• Бугунги сана: Dushanba, Sentabr 25, 2017

Овчаркалар

Қоровуллик штати қисқарди-ю… йўқ, Зариф ота пенсияга чиқди-ю, унинг штати қисқарди. Начора, бу хусусий корхона бўлса, бошлиқ шу қарорга келгандан кейин нима дейиш мумкин? Аммо компания биносидаги шунча мол-мулк, омбордаги маҳсулотлар учун ким жавоб беради? Аниқроғи, кундуз кунлари улкан омбор арининг уясидек мижоз ва таъминот бўлими ходимларининг ғала-ғовуридан тинмайди, бироқ кечаси одамлар ухласа, унинг эшигини очиқ қолдириб бўлмайди-да!

— Ҳечқиси йўқ, — деди Ворис Жалилович бақбақаларини бармоқлари билан силаб, — мен ўзим иккита зўр «Балтик Зигер» олиб келаман.

Таъминот бўлимидагилар «Балтик Зигер»ни тушунишмади, албатта. Ҳатто, Тўрабоев «Наҳотки, хорижлик қоровуллардан фойдалансак?» деб ҳам ўйлади. Улар валютада маош олишса керак, каттагина пул сўрашса керак, занғарлар!

— Ойлик демайди, мукофот талаб қилмайди, — давом этди Ворис Жалилович. — Ўғрини кўрганида эса таппа босади.

Гап немис овчаркалари ҳақида экан. Йиғилганлар бошлиқнинг бу қарорини роса олқишладилар.

Кечга яқин Ворис Жалиловичнинг ҳайдовчиси Обид ака тиллари ергача осилиб турган иккита «Балтик Зигер»ни келтирди. Келтирди, деб ҳам бўлмайди, бу немис овчаркалари ўзини икки ёққа уриб кетиб, бечорани роса жиғибийрон қилишди. Обид ака ён-атрофга қараб олди-да, немис овчаркаларини ўзбекчасига боплаб сўкди.

Компания ҳовлисида узун сим тортилиб, бу икки овчарка занжири ана шу симларга боғлаб қўйилди. Вой-вой-ей, буларнинг вовиллашини эшитсангиз: осмонда момақалдироқ чақиб, ён-атроф гулдирагандек бўлади. Бундай итлар бор жойга ўғри тушиш у ёқда турсин, кўчадан овозини эшитса, иштонини ҳўллаб қўйиши турган гап.

— Бошлиғимиз ишнинг кўзини билади-да, — мақтади Тўрабоев. — Битта қоровул ўрнига иккита! Тағин меҳнати беминнат! Зариф ота минғирлайвериб, тавбамизга таянтирарди. Зўр экан, бу «Балтик Зинғир»лари!

Ҳамма вақт ҳадик-хавотирда юрадиган Манзумов пичирлаб ўз мулоҳазасини айтди:

— Суръат ака, жа мақтайверманг. Бизнинг ўрнимизгаям овчаркалар олиб келишмасин тағин…

«Балтик Зигер»лар олиб келинганининг иккинчи куни, не бахтки, Ворис Жалиловичнинг ўз оила аъзолари билан икки ҳафтага таътилга учиб кетаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда эшитганлар пана-пастқамда қарсак чалиб юборишди. Бошлиқ икки океан ортидаги аллақандай оролда дам олса, булар шу ерда — ишхонада усиз ҳордиқ чиқаришади. Қандай роҳатбахш кунлар! Барча ходимлар, «икки кучукжоннинг пойқадами қутлуғ келди», дейишарди ўзларича…

Ворис Жалилович ҳам анойи эмас, албатта. Ўринбосаридан тортиб экспедиторгача бир дунё ишни рўйхат қилиб ёздириб, бажариш шартлигини тайинлаб кетди. Барибир жамоа хурсанд эди.

Эртасига биринчи бўлиб Обид аканинг рангига ранг кирди. У муздек пиво симирган, шекилли, танноз қизларнинг олдига кириб, жиғига тегиб юрди чиқарди. Тўрабоев, Манзумовлар ҳам тушликда «эллик-эллик» олдилар. Тушдан кейин соат учдаёқ компания биноси ҳувиллаб қолган эди.

