом»ни айтиб беришди ва амал қилсанг, хавотирсиз хизмат қилиш мумкин, дейишди, мана у — икки банддан иборат: «1) Командир ҳар доим ҳақ; 2) Агар командир ноҳақ бўлса, биринчи банд бўйича иш кўр!»

Хўш, киши ўлгач ростлик бордир? Ҳали ҳеч ким ўлимни алдай олгани йўқ, ўлим ҳеч кимдан рухсат сўраб келган эмас! Йўқ, йигитларнинг гувоҳлик беришича, калтакдан, ўқдан ўлган аскарларни жиноий иш қўзғатмаслик учун гоҳида ток урди, ўзини осиб қўйди, томдан йиқилди каби ҳеч кимни гуноҳкор қилмайдиган баҳоналар билан бостириб юборилар экан. Ёки бирор-бир аёлга тегажоқлик қилиб, эри тўртинчи қаватдан ташлаб юборган, эҳтиётсизлик орқасида кўприкдан сувга тушиб кетган аскарнинг уйига ҳам: «Ўғлингиз хизмат вазифасини бажараётганда қаҳрамонларча ҳалок бўлди!», деб хат ёзишади. Тўғри, бундай хатдан ота-она таскин топади… Аммо бу маънавий жиноятнинг бошқа томони ҳам мавжуд — ростдан ҳам, ёвуз жиноятчининг ўқидан ўлган йигитлар бор, аллақандай суюқоёқнинг ўлимини ҳам уларга тенглаш — ҳақиқий жасоратга ҳақоратдир. Аскар йигитларимиз фақат адолат намунасида тарбия топишлари лозим.

Солдатларга, текин ишчи кучи, деб қараш ҳам бор. Вокзалда ярим тунда фавқулодда юк тушириш, чириган картошкани йиғиштириш, темир йўлни тузатиш, изғиринда қор кураш… Ҳеч ким қилмайдиган ишни қилишади. Хўш, қанча ойлик олишади: Бир йигитдан сўрадим? — ойига 3 сўм 80 тийин, сержант бўлса 10 сўму 80 тийин олади. Овқат-чи? Солдат картошка, «гречка», «каша», суюқ шўрва ичади. Алюмин товоқ-қошиқда тановул қилади, темир стаканда чой ичади. Нима қипти, армия-да, дерсиз. Солдат одам бўлиши учун азоб кўриши шартми? Нега армиядан уларнинг кўнглини қолдириш керак?

Қолаверса, бугун солдатлар ёрдамида улкан қурилишлар бунёд этилмоқда, далалар ҳосили йиғиб олинмоқда, темир йўллар ётқизилмоқда… Ана шуларнинг фойдаси ҳисобига солдатни тузукроқ боқса бўлади!

Мен армия ҳозирги шароитда профессионаллашиши керак, деб ўйлайман. Бу жамиятнинг бошқа жабҳаларидагидек кечади.

Биринчидан, у қисқаради, яъни ҳар бир миллатга ҳимоя учун етарли, аммо ҳужум қилишга етмайдиган қўшин керак, шунда ҳамма ўзини хавфсиз сезади. Бу ҳарбийлар сонини кескин камайтиришни тақозо қилади.

Иккинчидан, ҳаммани икки-уч йилдан солдат бўлишга мажбур қилиш ўрнига, профессионал шахтёр, малакали кибернетик олим каби, профессионал солдат бўлади, у ўз ишини пухта билади. Ҳозир ҳарбий техника жуда мураккаб, солдат эса уйга қайтиб барини унутади. Янги техника турлари чиқади. Янги солдатлар ўрганади, яна бориб кетмон чопаверади. Ахир, биз ҳамма икки йилдан врач бўлиши керак, демаймиз-ку! Бундай врачга биз ўз соғлиғимизни ишонмаймиз, хўш, нега давлатимиз хавфсизлигини икки йиллик солдатга ишонишимиз керак? Агар солдатлик касбга айланса, у ишончли, мустаҳкам қўриқчига айланади.

Учинчидан, бундай ҳарбий коллективда «дед»лик, зўравонлик бўлмайди. Ахир, бир медицина коллективида катта врачлар кичик врачларни муштлаб юрмайдику?

Ҳамма ҳарбий комиссариатлар пештоқига: «Армия и народ — едины», яъни «Армия ва халқ — муштарак», деб ёзиб қўйилган. Кейинги йиллар воқеалари бу бирликка раҳна солди. Тбилисидаги намойишчиларни бостиришда солдатлар қатнашуви бизнинг инсонпарвар армиямиз обрўсига путур етказди, армия ўзи «муштарак» халқни бостиришга ишлатишини — жиноят деб қаралиши кераклиги съездда ҳам айтилди.

Фарғонада ҳам солдатларнинг майдонга тушиши шундай бир ҳолдир. Куч ишлатиш керак бўлса, бу билан милиция шуғуллансин. Унга техника, ёрдам берилсин. Аскар автомат ушлаб ўз халқига ўқталмасин. Чунки, уни ҳарбий хизматга кузаётган онаизор бировни отишини истамайди.

