• Бугунги сана: Yakshanba, Noyabr 19, 2017

Ота бўлиш осон, аммо…

Фарзанд дунёга келди. Доялар, ҳамшираларга худо берди, оғизлари қулоқларига етган кўйи эшик томон йўрғалаб қолишди. Ахир тезроқ суюнчи  ундириш керак-да! Кимдан? Туғруқхона биқинида қоққан қозикдек қаққаймиш отадан.

Зеро, ота бундай пайт афсонавий Ҳотам Тойдан ҳам саховатли бўлиб кетади. Қувончдан кўзи кўр, қулоғи кар бўлиб бор-йўғини «суюнчи» деганнинг бошидан сочади. Нега?

Ахир, унинг зурриёди ду­нёга келди. Ахир, унинг ушалмаган орзу-ниятларини рўёбга чиқарадиган фарзанд – давомчи туғилди. Ота чек-чегарасиз қувончга чулғанган. Шу бугуноқ бу шодликни ишхонада «ювади», эрта-индин эса қариндош-уруғ, қўни-қўшниларини зиёфатга чорлайди. Зиёфатда, одатдагидек, туғилмиш фарзандга узоқ-умр, бахт-саодат, чин инсон бўлиб улғайиш тиланади, қадаҳлар жаранглаб кетади…

Ота билдирилаётган тилаклардан масрур. У бир зум ташвишли ўйга чўмади. Ахир, бола ЧИН ИНСОН бўлиб улғайиши учун қадаҳлар жаранги кифоя эмас-ку?! Неча кундан бери чўнтак ковлаб, бор-йўғини «суюнчи»га совураётганидек неча-неча йиллар давомида қалб тубини титкилаб, энг азиз ҳис-туйғуларини боласига бахшида этиши зарур. У бунинг уддасидан чиқа олармикан?

Дарвоқе, нега бунча отага ёпишиб олдик? Бунинг сабаблари тайин. Назаримизда, тотув оила, соғлом авлод тарбиясида оталар андак оқсаётгандек…

Бундай манзарага панжа орасидан қараб бўлмайди албатта. Зеро, «ота» сўзи «ато» ва «адо» сўзларининг қоришмасидан яралган. Аллоҳ ато этган неъмат – фарзанд шукронасини адо этган шахсгина ота деган улуғ номга сазовор. Хўш, шукрона қандай адо этилади?

Ота фарзанди солиҳ, инсонпарвар, юртпарвар бўлиб ўсиши учун чинакам адолик, чинакам фидойилик кўрсатмоғи керак. Қолаверса, бизнинг бу қадим Шарқда, шавкатли Турон юртида тарбияда отага катта аҳамият берилган. Афсуски, яқин ўтмиш – қизил империя ҳукмронлиги даврида аждодларимизнинг бундай удумлари топталди, «оилада ота қўлининг баланд бўлиши аёллар ҳуқуқини камситади» деган баҳона билан ғайритабиий тенгликни тарғиб қилувчи қонунлар чиқарилди. Оқибатда … оилада ўктам овоз, ўткир нигоҳ, метин ирода йўқолди.

Минг афсуски, эски тузумнинг қизил байроқлари остида, ҳайқиришиб вояга етган кўпгина ота-оналарга ўша ғайритабиий «тенглик», «эркин ои­ла» тушунчалари юқиб қолган. Бу асорат ҳамон ўзини кўрсатиб турибди.

Оилаларга ота нафасини, ота иродасини қайтариш пайти етди! Маълумки, гўдак она қучоғида яйраб унинг юмшоқ, нозик тарбиясини олиб тетапоя бўлади. Тағин, боғча-ю мактабларда ҳам болалар кўпроқ аёл табиати билан ҳамнафас бўладилар. Чунки боғча тарбиячилари юз фоиз, мактаб ўқитувчилари ҳам қарийб саксон-тўқсон фоиз аёл-қизлардан иборат экани сир эмас. Ёш қизларимиздаги бетгачопарлик, шармсизлик қусурлари, ўғлонлардаги эркакларга хос мардлик, тантилик ва шижоат ўрнини иродасизлик, тортинчоқлик ва журъатсизлик эгаллагани шундан эмасмикан? Бундай нохушликдан аввало оталар безовталаниши керак албатта.

Тўғри, масалага бундай кескин ёндашув аксарият оталарнинг ҳамиятига тегиши, «нима, биз пашша қўриб юрибмизми?» дея эътироз билдириши мумкин. Уларнинг эътирозларида жон бор, лекин ҳамма оталар ҳам тарбиянинг нозик томонларини тушунавермайди-да.