Эртаси куни Тўрабоев ўринбосар Шариповнинг ҳузурига кириб, бир парча қоғоз ташлаб кетди. Шарипов уни ўқиб чиқиб, бир чеккасига «Бухгалтерияга, ижро учун!» деб ёзди. Котибанинг талай қоғозлари тагида қолиб кетган ушбу «билдиришнома» тушдан кейин ҳисобхонага етказилди.

Бош ҳисобчи Шоҳида Сотволдиева қоғозга ҳайрон бўлиб қараганча ички телефондан Тўрабоев билан боғланаркан, сўради:

— Билдиришнома ёзишга ёзбсиз, асоси қани?

— Қанақа асос? — елкаларини қисди Тўрабоев.

— Эй, худди бугун ишга келгандек гапирсиз-а! — жаҳли чиқди Сотволдиеванинг. — Мен папкага нимани асос қилиб қўяман? Жимжимадор қилиб билдиришнома ёзгунча маблағ кимга ажратиладиган бўлса, ўшалардан асос олинг.

Тўрабоевнинг ҳам аччиғи чиқди:

— Аммо улар ёзолмайди-да! Чунки, улар — овчарка! Балтик билан Зигер! Ёки овчаркалар хат ёзганини кўрганмисиз, опа?

— Сиз менга пичинг қилманг, — бобиллади Шоҳида опа. — Агар асос бўлмаса, бир чақа ҳам ололмайсиз.

— Менга қаранг, — Тўрабоев бердисини айтгунча Сотволдиева гўшакни қўйиб-қўйди.

Жиғибийрони чиққан Тўрабоев ҳисобхонага бостириб борди. Асабийлашган кўйи Сотволдиевага уқтирмоқчи бўлди, қани энди у қулоқ солса! Топган гапи: асос!..

Узун-қисқа бўлиб Шариповнинг ҳузурига кирдилар. У икковининг гапини эшитиб, ўйланиб қолди. Ҳақиқатан ҳам чигал масала! Ахир, Ворис Жалилович ҳар бир сўмгача ҳисоб-китоб қилиб кетган, агар таътилдан қайтиб келиб, ортиқча харажат қилингани ҳақида эшитса, ўзиям ухламайди, бошқаларни ҳам ухлатмайди. Сотволдиева ғолибона бош кўтариб хонасидан чиқиб кетгач, Шарипов чўнтагини кавлаб, Тўрабоевдан сўради:

— Э, шуниям трагедия қилиб юборасиз-а, қанча бўлади ўзи?

Тўрабоев бир миллионга яқин рақам айтди.

— Нима? — Шариповнинг қўли чўнтагида қолиб кетди. — Бу Белька билан Стрелкангизга чойхона палов қилиб бермоқчимисиз? Э, шу…

Тўрабоев тишини тишига босиб, егулик учун ажратиладиган харажатларни прейскурант бўйича бирма-бир ҳисоблаб берди. Бу овчарка қурмағурлар гўшт, балиқ, тухум, колбаса, чучук қатиқ, творогдан ташқари ширин мева, сабзавотгача ер эмиш! Тағин, денг, бир кунда олти марта овқатланармиш! Суякни кемирмасмиш, фақат суяк қайнатилган бульонни ичармиш! Яна, э-ҳе, алламбало егуликлар: Bewi-Dog (Германия), Chicopee (Канада), Dr.Alder’s (Германия), Frolik (Россия), Pedigree (яна Россия), Happy Dog — «Croq» (Германия), Pro Pac (АҚШ).

Шариповнинг тепа сочи тикка бўлиб, Тўрабоевдан бу рўйхатни қаердан олганини сўради. Тўрабоев бунга жавобан овчаркалар олиб келинганида Ворис Жалиловичнинг қизи факсдан узатганини айтди. Аммо ўша факс қоғози ҳам университетдан юборилган, қолаверса, тагида имзо йўқ эди. Тўрабоев бечора қандай қилиб бошлиқнинг қизидан имзо талаб қилсин?