«За Родину» рўзномасининг шу йил 20 июль сонидаги Н. Васильевнинг «Фарғона акс-садоси» мақоласида, Ўзбекистондаги фожиалар солдатлар шафқатсиз ҳаракат қилмагани учун юз берди, деган фикр олға сурилади. Запасидаги майор Н. Васильевнинг жабр чекканларга хайрихоҳлигига ишонганда ҳам, унинг тинчлик солдат милтиғи ёрдамида ўрнатилишини қўмсашига қўшилиб бўлмайди. Одамларнинг мурдаси устидан ўтиб бориладиган осойишталикни оқлаш мумкин эмас.

Армия Ватанни душманларидан ҳимоя қилиши лозим, у Ватанни ўз халқидан ҳимоя қилиши керак эмас. Ҳарбий қасамда Ватан ҳимоясига тайёрлик ва душман устидан ғалабага эришиш таъкидланган. «Империализмнинг СССР ва унинг иттифоқчиларига қарши кирдикорларини» ҳар қандай йўл билан бостириш, «босқинчини янчиб ташлаш»га қасам ичган аскар йигитлар намойишларни бостиришга ташланса, нима бўлади? Бундай ҳодисалар армиянинг обрўсини туширади. Оналар ўғилларини ҳадик ва хавотир билан кузатадилар. Ҳозиргидай айримлар касаллик варақаси қилиб ёки ўқишга жойлаб хизматдан олиб қолмоқ пайида бўладилар.

Иккинчи ҳодиса — Афғонистон. Бу уруш ҳақида турли фикрлар юрибди. Аммо солдат буйруқни бажарган. Модомики, бу иш нотўғри бўлган экан, сиёсатчилар, ҳарбий экспертлар жавоб беришлари керак. Кўчада Афғонда хизмат қилган солдатни кўриб, «Жаллод!» деб, бармоқни бигиз этмайлик.

Яна бир мулоҳаза. Яқинда Тошкент аэропортига қўндим. Кўрган бўлсангиз керак, маҳаллий йўналишлар томонидан чиқаверишда темир тўсинлар бор. Бу ерда ҳарбий хизматга чақирилганларни жўнаш олдидан жойлаштириб туришади. Қарасам, одам кўп, тепадан иссиқ уради, бир умр пахта даласидан чиқмаган болалар командирнинг русчалашини тушунишмади, шекилли, ёшгина сержант шеригига қараб: «Из этих баранов надо делать солдата!», — деди. Бу оғзига кучи етмаган икки сержантнинг жиззакилигига қўл силтаб қўйсам ҳам бўларди. Аммо осиёлик миллатларга саводсиз, бефаҳм, деб қараш кенг тарқалган. Бунинг устига, Фарғонадаги воқеаларнинг айрим рўзнома ва ойномаларда ортиқча кўпиртирилишидан, «ўзбеклар ёвуз» деган туҳмат ҳам қўшилди. Хўш, ростдан ҳам саводсиз бўлсалар; бу норғул йигитларнинг айби нима? Қишлоқларида санъат саройлари, театру музейлар бор-у, улар ўқишни истамайдиларми? Йўқ. Пахта яккаҳокимлиги оқибатида, аҳолининг қашшоқлашуви, маданий муассасалар йўқлиги, далага чиқишлар орқасида мактабдан қолишлари уларни шу аҳволга солмадими, ахир!..

Юртимиздаги оғир экологик аҳвол, қишлоқ оилаларидаги қашшоқлик оқсил танқислигига, турли касалликларга олиб келаётгани, ўсмирларимизни нимжон қилиб қўяётгани кўриниб турибди. Вазият ҳатто миллатнинг наслу насабига — генефондига ҳам таъсир ўтказмоқда, йигитлар ота-боболарига қиёслаганда, пачоқроқ, камқувват бўлиб қолмоқдалар. Аммо бунинг учун уларни камситишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Чунки, бу фожиаларда улардан кўра, уларни шу кўйга солган жамият айбдордир.

«Наш современник» ойномасида (1989 йил, 6-сон) ҳуқуқшунослик фанлари доктори Г. Литвинова шу йигитларнинг устидан кулгандай ёзади: «Совет армияси сафида ҳарбий-тарихий тажрибага эга бўлган миллат йигитларининг қисқариши оқибатида, ҳарбий-стратегик топшириқларни амалга оширишда қийинчиликлар юзага келиши мумкин». Тушуняпсизми, Шарқда туғилиш кўплиги туфайли армияда «ҳарбий-тарихий тажрибага эга» бўлмаган миллатлар «ҳарбий-стратегик топшириқ»ларни хавф остига қўяр эмишлар. Бу йигитлар ўтмишидаги жаҳонгир боболари билан мақтансалар бўларди. Аммо, бизнинг йигитлар— оқил, кўнгилчан…

Ўзбек ўғлонлари астойдил хизмат қиладилар, унча-мунча ғаюр назарларга парволари фалак. Аммо, марказий матбуотнинг Фарғона воқеаларини бежаб, «ўзбеклар русларни сўяётганмиш», «аёлларни паранжи остига тиқишармиш» каби талмовсирашлари, айниқса, «Огонёк»да босилган «Кўланка» каби узоқни ўйламай ёзилган мақолалар марказий олий ўқув юртларида, бошқа жумҳуриятларда, шунингдек, ҳарбий қисмларда ўзбекларга қарши кайфият уйғотди. Йигитларимиз қўнғироқ қилиб, мактублар ёзиб, ҳақоратланаётганларини, гоҳида муштлашув, ёқалашувларга бораётганликларини айтишмоқда. Охири нимага олиб бориши аён.

