• Бугунги сана: Payshanba, Dekabr 14, 2017

Ўзбекистон, “Oxus Gold” ва 1,3 миллиард доллар

“The Baltic Course” агентлиги республикамизнинг Латвиядаги элчихонаси берган маълумотга асосланиб тарқатган хабарда айтилишича, Ўзбекистон UNCITRAL арбитраж судида Британиянинг “Oxus Gold plc” компаниясини ютиб чиқди.

“Podrobno.uz” сайти маълум қилишича, “Oxus Gold plc” компанияси судда Ўзбекистондан “Омонтойтов Голдфилдз” қўшма корхонасига киритилган инвестициялар ва “Хондиза”» кони бўйича 1,3 млрд АҚШ доллари даъво қилаётган эди.Хабарингиз бор, Британия компанияси Ўзбекистон билан “Омонтойтов Голдфилдз” қўшма корхонасига киритилган инвестициялар ва “Хондиза” кони юзасидан узоқ вақт (10 йил)дан буён судлашиб келаётган эди. Компания дастлаб 2011 йили халқаро ҳакамлик судига мурожаат қилган.

Суд жараёнларидан пулни аямаётган “Oxus Gold”нинг даъволари ўзи нимадан иборат эди?

Нодир металлар қазиб чиқаришга ихтисослашган “Oxus Gold plc” компанияси Ўзбекистонда ўзининг шўъба компаниялари – “Oxus Resources Corporation Ltd” ва “Marakand Minerals Ltd” орқали 1997 йилда фаолият бошлаган эди.

2003 йилда “Oxus Gold” (50 фоиз), Ўзбекистон геология ва минерал ресурслар бўйича давлат қўмитаси (40 фоиз) ва Навоий тоғ-металлургия компанияси (10 фоиз) муассислигида марказий Қизилқумдаги тоғ-конида умумий қиймати 31 миллион долларга баҳоланган “Омонтойтов Голдфилдз” қўшма корхонаси ишга туширилган эди.

Корхонанинг лойиҳавий қуввати оксидланган рудаларни қайта ишлаш бўйича йилига 1 млн тоннани, олтин ишлаб чиқариш бўйича йилига 6,3 тоннани ташкил қилган.

2011 йилда Ўзбекистон ҳукумати корхонани ривожлантириш дастури ва олтин ишлаб чиқариш самарадорлиги пастлиги туфайли мазкур қўшма корхонани тугатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Шундан сўнг инглиз компанияс қўшма корхонани тугатиш режаси ҳамда ҳукуматнинг 2006 йилда «Хондиза» конидаги қазиш ишларига унинг эксклюзив эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилишга оид қарори устидан Халқаро арбитраж судига шикоят қилган. Ваҳоланки, ушбу кон 2006 йилдаёқ “Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати” АЖга топширилган эди. Аммо британиялик инвестор қўшма корхона даромадидан гўёки ўзига тегишли “адолатли улуш»ни талаб қилишга киришди.

Узоқ давом этган суд муҳокамаларидан кейин, ҳакамлар Пьер Терсье (раис), Бриджит Штерн, Марк Лалондлардан иборат UNCITRAL ҳайъати 2015 йилнинг 17 декабрида “Oxus Gold plc” даъволарининг 99 фоизини ўринсиз деб топди ва Ўзбекистон Республикаси ҳаракатини мутлақо қонуний эканини тасдиқлади.

Хусусан, ҳакамлар ҳайъати компания киритган даъвода кўзда тутилган “Хондиза” кони борасидаги 780 млн долларлик талабларни тўлиқ рад этди

Трибунал Ўзбекистон томонининг “Oxus Gold plc” ҳеч қачон “Хондиза” конида қазиш ишларини олиб бориш ҳуқуқига эга бўлмагани, фақатгина икки томонлама фойдали шароитларда музокаралар олиб бориш ҳуқуқига эга бўлганига доир далилларини асосли деб топган. Трибунал шунингдек, мазкур келишувларнинг бузилишига Ўзбекистон эмас, “Oxus Gold plc” жавобгар деган хулосага келган.

Бундан ташқари, трибунал “Oxus Gold plc”нинг Ўзбекистон геология ва минерал ресурслар бўйича давлат қўмитаси ва Навоий тоғ-металлургия компанияси билан ҳаммуассисликда ташкил этилган “Омонтойтов Голдфилдз” қўшма корхонасига киритган 550 млн доллар инвестициядан гўёки мажбурий маҳрум қилинганига доир даъвоси ҳам бутунлай рад этилди.

Даъвогар томоннинг инвестиция бой берилиш ҳолати ва жавобгар томоннинг хатти-ҳаракатлари ўртасида боғлиқлик мавжудлигини исботловчи далиллар йўқлигини аниқлаган ҳамкамлар мазкур даъвони асоссиз деб топган. Ҳақиқатан ҳам, “Омонтойтов Голдфилдз” қўшма корхонаси ички менежментидаги мавжуд муаммолар корхона фаолиятига салбий таъсир кўрсатган, шундай экан, бунинг учун даъвогар ҳам “Омонтойтов Голдфилдз” ҚК билан бирга жавобгар саналади.

Юқоридаги асосларга кўра, Халқаро ҳакамлик суди “Oxus Gold plc”нинг бошқа  кўп сонли даъволарини ҳам рад этди.

Зоҳид тайёрлади


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter», «Instagram», «Odnoklassniki»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>