— Ҳозирча қотган нон бериб туринг, — деди Шарипов бу даҳмазадан қутилиш учун.

Тўрабоев ҳозиржавоблик қилди:

— Бу ит эмгурлар қотган нонга қайрилиб ҳам қарамаяпти.

Шарипов бақириб берди:

— Унда билмадим! Топинг йўлини! Ким офисга келтирган бўлса, ўшандан ёздириб олинг! Ўзимга, деб ёзсин! Эртага Ворис Жалилович ҳам асос сўрайди.

Тўрабоев хонадан чиқиб, Обид акани излаб топди. У бундай талабномани эшитиб, тутақиб кетди:

— Нега мен ёзар эканман? Менинг кучугим эмас-ку булар!

— Сиздан нима кетди, Обид ака, ёзиб бера қолинг.

— Ёзмайман. Ўтган йили, эсингиздами, ўзимнинг ҳисобимдан кабель олиб келгандим, беришдими пулини? Йўқ! Қайтага маошимдан уриб қолишди.

Хуллас, Обид ака кўнмади. Тўрабоев чақимчилик қилгани Шариповнинг ҳузурига кирмоқчи бўлди, аммо энди унинг эшиги қулф эди. У иккинчи ўрибосар билан гаплашиб кўрди. Зикиров Тўрабоевнинг муддаосини эшитиб, осонгина қутилиб қўя қолди: «Бу менинг ваколатимга кирмайди, мен қурилиш ашёлари билан шуғулланаман, билмайсизми?» «Биламан». «Билсангиз, эшикни ташқаридан ёпинг».

Тўрабоев кечгача ҳам Шариповни тополмай, ахийри унинг қўл телефонига қўнғироқ қилишга мажбур бўлди.

— Ворис Жалилович кетмасдан, вақтида сметани тасдиқлатсангиз бўлмасмиди?! — деди Шарипов унга бақириб.

— Мен вақтида берганман, аммо Ворис Жалилович қўл қўймаган экан, — ўзини оқлади Тўрабоев. — Котиба ичкаридан бир уюм қоғоз олиб чиқди, мен тузган смета энг тагида ётибди, имзо қўйилмаган.

— Э, шу… Зикировга айтинг, тушундингизми?

— Зикировга айтдим, бу менинг ишим эмас, ким менга юборган бўлса, номаъқулнинг нонини ебди, деди.

Шарипов нима деярини билмай, яна додлади:

— Ўзи бирор иш келадими сизнинг қўлингиздан, а?.. Э, шу… Сатторовга айтинг, менга қўнғироқ қилсин.

Тўрабоев бу ташвиш зиммасидан соқит бўлишини тушуниб, зинғиллаганча Сатторовни топди. Сатторов энди уйга кетмоқчи бўлиб турган эди, ҳеч нимани англаб-англамай Шариповга сим қоқди. У Шарипов нима деганини янада англай олмади. Тўрабоевдан сўради. Кейин занжирини узмоқчи бўлаётган овчаркалар олдига бориб, бош қашлаб турди. Барибир бу иш эртага қолди.

Сатторов пишиқ эди, Тўрабоевнинг билдиришномаси ёнига мазкур иш билан ишлаб чиқариш бўлими шуғулланиши кераклигини ёзиб, канцелярияга топширди. Канцеляриядан юборилган билдиришномага ишлаб чиқариш бўлими боплаб «виза» қўйиб берди: «Ишлаб чиқариш бўлими суяк ишлаб чиқармайди»! Канцелярия қоғозни Сатторовга қайтарди. Сочи тип-тикка бўлган Сатторов билдиришномани кўтариб Шариповнинг ҳузурига кирди-да, ундан «Кадрлар бўлимига» деган битик илдирилган ёзув билан чиқди.