Масалан, орамизда шундайлар ҳам борки, уларнинг назарида қўрслик, сўкағонлик, ичиб-чекиб, чойхоналарда улфатчилик қилиб юриш «чинакам эркаклик» саналади. Шунинг учун болалар кўз ўнгида ҳам бемалол сўкинади, хотинига мушт ўқталади. Болаларга эса ўзининг тор, қашшоқ дунёқарашини сингдиришга ҳаракат қилади.

Маҳалламиздаги бир-бирига қаратиб қурилган баланд-баланд «дом»лар ўртасида кенггина майдон бор. Кун бўйи бу ерда болаларнинг қий-чуви тинмайди. Бир куни майдоннинг бир чеккасида ҳурпайибгина турган опа-укалар – жажжи қизалоқ ва болакай диққатимни тортди (уларни, ота-онасини яхши танийман). Уларнинг олдида антиқа-антиқа, қимматбаҳо ўйинчоқлар товланиб турарди.

– Нега болаларга қўшилиб ўйнамаяпсизлар? – сўрадим қизалоқдан.

Қизча аввал ўз уйлари томон қараб олди, сўнг ерга ғамгин тикилиб пичирлади:

– Биз бойнинг болаларимиз. Жулдирвоқиларга қўшилмаслигимиз керак…

Қизча кимнингдир айтганларини сўзма-сўз такрорлаётгани сезилиб турарди.

—  Сенга буни ким ўргатди? — деб сўрадим ҳам ажабланиб, ҳам энсам қотиб.

Қизча уйлари томон яна бир кўз ташлади, лекин индамай тағин ерга тикилди. Унинг ўрнига шу пайтгача қий-чув кўтариб ўйнаётганлар томон ютоқиб қараб турган укаси жавоб берди:

– Адам, ойим ўргатдилар…

Бу манзарада ҳам ота-онанинг (аввало отанинг!) қашшоқ маънавий дунёси кўриниб турибди. Аммо унинг жабрини болалар тортишаётир. Бундай сохта, бироқ фожиали манманлик оқибати келажакда болаларни қай томон бошлаши ҳеч кимга сир эмас.

Биз эзгулик, одамийлик, мардлик ҳақида гап кетганда негадир доим аллақандай ривоятларни, афсоналарни мисол келтиришга одатланганмиз. Бироқ олижанобликнинг, тантиликнинг ёрқин тимсоллари шундоққина теварагимизда эканини баъзан пайқамай қоламиз.

Улуғ ёзувчимиз Абдулла Қодирий ҳаётидаги кўпгина лавҳалар чинакам фарзанд тарбиясига қайғурган ота тимсолига мисол бўла олади. Марҳум Ҳабибулла Қодирий «Отам ҳақида» китобида шундай бир воқеани ҳикоя қилиб берган.

Велосипед Тошкентда эндигина пайдо бўлган пайтлар экан. Ёш, қизиқувчан Ҳаби­булла онаси орқали отасидан велосипед сотиб олиб беришни илтимос қилади. Бироқ буюк ёзувчи бу илтимосни рад этади. Оилада ҳамма ҳайрон. Ахир янгиликка интилувчан, фарзандлар камолини ўйловчи ота пули етарли бўлса-да, негадир велосипед олиб беришдан бош тортди. Орадан кунлар ўтиб бунинг сири аён бўлди.

– Болаларимдан қизғонадиган нарсам йўқ, – деди ҳассос адиб, – лекин мен болаларимга қимматбаҳо нарса олиб берсам, қўли юқа қўшнилариинг аҳволи нима кечади? Ахир бизнинг болаларда кўриб уларнинг болалари ҳам хархаша қилишади-ку? Йўқ, қўни-қўшнига жабр қилиб қўйишдан қўрқаман…

Ҳа, накадар гўзал қўрқув. Бу қўрқувда чинакам отага, чинакам эркакка хос жасорат, тантилик мужассам. Дарҳақиқат, отадаги бундай хислатлар болаларга сингмай қолмайди. Элимиздаги «қуш уясида кўрганини қилади» деган нақл бежиз эмас.

Ота… Оила устуни, фарзандлар қувончи. Болаларнинг соғлом ўсиб-улғайиши, маънавий камол топиши учун ота кўпроқ қайғурмоққа ҳақли ва масъулдир.

Луқмон Бўрихон


Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!

Дўстларингиз билан улашинг:


Э-почтангиз ошкор қилинмайди. Тўлдирилиши шарт қаторлар * белгиси билан ажратилган.

Бу ерда HTML теглари ва аттрибутларидан фойдаланишингиз мумкин: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>