Қайта қуриш ҳарбий сиёсатни ҳам ўрнидан қўзғатган умидбахш ҳодисадир.

Янгича, оқилона тафаккур устун келиб, машқ килаётган танклар, солдат этиклари остида чангиб ётган заминга кетмон тушади, райҳону настаринлар экилади, гуллар тонг чоғида шудрингларни силкиб қуёшга пешвоз чиқади, ракеталардан бўшаган осмон қалдирғочларнинг чуғурига тўлади, деб умид қиламан!..

Мақолани тугатиб, устидан бир ўқимоқчи бўлиб турувдим, телефон жиринглади. Ташвишли овоз: «Алло, мен Балиқчи ноҳиясининг Еттиқашқар қишлоғидан, Анорхон деган шўрлик аёл бўламан. Пешонам қурсин! Ўғлим Рустамжоннинг ҳарбийдан қайтишига икки ой қолганда, ўлиги келди. Қозоғистонда хизмат қиларди.. Йигирма кундан буён ўзимни қайга қўйишни билмайман.Темир сандиққа солиб, устини сварка қилиб олиб келишди. Очгани қўйишмади, тешигидан сувдай эриб болагинамнинг бадани оқади. Одамнинг ёғи оқади, кул сепамиз. Вой-эй!..»

Кўзларнн тийра очиш керак!!!

Анорхон аяга, тинч замонда фарзандлари шаҳид бўлган оналарга бошқа нима деб таскин беришни билмайман…

Карим Баҳриев,

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси,

1990-йил

Tafsilot.uz маълумоти:

Шу кунларда чақирув ёшига (18 ёш) етган ва қонунга кўра ҳарбий хизматга мажбур бўлган, армияга бориш учун ўзбекистон Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланган синовлардан муваффақиятли ўтган фуқаролар Қуролли Кучларимиз сафларига тантаналар билан кузатилмоқда. Кимнингдир фарзанди, кимларнингдир акаси, укаси, қариндоши, маҳалладоши, синфдоши, яқин дўсти бўлган бу йигитлар, умуман, мустақиллик йилларида вояга етган авлоднинг аксарияти суронли йилларнинг кечмишларидан бехабар. Билишса ҳам халқимизнинг бошидан ўтган кунлар заҳмати ва даҳшатини теран ҳис қилишмайди.

«Ретро» рукни учун материалларни саралар эканмиз, 1985—1992-йилларда ҳарбий соҳадаги жиноятлар, бошбошдоқликлар, хунрезликлар, камситишлар ҳақида ёзилган жуда кўплаб мақолаларга дуч келдик. Уларнинг кўпчилиги қалб қони билан ёзилган, юрак-бағирни ўртайдиган даражада оғриқли. Жумладан юқоридаги мақола ҳам.

Бир фарзандни асраб-авайлаб, емай едириб, ичмай ичириб вояга етказишнинг машаққатини бошидан ўтказганлар билади. Энди ўзингиз танингизга ўйлаб кўринг-а, не-не машаққат билан тарбиялаганингиз, авлодимнинг давомчиси дея умид билдирган жигарпорангизни ҳарбий хизматга кузатсангиз-у, уйга ўлиги қайтса!? Ёки турт мучаси бут келган шунқор яримжон бўлиб келса!?

Ўша пайтлари шунақа эди. Архив маълумотлари, ўша пайтлари ҳарбийда бўлганлар ёки маҳалласи, овулида шундай воқеанинг шоҳиди бўлганлар фикримизни тасдиқлайди.

Ўз даврида катта шов-шувга сабаб бўлган, кўпнинг дарди ёритилган юқоридаги мақолани эълон қилишиvbздан мақсад ўтган кунлар ёдини унутмаслик, бугунги кунимизнинг қадрига етишга ундашдан иборат.


Сайтимизда чоп этилган бошқа мақолалар билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook»,«Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


  • Нигора Жавоб бериш
    1 yil олдин

    Хақақатдан жуда таъсирли мулоҳазалар, мақола дегани шундай ёзилса.
    Бугунги журналистларимиз ўрнак олса арзийди. Муаммо бор, факт бор, таҳлил бор. Энг асосийси, миллатимизни қийнаган, неча йиллар ичидаги дардлар ошкора ва хеч кандай ортиқча гап-сўзларсиз ёзилибди. Сайт ходимларига рахмат!

Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>