Кадрлар бўлими бошлиғи Ҳулкар опа хўппа семиз эмасми, пишиллаганча нақ икки соат мобайнида папкаларни титкилади. Унгача вақт кеч бўлиб, бу юмуш эртага қолди. Эртаси куни тушга яқин «Билдиришнома» ёдига тушиб, Ҳулкар опа яна папкаларни титкилади ва ҳеч вақо тополмади. Шундан кейин далиллар топилмагани ва яхшилаб кўргани боис «Билдиришнома»нинг қуйи қисмига шундай деб ёзди: «Бу иккита апчарка штатлар жадвалида йўқ!»

Жаҳли чиққан Шарипов канцелярия бўлимидагиларнинг пўстагини қоқиб, уларни маркетинг бўлимига йўллади. Бу пайтда маркетинг бўлимида қайсидир ходимнинг туғилган кунини нишонлашар, улар торт кесиш, ўйин-кулги билан овора эдилар. Эртаси куни бўлимдагиларнинг «бош оғриғи» билан ўтди. Индинига кичкина мажлис қилиб, «Билдиришнома»ни муҳокама қилдилар.

Энг қизиғи, бу пайтда Шарипов режа бўйича хизмат сафарига кетиб қолган эди. Маркетинг бўлимидагилар «қонунчи» бўлишади — улар «Билдиришнома» бўйича иккинчи ўринбосар Зикировга учрашдилар. «Оҳак крак бўлса, оҳак топиб берай», — деб тутақди Зикиров. У қайсидир ўртоғининг номини эслай олмай, ўйлаб-ўйлаб, ниҳоят танишлардан сўраб-суриштириб, унга қўнғироқ қилди.

— Қалайсан, улфат? Бормисан? Оқибат борми ўзи? Шунчалик ҳам соғинтириб юборасанми?.. Шундай… шундай… Мен қара, зўр кучуклар бор, уриштирсанг, бўрининг ҳам қуйруғини узади. Шуни боқиб тур, агар ёқса, сенга худди шунақасидан топиб бераман!

Кучукбоз бу ошна Жиззахда экан. Уч кундан кейин қайтишини айтди. Зикиров уни боплаб сўкиб, гўшакни ташлади.

«Билдиришнома» айланиб-айланиб, иссиқда лоҳас бўлиб ўтирган Тўрабоевнинг қўлига келди. Эсиз қоғоз — унинг бўш жойи қолмаган, теварак-атрофи турли «виза»лар, таклиф, «ўзидан соқит қилиш» билан тўлиб-тошган эди. Тўрабоев сакраб ўрнидан турди, қўлидаги деярли яроқсиз бўлиб қолган «Билдиришнома»ни кўтарганча канцеляриядаги қизнинг ортидан югурди, аммо унга етолмади…

Шарипов хизмат сафридан қайтиб келганида бу масала ҳали ҳам ўз нчимини топмаган эди. У йиғламоқдан бери бўлаётган Тўрабоевнинг қўлидаги «Билдиришнома»га тикилиб тураркан, иттифоқо, Ворис Жалилович хориждан қўнғироқ қилиб қолди. Шариповнинг оёғидаги титроқ Тўрабоевга ҳам ўтди. У «хўп-хўп»дан нарига ўтмади. Кейин телефонини секингина, меҳр билан ўчирди. «Нега овчаркалар ҳақида гапирмадингиз?» — деб сўради Тўрабоев ютиниб. Шарипов хўмрайиб жавоб берди: «Ҳали сўрашмасдан туриб, пулни бекорга ишлатмаяпсанларми?» деб бошласа, қандай айтаман?»

Ворис Жалилович телефон орқали яна бир олам кўрсатма берган экан. Жамоа ишга кўмилиб қолди. «Балтик Зигер» ҳақидаги ҳужжат канцелярияда қолиб кетди. Ниҳоят, Ворис Жалиловичнинг келиши арафасида бу масала ҳам ижобий ҳал этиладиган бўлди: барча бўлимлардан чегирилган маблағ эвазига!..

Афсуски, бу ҳақда овчаркаларнинг ўзи эшитмади. Чунки, улар аллақачон очликдан ўлиб бўлган эди, Умуман айтганда, «Балтик Зигер»лар маблағ ҳал бўлганида эшитган тақдирда ҳам ўлиб қолишарди — азбаройи қувонганидан!

Анвар Намозов

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>